
[Тарихчилар]📖
Бу саҳобиямиз шон-шарафнинг барча томонларини ўзида жамлаган эди.
Отаси саҳобий, бобоси саҳобий, синглиси саҳобия, эри саҳобий, ўғли саҳобий эди. Бунинг ўзи унга улкан шараф ва фахр бўлса кифоя.
Отаси — Сиддиқ, Расули Акрамﷺ нингҳаётидаги дўсти ва ўлимидан сўнг унинг халифаси.
Бобоси — Абу Атийқ, Абу Бакрнинг отаси.
Синглиси — Уммул мўминин Оишаرَضِيَ اللهُ عَنْهَا.
Эри — Расулуллоҳнингﷺ ҳаворийси Зубайр ибн Аввомرَضِيَ اللهُ عَنْهُ.
Ўғли — Абдуллоҳ ибн Зубайр رَضِيَ اللهُ عَنْهُ
Қисқаси, у — Абу Бакр Сиддиқнингرَضِيَ اللهُ عَنْهُ қизи Асмо.Ва бунинг ўзи етарли.
Асмоرَضِيَ اللهُ عَنْهَا Исломга энг илк кирганлардан эди. Бу улуғ фазилатда ундан олдинга ўтганлар фақат ўн етти киши эди — хоҳ эркак, хоҳ аёл.
У «Зотун нитоқайн» (Икки белбоғ соҳибаси) кунясини олган эди.
Чунки Расулуллоҳﷺ ва отаси Мадинага ҳижрат қилгани куни уларга озиқ-овқат тайёрлаб, қўй учун сув таёрлади. Уларни боғлаш учун ҳеч нарса тополмагач, ўз белбоғини иккига бўлиб, бири билан овқат халтасини, иккинчиси билан сув мешчасини боғлади.
Шунда Набий ﷺ унга дуо қилиб:
«Аллоҳ таоло сенга бу икки камар ўрнига жаннатда икки камар берсин», деган эдилар. Шунинг учун у «Зотун нитоқайн» деб аталди.
Унга Зубайр ибн Аввомرَضِيَ اللهُ عَنْهُ уйланди. Ўша пайтда Зубайр ёш, камбағал йигит бўлиб, унда хизмат қиладиган чўри ҳам, оиласини боқиш учун пул ҳам йўқ эди, фақат бир отаси бор эди.
Асмоرَضِيَ اللهُ عَنْهَا унга нақадар яхши, солиҳа хотин бўлди: унинг хизматини қилар, отини боқар, эгарлар, новдаларни майдалаб отга ем берар эди. То Аллоҳ унга фазлидан бергунига қадар.Шунда Зубайр саҳобаларнинг энг бойларидан бирига айланди.
Мадинага динини сақлаб, Аллоҳ ва Расулига ҳижрат қилиш имкони туғилганида Асмоرَضِيَ اللهُ عَنْهَا ўғли Абдуллоҳга ҳомиладор эди. Бу ҳолат унинг узоқ ва оғир сафар машаккатларини кўтаришига тўсқинлик қилмади. Қубога етиб келганида кўзи ёрди.
Мусулмонлар такбир айтиб, таҳлил айтишди, чунки бу Мадинага ҳижрат қилган муҳожирларнинг биринчи туғилган фарзанди эди.
Асмоرَضِيَ اللهُ عَنْهَا чақалоқни Расулуллоҳ ﷺ ҳузурларига олиб борди ва унинг қўлларига қўйди. Набий ﷺ хурмодан олиб боланинг оғзига солиб танглайини кўтардилар ва дуо қилдилар.
Шунинг учун Абдуллоҳнинг ичига илк бор кирган нарса Расулуллоҳ чайнаган хурмо бўлди.(Баъзи ривоятларда тупроқ билан дейилган)
Асмо бинти Абу Бакрرَضِيَ اللهُ عَنْهَاда шундай яхши фазилатлар, олий ахлоқ ва ақл-идрок тўпланган эдики, бу нарса камдан-кам эркакларга ҳам насиб бўлади.
У шу қадар сахий эдики, унинг сахийлиги мисол қилиб келтириларди.
Ўғли Абдуллоҳرَضِيَ اللهُ عَنْهُ ривоят қилади:
«Мен икки аёлнинг ўзидан ортиқ сахийроқ аёлни кўрмаганман: холам Оиша ва онам Асмо. Лекин уларнинг сахийлиги турлича эди. Холам Оиша нарсаларни тўплар, етарли миқдорга етганида эҳтиёжмандларга тақсимлар эди. Онам Асмо эса бирор нарсани эртагага қолдирмас эди...»
Асмоرَضِيَ اللهُ عَنْهَا ақлли ва танг вазиятларда тўғри қарор қабул қила оладиган аёл эди.
Масалан, Сиддиқ (Абу Бакр) Расулуллоҳ ﷺ билан ҳижрат қилганида бутун молини — олти минг дирҳамни — ўзи билан олиб кетган ва оиласига ҳеч нарса қолдирмаган эди.
Бобоси Абу Қуҳофа (ҳали мушрик эди) буни билиб, уйга келиб Асмога деди: «Аллоҳга қасамки, у сизларни ўзидан кейин молини ҳам олиб, сизларни қийин аҳволга солиб кетди, деб ўйлайман».
Асмо деди:
«Йўқ, бобо у бизга жуда кўп мол қолдирди».
Сўнг у тошларни олиб, улар одатда пул қўядиган тўрвага солиб, устидан кийим ташлади. Кейин кўзи ожиз бобосининг қўлидан тутиб:
«Бобо, қаранг у бизга қанча мол қолдирди», деди.
Бобоси қўлини қўйиб кўриб:
«Бўпти агар шунча мол қолдирган бўлса, яхши қилибди», деди.
Асмоرَضِيَ اللهُ عَنْهَا бу билан кекса одамнинг кўнглини олишни ва унга ўзидан бирор нарса беришга мажбур қилмасликни истаган эди. Чунки у мушрик бўлса ҳам, бобоси бўлса-да, ундан бирор яхшилик олишни ёқтирмас эди.
Агар тарих Асмо бинти Абу Бакрнингرَضِيَ اللهُ عَنْهَا барча воқеаларини унутса ҳам, унинг ақл-идроки, қатъияти, иймонининг кучлилигини — айниқса ўғли Абдуллоҳ билан бўлган сўнгги учрашувини — ҳеч қачон унутмайди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрرَضِيَ اللهُ عَنْهُ Язид ибн Муовия ўлимидан сўнг халифа этиб байъат олган ва Ҳижоз, Миср, Ироқ, Хуросон ва Шомнинг катта қисми унга бўйсунган эди.
Аммо Бану Умайя унга қарши Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий бошчилигида катта қўшин юборди.
Икки томон ўртасида қаттиқ жанглар бўлди ва Абдуллоҳ ибн Зубайрرَضِيَ اللهُ عَنْهُ ўзига яраша ботирлик кўрсатди.
Бироқ тарафдорлари аста-секин ундан узоқлаша бошлади.
У Каъба ҳарамида паноҳ топди ва ўзи билан бирга қолганлар билан у ерда ҳимояланди.
Ўлимидан бир неча соат олдин у онаси Асмогаرَضِيَ اللهُ عَنْهَا олдига (у кекса, кўзи кўрмай қолган кампир эди) кирди ва: «Ассалому алайкум, онажон, Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлсин», деди.
Онаси: «Ва алайкум ассалом, ё Абдуллоҳ. Бу соатда нима учун келдинг?
Ҳажжожнинг манжаниқлари отаётган тошлар сенинг аскарларингнинг устига тушяпти-ку, Макка уйларини ларзага солмоқда-ку!» деди.
У: «Маслаҳатлашгани келдим», деди.
Онаси: «Маслаҳатлашганими?! Нима ҳақида?!»
У: «Одамлар мени ташлаб кетишди, Ҳажжождан қўрқиб ёки ундан умид қилиб менинг тарафимдан чиқиб кетишди. Ҳатто болаларим ва аҳлим ҳам мендан узоқлашди. Фақат оз сонли жангчиларим қолди. Улар қанчалик жасур бўлмасин, бир-икки соатдан ортиқ бардош бера олмайдилар.
Бану Умайя элчилари менга:
"Қуролни ташлаб, Абдулмалик ибн Марвонга байъат қилсанг, дунёдан нима хоҳласанг берамиз, деб таклиф қилмоқда. Сиз нима дейсиз?»
Шунда онаси овозини кўтариб деди:
«Иш сенга боғлиқ, ё Абдуллоҳ. Ўзингни ўзинг яхшироқ биласан. Агар ўзингни ҳақ йўлда, ҳаққа даъват қилаётган деб билсанг, унда сабр қил ва байроғинг остида ўлган дўстларинг каби жанг қил. Агар фақат дунёни истаган бўлсанг, унда нақадар ёмон қулсан! Ўзингни ҳам, одамларингни ҳам ҳалок қилдинг».
У: «Лекин мен бугун албатта ўлдириладиганман».
Онаси: «Бу сен учун Ҳажжожга ўзинг ихтиёринг билан таслим бўлиб, Бану Умайя ўғиллари сенинг бошинг билан ўйнашидан яхшироқ».
У: «Ўлимдан қўрқмайман. Фақат улар менинг жасадимни майиб қилишларидан қўрқаман».
Онаси: «Ўлимдан кейин одам қўрқадиган нарса қолмайди. Сўйилган қўйга терисини шилиш оғриқ бермайди».
Шунда Абдуллоҳнинг юзи ёришиб:
«Барокаллоҳ онажон! Мен сиздан фақат шу сўзларни эшитиш учун келган эдим. Аллоҳ биладики, мен ҳеч қачон бўшашмаганман ва заифлашмаганман. Мен бу ишни дунё ва унинг зийнатларини севиб қилмаганман. Фақат Аллоҳнинг ҳаром қилинган нарсалари поймол бўлишига ғазабим туфайли қилганман. Мана энди сиз хоҳлаган томонга кетяпман. Агар ўлдирилсам, мен учун қайғурманг ва ишингизни Аллоҳга топширинг», деди.
Онаси: «Агар ботилда ўлдирилсанг, шунда сен учун қайғураман».
У: «Ўғлингиз ҳеч қачон қасддан ёмон иш қилмаган, фоҳиша иш қилмаган, Аллоҳнинг ҳукмида адашмаган, омонатда хиёнат қилмаган, мусулмон ёки аҳдномали одамга зулм қилмаган. Унда Аллоҳ таолонинг ризосидан устунроқ нарса бўлмаган. Буни ўзимни оқлаш учун айтмаяпман. Аллоҳ мендан ўзимни яхшироқ билади. Фақат сенинг қалбингизда тасалли топишингиз учун айтдим».
Онаси: «Алҳамдулиллаҳ, сени Ўзи хоҳлаган ва мен хоҳлаган ҳолатда қилгани учун. Яқинроқ кел, ўғлим, сенинг ҳидингни ҳидлай ва жисмингни ушлай, бу сен билан охирги учрашув бўлиши мумкин».
Абдуллоҳ онасининг қўллари ва оёқларига ёпишиб, уларни ўпа бошлади. Онаси эса бурнини унинг боши, юзи ва бўйнига қўйиб, ҳидлаб, ўпар эди. Қўллари билан унинг бутун баданини пайпаслаб кўрди ва сўнг:
«Бу нима кийгансан, ё Абдуллоҳ?!» деди.
У: «Совут кийдим».
Онаси: «Бу шаҳид бўлишни истаган одамнинг кийими эмас, ўғлим».
У: «Фақат сизнинг кўнглингизни олиш ва қалбингизни тинчлантириш учун кийган эдим».
Онаси: «Уни ечиб ташла. Бу сенга кўпроқ жасурлик, қатъият ва ҳаракатчанлик беради. Лекин ўрнига қалин икки қатламли шим кий, токи ағдарилганингда авратинг очилиб қолмасин».
Абдуллоҳرَضِيَ اللهُ عَنْهُ совутини ечиб, шимларини маҳкам боғлаб, дуо қилишни сўраб:
«Онажон, мен учун дуо қилишдан тўхтаманг», деди ва ҳарамга жангни давом эттириш учун жўнади.
Онаси қўлларини кўтариб дуо қилди: «Аллоҳим! Унинг узун кечалар туриб, одамлар ухлаб ётганда қоронғи тунда йиғлаб, нола қилганини раҳм қил... Аллоҳим! Мадина ва Маккада офтобда рўза тутиб, оч ва ташна қолганини раҳм қил... Аллоҳим! Ота-онасига бўлган яхшилигини раҳм қил... Аллоҳим! Мен уни Сенга топширдим ва Сен ҳукм қилганингга рози бўлдим. Бунга менга сабр қилганларнинг савобини бер.»
Ўша куни қуёш ботмасидан олдин Абдуллоҳ ибн Зубайрرَضِيَ اللهُ عَنْهُ Роббисининг ҳузурига риҳоат қилди.
Унинг ўлимидан ўн беш кун ўтмасдан онаси Асмо бинти Абу Бакрرَضِيَ اللهُ عَنْهَا ҳам унинг ортидан кетди.
У юз ёшда эди ўшанда, ўғли эса етмиш иккида.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев