
Пайғамбаримиз ﷺ қирқ ёшга тўлиб, Муҳаммадий қуёш балқиш вақти яқинлашганда, у зот бирор эҳтиёж билан кўчага чиқсалар ёки қайтсалар, йўлларида учраган ҳар бир дарахт ва тош: "Ассалому алайка, йа Расулуллоҳ!" (Сизга салом бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!) деб хитоб қиларди. Расулуллоҳ ﷺ ўнг ва чап томонларига қарардилар-у, лекин салом бераётган дарахт ва тошлардан бошқа ҳеч кимни кўрмасдилар.
Бу ҳодисалар у зотнинг пайғамбарликларига энг буюк далиллардан эди. Бу муҳаббат нафақат қалбларни забт этди, балки ҳар тарафга ёйилиб, ҳатто дарахт ва тошлар ҳам у зотни севиб қолди. Ҳа, қаттиқлик ва жонсизликда зарбулмасал бўлган ўша тошлар Пайғамбаримиз ﷺ олдиларидан ўтганларида салом берарди.
Бу ҳақда Набий ﷺ шундай марҳамат қилганлар: "Мен Маккада бир тошни биламан, у мен пайғамбар қилиб юборилишимдан олдин менга салом берарди. Мен уни ҳозир ҳам танийман".
Булутнинг соя солиши.
Муҳаммад ﷺ нинг пайғамбарлик далилларидан яна бири — Шом сафари давомида булутнинг у зотга бўйсундирилишидир. Жазирама иссиқ кунларда булут у зотга соя солиб турарди. Буни Хадича онамизнинг қули Майсара ривоят қилган.
Майсара бу сафарда у зотга ҳамроҳлик қилган эди. Бу ҳолат Хадича онамизнинг у зотга нисбатан муҳаббатини оширди ва ҳатто ўзлари совчи қўйдилар, чунки у зотнинг келажакда буюк зот бўлишига ишонч ҳосил қилгандилар. Шу боис, ваҳий келганида Хадича онамиз инсонлар ичида энг биринчи бўлиб иймон келтирдилар. У киши юксак ахлоқ ва ғайритабиий ҳодисаларни кўриб бўлганлари учун бошқа бирор далил кутиб ўтирмадилар.
Муҳаммад ﷺ қаерда бўлсалар, барака ўша ерда.
Пайғамбаримиз ﷺ агар амакилари Абу Толиб ва унинг оиласи билан овқатлансалар, ҳаммалари тўяр ва сероб бўлишарди. Агар у зот бўлмасалар, овқатланишса-да, тўймасдилар. У зотнинг энагалари Умм Айман (رَضِيَ اللهُ عَنْهَا) айтадилар:
"У зотнинг на ёшликларида ва на катта бўлганларида очлик ёки чанқоқдан шикоят қилганларини кўрдим".
Ҳалима Саъдиянинг уйида.
Ҳалима Саъдия у зотнинг сабабидан келган барака ва хайриятларни кўриб, шундай деган эди:
"Биз уни онасига қайтариб олиб борганимизда, ундаги баракани кўрганимиз сабабли, ичимизда яна биз билан қолишини жуда ҳам хоҳлардик".
Шом сафарида.
Пайғамбаримиз ﷺ ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шомга борганларида, роҳиб Буҳайро у зотдаги пайғамбарлик аломатларини кўриб, тан олган эди.
Муҳаммад ﷺ нинг пайғамбарликларига далиллар шу қадар кўпки, уларни биргина мақолада жамлаб бўлмайди.
Аллоҳ таолодан бизни ва сизни сўзни тинглаб, унинг энг гўзалига эргашадиганлардан қилишини, У Зотнинг суннатларига эргашиш ва муҳаббати билан ризқлантиришини сўраймиз.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев