
-- -- -- -- --
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан:
"Аллоҳ ким учун яхшилик истаса, уни баъзи дард ва балоларга йўлиқтиради".
Имом Бухорий
Дунёда дардга йўлиқиш, изтироб чекиш мўмин учун яхшилик ифодаси, гуноҳ ва азобдан қутулишнинг далолатидир.
Аллоҳ севган бандаларининг жазосини қиёматгача қолдирмайди. Дунёда унга баъзи дард ва азоблар бериб, уларни банданинг гуноҳларига каффорат қилади. Уни қиёматга пок, бегуноҳ қилиб етказади.
Аллоҳ яхшилик тиламаган бандаларига дунёда дард-алам чектирмайди, роҳат-фароғатда яшатади. Бундай кимсаларга қилган гуноҳлари жазосини қиёматда бирдан беради.
"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (Ўксинма)" китобидан.
=======/////=======/////=======
ҚЎРҚҚАНДА АЙТИЛАДИГАН ДУОЛАР
Валид ибн Валид розияллоҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Ё Расулуллоҳ, мен қўрқяпман", деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Тўшагингга ётганингда:
"Аъузу бикалиматиллаҳит таммати мин ғозобиҳи ва ъиқобиҳи ва шарри ъибадиҳи ва мин ҳамазатиш шайатийни ва ан йаҳзуруни", яъни: «Аллоҳнинг мукаммал калималари билан Унинг ғазабидан, азобидан, бандаларининг ёмонлигидан, шайтон васваса қилиб, менинг ҳузуримда ҳозир бўлишидан паноҳ тилайман», деб айт, шунда сенга бирор нарса зарар бермайди ва яқинлаша олмайди», дедилар. Имом Ибн Сунний ривояти.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, безовталикдан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен "Субҳанал маликил қуддус, роббил малаикати варруҳ, жаллалтас самавати вал арзо бил ъиззати вал жабарут", яъни: «Фаришталар ва Жаброил алайҳиссаломнинг Рабби ва қуддус, малик сифатли Аллоҳни поклаб ёд этурман. Еру осмонларни иззатинг ва жабарут сифатинг ила улуғ қилдинг», деб айтишни кўпайтир», дедилар. Имом Ибн Сунний ривояти.
"Дуо ва зикрлар" китобидан.
=======/////=======/////=======
«КИМ БИР ҚАВМНИНГ ТИЛИНИ ЎРГАНСА, УЛАРНИНГ ШАРРИДАН ЭМИН БЎЛАДИ»
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга яҳудийларнинг ёзувини ўрганишни амр қилдилар ва Аллоҳга қасамки, мен яҳудийларнинг ёзишидан эмин эмасман», дедилар.
Ярим ой ўтгандан сўнг мен ўша нарсани у зот учун таълим олдим. Мен ўрганиб бўлганимдан сўнг қачон яҳудийларга мактуб ёзадиган бўлсалар, мен ёзадиган бўлдим. Қачон улар у зотга ёзсалар, мен у зотга уларнинг ёзганини ўқиб берадиган бўлдим».
(Термизий ривоят қилган.)
Шарҳ:
Ушбу ҳадиси шариф бошқа халқларнинг тиллари ва ёзувларини ўрганиш лозимлигига катта ва асосли далилдир. Модомики, бошқа халқлар билан бир оламда яшалар экан, улар билан алоқа қилиш эҳтиёжи бўлади. Бунинг учун эса, уларнинг тилини яхши биладиган одамлар керак бўлади. Агар ҳар бир жамиятнинг бу соҳада ўз одамлари бўлмаса, бошқаларга муҳтож бўлинади. Бошқалар эса бировга мухлис бўлиши қийин. Улар қасддан нотўғри таржималар қилиб, зарар етказиши турган гап. Шунинг учун ҳар бир жамият бу соҳада ўз одамларини тарбиялаб олмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор берганлар.
«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев