
______________
Собиқунал аввалун, яъни илк саҳобийлардан бўлмиш бу зотнинг куняси Абу Абдуллоҳ. Отасининг исми Абдуманноф, онасининг исми Умайя бинти Ҳорисдир.
Арқам Макканинг бадавлат ва эътиборли оилаларидан бўлмиш Маҳзун қабиласига мансуб эди. У Абу Бакр (р.а.)нинг чақириқларини қабул қилиб, Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Усмон ибн Мазъун билан биргаликда исломга кирган. Манбаларда исломни қабул қилган илк 15 киши сафида зикр қилинса-да, ўғли Усмон: “Отам еттинчи бўлиб исломни қабул қилган”, деб айтган. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Бадр ва Уҳуддан бошлаб барча юришларда елкама-елка туриб қатнашган. Дарвоқе, Арқам Мадинага ҳижрат қилган илк мусулмонлардан эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни Абу Талҳа билан биродар қилиб тутинтирганлар.
Қаҳрамонимизнинг номи тилга олинганда, унинг ўша машҳур уйи – “Дорул Арқам” ёдимизга тушади. Зеро, мушриклар ўз муҳим масалаларини “Дорун Надва” дея аталмиш кенгашларида ҳал қилсалар, илк мусулмонлар кенгашадиган макон “Дорул Арқам” эди. Бу муборак уй Каъбанинг ғарбида, Сафо билан Марва ўртасидаги ҳожилар ҳаж арконларини амалга оширадиган жуда гавжум жойда жойлашганди. Арқам илк мусулмонларнинг машаққатли дамларида уйини Расулуллоҳ (с.а.в.)га, ислом хизматига бахш этганди. Ушбу муборак уй ҳазрати Умардек исломнинг забардаст сиймоларидан бирининг ҳидоят топганига гувоҳ бўлганди. Ўшанда Арқамнинг уйида суҳбатлашиб ўтирган мусулмонларга: “Уйга Умар ибн Хаттоб қуролланган ҳолда яқинлашиб келяпти”, деган хабар келди. Асҳоб сергакланди, ҳазрати Ҳамзанинг қўли беихтиёр қилич дастасига югурди. Умар ибн Хаттоб уйга киргач, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга яқинлашдилар ва ёқасидан тутиб дедилар: “Эй Хаттоб ўғли, исломга келсанг бўлмайдими?!” Бунга жавобан Умар шаҳодат калимасини айтиб, исломни қабул қилди.
Шу воқеадан кейин мусулмонлар Маккада эмин-эркин юрадиган бўлдилар. Арқам ўғли ва яқинларининг эҳтиёжлари учун вақф қилган, кейинчалик бир неча қўлга ўтган ушбу иморат ўрта асрларда Ҳарамнинг кенгайтирилиши муносабати билан бузилган ва масжидга қўшиб юборилган.
Арқам ибн Абу Арқам ҳижрий 54 ёки 55 йилда 80 ёшида вафот этади. У зот Бадр қатнашчиларининг дунёдан энг охирги кўз юмганидир. Жанозаси ўз васиятига кўра содиқ дўсти Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) томонидан ўқилди. Қабри Бақиъ қабристонида.
Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
Сийрат: Арқам ибн Абу Арқам ҳовлиси (бошқарув маркази)
Сийрат китобларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисини Саъд ибн Абу Ваққос билан мушриклар ўртасида бўлиб ўтган биринчи тўқнашувдан кейин даъват марказига айлантирганлари айтилади. Ибн Исҳоқ ёзади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари намоз ўқимоқчи бўлсалар дараларга чиқиб, одамлардан яширинча намоз ўқир эдилар. Бир куни Саъд ибн Абу Ваққос бир неча саҳоба билан Макка дараларидан бирида намоз ўқиб турганида тўсатдан бир гуруҳ мушриклар келиб қолишди. Улар саҳобаларнинг бу ишини айблаб, уларни ҳақорат қилдилар. Ўртада уруш чиқиб, Саъд ибн Абу Ваққос мушриклардан бирини туянинг жағ суяги билан уриб жароҳатлади. Бу Исломда тўкилган биринчи қон бўлди[1].
Шундай қилиб, Арқамнинг ҳовлиси даъватнинг янги марказига айланди. Унда мусулмонлар тўпланиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан у зотга нозил этилган ваҳийларни таълим олар эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Қуръон тиловат қилиб, Аллоҳни танитар эдилар. Саҳобалар ўз муаммоларини арз қилар, у зотдан йўл-йўриқлар олар эдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари Аллоҳ таолодан қандай тарбия олсалар, саҳобаларини шундай тарбия қилар эдилар. Хуллас, бу жамоа Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўз қувончлари бўлди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тарбия топган бу жамоанинг асосий хусусиятлари
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тарбия топган бу жамоа бир қанча муҳим хусусиятлар эгаси бўлиб етишди. Бу жамоа ушбу хусусиятлари сабабли мўмин давлатни, гўзал маданиятни бунёд эта оладиган мусулмон шахсни етиштиришда катта муваффақиятга эришди. Ана шундай хусусиятларидан:
- Ваҳийга сўзсиз бўйсуниш ва ундан бошқасини асло устун билмаслик:
Ақида, шариат, одоб-ахлоқ ва бошқа барча соҳалардаги тўғри билим ва соғлом тушунча фақатгина ваҳий – Қуръон ва Суннат орқали ҳосил бўлади. Шаръий далилни маҳкам ушлаш Аллоҳ иймон неъматига мушарраф этган кишиларнинг йўлидир. Аллоҳ таоло айтади:
“Биз яратган бандалар ичида ҳаққа йўлланадиган, ҳақ билан ҳукм қилиб, одамларга адолат қиладиган жамоа бор” (Аъроф, 181).
Саҳобалар қуйидаги сабабларга кўра, далил ва ваҳийни ҳаммадан кўп маҳкамроқ ушлаган ва унга тўла бўйсунган зотлар эди:
а) Қалблари пок ва ҳар қандай ҳавои нафсдан йироқ бўлганликлари, Аллоҳ ва пайғамбарининг барча буйруқ ва қайтариқларини сўзсиз қабул қилиб, тўла бўйсунганликлари;
б) Ваҳий нозил бўлган даврда яшаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлганликлари. Шунинг учун оятларнинг нозил этилишидан бўлган мақсадларни тўғри англай олар эдилар. Воқеани бутун тафсилотлари билан билиш ҳамда у ҳақда нозил этилган оятлардан хабардор бўлиш мақсадни тўғри тушунишга ва соғлом англашга элтади.
в) Оят ва ҳадислар кўпинча уларнинг кундалик ҳаётларидаги воқеликка боғланиб келар эди. Воқеа шахсий бўладими ёки жамоавийми, хитоб уларга қаратилар эди ва уларга ўз таъсирини ўтказмасдан қўймас эди. Чунки оят ва ҳадислар уларнинг даврида содир бўлган воқеаларни муолажа этар эди. Кўнгиллар ҳали воқеа-ҳодисаларнинг таъсиридан узоқлашмаган ва буйруқни қабул қилишга тайёр бўлиб турган бир пайтда ечим ўлароқ ҳукмлар келар эди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтганидек, агар улар биров: “Расулуллоҳ айтдилар” деяётганини эшитсалар, бутун вужудлари кўз-қулоққа айланар эди[2].
- Ваҳий ва иймон борасидаги чуқур ички ҳис-туйғу:
Саҳобалар ҳақиқий илм деганда фақат ақлгагина тегишли бўлган, қалб ва бадан аъзоларига алоқаси бўлмаган қуруқ илмий маълумотларни тушунмас эдилар. Аллоҳни таниш, Унинг исмлари, сифатлари ва феълларини билиш уларда Аллоҳга муҳаббатни ва Уни ягона ҳақ илоҳ деб билишни, Адн жаннатларида Унинг жамолига мушарраф бўлишга ошиқишни, шу билан бир қаторда Аллоҳни улуғлаш, Ундан қўрқиш ва Унинг азобидан паноҳ тилашни пайдо қилди. Унинг неъматларидан, жаннати ва розилигидан умидвор бўлиб, Унга нисбатан яхши гумонда бўлишни келтирди. Бу билан билимлари ва иймонлари зиёда бўлди. Илм таҳсил қилишдан асосий мақсад мана шундай ички ҳис-туйғуларга етишиш бўлмоғи керак. Бундай туйғулар бўлмаса, илмдан фойда йўқ. Аксинча, бундай илм ҳозирда ёки кейинчалик зарар келтириши муқаррардир[3].
Дарҳақиқат, саҳобалар кундузлари мужоҳид, кечалари обиду зоҳид эдилар. Илмлари, иймонлари, Аллоҳдан қўрқишлари уларни дунёвий ишларидан ман этмас эди. Савдо-сотиқ, деҳқончилик, уйланиш, бола-чақа боқиш, рўзғор ва бошқа барча дунёвий ишларни ўз ўрнида адо этар эдилар.
[1] Ибн Ҳишом, 1/236.
[2] Салмон Авда, “Сифат ал-ғурабо”.
[3] “Сифат ал-ғурабо”, Салмон Авда.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев