
МАСЖИД ТОМОН БОСИЛГАН ҚАДАМЛАРНИНГ МУКОФОТИ.
--------
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйларидан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси ила даражаси кўтарилади», - дедилар».
Имом Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят қилганлар.
Шарҳ:
Эҳтимол, масжидга жамоат намозига қатнайдиган ҳар бир киши ҳам ўзининг қилаётган амали нақадар улканлигини тасаввур эта олмас. Агар ҳақиқатда тасаввур эта олмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари ила яхшилаб танишиб олсин. Ундай одам масжидга жамоат намози ўқиш учун бориш ниятида таҳорат қилиб, биринчи қадамини босиши билан бир гуноҳи ювилади, иккинчи қадамини босиши билан даражаси бир поғона кўтарилади. Масжидга етиб боргунича ҳар қадамда даражаси кўтарилиб бораверади.
•┈┈•┈┈•⊰✿🍃🌸🍃✿⊱•┈┈•┈┈•
#Ҳадис
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса бор. Кимда ўшалар бўлса, Аллоҳ уни паноҳига олади ва жаннатига киритади;
– Заифга меҳр қилиш, ота-онага мушфиқлик қилиш ва мамлукка яхшилик қилиш», - дедилар».
Шарҳ: Қаранг! Ўз қўл остидаги одамга яхшилик қилиш Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлиш ва охиратда жаннатга киришга сабаб бўладиган иш экан.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Заифга меҳр қилган бандани Аллоҳ паноҳига олади
ва жаннатига киритади.
2. Ота-онага мушфикдик қилган бандани Аллоҳ паноҳига олади ва жаннатига киритади.
3. Қўл остидаги одамга яхшилик қилган бандани Аллоҳ паноҳига олади ва жаннатига киритади.
«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан.
•┈┈•┈┈•⊰✿🍃🌸🍃✿⊱•┈┈•┈┈•
ҒАНИМАТ ФУРСАТЛАР
Мусулмон дўстим! Умр чекланган, фурсатни ғанимат билинг!
Ўтган йили биз билан Рамазон рўзасини тутган қанча-қанча кишилар қани?! Ўтган йили биз билан Рамазон кечаларида таровеҳларда қатнашган қанча-қанча яқинларимиз ва танишларимиз қани бугун?!
Айримларини ўлим фариштаси орамиздан олиб кетди, айримлари эса бемор бўлиб, на рўзага, на тунги намозларга мадорлари бўлмай тўшакка михланиб қолдилар.
Муалло ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: ”Илгаргилар Рамазонга етказишини сўраб олти ой Аллоҳга илтижо этиб, Рамазондан кейин яна олти ой рўзалари қабул қилинишини дуоларида сўрашар эди”.
Яҳё ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Улар Парвардигоро, мени Рамазонга, Рамазонни менга саломат етказгайсан ва унинг рўзасини мендан қабул этгайсан, эй оламлар Роббиси, деб дуо қилардилар”.
Соғлик неъматини ато этгани учун Аллоҳга шукрлар қилиб, ғанимат фурсатлар аро охират озуқасини жамғариб олинг! Озуқаларнинг энг яхшиси – тақводир! Эй Парвардигор! Бизларни Рамазоннинг рўзаси ва тунги намозларига Ўзинг муваффақ айла, ибодатларимизни қабул эт, дўзахдан озод этган бандаларинг қаторида қил! Омийн!
"Ҳижрий-қамарий" тақвимдан олинди.
•┈┈•┈┈•⊰✿🍃🌸🍃✿⊱•┈┈•┈┈•


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев