
------
Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:«У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасидан кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турур» (Шуаро сураси, 218-219-оятлар);
«Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир» (Ҳадид сураси, 4-оят);
«Албатта Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир» (Оли Имрон сураси, 5-оят);
«Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир» (Вал-Фажр сураси, 14-оят);
«(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур» (Мусофир сураси, 19-оят).
Бу боб ҳақидаги оятлар кўп ва маълумдир.
60/1. Умар ибн Хаттобдан р.а. ривоят қилинади. «Биз кунларнинг бирида Расулуллоҳ с.а.в. билан бирга ўтирган эдик, шу пайт кутилмаганда оппоқ кийимли, қоп-қора сочли бир киши келиб қолди. Унда сафар асорати кўрилмасди. Ва уни биздан бирор киши танимасди ҳам. У киши Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларида ўтириб, тиззасини тиззаларига теккизиб, икки кафтини сонлари устига қўйиб: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар беринг», деди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. : «Ислом бу – «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг расули», деб гувоҳлик бермоғинг, намозни адо этмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг ҳамда йўл юришга қодир бўлсанг, Байтуллоҳни ҳаж қилмоғингдир», дедилар. У киши: «Рост гапирдингиз», деди. Биз эса ундан сўраб яна тасдиқлагани учун ажабландик. Ҳалиги киши: «Менга имон ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ с.а.в. : «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ҳамда яхши ва ёмон тақдирга имон келтирмоқлигингдир», дедилар. У киши яна: «Рост гапирдингиз, менга эҳсон ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ с.а.в. : «Эҳсон – Аллоҳни гўёки кўриб тургандек ибодат қилмоғинг. Агар уни кўрмасанг, У сени кўради», дедилар. У киши: «Менга Қиёмат ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ с.а.в. : «Сўралган шахс бу ҳақда сўровчидан зиёда билувчи эмас», дедилар. У киши: «(Бундай бўлса) Қиёмат аломатлари ҳақида хабар қилинг», деди. Расулуллоҳ с.а.в. : «Чўри ўз хожасини туғмоғи ҳамда яланғоч қўй боқувчи бечоралар уй бино қилишда (ким ўзарга) пойга қилмоқликларидир», дедилар. Сўнгра у киши кетди. Мен эса узоқ вақт туриб қолдим. Расулуллоҳ с.а.в. : «Эй Умар, бу савол қилган кишини биласанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ ва расули билувчироқ», дедим. Шунда у зот: «Бу Жаброил эди. Сизларга динингизни таълим бериш учун келдилар», деб айтдилар». Имом Муслим ривоятлари.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1