
#Улома_Соч
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам ва вашм қилувчи аёлни ҳам, вашм қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин», дедилар».
(Бешовлари ривоят қилган).
Шарҳ:
«Улама қилувчи аёл» аёлларга улама соч қилиб, улаб қўядиган аёл.
«Улама қилдирувчи аёл» ўзидаги бор табиий сочга қаноат қилмай ясама соч улатиб олишга интилган аёл.
Ушбу ҳадиси шарифнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилишига ўша пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса сабаб бўлган экан. Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг келин бўлаётган қизим бор. Қизамиқдан айниб сочи титилиб кетган, улама қилсам бўладими?» деб сўраган. Ана ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни айтганлар. Ўша пайтда жоҳилият аёллари ҳар доимдагидек ўзларига сохта жамол орттириш учун турли ҳийланайрангларни ишлатар эдилар. Сочларини ўта чиройли қилиб кўрсатиб, кўпчиликнинг эътиборини тортиш учун улама сочлар қилишар эди. Бу ишни баъзи аёллар ўзларига касб қилиб олган эдилар. Аёлларнинг сочларига улама қилиб даромад топар эдилар. Сочига улама қилдирмоқчи бўлган аёллар уларнинг олдига келиб, мақсадларини айтсалар, улар соч улаш ишини амалга оширар эдилар.
Шундоқ қилиб, сохта гўзалликка эришилар эди. Бу ишни қилган аёл ўзини ҳам, ўзгани ҳам алдар эди. Айниқса, ушбу ҳадиси шарифнинг айтилишига сабаб бўлган ҳодисадагига ўхшаб, келин тараф куёв тарафни алдаши кўпроқ бўлган бўлса ажаб эмас.
Шунингдек, «вашм»–ясама хол кўйиш ҳам авж олган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида ўзларининг соғ баданларини игна ила тештириб қон чиқариб жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирорта модда сепиб ясама хол ёки турли белгилар қилар эдилар. Аввалги ишдагидек буни ҳам амалга оширадиган уста аёллар бор эди. Ким сохта хол қўйдирмоқчи бўлса, ўшаларга мурожаат қиларди. Ушбу ҳадиси шариф ила Ислом бундоқ номаъқул ишларни ҳаром қилди.
Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 17


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев