
_________
Маккада нозил бўлган. 20 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятдаги сўзидан олинган. «Балад» сўзи, «юрт, ўлка, шаҳар» маьносини англатади. Ушбу оятдаги «Балад»дан мурод эса Маккаи Мукаррама шаҳридир.
Бундан аввалги сурада бойликни яхши кўрганлар, меросни ҳаромдан кўплаб еганлар, мискинларга таом беришга қизиқмаганлар танқид қилинди. Энди бу сурада бойлик эгаларининг қул озод қилиш, очлик кунларида таом бериш каби хислатлари зикр қилинади. Шунингдек, нафс хотиржамлиги нима билан ҳосил бўлиши ҳам айтилади.
Бу сурада жуда қисқа сўзлар ила охират ҳаётининг борлиги, Аллоҳ инсонга икки йўл–саодат йўли ва бахтсизлик йўлини кўрсатиб қўйганлиги, инсон хоҳлаганини танлаб юришлиги, оқибатда эса қилганига яраша мукофот ёки жазо олиши айтилади.
Бой кишиларда иймон бўлмаса ҳовлиқиб кетишлари, дунёда менга кучи етадиган ҳеч ким йўқ, мен у қилдим, мен бу қилдим, деб мақтанишлари эслатилади. Аслида эса, бой одам бева-бечора, камбағал-мискин, етим-есирларга ёрдам бериши лозимлиги уқтирилади.
Шундай қилиб, Аллоҳ мусулмонларни инсонпарварлик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бошқа юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаб боради.
Бошқа Маккий суралар қатори «Балад» сурасининг мақсади ҳам иймон-эьтиқодни собит қилиш бўлиб, унда асосан охиратдаги ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот масаласи ва шунингдек, яхшилар билан ёмонларнинг орасини ажратиш масаласи муолажа қилинади.
Сураи кариманинг бошида Баладул Ҳаром–Маккаи Мукаррама билан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаб турган шаҳар билан қасам ичилиб, Волид ва унинг авлодлари ила қасам ичилиб, инсон бу дунёда машаққат тортиши муқаррар экани таькидланади.
Сўнгра баьзи бир кишилар ўзлари кофир ва осий бўлиб туриб, молу мулкларини нотўғри йўлда сарфлаб туриб ҳам, ана ўша сарф-харажатлари ўзидан азобни қайтаришини нотўғри даьво қилишлари ва аслида улар нима қилишлари кераклиги баён қилинади.
Сура хотимасида эса, охиратда мўминларнинг ҳоли қандоқ бўлади-ю, кофирларнинг ҳоли қандоқ бўлади, қисқача васф қилинади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
لَا أُقْسِمُ بِهَذَا الْبَلَدِ ﴿١﴾
90/АЛь-БАЛАД-1: Лaa уқсиму би хaзал балад(балади).
وَأَنتَ حِلٌّ بِهَذَا الْبَلَدِ ﴿٢﴾
90/АЛь-БАЛАД-2: Ва анта хиллун би хaзал балад(балади).
وَوَالِدٍ وَمَا وَلَدَ ﴿٣﴾
90/АЛь-БАЛАД-3: Ва вaaлидиув ва мaa валад (валада).
لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ فِي كَبَدٍ ﴿٤﴾
90/АЛь-БАЛАД-4: Лақод холaқнал инсaaна фии кабад (кабадин).
أَيَحْسَبُ أَن لَّن يَقْدِرَ عَلَيْهِ أَحَدٌ ﴿٥﴾
90/АЛь-БАЛАД-5: А йaхсабу аллай йaқдиро aлайхи ахaд (ахaдун).
يَقُولُ أَهْلَكْتُ مَالًا لُّبَدًا ﴿٦﴾
90/АЛь-БАЛАД-6: Йақуулу ахлакту мaaлал лубадaa (лубадан).
أَيَحْسَبُ أَن لَّمْ يَرَهُ أَحَدٌ ﴿٧﴾
90/АЛь-БАЛАД-7: А йaхсабу ал лам йарохуу ахaд (ахaдун).
أَلَمْ نَجْعَل لَّهُ عَيْنَيْنِ ﴿٨﴾
90/АЛь-БАЛАД-8: Алам нажъaл лаху aъйнайн (aйнайни).
وَلِسَانًا وَشَفَتَيْنِ ﴿٩﴾
90/АЛь-БАЛАД-9: Ва лисaaнав ва шафатайн (шафатайни).
وَهَدَيْنَاهُ النَّجْدَيْنِ ﴿١٠﴾
90/АЛь-БАЛАД-10: Ва хадайнaaхун наждайн (наждайни).
فَلَا اقْتَحَمَ الْعَقَبَةَ ﴿١١﴾
90/АЛь-БАЛАД-11: Фа лaқтахaмал aқобах.
وَمَا أَدْرَاكَ مَا الْعَقَبَةُ ﴿١٢﴾
90/АЛь-БАЛАД-12: Ва мaa адрокамал aқобах.
فَكُّ رَقَبَةٍ ﴿١٣﴾
90/АЛь-БАЛАД-13: Факку роқобах.
أَوْ إِطْعَامٌ فِي يَوْمٍ ذِي مَسْغَبَةٍ ﴿١٤﴾
90/АЛь-БАЛАД-14: Ав итъaaмун фии йавмин зии масғобах.
يَتِيمًا ذَا مَقْرَبَةٍ ﴿١٥﴾
90/АЛь-БАЛАД-15: Йатииман зaa мaқробах.
أَوْ مِسْكِينًا ذَا مَتْرَبَةٍ ﴿١٦﴾
90/АЛь-БАЛАД-16: Ав мискиинан зaa матробах.
ثُمَّ كَانَ مِنَ الَّذِينَ آمَنُوا وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ وَتَوَاصَوْا بِالْمَرْحَمَةِ ﴿١٧﴾
90/АЛь-БАЛАД-17: Сумма кaaна миналлазина aмануу ва тавaсов бис собри ва тавaaсов бил мархaмах.
أُوْلَئِكَ أَصْحَابُ الْمَيْمَنَةِ ﴿١٨﴾
90/АЛь-БАЛАД-18: Улaaика aсхaaбул майманах.
وَالَّذِينَ كَفَرُوا بِآيَاتِنَا هُمْ أَصْحَابُ الْمَشْأَمَةِ ﴿١٩﴾
90/АЛь-БАЛАД-19: Валлазина кафару би aaйaaтинaa хум aсхaaбул маш,амах.
عَلَيْهِمْ نَارٌ مُّؤْصَدَةٌ ﴿٢٠﴾
90/АЛь-БАЛАД-20: Aлайхим нaaрум му’содах.
1. Мана шу шаҳар билан қасам.
Ушбу оятдаги «шаҳар»дан мурод Маккаи Мукаррама шаҳридир. Аллоҳ таоло ул шаҳарнинг шарафини ошириш учун у билан Ўз Китобида қасам ичмоқда. Аллоҳ таоло бу шаҳарни дунёдаги энг шарафли шаҳар қилиб, унда Ўз уйи–«Байтуллоҳ»нинг қарор топишини ирода қилган.
Аллоҳ таоло бу шаҳарга мусулмонлар қибласини жойлаштириб қўйган.Аллоҳ таоло бу шаҳарни Ўз ваҳийси тушадиган жой қилиб танлаб олган.Аллоҳ таоло бу шаҳарга барча мўмин-мусулмонлар муҳаббат қиладиган, қалблари у томон интилиб турадиган қилиб қўйган. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг самари ушбу шаҳарга йиғилиб келадиган қилиб қўйган. Аллоҳ таоло бу шаҳарни омонлик юрти қилиб қўйган. Аллоҳ таоло бу шаҳарни Ўз ҳарами қилиб, унда бирор кимсага зарар етказишни, ҳатто ов ҳайвонларига, ўт-ўланлари, дов-дарахтларига ҳам зарар етказишни ҳаром айлаб, Ўз ҳукмини чиқариб қўйган.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадиси шарифда:
«Албатта, Аллоҳ Маккани осмонлару ерни яратган кунда ҳаром қилди. У то қиёмат соати қоим бўлгунча ҳаромдир. Мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган. Мендан кейин ҳам ҳеч кимга ҳалол бўлмайди. Фақат мени учун наҳордан бир соат ҳалол қилинган, холос», деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзи шунчалар шарафли қилиб қўйган шаҳар билан қасам ичиб, унинг шарафини яна ҳам кўтармоқда. Кейинги келадиган оят эса, Маккаи Мукаррамага яна бир шараф қўшилганининг хабарини беради.
2. Сен муқим турган бу шаҳарла.
Ушбу оятдаги хитоб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилгандир.Аллоҳ таоло Маккаи Мукаррама билан қасам ичиб туриб, кейин у ерда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яшаб турганликларини қайд қилиш ила у ернинг шарафини яна ҳам кўтармоқда, дейдилар муфассирларимиз.
3. Ва волид ва ундан тарқаган валадлар билан қасам.
Ушбу оятдаги «Волид»дан мурод Одам Ато, ундан тарқалган валадлардан мурод эса Бани Одамнинг аҳли солиҳларидир.Аллоҳ таоло башариятнинг отаси Одам алайҳиссалом билан ва унинг иймонли, тақволи фарзандлари билан қасам ичмоқда. Бу билан келгуси гапни таькидлаш мақсад бўлса ҳам, Одам алайҳиссалом ва у кишининг солиҳ фарзандларини шарафлаш мақсади ҳам йўқ эмас. Кофир ва осий фарзандлар бу шаҳарга лойиқ эмаслар.
Келгуси оятда нима учун қасам ичилгани зикр қилинади.
4. Батаҳқиқ, Биз инсонни машаққатда яратдик.
Дарҳақиқат, бошқа махлуқотларга нисбатан инсоннинг бу дунёдаги ишлари машаққат ила кўчади. Саҳобалардан ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос бу маьнонинг шарҳида: «Унинг ҳомилада бўлиши ҳам, туғилиши ҳам, эмиши ҳам, кўкракдан ажратилиши ҳам, яшаши ҳам, ҳаёти ҳам, ўлими ҳам ўзига яраша машаққатли бўлади», деган эканлар.
Баьзи муфассирларимиз бу ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга уларнинг дини-диёнат йўлида кўраётган азоб-уқубатлари ва машаққатларига тасалли бериш бор, дерлар. Яьни, уларга, ўзингизга етган машаққатлардан маҳзун бўлиб, тушкунликка тушманглар, инсон ўзи ким бўлса ҳам, бу дунёда машаққат тортиши бор, деган маьнодаги тасалли бериш бордир.
Келаси оятда Аллоҳ таоло кофир, Аллоҳнинг қудратини тан олмайдиган инсоннинг табиати ҳақида хабар еради.
5. У инсон унга ҳеч кимнинг кучи етмас, деб ҳисобларми?
Яьни, ўша кофир, мол-мулки ва куч-қуввати ғурурга кетказган шахс менга ҳеч кимнинг қуввати етмайди деб, ўйлайдими? Одатда молу дунё, куч-қувват ғурурга кетказган кофирлар шу хаёлга бориб қоладилар. Буни молу мулкнинг ўзларига келишини қандоқ тушунишларини баён қилувчи олдинги оятлардан ҳам тушуниб олган эдик. Ушбу ояти карима нозил бўлган пайтда ҳам ўзида худди шу маьнони мужассам қилувчи шахслар бор эди.
Тафсирчиларимиз бунга Абул Ашудд ибн Калда исмли кофирни мисол қилиб келтирадилар. У кучли одам бўлиб, ўз қуввати ила мағрурланиб юрар эди. Абул Ашудд ерга ҳайвон терисини тўшаб, устига чиқиб туриб, ким мени бу ердан қимирлатса, унга бунча мукофот, дер эди. Ўн киши тортиб, тери парча-парча бўлиб кетса ҳам, унинг оёқлари қимир этмай тураверар эди. Кейин ҳалиги кофир менга бировни кучи етмайди, деб гердайиб юрар эди.
Шу билан бирга кофир ўзининг беҳудага, иймон ва Исломга қарши сарфлаган молини ҳам ўзига фойда беради, деб ҳисоблаб юради. Шунинг учун,
6. У, кўплаб мол-дунё нафақа қилдим, дейдир.
Мол-дунё билан ғурурга кетганларга яхшилик йўлида эҳсон қил, деб айтилса, юқоридаги гапни айтишади. Ваҳоланки, яхшилик йўлида ҳеч нарса сарфламаган бўлади. Одатда, улар бойликларини хойи-ҳавас, фисқу фасод йўлига сарфлашади. Лекин Аллоҳ таоло бу ғрурга кетган инсоннинг барча ҳатти-ҳаракатидан хабардордир.
7. У, уни биров кўрмади, деб ўйлайдирми?
Ўша мағрур бўлган инсон яхши билиб қўйсинки, уни ҳеч ким кўрмаса ҳам, Аллоҳ кўради, ҳар бир гап-сўзи ва ишларини ҳисоб-китоб қилиб туради. Жумладан куч-қувватини ва молу-дунёсини қаерга сарф қилаётганини ҳам билиб, ҳисоб-китоб қилиб туради.
Хоҳ бойлик, мол-дунёси бўлсин, хоҳ соғлик, турли аьзолари бўлсин, инсон Аллоҳнинг берган барча неьматларини ҳеч эсдан чиқармасин. Аллоҳ шу нарсаларни қуйидаги оятда эслатади.
8. Биз унга икки кўзни.
9. Ва тилни ва икки лабни бермадикми?
10. Ва Биз уни икки йўлга йўллаб қўймадикми?
Ушбу уч оят тафсирида уламоларимиз қуйидаги ҳадиси қудсийни келтирадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дебдурлар: «Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам боласи! Мен сенга саноғига етмайдиган ва шукрига тоқатинг келмайдиган улкан неьматларни бердим. Сенга берган неьматларимдан бири–кўриш учун икки кўзни берганим, шу билан бирга икковини ёпадиган қовоқ ҳам бердим.
Икки кўзинг билан мен ҳалол қилган нарсаларни кўр. Агар мен ҳаром қилган нарсаларга кўзинг тушиб қолса, пардасини, қовоқларингни ёп. Мен сенга тил бердим ва унга ғилоф ҳам қилиб қўйдим. Мен амр қилган ва ҳалол қилган нарсаларни гапир. Агар мен ҳаром қилган нарсалар ориз бўлса, тилингни тий. Мен сенга жинсий аьзо бердим ва уни сақлаш йўлини ҳам бердим. Бу аьзони ҳалолга ишлат. Агар ҳаром нарса ориз бўлса сақлан. Эй Одам боласи! Менинг азобимга чидамайсан ва менинг ўч олишимга тоқат қила олмайсан».
Бу оятларда Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган баьзи неьматларини зикр қилади. Жумладан, икки кўз.
Бу энг улкан неьматлардан бўлиб, жуда ҳам дақиқ нарсалардир, улар билан кўриб инсон ҳаётини ўтказади, гўзалликларни кўриб лаззатланади, бундай улкан неьматни фақат Аллоҳ беради, холос. Бошқа ҳеч ким қодир эмас. Кўзнинг тузилишини, унинг кўриш жараёнини яхши тушунган шахс Аллоҳга сиғинмай иложи йўқ. Демак, бу кўзни берган Аллоҳнинг йўлида юриш, бу кўзлар билан ҳалолни кўриш, ҳаромдан қочиш керак бўлади. Шундагина инсон кўз неьматининг шукрини келтирган бўлади.
Шунингдек, икки лаб ва тил ҳам бошқа аьзолар каби Аллоҳнинг улкан неьмати. Тилнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳаммага маьлум. Ким инсонга бу неьматни бериши мумкин? Ҳеч ким! Агар тилга боғлиқ бирор томир лат еб қолса, бутун дунё бирлашиб ҳаракат қилса ҳам, фойда бера олмай қолади. Икки лабнинг хизматини, уларни Аллоҳ таоло барча қулайликларга мослаб қўйганини, агар улар бўлмаса ёки бироз бошқача бўлиб қолса, қанчалик ноқулайликлар келиб чиқишини тасаввур қилиб кўрган одам бу неьматлар учунАллоҳ таолога шукур айтишдан ўзга иложи қолмайди. Демак, бу неьматларнинг ҳам қадрига етиб, уларни берган эгасига тоат-ибодат қилиб, бўйсуниб, айтганидан чиқмай юриш лозим.
Аллоҳнинг энг улуғ неьмати–инсонга яхши-ёмонни, оқу қорани, савоб-гуноҳни ажратиш хусусиятини бериб қўйгани ҳамда яхшилик йўлини ва у қаёққа олиб боришини, ёмонлик йўлини ва у қаёққа олиб боришини кўрсатиб қўйганидир. Демак, инсон ёмонлик йўлини тарк этиб, доимо яхшилик йўлида юриб, ҳавои нафсга эрк бермай, тўғри йўлдан қийинчиликларни енгиб бормоғи лозим. Аммо инсон ҳар хил бўлади. Баьзилари яхшилик йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтишда дангасалик қилади, балки яхшиликни қийинчилик, деб ўйлайди. Шундай инсонлар ҳақида келгуси оятларда сўз кетади.
11. Бас, у довон ошиб ўтмади.
Ушбу ояти каримада инсоннинг ҳавои нафсига оғир келадиган ишни қилиши истиора йўли билан довон ошишга ўхшатилмоқда. Сўнгра ўша «довон»нинг аҳамиятли, унча-бунча одам идрок қилиб ета олмайдиган нарса эканини изҳор қилиш учун қуйидаги улуғлаш саволи ҳам берилмоқда.
12. Довон қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?
Сўнг Қурьон ўзи «ақоба»–давон ошиш нима эканлигини қуйидаги оятларда тушунтиради.
13. У қул озод қилишдир.
Маьлумки, Қурьони Каримнинг мана шу оятлари нозил бўлаётган вақтда қулдорлик тузуми бутун дунёда авж олган эди. Тарихда биринчи бўлиб Ислом қуллик ва қулдорликка қарши чиқди ва қулларни озод қилишни ибодат даражасига кўтарди.
14. Ёки очарчилик кунида таом беришдир.
15. Қариндош етимга.
16. Ёки тупроққа қорилиб ётган мискинга.
Довон ошиш-ҳавойи нафснинг тўсиқларини енгиб, Аллоҳга ёқадиган иш қилиш очарчилик пайтларида намоён бўлади.
Тўқчилик-серобчилик вақтида одам риёкорлик, манманлик ва кимўзарга уринаверади. Аммо, очарчилик бўлиб, ҳар ким ўз қорнини, эртанги кунини ўйлаб, бу шиддатли замон қачон тугашини билмай ҳайрон бўлиб қолган пайтда муҳтожларга таом бериш эса, ҳақиқий довон ошиш ҳисобланади, ана ўша ишни амалга оширганлар Аллоҳнинг розилигини топадилар. Ушбу оятларда мазкур қийинчилик кунларида таом беришга энг муҳтож тоифалардан иккитаси: қариндош етимлар ва тупроққа қорилиб қолган мискинлар алоҳида зикр қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен билан етимнинг кафили жаннатда мана бундоқ биргамиз»,–деб кўрсатгич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатган эканлар. Кўриниб турибдики, муҳтож кишиларга ёрдам бериш улкан савобли иш. Фурсати борлар бунга амал қилишлари керак.
Ҳақиқий эҳсон оч-яланғоч, муҳтож кишиларга ёрдам бериш билан бўлади. Аммо бундай яхшиликлар ҳаммаси доимо иймон билан ҳамроҳ бўлмоғи даркор. Шунинг учун кейинги оятда бунга ишора қилинган.
17. Сўнгра иймон келтирганлар ва бир-бирини сабрга, меҳр-шафқатга чақирганлар бўлса...
18. Ана ўшалар ўнг томон эгаларидир.
Демак, ўнг томон эгаси бўлиш учун аввал зикр қилинган қийин ишларни бажариш билан бирга, энг муҳими, иймонли бўлиш керак экан. Фақат ўзи сабр қилиб юравермасдан ўзгаларни ҳам сабрга, раҳм-шафқатлиликка, меҳрибонликка чақирмоғи лозим экан.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида: «Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди»,–деганлар.
19. Оятларимизга куфр келтирганлар чап томон эгаларидир.
20. Уларни чиқиб бўлмайдиган ўт-олов ўраб олгандир.
Аллоҳ таолога, Унинг Пайғамбарига ва китобига куфр келтирганлар қиёмат куни чап томон эгалари бўладилар, номаи амалларини чап томонларидан оладилар ва чап томонга жойлашган жаҳаннамга равона бўладилар. Улар жаҳаннамга киришлари билан ундан чиқиб бўлмайдиган олов-ўт билан ўраладилар, унда абадий равишда куйиб, азоб тортаверадилар.
Бу жойда фақат Қурьони Каримга мос бўлган тарғиб ва таҳдидни бир-бирига қўшиб ишлатиш услуби яққол намоён бўлмоқда. Мўмин-мусулмонларнинг охиратдаги ҳоллари зикр қилиб бўлиниши билан кофир ва осийларнинг ҳоли ҳам зикр қилинмоқда. Жаннат васфи ортидан дўзах васфи келтирилмоқда.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев