
|
#Умар ибн Хаттоб رَضِيَ اللهُ عَنْهُ Фаластинга қўшин юбормоқчи бўлдилар. Одамлар у кишига:
«Эй мўминлар амири, у ерда румликларнинг энг доно ва маккор саркардаларидан бири бор, уни Артабун дейишади. Унинг ақли ва заковати сабабли қўшинларимиздан ҳеч ким ундан устун кела олмаяпти», дейишди.
Шунда Форуқ (Умар ибн Хаттоб) ўзларининг машҳур сўзларини айтдилар:
«Аллоҳга қасамки, мен Румнинг Артабунига Арабнинг Артабунини рўбарў қиламан!»
Сўнг Амр ибн Осгаرَضِيَ اللهُ عَنْهُ Фаластинга бориб, ушбу румлик саркарда билан шуғулланишни буюрдилар. Амр ибн Осرَضِيَ اللهُ عَنْهُ Фаластинга етиб келгач, румликларнинг қалъаларидан бирини қамал қилди. Қамал узоқ давом этди.
Бу вақт ичида Амр Артабуннинг олдига элчилар юбориб, уларни ё Исломни қабул қилишга, ё жизя тўлашга, агар икки шарт бўлмаса жанг бўлишини билдирди.
Бироқ румликлар ҳал қилувчи жангга чиқишдан бош тортишарди.
Амр юборган элчилар душманнинг таъминот йўллари, сув захиралари ва қўшиннинг заиф нуқталари ҳақида ҳеч қандай муҳим маълумот келтира олишмасди.
Уларнинг ҳаммаси: «Ҳеч қандай шубҳали ёки муҳим нарсани пайқамадик», дейишарди.
Шунда Амр ибн Оссرَضِيَ اللهُ عَنْهُ:
«Ўзим Амрнинг элчиси бўлиб бораман ва ҳамма нарсани ўз кўзим билан билиб қайтаман», деб қарор қилди.
Ҳақиқатан ҳам, Амр ибн Осرَضِيَ اللهُ عَنْهُ элчи қиёфасида йўлга чиқди.
Йўл-йўлакай қўшиннинг заиф нуқталарини ва ўзига керакли бўлган барча маълумотларни синчиклаб кузатиб борди.
Ниҳоят, Артабун ва унинг қўмондонлари ҳузурига етиб келди. Улар таржимон орқали узоқ суҳбатлашишди.
Охири Артабун: «Бор, бизнинг орамизда келишув бўлмайди», деди.
Элчи (Амр) чиқиб кетгач, Артабун ўз қўмондонларига:
«Бу элчининг ўзи Амр ибн Осдир!» деди. Қўмондонлар: «Нимага асосланиб бундай деяпсан?» деб сўрашганда,
у: «Бу одам бошқа элчилардек гапирмаяпти. У саркардалардек сўзлаяпти. Биз раҳбарлар бир-биримизнинг гапириш услубимиздан мақсадини билиб оламиз. Бу аниқ Амр ибн Ос», деб жавоб берди.
Сўнг улар: «Унда нима қилмоқчисан?» дейишди.
Артабун: «Уни ўлдираман, чунки у Амрнинг ўзи», деди.
Қўмондонлар эса: «Шубҳа туфайли элчини ўлдирма, элчилар ўлдирилмайди. Агар у Амр бўлмаса-чи? Агар ўлдирмоқчи бўлсанг, қалъа ичида эмас, ташқарига чиққанда ўлдир. Шунда биз ўлдирмадик, камон ўқи қаердан келганини билмаймиз, деб қутиламиз», дейишди.
Артабун бунга рози бўлди ва аскарларига элчини қалъадан чиққанда камон билан уриб ўлдиришни буюрди.
Амр ибн Осرَضِيَ اللهُ عَنْهُ қалъадан чиқиб кетаётганида Артабун ва унинг одамлари ўртасидаги бу суиқасддан бехабар эди. Бироқ йўлда кетаётиб, шубҳали ҳаракатларни сезиб қолди.
Шу пайт бир араб киши унга: «Эй инсон, киришни қойиллатдинг, энди чиқишни ҳам қойиллат!» деб ишора қилди. Амрнинг шубҳалари тасдиқланди, агар қалъа дарвозасидан чиқса, уни ўлдиришлари аниқ эди.
Амр дарвоза олдига етганда тўхтади ва аскарларга:
«Артабунга айтадиган гапим бор, балки шу гапим билан қон тўкилишининг олдини олармиз», деди.
У яна Артабуннинг ҳузурига қайтди. Артабун ҳайрон бўлиб: «Сени нима қайтарди?» деб сўради.
Амр деди:
«Сиз менинг гапларимни батафсил эшитдингиз. Мен амир мўминин ва саркарда Амр ибн Ос ишонадиган ўнта доно маслаҳатчидан бириман. Нима дейсиз, мен бориб ўша тўққизта шеригимни ҳам олиб келсам, улар билан ҳам гаплашсангиз? Шояд, жангу жадалсиз ҳамма учун манфаатли бир қарорга келсак ва қўшинлар қонини асраб қолсак».
Артабун ичида: «Битта одамни ўлдиргандан кўра, ўнтасини ўлдирганим яхшироқ, булар халифа танлаган энг сара одамлар экан», деб ўйлади ва рози бўлди.
Шундай қилиб, Амр ибн Осرَضِيَ اللهُ عَنْهُ ўз ақли ва заковати билан ўлим чангалидан омон чиқиб кетди.
Орадан икки кун ўтгач, Артабун Амрнинг ҳузурига элчи юбориб: «Артабун билан гаплашмоқчи бўлган ўша ўн киши қани?» деб сўратди. Шунда Амр кулиб юборди ва деди:
«Артабунга менинг саломларимни етказ ва айтгинки: Ўша куни ҳузурингга борган элчи Амр ибн Оснинг ўзгинаси эди!
У хиёнатни сезиб қолгач, сени кўпроқ ўлжа билан қизиқтириб, жонини қутқариш учун «ўн киши бўлиб келамиз» деган ҳийлани ишлатди!»
Элчи қайтиб бориб бор гапни айтганида, Артабун лол қолиб деди:
«Аллоҳга қасамки, мен ўзимни дунёдаги энг доно одам деб ҳисоблардим, лекин Амр Артабундан ҳам донороқ экан!»
————————————————————————
Тарих китобларида зикр қилинган Араб зукко ва донолари:
-Амр ибн Осرَضِيَ اللهُ عَنْهُ
-Зиёд ибн Абийҳ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ
-Муовия ибн Абу Суфён رَضِيَ اللهُ عَنْهُ
-Муғийра ибн Шуъба رَضِيَ اللهُ عَنْهُ


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев