
Қурайш мушриклари ўзларининг мажлисгоҳи — «Дорун-надва»га тўпланишди. Улар Набийﷺнинг ишлари борасида ўзаро маслаҳатлашиб, тортишишар, Қуръони Каримдан бирор «айб» топиб, шу орқали бутун араб қабилалари олдида ҳужжат қилмоқчи бўлишарди.
Бу мажлисда Макканинг зодагонлари ва катталари:
Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб, Валид ибн Муғира, Утба ибн Рабиъа, Умайя ибн Халаф ва бошқалар иштирок этаётган эди.
Уларни фақат бир нарса — Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг динига бўлган нафрат бирлаштириб турарди.
Абу Жаҳл ғазабдан ёниб, ўрнидан турди ва Валид ибн Муғирага юзланди. Валид уларнинг ичида ёши энг улуғи, тили энг фасоҳатлиси ва фикри энг ўткири эди.
Абу Жаҳл деди:
«Эй Абу Абдушшамс! Сен Муҳаммад билан ўтирдинг, унинг сўзларини эшитдинг ва у билан баҳслашдинг. Қани, бизга у ҳақида бир гап айтгинки, биз ҳам ўшани айтайлик».
Шунда Умайя ибн Халаф туриб:
«Уни коҳин (фолбин) деб айтамиз», деди.
Валид бошини сарак-сарак қилиб, қатъият билан деди:
«Йўқ, Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Биз коҳинларни кўрганмиз, унинг сўзи коҳиннинг сўзига ҳам, қофияли гапларига ҳам ўхшамайди».
Бошқа бир киши:
«Унда уни мажнун (жинни) деймиз», деди.
Валид жавоб берди:
«У мажнун эмас. Биз жинниликни кўрганмиз ва уни яхши биламиз».
Абу Суфён туриб:
«У шоир», деди.
Валид ишонч билан жавоб қайтарди: «Йўқ, у шоир эмас. Биз шеърнинг барча турларини — ҳажазини, ражазини, қаризини ва мабсутини биламиз. Унинг сўзлари буларнинг ҳеч бирига ўхшамайди».
Абу Лаҳабнинг бўғилганидан юраги сиқилиб:
«Ундай бўлса, уни сеҳргар деб даъво қиламиз», деди.
Валид деди:
«Йўқ, у сеҳргар ҳам эмас. Биз сеҳргарларни ва уларнинг сеҳрини кўрганмиз, унинг сўзи сеҳргарларнинг дам солишига ҳам, тугун тугишига ҳам ўхшамайди».
Шу пайт Абу Жаҳлнинг сабри тугаб, бақириб юборди:
«Унда нима деймиз, эй Абу Абдушшамс?!»
Валид ибн Муғира бир зум сукут сақлади, гўё сўзларни қалбининг тубидан йиғаётгандек эди. Сўнгра Қуръон таърифида айтилган энг балоғатли сўзларни сўзлади:
«Аллоҳга қасамки, унинг сўзида бир ҳаловат бор, унда бир гўзаллик бор. Унинг усти мевали, ости эса баракалидир. У албатта юксалади ва ундан ҳеч нарса юксак бўлолмайди».
Бу сўзлар бир кофирнинг оғзидан чиққан бўлса-да, бу ҳақиқат гувоҳлиги эди. Буни унга баённинг содиқлиги ва ҳужжатнинг қудрати мажбурлаб айттирган эди. Шунда Абу Жаҳл даҳшат ичида қичқирди: «Валид динидан қайтди! Каъбанинг Раббига қасамки, у ота-боболарининг динини тарк этиб, Муҳаммаднинг динига кирди!»
Аслида Валид Исломни қабул қилмаган эди, лекин Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг энг гўзал ва балоғатли таърифини унинг тилига жойлаб қўйган эди.
Шундан сўнг Қурайш мушриклари Валиддан араблар олдида айтиш учун бирор бир баҳона топишини қаттиқ талаб қилишди. У ўйлади, ўлчади, қаради, сўнг юзини буриштириб, қовоғини солди ва охири деди:
«Айтингларки, у сеҳргардир. Унинг айтаётганлари ўша ўрганилган сеҳрдир. Бу инсон фарзандининг сўзидан ўзга нарса эмас».
Буни эшитган Қурайш мушриклари ўзлари излаган нарсани топгандек кулиб қўйишди. Ваҳоланки, улар қалбларининг тубида эшитганлари сеҳр ҳам, шеър ҳам эмаслигини, балки инсон сўзидан юксак бўлган бир калом эканлигини яхши билишарди.
Валид ибн Муғира Қурайшнинг саййидларидан, энг бойларидан бири бўлиб, улуғ саҳобий, «Аллоҳнинг яланғочланган қиличи» — Холид ибн Валиднинг отаси эди.
У шу қадар бой эдики, Макка зодагонлари бир йил йиғилиб Каъбага кисва (ёпқич) ёпишса, келаси йили Валиднинг ўзи якка ҳолда Каъбани кийинтирар эди.
Аллоҳ унга кенг ризқ, осойишталик, мол-дунё ва фарзандлар ато этган эди. Лекин у иймон келтирмади.
Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз Китобида унга нисбатан қаттиқ ваъид (огоҳлантириш) туширди:
«Мени ва Ўзим ёлғиз яратган кимсани (Валидни) Менга қўйиб бер. Унга кенг-мўл мол-дунё бердим. Ва (ҳар доим ёнида) ҳозиру нозир ўғилларни (бердим). Ва унга (мансаб ва неъматларни) кенг қилиб қўйдим. Сўнгра у яна зиёда қилишимни тамаъ қилади. Йўқ! Чунки у Бизнинг оятларимизга қайсарлик қилувчи бўлди...»
(Муддассир —11-30-оятлар).
Шунингдек, Аллоҳ таоло Қалам сурасида ҳам у ҳақда шундай деди:
«Ва итоат этма: ҳар бир кўп қасам ичувчи, пасткашга. Ўта ғийбатчи, гап ташувчига. Яхшиликни ўта тўсувчи, тажовузкор, гуноҳкорга. Қўпол ва бунинг устига ҳаромига. Мол-дунё ва ўғил-фарзанд эгаси бўлгани учун...»
(Қалам — 10-16-оятлар).
Қуръони Каримда Валид ибн Муғирадан бошқа ҳеч ким бунчалик очиқ ва қаттиқ лафзлар билан мазаммат қилинмаган. Бу унинг куфри, адовати ва Аллоҳ ва Унинг Расулига қилган ҳаддан ошиши сабабли эди.
Тасаввур қилинг-а, Аллоҳ таоло Қурайшга ҳужжатни қоим қилишни ирода қилганда, Қуръоннинг энг балоғатли таърифини Исломга энг қаттиқ душманлик қилган одамнинг тилидан чиқарди. Қандай қилиб бу динга адоват қилган кофир одам Қуръонни бунчалик юксак таърифлаши мумкин? Фақатгина бу калом инкор қилиб бўлмас ҳақиқат ва ўчириб бўлмас нур бўлгани учунгина шундай бўлди.
Шундай қилиб, Валид ибн Муғира Қуръон қаршисида уни на инкор қила олди ва на тан олишга журъати етди. Тили билан унинг балоғатига гувоҳлик берди, лекин қалби ва кибри билан унга қарши жанг қилди. У ҳақиқатни таниди, лекин кибр уни боғлаб қўйди. Нурни кўрди, лекин ҳавойи нафси кўзини кўр қилди. Натижада унинг билими ўзига қарши ҳужжат бўлди.
Муаммо далилнинг камлигида ёки ҳужжатнинг заифлигида эмас, балки кибрга тўлган қалбдадир. Бундай қалб порлаб турган қуёшни кўриб туриб:
«Мен уни кўрмаяпман», дейди.
Бу ерда мангу ибрат шундаки, Қуръон юксалиши учун мўминнинг гувоҳлигига муҳтож эмас, унга дўстларидан олдин душманлари гувоҳлик берган, уни қўллаб-қувватлаганлардан олдин унга қарши жанг қилганлар унинг балоғатини тан олган.
Агар Қурайшнинг энг балоғатли ва ашаддий кимсаси «унинг сўзида бир ҳаловат ва гўзаллик бор» деган бўлса, уни хушуъ қилган қалб, инсофли ақл ва ҳақиқатни излаган руҳ билан ўқиган киши нима демасин?!
Бу шундай Китобки, у юксалади ва ундан ҳеч нарса юксак бўлолмайди. Бутун дунё уни ўчиришга йиғилса ҳам, у боқий қолади ва атрофдаги қалблар қанчалик қоронғи бўлмасин, у ҳидоят беришда давом этади.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев