
Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам «Сизлардан аввал ўтган умматларда бир подшоҳ бор эди. Унинг бир сеҳргари бўлиб, ёши улғайганида подшоҳга қуйидагича мурожаат қилди: «Мен қариб қолдим. Менга бирор ёш одам юборгин. Унга сеҳргарликни ўргатаман».
Подшоҳ унга бир болани сеҳр ўргатиш учун юборди. У боланинг йўлида бир роҳиб (ибодат қилувчи) бор эди. Кунларнинг бирида бола унинг ҳузурида ўтириб, сўзларини эшитиб, ҳайратда қолди. Бола агар сеҳргар олдига борса, роҳибга ҳам учраб, унинг ҳузурида бироз ўтирар эди. Бир куни сеҳргар ҳузурига борганида, у (кеч қолгани учун) болани урди. Бола эса бу ҳолдан роҳибга шикоят қилди. Роҳиб: «Агар сеҳргардан қўрқсанг, аҳлим мени ушлаб қолгани учун (кечикдим), дегин. Агар аҳлингдан қўрқсанг, сеҳргар мени ушлаб қолгани учун кечикдим, дегин», деди. Кунлар шу алфозда давом этди. Бир куни бола катта бир жониворни учратди. У жонивор кишиларнинг йўлини тўсиб олган эди.
Шунда у: «Бу кун сеҳргар афзалми ёки роҳиб афзалми, биламан!?» деб бир тошни олди-да, «Аллоҳим, агар роҳиб иши Сенга сеҳргарнинг ишидан маҳбуброқ бўлса, бу жониворни ҳалок қилгин, кишилар ўтиб олишсин», деди. Бола тошни отиб уни ўлдирди ва кишилар ўтиб кетишди. Бола роҳибга келиб, бу ҳақда хабар берди. Роҳиб болага: «Эй болам, сен бугун мендан ҳам афзалсан. Сен бир мақомга етдинг. Сен тез кунларда (ҳар хил синовлар билан) синаласан. Агар шундай ҳолат бўлса, мени ҳеч кимга кўрсатмагин», деди. У бола туғма кўр, песларни тузатиб ва кишилардаги бошқа касалликларни даволар эди.
Подшоҳнинг шерикларидан бирининг кўзи ожиз бўлиб қолиб, бу бола ҳақида хабар топди. Боланинг ҳузурига кўп ҳадялар билан келиб: «Агар менга шифо берсанг, буларнинг ҳаммасини сенга бераман», деди. Буни эшитган бола: «Мен бирор кишига шифо бера олмайман. Шифони Аллоҳнинг Ўзи беради. Агар Аллоҳга иймон келтирсанг, Унга дуо қиламан, сенга шифо беради», деди. У киши Аллоҳга иймон келтирди. Ва Аллоҳ у кишига ҳам шифо берди.
Бир куни у киши одатдагидек подшоҳ ҳузурида ўтирганида, подшоҳ унга: «Кўзингни ким даволади?» деди. Шериги: «Раббим даволади», деди. Шунда подшоҳ: «Мендан бошқа ҳам Раббинг борми?» деганида, у: «Раббим – сенинг Раббинг Аллоҳдир», деди. Подшоҳ уни азоблашда бардавом бўлди. Охири у киши болани кўрсатиб беришга мажбур бўлди.
Подшоҳ болани тутиб келтирди. Ва унга: «Эй бола, сен сеҳргарликда шу даражага етибсанки, туғма кўр ва песларни тузатиб, ундай ва бундай ишларни қилаётган эмишсан?» деди. Бола: «Мен ҳеч кимни тузатаётганим йўқ. Албатта Аллоҳ шифо беряпти», деди. Подшоҳ уни азоблади ва бунда бардавом бўлди, у роҳибни кўрсатиб қўйди. Роҳиб ҳам (подшоҳ ҳузурига келтирилиб, унга) динингдан қайт, дейилди. Роҳиб бош тортди.
Арра олиб келиниб унинг боши ўртасига қўйиб арраланди, бош иккига бўлиниб кетди. Кейин подшоҳ шериги келтирилиб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Арра бошининг ўртасига қўйилиб тортилганида, бўлиниб икки тарафга тушди. Сўнгра болани келтириб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Подшоҳ болани бир неча аъёнларига бериб: «Буни фалон, фалон тоққа олиб боринглар. Ва тепасига чиқинглар.
Агар чўққига етсангиз (бир насиҳат қилиб кўринглар), динидан қайтса, қолдиринглар. Агар қайтмайдиган бўлса, уни ўша ердан улоқтириб юборинглар», деди. Аъёнлар (подшоҳ айтган) тоққа бориб, юқорига чиқдилар.
Бола эса: «Аллоҳим, уларга Ўзинг хоҳлаган нарса билан кифоя қилгин», деб илтижо қилганида, тоғ бир силкинди. Улар ундан қулаб тушишди. Бола (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: «Ҳамроҳларингга нима бўлди?» деди.
Бола: «Аллоҳнинг Ўзи уларга кифоя қилди», деб айтди. Подшоҳ яна бир нечта аъёнларига болани топшириб: «Уни бир катта кемага ортинглар-да, денгиз ўртасига олиб боринглар.
(Бир насиҳат қилиб кўринглар) агар динидан қайтса, қолдиринглар. Бўлмаса, уни (денгизга) ташлаб юборинглар», деди. Улар болани олиб боришганида яна у: «Аллоҳим, хоҳлаган нарсанг билан уларга Ўзинг кифоя қилгин», деди. Кема бирдан тўнтарилди-да, улар чўкиб кетишди. Бола яна (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: «Ҳамроҳларингга нима қилди?» деди. Бола: «Аллоҳ уларга Ўзи кифоя қилди, албатта сен мен буюрган нарсани қилмагунингча ўлдира олмайсан», деди.
Подшоҳ: «У нима?» деди. Бола: «Одамларни бир тепаликка жамлаб, мени бир хурмо шохига осиб, ўқдонимдан бир ўқни олиб, уни камоннинг ўртасига қўйиб, «Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан», деб менга отасан. Агар мана шу айтганимни қилсанг, мени ўлдира оласан», деди. Подшоҳ одамларни бир тепаликка тўплади. Болани бир хурмо шохига осиб, сўнгра унинг ўқдонидан бир ўқни олиб, камоннинг ўртасига қўйди, кейин «Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан», деб отганда, ўқ боланинг чаккасига тегди. У чаккасига қўлини қўйиб вафот этди. Шунда одамлар: «Боланинг Раббисига имон келтирдик», деб айтишди.
Подшоҳ ҳузурига кишилар келиб: «Сен ўзинг хавфсираётган нарсага қарамайсанми? Аллоҳга қасамки, сен хавфсираётган нарса – одамларнинг имонга келиши бўляпти», дейишди. Подшоҳ кўчаларнинг оғзига чуқур кавлатишни буюрди. Чуқурлар кавлаб, унга ўт ёқилди. Ва у: «Кимки динидан қайтмаса, унга ташлансин», деди. Бу буйруқни бажардилар. Бир пайт қўлида ёш гўдаги бор бир хотин келди. У хотин ўтга тушишдан ўзини тортаётган эди. Ҳалиги гўдак: «Эй онажоним, сабр қилинг. Сиз ҳақ йўлдасиз», деди...», дедилар.
(Имом Муслим ривоятлари).


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев