
Шундай вақтлар келадики, киши эрталаб мўмин бўлиб туриб кечга бориб кофир бўлиб қолади, ёки кечқурун мўмин бўлиб туриб эрталаб кофир бўлиб қолади. У ўз динини дунё мато ва манфаати эвазига сотиб юборади.
Нима дегани бу?
Охиратингизга фойдали яхши амаллар қилиб олишга шошилинг, чунки шундай кунлар келадики, унда инсон авваллари қилган ибодатидан тўсилиб қолади, аввалгидай зикр қила олмайди, аввалгидай намозлари ҳам кўп бўлмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо амалга шоширардилар, ўзлари бу ишда намуна эдилар. Чунки инсон эртага нима бўлишини билмайди, эртага эмас, бугун нима бўлишини билмайди, ҳолати қай ҳолатга ўзгариб ибодатдан, зикрдан тўсилиб қолишини билмайди.
Вақтингиз борлигида, эртани кутмай, бугун яхши амал қилишни ўйланг.
Нима қила оласиз?
Фарзларни вақтида адо қилишдан ташқари нафл намоз ўқий оласизми? Ўқиб олинг, кечга ўқий олмаслигингиз мумкин.
Бўш вақтингиз борми? Кучингиз, ғайратингиз, соғлигингиз, ҳимматингиз, молингиз, офиятингиз ва имкониятингиз борми? Улардан ҳозир, бугун фойдаланиб қолинг.
Доимо “хотиржам вақт бўлади” деб ўйламанг. Бу сизга Аллоҳдан катта фурсат. Қора тун каби, ҳалол-ҳаром аралашиб, яхши-ёмондан фарқи қолмайдиган, савоб-гуноҳ унутилган кунлар ҳали бостириб келади.
Ҳақни инкор қилиб, ботилни ҳақ деб айтилади, солиҳни адашган деб, фосиқни ўрнак қилиб кўрсатилади. Жамики фитналар чиройли шаклда, яхшиликлар эса қора рангда кўрсатилади. Ўша кунда нима қиласиз?
Шунинг учун Аллоҳни кенгликда танинг, Аллоҳ сизни торликда таниб ёрдам беради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни уйқусидан қўрқиб уйғондиларда дедилар:
«Субҳаналлоҳ! Бу кеча қандай фитналар туширилди ва қандай раҳмат хазиналари очилди?! Ҳужра аҳлларини уйғотинглар! Чунки дунёда кийимли бўлганлар охиратда яланғоч (яъни савобсиз) бўлиб қолиши мумкин».
Яъни аҳли аёлини таҳажжудга уйғотишга буюрдилар, чунки қўшимча ибодатлар инсонни бошига келадиган балоларни олдини олади, фитна замонида ҳимояланган бўлади.
Қанча дунёдаги кийими борлар охиратда яланғочдирлар, ёки кийими бор, лекин тақво либосини киймаган яланғочдирлар. Қанча одам дунёда ташқаридан солиҳ кўринади, қиёматда эса мунофиқ бўлиб тирилади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам айтганлар: баъзилар тонгда мўъмин бўлади, кечасига кофир бўлиб қолади, кечаси мўъмин бўлиб, тонгда кофир бўладилар.
Нима сабаб?
Сабаблардан энг каттаси — динни ўрганмаслик ва амал қилмаслик. Киши динини дунёни арзимас матоларига алмаштириб юборади.
Аллоҳни сўкиш, Пайғамбарни ҳақорат қилиш ёки шариат буйруқларидан бирини ёмон кўриш ёки масхара қилиш, ибодатни эрталик кунга суриб қўйиш — буларнинг барчаси хавфлидир.
“Эртага қиламан” деманг.
Ғорда қолиб кетган уч кишининг қиссасини эсланг. Улар йўлини катта харсанг тош беркитиб қўйди. Агар улар ўша пайтда ибодатни бошлаганида эмас, балки аввал қилган амаллари билан дуо қилганлари учун Аллоҳ уларни қутқарди.
Демак, шиддатли кунлар учун бугундан яхши амаллар тайёрлаб қўйиш керак.
Бугун оламда тинчлик, бугун қорнингиз тўқ, устингиз бут, бозорлар тўла ризқ, соғ-омонсиз — демак жаннатга кириш имкони қўлингизда!
Ўзингизга савол беринг:
Бугун жаннат учун нима қилдим?
Яқинлар оламдан ўтса “йўқотдик” деб йиғлаймиз. Лекин ҳар куни ўзимизни “йўқотаётганимизни” сезмаймиз. Ҳар кунимизни гўё бефойда дафн қилаяпмиз.
Эртага деймиз… кейин яна эртага деймиз…
Бугун овқатни кечиктирмаймиз,
бугун нафас олишни кечиктирмаймиз,
бугун ухлашни кечиктирмаймиз,
лекин охират амалларини кечиктирамиз!
Ҳар куни, қабрда амалсиз ётганингизда сизга фойда берадиган амалларни қилинг. Чунки фитна келса, амалдан чалғитиб қўяди, у гўё тун парчалари каби қоронғу бўлади, инсон ҳақ билан ботилни ажрата олмай қолади.
Жаҳаннамга чақирувчи олимлар чиқиб, ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром, ҳақни ботил, ботилни ҳақ қилиб кўрсатади. Уни фитна эканини фақат тақво аҳлидан бўлган олимлар билади, қолганлар эса унга эргашиб кетади.
Мол-дунё, пул, мансаб умидида инсон энг қиммат динини арзонга сотиб юборади, улуғ нарсаларни паст нарсаларга алмаштиради.
Бу огоҳлантиришни онамиздан ҳам меҳрибон бўлган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлари учун, кўплар ҳалокатдан сақланади.
Огоҳ бўлинг! Фитналар бостириб келмоқда!
Ўша кун нажот берувчи илм ва солиҳ амалларни ҳозирдан кўпайтириб “ғамлаб” олинг.
Охиратга саломат кетмоқчи бўлсангиз, бугун ибодатларни кўпайтиринг:
Қуръонни қўлга олинг,
нафл намозни 2 ракат бўлса ҳам ўқинг,
зикрни юзта бўлса ҳам кўпайтиринг,
инсонларга яхшилик қилинг.
Ўзингизга рахм қилинг,телефонда ҳаётингиз куйиб кетмасин,одамлар билан овора бўлиб дунё талабида умрингиз зое бўлиб кетмасин,ҳар нафас олганингизда ажр бўладиган ишлар қилинг,чунки нафаслар кам қолмоқда,ҳар тонгни яхшиликка, ҳар тунни яхшиликларга ишлатиб олинг,чунки кунларингиз камаймоқда,
қўлингизни кўтариб айтинг:
- Мана мен Роббим Сенга қайттим денг, У Зот тирик бандаларини тавбасини қабул этмоқда”қабул“ хали ёпилмади.
Рахматига кириб олинг,фитналардан омон қолинг.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев