
____________
Маккада нозил бўлган.
26 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидаги сўздан олинган. «Ғошия»-«ўраб, босиб, олувчи» маьносидадир. Қиёмат куни шу ном билан ҳам номланади. Чунки, У кун ўз даҳшати ила ҳамма нарсани ўраб, босиб олади.
«Ғошия» сураси Маккий суралардан бўлиб, унинг муолажа қилган мавзуси асосан иккига бўлинади. Суранинг биринчи бўлаги қиёмат куни, унинг аҳволлари ва даҳшатларини, У Кунда кофирга бўладиган азоб-уқубатларни ва мўминга бўладиган иззат икромларни баён қилади.
«Ғошия» сурасининг иккинчи ярми эса,Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти ва чексиз қудратига турли далиллар келтириб, туяга, осмонга, тоғларга ва ерга ибрат кўзи билан назар солишга чақиради.
Бу сура Исломнинг аввалида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оммавий даьватни бошлаб, Макка мушриклари буни инкор қилган пайтларда нозил бўлган.
Аввал бошда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни ягона Аллоҳга ва у дунёда ҳам ҳаёт борлигига ишонтиришга уриндилар. Қиёмат куни халойиқ иккига бўлинади, бир гуруҳ аҳли жаннат, иккинчиси эса аҳли дўзах. Агар кишилар бунга ишонмасалар, ўзларига кунда учраб турадиган баьзи нарсаларга назар солсинлар. Мисол учун туяга, унинг махсус тузилишига, чидамлигига. Осмонга, ерга, тоғларга назар солсин. Буларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан бўлиб қолганига ишонмайди-ю, осмону ер, тоғу денгизларнинг яратувчиси ҳақида фикр юритмайди?
Ҳа, бу нарсаларнинг ва бутун дунёнинг яратувчиси бор, у ҳам бўлса қудратлиАллоҳ таоло. Мана шу нарсаларни яратган Аллоҳ, қиёмат куни уларни қайтадан йиғиб олишга қодирдир.
«Эй Пайғамбар, дейди Аллоҳ, душманлар ишонмаса, сен, уларни мажбур қилмайсан, сенинг вазифанг етказиб қўйиш, холос. Ҳисоб-китобни Мен Ўзим вақти келганда қилиб оламан».
Бисмиллахир-Рохманир-Рохийм
1. Хал Атака Хадисул-ғошийа.
2. Вужухумй йавмаизин Хошиъа.
3. Аъмилатун Насиба.
4. Таслан Нарон Хамийа.
5. Тусқо Мин Аъйнин Анийа.
6. Лайса Лахум Тоъамун Илла Мин Дориъ.
7. Ла Йусмину ва Ла Йуғни Мин жууъ.
8. Вужухуй Йавмаизин Наъима.
9. Лисаъйиха Разыйа.
10. Фи жаннатин Аълийа.
11. Ла Тасмаъу Фиха Лағийа.
12. Фиха Аъйнун жарийа.
13. Фиха Сурурум Марфуъа.
14. Ва Аквабум Мавдуъа.
15. Ва Намаариқу Масфуфах.
16. Ва Заробиййу Мабсуса.
17. Афала Йанзуруна Илал-Ибили Кайфа Хулиқот.
18. Ва Илас-Самаи Кайфа Руфиъат.
19. Ва Илал-жибали Кайфа Нусибат.
20. Ва Илал-Арзы Кайфа Сутихат.
21. Фазаккир Иннама Анта Музаккир.
22. Ласта Аълайхим Бимусойтир.
23. Илла Ман Тавалла ва Кафар.
24. Файуъаззибухуллохул-Аъзабал-Акбар.
25. Инна Илайна Ийабахум.
26. Сумма Инна `Аълайна Хисабахум.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Батаҳқиқ сенга ғошия хабари келди.
Бу оятда қиёматнинг номи «Ғошия» деб номланмоқда. Араб тили хусусиятлари ушбу ояти каримага иккинчи маьно, сенга Ғошия хабари келдими?, маьносини беришни ҳам кўтаради. Икки хил маьнода ҳам «Ғошия»нинг улуғлигига ишора ва унга эьтиборни тортиш маьнолари бор. Эндиги келадиган оятларда «Ғошия» куни одамларнинг ҳоли нечук бўлиши баён қилинади.
2. Ўшал кунда бир чеҳралар қўрқинч билан тўладир.
Бу чеҳралар бу дунёда куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва исён билан ўтган кимсаларнинг чеҳраларидир. Уларга дўзахга тушишлари аён бўлганидан кейин қўрқинчга тўлдилар.
3. Улар иш бажарувчидир ва ниҳоятда чарчагандир.
Ҳа, улар охиратда оғир ишларни бажарадилар. Улар дўзахда ўзлари боғланган кишан ва занжирларни кўтариб юриб, дўзахнинг паст-баландларига тушиб- чиқиб, оловларга кириб юриб иш бажарадилар ва ниҳоятда чарчайдилар.
4. Ўта қизиб турган оловга кирадир.
Дўзахнинг ўти дўзахийларнинг кириши учун ўта қиздириб қўйилган бўлади. Ҳазрати Ибн Аббос розияллоҳу анҳу васф қилишларича: «У роса қиздирилиб, Аллоҳнинг душманларига ғазаби қайнаб турган» бўлади. Бу дунёда кофирлик, фосиқлик, осийлик, айшу ишрат ва ҳаром-хариш билан ўтганлар охиратда ана шундоқ жойга кирадилар. Аммо уларнинг азоб-уқубатлари бу билан тугал бўлиб қолмайди. Уларни ҳамма томондан азоб-уқубат ўраб олган бўлади. Ҳаттоки, жаҳаннам оловида қизиб чанқасалар:
5. Улар қайнаб турган булоқдан суғориладир.
У булоқнинг суви қайнашнинг охирги нуқтасига етган бўлади. Қандоқ ҳам қаттиқ азоб-а?! Ўзи қаттиқ қиздирилган дўзахда ёниб жизғанак бўлиб турса-ю, ўта қаттиқ чанқаб, бирор хўплам совуқ сувга зор бўлиб турганда, суви ўта қийноқ бўлган булоқнинг суви ила суғорилса, бу устидан ёниб турган одамни ичидан ҳам куйдиришдир.
Энди, сув ичган одам таом ҳам ейиши керак бўлади. Аҳли жаҳаннамга қандоқ таом бор экан?
6. Уларга тикандан бошқа таом йўқдир.
Ўша жаҳаннамийларга бериладиган таом тикон, махсус тикондир. Номи «шибриқ» деган тикон навидир. У энг ёмон, энг ифлос ва энг ёқимсиз таомдир. Демак, жаҳаннамий оловда куйиб жизғанак бўлиб, ўта қайноқ булоқнинг сувидан ичиб, ички аьзолари ҳилвираб турганда, тиконни таом ўрнида ер экан. У тикон теккан ерини шилиб, титиб ўтиши муқаррар. Шу билан бирга...
7. У на семиртирмас ва на очликни кетказмасдир.
Демак, у фақат жаҳаннамдаги нобакорни азоблаш учун берилади. Улар ўта оч қолганларидан ўша тиконни таом ўрнида ейишга мажбур бўладилар.
Шундоқ қилиб, ўта чанқаганларидан қайнашнинг юқори нуқтасига етган сувни ичиб, ўта оч қолганларидан тиконни еб, абадий «маза» қилиб юраверадилар.
Келаси ояти каримадан жаннат аҳлининг васфига ўтилади. Азоб-уқубат билан билан ёнма-ён роҳат-фароғат зикр қилинса, қадри яна ҳам ортади. Бу усул ҳам Қурьони Карим хусусиятларидан.
8. Ўшал кунда бир чеҳралар неьмат хурсандлиги билан тўладир.
Бу чеҳралар бу дунёда иймон-ихлос билан ва ибодат-тақво билан ўтган бандаларнинг чеҳраларидир. Аллоҳ таоло уларга бу дунёда қилган ибодатлари ва амали солиҳлари мукофотига, жаннати наьимни берди. Энди ўша жаннат неьматлари шодлиги уларнинг чеҳраларидан балқиб турибди.
9. Улар ўз ишларидан розидир.
Энди, охиратда улар ўзларининг ҳаёти дунёда қилган ишлари-саьйиларидан: иймонлари, ихлослари, тақволари, ибодатлари, амали солиҳларидан розидирлар. Чунки, худди ўша қилган ишлариАллоҳ таоло томонидан мукофотлангани учун...
10. Улар олий даражали жаннатдадир.
Улар мартабаси олий даражали жаннатдадирлар.
Улар макони олий даражали жаннатдадирлар.
Улар нозу-неьматлари олий даражали жаннатдадирлар.
Улар қуйида зикр қилинадиган олий васфларга эга жаннатдадирлар.
Улар шундоқ жаннатдадирларки...
11. Унда бекорчи гапларни эшитмаслардир.
Аҳли жаннатлар жаннатда сўкиш, койиш, озор, ёлғон, бўҳтон, ботил гапларни, кўнгилларини беҳузур қиладиган бирор оғиз сўзни эшитмайдилар. Чунки, бир оғиз бекорчи сўз ҳам роҳатларига халал бериши мумкин.
Жаннатдагилар фақат яхши ва ёқимли сўзларни эшитадилар, холос. Бу томондан бўладиган роҳатлари ҳам олий даражада. Бекорчи гапларни, сўкиш, итоб, койиш, таҳдидларни дўзахийлар эшитаверсинлар. Аҳли жаннатнинг роҳат-фароғати бу билан тугамайди. Уларга жаннатда бошқа неьматлар ҳам бор.
Жумладан:
12. Унда оқиб турган булоқлар бордир.
У булоқларда турли-туман ўта лаззатбахш шароблар бор. Дўзахийлар ўта қайноқ сувни ичиб, азобларига азоб қўшилиб турган бир пайтда жаннатийлар ана ўша булоқлардаги анвойи шароблардан маза қилиб сипқорадилар. Ўша жаннат шаробини сипқориш оддий ҳолатда эмас, қуйидаги оятларда васф қилинадиган ҳолатда бўлади.
13. Унда баланд-баланд сўрилар бордир.
14. Ва тайёрлаб қўйилган қадаҳлар бордир.
15. Ва саф-саф қилиб тизилган ёстиқлар бордир.
16. Ҳамма ёққа тўшалган гиламлар бордир.
Ҳа, аҳли жаннатлар баланд-баланд сўриларда, ҳамма ёққа тўшаб ташланган гўзал гиламларда, саф-саф қилиб тизилган ёстиқларга ёнбошлаб олиб, тайёрлаб қўйилган қадаҳлардаги шаробларни ҳузур қилиб сипқорадилар.
Мазкур нарсалар охират неьматларидан бир кўриниш, инсонда тасаввур ҳосил қилиш учун бу дунёдаги неьматларга ўхшаб васф қилиняпти. Аслида эса охират неьматлари бу дунёдаги барча неьматлардан нави жиҳатидан ҳам, бошқа жиҳатларидан ҳам устун туради. Бунинг устига у доимий–абадий неьмат, бу дунёники эса ўткинчи ва бебақодир.
Охиратдан бир оз ҳикоя қилгандан сўнг яна ҳозирги ҳаётга қайтиб, атрофимизда турган нарсаларга эьтиборимизни тортиб, Аллоҳнинг очиқ-ойдин қудратига назар солишга чорлайди ва бу чексиз қудрат эгаси ўлган инсонларни ҳисоб-китоб учун қайта тирилтиришга ҳам қодир эканлигини таькидлайди.
17. Улар назар солмасми; Туянинг қандай яратилганига?
18. Ва осмонни қандоқ кўтарилганига?
19. Ва тоғларнинг қандоқ ўрнаштирилганига?
20. Ва ерни қандоқ текислаб қўйилганига?
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун инсонларни, хусусан кофирларни Ўзининг яратган нарсаларидан тўрттасига назар солиб кўришни тавсия қилмоқда:
1- Туянинг қандай яратилганига, назар солмайдиларми?
Қурьон нозил бўлган пайт ва жойда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эьтибори туяга тортиляпти. Ҳақиқатда туя бир мўьжиза: унинг тузилиши–қулоқ, бурун, кўз, оёқ, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам уни араблар саҳро кемаси, дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмай бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.
Энди, «саҳро кемаси»нинг яратилишидаги баьзи бир ажойиботларга қисқача бўлса ҳам, назар солайлик. Туянинг кўзлари бошнинг юқори қисмига жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир. Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозлангандирлар.
Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.
Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумда бундан бошқа туёқ билан юкли равишда юриш мумкин эмас.
Туя саҳрода оч қолганда, қуруқ ёғочни, ҳатто тиконни ҳам еб кетаверади.
Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги «омбор»дан озуқа олаверади.
Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. ТуяниАллоҳ таоло бу эҳтиёжига ҳам мослаб яратган. Аввало туя тер чиқмайдиган қилиб яратилган. Яьни жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради. Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган. Шунинг учун унинг нафас олиши туфайли чиққан буғ ҳам яна оғзи орқали ичига қайтади. Шу билан бирга туя бирдан кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олтмиш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.
Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми? Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан, ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
2-Ва осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, назар солмайдиларми?
Осмон ҳам ҳамма жойда барчанинг назари тушиб турадиган нарса. Лекин унинг улканлиги, ичидаги нарсаларнинг кўплиги, интизоми ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларига ибрат назари билан, ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
3-Ва тоғларнинг қандоқ ўрнаштирилганига, назар солмайдиларми?
Тоғлар ҳам ўз салобати ила ҳамманинг назарига тушиб турадиган нарса. Уларнинг тузилиши, сир-асрори, ажойиботлари ҳам ақлни ишлатган, эьтибор назари солганларни Аллоҳга иймон келтиришга ундайди.
4-Ва ерни қандоқ қилиб текислаб қўйилганига, назар солмайдиларми?
Ердаги ажойиботлар доимо ақлли кишиларни иймонга йўллаб келган. Ким эьтибор назари билан қараса, кўп нарсани топади.
Қиёмат куни манзаралари, Аллоҳнинг борлиқдаги қудрати кўринишларини зикр қилиб бўлгандан сўнг,Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эьтиборларини Пайғамбарликларининг табиатига тортади. Унда ваьз-насиҳат, иршод ва мажбур қилмаслик асос эканини эслатади.
21. Бас, эслатгин, сен албатта эслатувчидирсан.
22. Сен уларнинг устидан ҳукмингни ўтказувчи эмассан.
Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, у зотнинг динларининг одамларни даьват қилиш хусусияти шундоқ. Кишиларга иймонга кириш эслатилади. Аммо уларни иймонга мажбурлаб, куч билан киритишга ҳаракат қилинмайди. Ким ўша эслатмага қулоқ осиб, иймонга келса, иймон тақозосидаги амалларни қилса, бу дунёда бахтли ҳаёт кечиради ва охиратда Аллоҳ уни катта неьмат ила неьматлайди.
23. Магарам ким юз ўгирса ва кофир бўлса...
24. Бас, уни Аллоҳ катта азоб билан азоблайдир.
Ҳа, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эслатмаларидан: Қурьондан, Исломдан юз ўгириб, кофир бўлса,Аллоҳ таоло уни охиратда катта азоб-дўзах азоби ила азоблайди.
25. Албатта, уларнинг қайтиши Бизгадир.
26. Сўнгра, албатта, уларнинг ҳисоб-китоби ҳам Бизда бўладир.
Яьни, бу дунёда нима қилса, қилиб юришаверсин, қиёматда барибир Бизнинг ҳузуримизга келишади ва уларнинг ҳисоб-китобини Ўзимиз қиламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд (ҳайит) намозларида «Сабиҳисма Роббикал аьлаа» ва «Ғошия» сураларини ўқир эканлар.
Нуьмон ибн Баширдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумада «Жумьа» сураси билан яна қайси сурани ўқир эдилар, деб сўрашганда, «Ғошия»ни, деб жавоб берган эканлар.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев