
Синан ибн Моликнинг ўғиллари орасида беш ёшга ҳам тўлмаган кичик бола бор эди. Отаси уни жуда яхши кўрар, қалби унга боғланиб қолганди. Уни ўғилларининг ичида энг суюклиси қилиб, «Суҳайб» деб исм қўйганди.
Суҳайб гўзал қиёфали бола бўлиб улғайди. Юзи нурли, чеҳраси ёқимли ва чиройли эди. Сочи қизғиш тусда, ҳаракатчан ва жонли, кўзлари ўткир ақл ва табиий зеҳн билан порларди. Бу унинг эртагидек истеъдоди ва феъл-атворидан дарак берарди.
Фақат ташқи кўринишигина эмас, руҳи ҳам енгил, табассумли, хушмуомала эди. Отасининг қалбига шодлик бағишлар, ҳукмронлик оғирлиги ва масъулиятларни унутишга ёрдам берарди. У отасининг кўнглини кўтариб, унга хотиржамлик ва бахт ҳиссини ҳадя этарди.
Бир куни Суҳайбнинг онаси ўғли ва хизматкорлари билан бирга Ироқ еридаги «Саний» қишлоғига дам олиш ва ҳаво ўзгартириш мақсадида йўлга чиқди.
Лекин бу тинч сафар тинч тугамади.
Рум қўшинининг бир гуруҳи тўсатдан қишлоққа ҳужум қилди. Улар қишлоқ қўриқчиларини шафқатсиз ўлдиришди, мол-мулкни талон-тарож қилишди ва кўплаб аҳолини, жумладан болаларни ҳам асирга олишди.
Суҳайб, бу кичик бола ҳам асирлар қаторига кирди. Ҳаёти бир лаҳзада фаровонликдан қулликка, озодликдан асирликка айланди.
Суҳайб асирликка тушиб, Рум юртига олиб кетилди. У ерда қуллар бозорида сотилди. Уни бир қўлдан иккинчи қўлга ўтказиб, турли эгаларига хизмат қилдиришди — Рум саройлари ва уйларида минглаб қуллар каби.
Бу ҳолат унга Рум жамиятини ичидан кўриш имконини берди.
У уларнинг саройларидаги бузуқлик, фожиалар, разолат ва гуноҳларни ўз кўзи билан кўрди, қулоғи билан эшитди. Уларнинг зулми ва жиноятларини кўриб, қалбида нафрат пайдо бўлди.
У ўзига шундай дерди:
«Бунчалик бузуқ жамиятни фақатгина унинг илдизини қуритиб юборадиган тўфон тозалаши мумкин».
Рум ерида ўсиб-улғайганига, уларнинг тилини ўрганиб, ҳатто араб тилини деярли унутиб юборганига қарамай, у ўзининг араб эканлигини ҳеч қачон унутмади. У араблар ерига, чўл ўғлонларига мансублигини ичида ҳис қиларди.
У доим озод бўлиш ва ўз қавмига қайтиш истагида ёнарди. Бу соғинч бир насроний руҳонийнинг сўзларидан кейин янада кучайди. Руҳоний ўз эгасига шундай деганди:
«Яқинда Маккадан, Арабистон ярим оролида Исо ибн Марямнинг даъватини тасдиқлайдиган бир Пайғамбар чиқади. У одамларни жоҳилият зулматидан ҳақиқат нурига олиб чиқади».
Вақт ўтди. Ниҳоят, узоқ кутилган фурсат етди. Суҳайб ундан фойдаланиб, эгаларидан қочиб, қалби ва жисми билан Маккага — арабларнинг она шаҳри ва Пайғамбарнинг ватанига йўл олди.
Маккага етиб келгач, одамлар унинг румча талаффузи ва қизғиш сочи туфайли унга «Суҳайб ар-Румиӣ» лақабини қўйишди.
Суҳайб Макка сардорларидан Абдуллоҳ ибн Жадъон билан иттифоқ тузиб, савдо билан шуғуллана бошлади. Савдо унга кўп мол-дунё келтирди, у бойиб кетди.
Лекин савдо ва бойлик тўплаш уни руҳонийнинг сўзларини унутишга мажбур қилмади. Ҳар гал ўша гап ёдига тушганида қалби тўлқинланиб, «Қачон бу воқеа рўй беради? Қачон у Пайғамбар зоҳир бўлади?» деб сўрарди.
Кўп ўтмай жавоб келди.
Бир куни савдо сафаридан қайтиб келаётган Суҳайбга Муҳаммад ибн Абдуллоҳ пайғамбар этиб юборилгани, одамларни Аллоҳнинг бирлигига даъват қилаётгани, адолат ва яхшиликка буюраётгани, бузуқлик ва ёмонликлардан қайтараётгани ҳақида хабар етди.
У сўради: «Улар уни “Амин” деб атармидилар?»
«Ҳа», дейишди.
«Уни қаерда топсам бўлади?»
«У Сафо ёнидаги Арқам ибн Абу Арқамнинг уйида. Лекин эҳтиёт бўл, Қурайш сени кўриб қолса, қаттиқ азоб беради. Сен ғарибсан, сени ҳимоя қиладиган қабила йўқ».
Суҳайб эҳтиёткорлик билан Арқамнинг уйига йўл олди. Ўнгга-сўлга қараб, кўрилмасликка ҳаракат қилди. Етиб келганида эшик олдида Аммор ибн Ёсирни кўрди. Уни илгари танирди. Бироз иккилангандан сўнг яқинлашиб сўради:
«Нима истайсан, эй Аммор?»
Аммор жавоб берди: «Йўқ, сен нима истайсан?»
Суҳайб айтди: «Мен бу одамнинг олдига кириб, нима дейишини эшитмоқчиман».
Аммор: «Мен ҳам шундай».
Суҳайб: «Унда иккимиз ҳам Аллоҳга таваккал қилиб кирайлик».
Икковлари Расулуллоҳﷺ нинг ҳузурларига кирдилар. У зотнинг сўзларини тинглаб, қалблари иймон нури билан тўлди. Дарҳол Исломни қабул қилиб, «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммад расулуллоҳ» деб гувоҳлик бердилар.
Улар ўша куни унинг ҳузурида бўлиб, илм ўргандилар. Кеч киргач, зулматда яширинча чиқиб кетишди. Ҳар бирининг қалбида бутун дунёни ёритишга етадиган нур бор эди.
Шундан кейин Суҳайб Билол, Аммор, Сумайя, Хаббобرَضِيَ اللهُ عَنْهُ ва бошқа мўминлар қатори Қурайш азобини тортди. Тоғларни ҳам йиқитадиган даражадаги азоб-уқубатларни кўрди. Лекин у барчасига сабр ва матонат билан чидади, чунки жаннат йўли машаққатлар билан ўралганини биларди.
Пайғамбар ﷺ саҳобаларига Мадинага ҳижрат қилишга рухсат берганида, Суҳайб ҳам Абу Бакрرَضِيَ اللهُ عَنْهُ ва Пайғамбарﷺ га қўшилиб кетишни ният қилди. Лекин Қурайш унинг ниятини билиб, чиқишига тўсқинлик қилди ва мол-мулки билан қочиб кетмаслиги учун қаттиқ назорат ўрнатди.
Пайғамбарﷺ ва Абу Бакрرَضِيَ اللهُ عَنْهُ ҳижрат қилгандан кейин Суҳайбرَضِيَ اللهُ عَنْهُ қочиш фурсатини пойларди. Лекин доим кузатиб туришарди. Ниҳоят, ҳийла ишлатишга қарор қилди.
Бир совуқ кечада у ҳожат чиқариш учун кўп марта чиқиб юрадиган бўлди, ҳар сафар узоқ қоларди. Қўриқчилар унинг қоринида муаммо бор деб ўйлаб, эътиборларини қайтаришди ва ухлаб қолишди.
Суҳайбرَضِيَ اللهُ عَنْهُ имкондан фойдаланиб, секинликча уларнинг орасидан ўтиб, Мадина томон шошилди.
Қочишини тезда билиб қолишди.
Отларга миниб, унинг ортидан қувишга тушишди. Уларни сезгач, баланд жойда тўхтаб, ўқларини олди, ёйини тортди ва деди:
«Эй Қурайш жамоаси! Мен ўқ отишда энг моҳирлардан эканлигимни биласизлар. Аллоҳга қасамки, ҳар бир ўқим билан битта одамни ўлдирмагунча менга яқинлаша олмайсизлар. Кейин қиличим қолгунча жанг қиламан».
Улар дедилар:
«Сени ўзинг ва молинг билан қутулиб кетишингга йўл қўймаймиз. Сен Маккага камбағал бўлиб келган эдинг, бойиб кетдинг».
Суҳайбرَضِيَ اللهُ عَنْهُ айтди:
«Агар молимни сизларга қолдирсам, мени қўйиб юборасизларми?»
«Ҳа», дейишди.
У молларининг жойини кўрсатди. Улар олдилар-да, уни қўйиб юбордилар.
Суҳайбرَضِيَ اللهُ عَنْهُ йўлини давом эттирди. Дини учун мол-мулкидан воз кечиб, Мадинага қараб кетди. Чарчаганида Расулуллоҳﷺ га бўлган соғинч уни яна куч-қувватга тўлдирди.
Қубога етиб келганида Пайғамбар ﷺ уни кўриб, ёқимли чеҳра билан кутиб олди ва уч марта:
«Савдонг баракали бўлди, эй Абу Яҳё!»-дедилар.
Суҳайбرَضِيَ اللهُ عَنْهُ хурсанд бўлиб: «Аллоҳга қасамки, мендан олдин ҳеч ким сизга етказмаган. Буни сизга фақат Жаброил алайҳиссалом хабар қилган», — деди.
Шундай қилиб, Суҳайбرَضِيَ اللهُ عَنْهُ Аллоҳ розилиги йўлида ўзини сотганларга ёрқин намуна бўлди. Аллоҳ таоло у ҳақида оят нозил қилди:
﴿وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَشْرِي نَفْسَهُ ابْتِغَاءَ مَرْضَاتِ اللَّهِ وَاللَّهُ رَءُوفٌ بِالْعِبَادِ﴾
«Одамлар орасида ўзини Аллоҳ розилигини истаган ҳолда сотувчилар бор. Аллоҳ бандаларига ғоят меҳрибондир».
/Бақара—207оят/
Унга Аллоҳдан яхши оқибат, жаннат ва энг гўзал мукофот бўлсин. Унинг иймони ва сабри учун Аллоҳ унга энг яхши мукофотни берсин.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев