
---‐-‐---
882. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хоҳласа ва фалончи хоҳласа» деманглар, балки «Аллоҳ хоҳласа, сўнгра фалончи хоҳласа» денглар», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
883. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Умматимнинг мужоҳирлардан бошқа ҳаммаси афв қилингандир. Бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отгач, Аллоҳ унинг қилмишини сатр қилган (беркитган) бўлса-да, «Эй фалончи, кечаси ундай қилдим, бундай қилдим» дейиши ҳам мужоҳирликдандир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди, тонг отганда у ўзидан Аллоҳнинг сатрини очди», деганларини эшитдим».
Бухорий ривоят қилган.
Мужоҳир – гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи, дегани.
884. Иёз ибн Ҳимор Мужошиъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўз хутбаларида айтдилар: «Огоҳ бўлинглар! Ушбу кунимда Роббим Ўзи менга таълим берган нарсалардан билмаганларингизни сизларга таълим беришимни амр қилди. (У зот): «Бандага берганим барча мол ҳалолдир. Албатта, Мен бандаларимнинг ҳаммаларини соф табиат билан яратдим. Сўнг шайтонлар келишди ва уларни динларидан адаштиришди. Улар Мен ҳалол қилган нарсаларни уларга ҳаром қилишди. Уларга Мен ҳужжат нозил қилмаган нарсаларни Менга ширк келтиришга буюришди», (деди). Албатта, Аллоҳ ер аҳлига назар солди ва уларга: арабларига ҳам, ажамларига ҳам ғазаб қилди. Фақат аҳли китобдан айримларигагина ғазаб қилмади. Ва У зот (менга): «Мен сени синаш учун ва сен билан (бошқаларни) синаш учун юбордим. Мен сенга сув ювмайдиган, уйқу ҳолида ҳам, уйғоқ ҳолда ҳам ўқийдиганинг китобни нозил қилдим», деди. Албатта, Аллоҳ менга Қурайшга ўт қўйишимни амр қилди. Мен У зотга: «Эй Роббим! Ундай бўлса, улар менинг бошимни ёриб, синган нонга ўхшатиб қўйишади», дедим. (Шунда Аллоҳ): «Улар сени чиқарганларидек, сен ҳам уларни чиқар. Уларга қарши ғазот қил, Биз сенга кўмак берамиз. Нафақа қил, Биз сенга нафақа қиламиз. Сен лашкар юбор, Биз унга беш баробарини юборамиз. Ўзингга итоат қилганлар билан бирга сенга осий бўлганларга қарши жанг қил», деди. «Аҳли жаннат уч тоифадир: одил, садақа қилувчи ва тавфиқли султон; ҳар бир қариндош ва мусулмонга раҳмли ва қалби юмшоқ киши; иффатли ва ўзини иффатли қилиб кўрсатувчи аёлманд», деди».
Муслим ривоят қилган.
885. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мадинада бир уй кечаси аҳли билан бирга ёниб кетди. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилди. Шунда у зот: «Албатта, олов сизга душмандир, ухламоқчи бўлсангиз уни ўчиринг», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
886. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Араб қабилаларидан биридаги қора танли чўри мусулмон бўлди. Унинг масжидда капаси бор эди. У олдимизга келиб гаплашар ва гапи тугаганда: «Вишоҳ куни Роббимиз ажойиботларидандир, фақат У менга куфр юртидан нажот бергандир», дер эди. У буни ҳадеб айтаверганидан кейин Оиша унга: «Вишоҳ куни нима?» деди. (Чўри айтди:) «Қавмимиздагилардан бирининг кичик қизчаси теридан бўлган жавоҳирли вишоҳ(тақинчоқ)ни тақиб чиқди. Кейин у тушиб қолди. Бир калхат уни гўшт деб олиб қочди. Сўнг уни мендан гумон қилишди ва мени азоблашди. Иш ҳатто уни олдимдан излашларигача бориб етди. Улар атрофимни қуршаб, мен ғамга ботиб турганимда ўша калхат бошимиз устига учиб келиб, бояги нарсани ташлаб кетди. Улар уни олишди. Шунда мен уларга: «Шуни менга туҳмат қилдингизми? Менинг айбим йўқ эди», дедим».
Бухорий ривоят қилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев