
Усмонлилар салтанатининг улуғ ҳукмдори Султон Абдулҳамид II нинг (ҳукмронлик йиллари: 1876–1909) набираси Нилҳан Султон Усмонўғли ўз хотираларида шундай ҳикоя қилади:
«Бизнинг болалигимизда ҳозирги ёшлар каби Супермен ёки бошқа тўқима қаҳрамонлар ҳақида эртаклар айтиб берилмасди. Аксинча, биз Султон Муҳаммад Фотиҳ (Қустантиния фотиҳи, 1453 йил), Султон Салим I (ҳукмронлик йиллари: 1512–1520) ва бобом Султон Абдулҳамид II каби тарихий шахсларнинг ҳаётий воқеалари билан улғайдик. Биз ушбу буюк султонларнинг шижоати, ҳикмати ва исломий ғайрати ҳақидаги достонларни эшитиб камол топдик».
Тарихга назар ташласак, Султон Муҳаммад Фотиҳ 1453 йилда Қустантинияни (Истанбулни) фатҳ этиб, асрлар давомида ҳукм сурган Византия империясига чек қўйган ва бу шаҳарни Ислом оламининг пойтахтига айлантирган буюк саркардадир.
Султон Салим I эса 1517 йилда халифаликни усмонийлар сулоласига ўтказган ва Ҳарамайн шарифга (Макка ва Мадинага) хизмат қилиш шарафига муяссар бўлган.
Султон Абдулҳамид II 1876 йилда тахтга ўтириб, салтанатнинг энг оғир дамларида давлатни парчаланишдан сақлаб қолиш учун бор кучини сарфлади.
У «Иттиҳоди ислом» (Ислом бирлиги) ғоясини илгари сурди, ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида Ҳижоз темир йўли (1900–1908) каби улкан лойиҳани амалга оширди ва Европа мустамлакачилигига қарши юксак сиёсий заковат билан курашди.
Нилҳан Султон Усмонўғли бугунги кунда ўз бобоси Султон Абдулҳамид II нинг тарихини, амалга оширган хизматларини ва усмонийлар меросини асраб-авайлаш ҳамда дунёга танитиш йўлида фаол меҳнат қилмоқда.
У турли халқларга усмонийлар маданияти, исломий қадриятлар, адолатли бошқарув тизими ва ушбу буюк салтанатнинг илмий-маданий тараққиёти ҳақида сўзлаб бермоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад — янги авлод ўз ҳақиқий тарихий қаҳрамонларини таниши ва ўз исломий кимлиги билан фахрланишини таъминлашдир.
Шавкат Ўймовутли тайёрлади.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев