
Умар ибн Хаттоб шундай деган эдилар:
«Агар Аллоҳ таоло бандалари орасидан фақат бир кишини азоблаши ҳақида ваҳий нозил қилганида, ўша мен бўлсам керак, деб қўрқардим. Агар бандалари орасидан фақат бир кишига раҳм қилиши ҳақида ваҳий нозил қилганида, ўша мен бўлишни умид қилардим».
Ҳазрати Умар мана шундай қўрқув ва умид (хавф ва ражо) орасида яшаганлар.
Бир гал эса: «Қани эди, Умарнинг онаси Умарни туғмаса эди, қани эди Умарнинг онаси туғмас бўлиб қолса эди!» деб йиғлаганлар.
Бир куни Умар разияллоҳу анҳу карвонни қўриқлаб турганларида бир гўдакнинг йиғисини эшитиб қолдилар. Онасига бориб: «Уни эмиз», дедилар. Аёл эмизди, лекин бола яна йиғлади. Иккинчи бор бориб: «Уни эмиз», дедилар. Бола учинчи марта йиғлаганда, Умар: «Эй ёмон она, болангни эмизсангчи!» дедилар. Шунда аёл: «Сизга нима? Мен уни сутдан айиряпман», деди. Умар: «Нима учун?» деб сўрадилар. Аёл: «Чунки Умар бола сутдан чиқмагунча нафақа (суюнчи пули) бермайди», деб жавоб берди. Буни эшитган Умар пешонасига уриб: "Шўринг қурсин, ибн Хаттоб! Мусулмонларнинг қанча боласини ўлдирдинг экан-а?», дедилар. Яъни, ўзларини қотил деб ҳисобладилар, чунки онаси нафақа олиш илинжида гўдакни сутдан маҳрум қилган эди. Шундан сўнг дарҳол барча мусулмон болалари учун туғилган кунидан бошлаб нафақа тайинлаш ҳақида фармон бердилар.
Бир гал Умар жамоатга намоз ўқиб бериш учун масжидга кирдилар. Намозда йиғлаганларидан бирор киши қироатларини тушуна олмади. У зот: «Ё Раббим, тавбамни қабул қилдингми — ўзимни табриклайми ёки рад этдингми — таъзия билдирайми?» деб дуо қилардилар.
Озарбайжондан келган элчи тунда келгани учун халифанинг эшигини қоқишга истиҳола қилиб, масжидга борди. Қараса, бир киши йиғлаб намоз ўқияпти. Элчи: «Сиз кимсиз, Аллоҳни сизга раҳмати бўлсин?» деб сўради. У: «Мен Умарман», деб жавоб бердилар. Элчи ҳайратланиб: «Субҳаналлоҳ! Сиз мўминлар амири бўла туриб шу ердамисиз? Мен тунда безовта қилмай дегандим. Эй мўминлар амири, сиз тунда ухламайсизми?» деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу:
«Агар тунда ухласам, Роббимни ҳузурида ўз жонимни бой бераман. Агар кундузи ухласам, халқимнинг (раиятимнинг) ҳаққини зое қиламан», деб жавоб бердилар. Бомдод намозидан сўнг Умар меҳмонни уйларига олиб бордилар. Аёллари Умму Кулсумга: «Меҳмонимиз учун егулик нима бор?» дедилар ва меҳмондан сўрадилар: «Бизникида овқатланасизми ёки камбағал мусулмонлар биланми?»
Меҳмон халифанинг уйида бўлгани учун албатта шу ерни танлади. Бироқ халифанинг уйида фақат нон ва туз бор эди, камбағал мусулмонлар эса гўшт ейишарди. Умар: Эй Умму Кулсум, борингни олиб кел, дедилар. Нон ва туз олиб келинди. Уни еб бўлгач, Умар Аллоҳга ҳамд айтдилар. Сўнгра, элчига нима хизмат билан келдингиз?-деб сўрадилар. Элчи: Озарбайжондаги волийингиз сизга совға бериб юборган, шуни олиб келдим, деди ва совғани — бир турдаги ширинликни тақдим этди. Умар ундан бир бўлакни тотиб кўриб: «Буни оддий мусулмонлар ҳам ейдими?» деб сўрадилар. Элчи: «Йўқ, бу фақат хос кишилар учун», деди. Умар дарҳол ширинликни оғизларидан чиқариб ташладилар ва волийга шундай мактуб ёздилар:
«Агар мусулмонлар еган нарсани емасанг, уларнинг иши қандай сени ташвишга солади? Умарнинг қорнига мусулмон камбағаллари татимаган нарсани ейиш ҳаромдир!»
Совғани олда, Масжиди Набавийдаги фақирларга бер, дедилар.
Бир куни Умар семиз туяларни кўриб: «Булар кимники?» деб сўрадилар. «Ўғлингиз Абдуллоҳники», дейишди. Ўғлини чақиртирдилар. Абдуллоҳ келганида отасининг ғазабини кўрди. Умар: «Бу туялар кимники?» дедилар. Абдуллоҳ: «Меники, ўз пулимга сотиб олиб, семиртириш учун яйловга чиқаргандим. Бунинг нимаси гуноҳ?» деди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу:
«Одамлар яйловда: "Мўминларнинг амирини ўғлининг туяларига қаранглар, сув беринглар" деб сенинг туяларингни боқишган. Шунинг учун сенинг туяларинг семириб кетган! Бор, буларни сот, ўз сармоянгни ол-у, қолган фойдани мусулмонлар байтулмолига (ғазнасига) топшир!» дедилар.
Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу вафотлари олдидан Умарни халифа этиб тайинламоқчи бўлганларида, баъзилар: «Сиз бизнинг устимизга жуда қаттиққўл одамни тайинлаяпсиз», деб маломат қилишди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу:
«Мени Аллоҳ билан қўрқитаяпсизми? Агар Раббим қиёмат кунида: "Нега Умарни бошлиқ қилдинг?" деб сўраса, мен: "Ё Раббим, уларнинг ичидаги энг раҳм-шафқатлисини уларга бошлиқ қилдим", дейман. Бу менинг у ҳақдаги билганим. Агар у кейинчалик ўзгарса, мен ғайбни билмайман», дедилар.
Мана бу Умар ибн Хаттобнинг адолати ва раҳм-шафқатига гувоҳлик беради. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев