
#Қасам_ичиш.
Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ислом миллатидан бошқа нарса ила қасам ичса, у ўзи айтганидекдир. Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади. Мўминни лаънатлаш, худди уни қатл этган кабидир. Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, худди уни қатл этган билан баробардир», дедилар».
(Бешовлари ривоят қилишган).
Шарҳ:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида тўртта муҳим ва ҳар бир мўмин-мусулмон жуда эҳтиёт бўлиши лозим масалани зикр қилмоқдалар:
1.«Ким Ислом миллатидан бошқа нарса ила қасам ичса, у ўзи айтганидекдир». Бошқа ривоятларда баён қилинишича, ким, агар фалон ишни қилсам, яҳудий бўлай, деса, яҳудий бўлади. Ёки агар фалон ишни қилмасам, насроний бўлай, деса, насроний бўлади. Мазкур мункар ишни қилган одамнинг бу тасарруфи куфрдан иборатдир. Шунинг учун ҳам, ҳеч бир мусулмон банда юқоридагига ўхшаш гапларни зинҳор ва зинҳор тилга олмаслиги керак.
2.«Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади». Бу масалага тегишли ҳукмларни «Ҳаддлар китоби»да муфассал ўрганиб чиқамиз. Ким ўз жонига қасд қилса, худди ўзганинг жонига қасд қилгандек гуноҳкор бўлади. Чунки, жонни унга Аллоҳ таоло берган, шунинг учун ҳам жон банданинг эмас, Аллоҳ таолонинг мулки ҳисобланади. Ўзини ўзи ўлдирган одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиққан нобакор сифатида охиратда қаттиқ азобларга гирифтор бўлади. Жумладан, у ўзини бу дунёда нима билан, қандоқ қилиб ўлдирган бўлса, жаҳаннамда ҳам ўзини худди ўша нарса билан, худди ўшандоқ қилиб қайта-қайта ўлдириб туради.
3.«Мўминни лаънатлаш худди уни қатл этган кабидир». Зотан, лаънатнинг луғавий маъноси Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишдир. Демак, ким бировга лаънат айтса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаган бўлади. Мўминлик эса, Аллоҳ таолодан бандага берилган энг улуғ неъматдир, раҳматдир. Шунга биноан, ким мўмин инсонни лаънатлаган бўлса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини, иймонидан ажрашини тилаган бўлади. Бу эса, мўминни қатл этгандан бадтардир.
4.«Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, худди уни қатл этган билан баробардир». Кофирлик ҳар бир мўмин одам учун дунёдаги энг катта бадбахтликдир. Иймон ҳаловатини татиб кўрган инсон учун кофирликка қайтиш ўлимдан ҳам оғир мусийбатдир. Шунинг учун ҳам мўмин инсонни кофирга чиқарган, фалончи кофир, пистончи куфр кетди, каби гапларни айтган одам худди ўша мўминни ўлдирган каби иш қилган бўлади. Чунки, аввал айтиб ўтганимиздек, кофирлик мўмин киши учун ўлимдан бадтардир. Лекин, минг афсуслар бўлсинким, ичимизда дардиҳасрати, қиладиган машғулоти мўмин-мусулмонларни кофирга чиқариш бўлиб қолганларимиз ҳам бор.
Улар ўзларига одамларнинг кофир-мўминлигини ажратувчи тафтишчи сифатини бериб олганлар. Диндорлик ғурурига кетган мазкур кимсалар бўлган-бўлмаган нарсага, фалончи кофир, пистончи мушрик, писмадончи мунофиқ, деб фатво чиқариш билан оворалар. Ана ўша кишилар мўмин-мусулмонлар орасида турли гаплар чиқишига, ҳар хил фитна-фасод қўзғалишига, орага совуқчилик тушишига ва бошқа кўпгина муаммоларга сабаб бўладилар. Ана ўшандоқ «фатвочи» биродарлар ўзларининг бу қилаётган ишлари динимиз таълимотларига мутлақо зид эканини тушуниб етмоқлари ва мазкур қабиҳ одатларини ташламоқлари лозим.
Ҳадис ва Ҳаёт 14


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев