
У кишининг исмлари Абдуллоҳ бин Абу Қуҳофадир.
Исломдан олдинги ёшлик даврлари ҳақида шундай дейдилар:
"Балоғат ёшига етган эдим. Отам мени бутларнинг олдига олиб бориб:
«Эй Абдуллоҳ, булар сенинг илоҳларинг», деди.
Отам кетгач, бутларга қараб:
«Агар оч бўлсам, мени тўйдира оласанми? Агар касал бўлсам, менга шифо берасанми?» деб сўрадим.
Улар жавоб бермади. Шунда бир тошни олиб, бутлардан бирини урдим, у юзтубан йиқилди. Мен эса у ердан чиқиб кетдим".
Саййидимиз Абу Бакрرَضِيَ اللهُ عَنْهُ ҳеч қачон бутга сиғинмаган, хамр (ичкилик) ичмаган ва фаҳш ишларга яқинлашмаганлар.
У зот Пайғамбаримиз ﷺ нинг ҳам ваҳий келишидан олдин, ҳам кейин энг яқин дўстлари бўлганлар. Ислом ҳақида эшитишлари билан иймон келтирган ва Аллоҳга даъват қилишни бошлаган илк инсондирлар.
У киши қийналаётган камбағал ва заиф мусулмонларни кўриб, уларни сотиб олиб, озод қилар эдилар. Бир сафар саҳобий Хаббоб ибн Аратнинг орқаси куйиб кетгунча қийналаётганини кўриб, уни сотиб олдилар ва озод қилдилар.
Ҳатто отаси: «Эй Абу Бакр, нега бундай қиляпсан? Ҳеч бўлмаса сенга фойдаси тегадиган ёки қабиласи сени ҳимоя қиладиган кишиларни сотиб олсанг-чи?» деганида, Абу Бакр отасига қараб:
«Эй отажон, мен буни Аллоҳнинг розилиги учун қиляпман», деб жавоб бердилар.
Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилди:
«Ундан (дўзахдан) тақводорроқ киши четда қилинур. У молини поклик умидида берадиган кишидир. Унда бирор кимсанинг қайтариладиган неъмати йўқ эди. Фақат Олий Парвардигорининг юзини (розилигини) истаб (қилур). Ва тез орада рози бўлур»
(Лайл —17-21 оятлар).
Бир куни Каъбада суюкли Пайғамбаримиз ﷺ ни мушриклар уриб, бўғиб, ўлдирмоқчи бўлаётганини кўриб қолдилар. Абу Бакр югуриб келиб, мушрикларни итариб, Расулуллоҳ ﷺ ни ҳимоя қила бошладилар ва Аллоҳнинг ушбу сўзларини ўқидилар:
«Бир кишини "Парвардигорим Аллоҳ" дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизларга Роббингиздан ҳужжатлар келтирди-ку!»
(Ғофир — 28 оят).
Мушриклар Расулуллоҳ ﷺ ни қўйиб, Абу Бакрга ташландилар. Уни шунчалик қаттиқ урдиларки, одамлар уни ўлди деб ўйлашди. Уни иймон келтирмаган онасининг уйига кўтариб боришди. Онаси унга қараб турди, Абу Бакр ҳушига келгач, онаси хурсанд бўлиб:
«Бирор нарса ич ёки еб ол», деди.
У зот эса: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ ﷺ нинг нима бўлганларини кўрмагунча ҳеч нарса емайман», деди.
Шунда уни Арқамнинг уйига, Пайғамбаримиз ﷺ нинг ҳузурларига олиб боришди. Уни ичкарига киритишганда, Пайғамбаримиз ﷺ ни қучоқлаб, йиғлаб: «Ё Расулуллоҳ, аҳволингиз қандай?» деб сўрадилар.
Пайғамбаримиз ﷺ : «Мен яхшиман, эй Абу Бакр. Сенинг аҳволинг қандай?» дедилар.
Абу Бакр: «Мен яхшиман, фақат фосиқнинг юзимга қилган иши (жароҳати) бор, холос», деб жавоб бердилар.
Саҳобалар Мадинага ҳижрат қилишди, лекин Абу Бакрرَضِيَ اللهُ عَنْهُ Расулуллоҳ ﷺ билан бирга кетиш учун қолдилар.
Ниҳоят бир куни пешин вақтида Пайғамбаримиз ﷺ келиб: «Эй Абу Бакр, Аллоҳ менга ҳижрат қилишга изн берди», дедилар.
Абу Бакр: «Ҳамроҳликми, ё Расулуллоҳ?» деб сўрадилар.
Пайғамбаримиз ﷺ: «Ҳа, ҳамроҳлик», дедилар.
Шунда Абу Бакр хурсандлигидан йиғлаб юбордилар ва дарҳол тайёргарлик кўрдилар.
Севр ғорига кирганларида, Абу Бакр бир тешикни кўриб, у ердан Пайғамбаримиз ﷺ га бирор зарарли нарса чиқишидан қўрқиб, оёқларини ўша тешик устига қўйдилар.
Пайғамбаримиз ﷺ у кишининг тиззаларига бошларини қўйиб ухлаб қолдилар. Шу вақт Абу Бакрнинг оёқларини тешикдан чиққан бирор нарса (чаён ёки илон) чақиб олди. Оғриқ кучлилигидан кўзларидан ёш чиқиб, Расулуллоҳ ﷺ нинг юзларига тушди. Пайғамбаримиз ﷺ уйғониб:
«Сенга нима бўлди, эй Абу Бакр?» дедилар.
У киши: «Ҳеч гап йўқ, оёғимни бир нарса чақиб олди», дедилар.
Расулуллоҳ ﷺ ўша жойга тупукларини суртдилар ва оғриқ гўё ҳеч қачон бўлмагандек тузалиб кетди.
Мушриклар ғор оғзига келиб қолганда, Абу Бакр қўрқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: «Маҳзун бўлма, Аллоҳ биз билан», дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳ ﷺ нинг бутун ҳаётлари давомида ҳамроҳлари бўлдилар. Пайғамбаримиз ﷺ вафотларидан олдин: «Абу Бакрга айтинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар.
Расулуллоҳ ﷺ вафот этганларида, Абу Бакр Оиша онамизнинг уйларига кириб, У зотнинг юзларидан ўпдилар ва йиғлаб: «Тириклигингизда ҳам, вафотингизда ҳам покизасиз, ё Расулуллоҳ», дедилар.
Ташқарида эса саҳобалар карахт аҳволда эдилар. Абу Бакр чиқиб, қатъият билан Оли Имрон —44 оятини ўқиди:
«Ким Муҳаммадга сиғинган бўлса, билсинки, Муҳаммад вафот этди. Ким Аллоҳга сиғинса, албатта Аллоҳ тирикдир, ўлмайди».
Халифа бўлганларидан кейин ҳам камтарликларини йўқотмадилар. Илгари қўйларини соғиб берадиган заиф ва камбағал қизчалар: «Энди у халифа бўлди, бизга ким ёрдам беради?» дейишганда, Абу Бакр буни эшитиб: «Аллоҳга қасамки, халифалик мени ўзгартирмайди, олдин соғиб берганимдек, яна соғиб беравераман», дедилар.
Умар ибн Хаттоб رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ҳар куни асрдан кейин Абу Бакрнингرَضِيَ اللهُ عَنْهُ бир кўзи ожиз, шол кампирнинг уйига кириб кетаётганларини кўрарди.
Абу Бакрرَضِيَ اللهُ عَنْهُ у ерда бир кампирнинг овқатини пиширар, кийимларини ювар ва уйини тозалаб чиқар эдилар.
Бир куни Умар رَضِيَ اللهُ عَنْهُ кампирдан: «Ҳар куни келиб шу ишларни қиладиган киши ким?» деб сўраганида, кампир: «Аллоҳга қасамки, уни танимайман», деб жавоб берди.
У кампир ўзига хизмат қилаётган инсон мўминларнинг халифаси эканини билмас эди.
Вафотларидан олдин бор молларини Байтулмолга қайтардилар. Оиша онамиз йиғлаб шеър ўқиганларида, у киши: «Эй Оиша, ундан кўра яхшироқ сўзни айт, яъни:
"Ўлим мастлиги ҳақ ила келди. Бу (эй инсон) сен қочадиган нарсадир"
(Қоф — 19 оят) деб айт», дедилар.
Сўнг вафот этиб, севимли дўстлари ﷺ нинг ёнига дафн этилиндилар


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев