
Савол: Ассалому алайкум! Мени, балки кўпчиликни қийнайдиган бир масала бўйича тўғри кўрсатмангизга муҳтожман. Яхши биламизки, юртимизда кўпчилик Ислом динига эътиқод қилади. Мен доим қизиқ бир ҳолатга эътибор бераман. Кўпчилик одамлар ўзини мусулмон ҳисоблайди. Аммо аянчли бўлса- да айтиш керак, айримлари имон калималарини ҳам билишмайди. Улар “оққан дарё бўйлаб сузиш” қабилида иш кўришади. Яъни, умриларини атрофдагилар қиладиган эътиқодга эргашиб ўтказишади. На ибодат қилишади ва на Ислом кўрсатган йўлдан юришади. Қизиғи шундаки, вафот этганларидан кейин ҳеч ким уларнинг эътиқоди қандай бўлганига эътибор бермайди. У Аллоҳга ишонувчилар орасида яшадими, бас, уни ҳам мусулмон санашади. Саволим шундайки, умрини на ибодат ва на Ислом эътиқоди билан, ҳатто айримлари умрининг кўп қисмини ичкилик билан ўтказган бундай одамларнинг жанозасида қатнашиш жоизми? Агар шундай кимсалар жанозасида иштирок этсак, гуноҳкор бўлиб қолмаймизми? Жавобингиз учун олдиндан рахмат айтаман.
Жавоб: Ва алайкумус салом. Саволингиз жуда муҳим ва ўринли. Банда мусулмон бўлиши учун шаҳодат калимасини (“ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини) тили билан айтиб, дили билан тасдиқлаб, Ислом арконларига амал қилиши талаб этилади. Ким тили билан мусулмон бўлсаю, аммо Ислом арконларига амал қилмаса, кофир бўлмаса ҳам осий ҳисобланади. Чунончи, намознинг фарзлигини инкор қилмаган, бироқ намоз ўқимаган банда кофир саналмайди. Ундай одамнинг жанозасида қатнашиш жоиз. Агар намознинг фарзлигини инкор қилган бўлса, “Исломингни қўй”, “Ислом сенга нима берди”, “динга амал қилиб нима фойда топдинг”, “Аллоҳинг қани” каби куфр сўзларни айтган бўлса, унинг жанозасида иштирок этилмайди. Тили билан имон калимасини айтган, куфрдан сақланган, аммо маст қилувчи ичимликлар ичиб юрадиган кимса хусусида турли фикрлар айтилади. Баъзилар ичиш билан 40 кун мобайнида унинг имони бўлмаслигини айтишса, бошқалар ичаётган пайтида банданинг имони қалбида бўлмайди, дейишган.
Бандага жаноза ўқишнинг шартларидан бири унинг мусулмон бўлишидир. Маййит мусулмон бўлса, уни ювиб, кафанлаб, жаноза ўқилади ва мусулмонлар қабристонига қўйилади. Ким мусулмонлар орасида яшаган бўлса, аммо эътиқоди бузуқ – кофир, мушрик ёки мунофиқ (тилида мусулмон, аммо Исломга қарши ишлар қилган) бўлса, унга жаноза ўқилмайди. Бундай банданинг жанозасида қатнашиш ҳам мумкин эмас. Зеро Аллоҳ таоло мўмин бандаларини кофир ва мушрикларга истиғфор айтишдан қайтарган. Ўзи мусулмон, лекин Ислом арконларига амал қилмаган банданинг жанозасида яхши гумон билан иштирок этилади. Аммо банданинг кофир, мушрик экани ёки Исломда бўла туриб, кейинчалик диндан қайтгани маълум бўлсаю, жамоат билмасдан унга жаноза ўқиса, уларни огоҳлантириш лозим. Агар бу огоҳлантириш таъсир қилмаса, у ҳолда бундай жанозада қатнашиш мумкин эмас. Тавфиқ Аллоҳдандир.
Манба: muxlis.uz


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев