
Бошқа ривоятда эса қирқ нафар эркак ва ўн бир нафар аёлдан кейин,
яна бир ривоятда эса қирқ беш нафар эркак ва йигирма бир нафар аёлдан кейин мусулмон бўлгани айтилган.
У кучли, матонатли ва жасур инсон эди. Умар رَضِيَ اللهُ عَنْهُ мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қилганларидан кейин Исломни қабул қилди.
Имом Термизий Ибн Умарرَضِيَ اللهُ عَنْهُдан ривоят қилади. Расулуллоҳﷺ шундай дедилар:
«Аллоҳим! Исломни Сенга бу икки кишидан маҳбуброғи орқали қудратли қилгин: Умар ибн Хаттоб ёки Абу Жаҳл ибн Ҳишом орқали».
Имом Аҳмад Умарرَضِيَ اللهُ عَنْهُдан ривоят қилади:
«Расулуллоҳﷺни қидириб чиққан эдим. У зот мендан олдин масжидга кириб кетган эканлар. Мен у зотнинг орқаларида турдим. У зот “Ҳааққа” сурасини тиловат қила бошладилар. Мен Қуръоннинг балоғати ва назмига ҳайратлана бошладим ва ичимда:
“Бу, Қурайш айтганидек, шоир бўлса керак”, дедим.
Шунда у зот:
“Албатта, у карим Расулнинг сўзидир. У шоирнинг сўзи эмас...” оятларини ўқидилар. Шу онда Ислом қалбимдан чуқур жой олди».
Абу Нуъайм ва Ибн Асокир Ибн Аббосرَضِيَ اللهُ عَنْهُдан ривоят қиладилар:
«Мен Умарرَضِيَ اللهُ عَنْهُдан:
— Нима учун сизга “Форуқ” деб ном берилган? — деб сўрадим.
Умар رَضِيَ اللهُ عَنْهُ дедилар:
“Ҳамза мендан уч кун олдин мусулмон бўлган эди. Бир куни Абу Жаҳл Расулуллоҳﷺни ҳақорат қилди.
Бу хабар Ҳамза ибн Абдулмутталибга етказилди. У ёйини олиб масжидга келди. Қурайш йиғилиб ўтирган жойда Абу Жаҳлга рўпара турди. Абу Жаҳл унинг юзидаги ғазабни кўриб:
— Нима бўлди, эй Абу Амора? — деди.
Шунда Ҳамза ёйи билан унинг бошига қаттиқ уриб жароҳатлади.
Қурайш аҳли жанжал катталашмаслиги учун уларни ажратиб қўйди.
Ўша вақтда Расулуллоҳ ﷺ Арқам ибн Абил Арқамнинг уйларида яширин эдилар. Ҳамза бориб Исломни қабул қилди.
Ундан уч кун ўтгач, мен йўлда махзумлик бир кишини учратдим ва:
— Сен оталаринг динидан юз ўгириб, Муҳаммаднинг динига кирдингми? — дедим.
У:
— Агар мен шундай қилган бўлсам, сен учун мендан ҳам ҳақлироқ инсон шу ишни қилди, — деди.
Мен:
— Ким у? — деб сўрадим.
У:
— Синглинг ва куёвинг, — деди.
Мен дарҳол уларнинг уйига йўл олдим. Ичкаридан паст овозда қироат эшитилар эди. Кириб:
— Бу нима? — дедим.
Орамизда тортишув бошланди. Мен куёвимнинг бошидан ушлаб уриб юбордим.Синглим аралашган уни жаҳл устида уриб юборибман, оғзи қонади. Шунда синглим:
— Ҳа, биз мусулмон бўлдик! Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам! — деди.
Мен унинг юзидаги қонни кўриб уялдим. Сўнг ўтириб:
— Қани, ўқиётган нарсангизни менга кўрсатинглар, — дедим.
Синглим:
— Уни фақат пок инсонлар ушлайди, — деди.
Шунда мен ғусл қилдим. Кейин улар менга бир саҳифани бердилар. Унда:
“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб ёзилган эди.
Мен:
— Қандай покиза ва гўзал каломлар! — дедим.
Сўнг “Тоҳа” сурасини ўқий бошладим:
“Тоҳа. Биз сенга Қуръонни машаққат чекишинг учун нозил қилмадик...” оятларигача ўқидим.
Кейин:
“Унинг энг гўзал исмлари бор”, деган оятга етганимда қалбим ларзага келди ва:
— Қурайш қўрқаётган Зот шуми?! — дедим ва Исломни қабул қилдим.
Сўнг:
— Расулуллоҳ қаердалар? — деб сўрадим.
Улар:
— Арқамнинг уйида, — дедилар.
Мен бориб эшикни тақиллатдим. Ичкаридагилар хавотирга тушдилар. Ҳамза:
— Нима бўлди? — деди.
Улар:
— Умар келди, — дедилар.
Ҳамза:
— Умар бўлса нима қилибди? Эшикни очинглар! Агар яхшилик билан келган бўлса — қабул қиламиз, ёмонлик билан келган бўлса — ўлдирамиз, — деди.
Бу гапни Расулуллоҳﷺ эшитиб чиқдилар. Мен шаҳодат калимасини айтдим. Шунда уйдагилар шундай такбир айтдиларки, уни Макка аҳли ҳам эшитди.
Мен:
— Эй Аллоҳнинг Расули! Биз ҳақ йўлда эмасмизми? — дедим.
У зот:
— Ҳа, — дедилар.
Мен:
— Унда нима учун яширинамиз? — дедим.
Шунда биз икки саф бўлиб чиқдик:
бир сафда мен, иккинчисида Ҳамза. Масжидга кирганимизда Қурайш мени ва Ҳамзани кўриб қаттиқ ғамга ботди.
Шу куни Расулуллоҳﷺ мени “Форуқ” деб атадилар. Чунки Аллоҳ мен орқали ҳақ билан ботилни ажратди”».
Ибн Саъд Заквон орқали Оиша бинт Абу Бакрдан ривоят қилади:
— Умарни “Форуқ” деб ким атаган? — деб сўралганда, у зот:
— Расулуллоҳﷺ, — деб жавоб бердилар.
Ибн Можа ва Ҳоким Ибн Аббосرَضِيَ اللهُ عَنْهُдан ривоят қиладилар:
«Умар мусулмон бўлганида Жаброил алайҳиссалом келиб:
“Эй Муҳаммад! Осмон аҳли Умарнинг Исломга кирганидан хурсанд бўлди”, — деди».
Имом Бухорийда Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:
«Умар мусулмон бўлганидан бери биз қудрат ва иззат соҳиби бўлдик».
Ибн Саъд ва Табароний Ибн Масъудرَضِيَ اللهُ عَنْهُдан ривоят қиладилар:
«Умарнинг исломга кириши — фатҳ, ҳижрати — нусрат, халифалиги эса раҳмат бўлди. У мусулмон бўлгунча биз Каъба ёнида бемалол намоз ўқий олмас эдик. У Исломни қабул қилгач, мушрикларга қарши турди ва биз эркин ибодат қила бошладик».
Ҳузайфаرَضِيَ اللهُ عَنْهُдан ривоят қилинади:
«Умар мусулмон бўлганида ислом олдинга интилаётган инсон каби тобора кучайиб борди. У шаҳид қилингач эса, ислом орқага чекинаётган инсон каби заифлаша бошлади».
Табароний Ибн Аббосرَضِيَ اللهُ عَنْهُдан ривоят қилади:
«Исломни биринчи бўлиб ошкора эълон қилган инсон — Умар ибн Хаттоб эди».
Суҳайб رَضِيَ اللهُ عَنْهُ айтадилар:
«Умар мусулмон бўлгач, ислом ошкора тарғиб қилина бошланди. Биз Каъба атрофида ҳалқа бўлиб ўтирар, тавоф қилар ва бизга озор берганларга муносиб жавоб қайтарар эдик».
Сийрат уламолари айтадилар:
Умарرَضِيَ اللهُ عَنْهُ нубувватнинг олтинчи йилида, йигирма олти ёшларида исломни қабул қилган.
У Бадр жангида ва барча ғазотларда Расулуллоҳ ﷺ билан бирга қатнашган. Расулуллоҳ ﷺ у кишини Абу Бакр Сиддиқرَضِيَ اللهُ عَنْهُ билан биродар қилиб қўйганлари ривоят қилинади.
Бошқа ривоятда эса Увайм ибн Соъида билан биродар қилингани айтилган.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев