
------
Саъид ибн Жубайр Ҳажжожнинг хузурига келди. Ҳажжож унга:
- Сен Синиқнинг ўғли Бахти қаросан-а?! - деб, унинг исмини ўзгартириб айтди.
Саъид унга жавобан:
- Менга исм қўйган онам исмимнинг қандайлигини яхшироқ биладилар, деди.
- Сен ҳам, онанг ҳам бахти қаросизлар, деди Ҳажжож ғазабланиб. Шунда Саъид:
- Жаҳаннам аҳлидан бўлганларгина бахти қаро бўлур. Сен бизга ғайбдан хабар беряпсанми?! - деди.
- Дунёингни жаҳаннамга айлантириб юбораман! - деди Ҳажжож.
- Аллоҳга қасамки, агар шу иш сенинг қўлингдалигини билганимда, сени Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган илоҳ қилиб олган бўлардим, деди Саъид.
Ҳажжож:
- Мен ҳақимда қандай фикрдасан? - деди.
- Мусулмонларнинг қони ила Аллоҳга йўлиқувчи золимсан, деди Саъид.
- Ўзинг учун қатл турини ихтиёр қил, эй Саъид!
- Аксинча, сен ўзинг учун қатл турини ихтиёр қилавер. Зеро, мени қай тарзда қатл қилсанг, Аллоҳ сени ҳам ҳудди шундай қатл қилур!
- Сени шундай қатл қилай-ки, сендан олдин ҳеч кимни ундай қатл қилмаганман ва сендан кейин ҳам ҳеч кимни ундай қатл қилмайман, деди Ҳажжож.
Шунда Саъид:
- Мадомики, сен менинг дунёимни барбод қилар экансан, мен сенинг охиратингни барбод қилурман, деди.
Ҳажжож Саъиднинг саботига ортиқ дош беролмади ва соқчиларни чақириб: "Олиб бориб уни қатл қилинглар, деди.
Жаллод билан чиқиб борар экан, Саъид кулди. Шунда Ҳажжож унга ғазаб билан:
- Ҳа, нега куляпсан? - деди.
- Аллоҳга қўполлик қилсанг-да, Аллоҳ сенга мулоийимлик қилаётганига куляпман.
Ҳажжож янада дарғазаб бўлди-да, соқчиларга хитоб қилиб: "Уни сўйинглар!" - деди.
- Юзимни қиблага қаратиб қўйинглар! - деди Саъид. Вақти-ки, қилични унинг бўйнига қўйишганида:
إِنِّي وَجَّهْتُ وَجْهِيَ لِلَّذِي فَطَرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ حَنِيفاً وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ
"Мен Ҳақ Йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлару ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман", деди.
- Юзини қибладан буриб қўйинглар! - деди Ҳажжож.
Шунда Саъид:
وَلِلَّهِ الْمَشْرِقُ وَالْمَغْرِبُ ۚ فَأَيْنَمَا تُوَلُّوا فَثَمَّ وَجْهُ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ وَاسِعٌ عَلِ
يمٌ
"Машриқ ҳам, мағриб ҳам Ёлғиз Аллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангизлар, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир. Шубҳасиз, Аллоҳ (ҳамма тамонни) қамраб олувчи билимдондир." - деди.
- Юзини турпоқ билан кўмиб қўйинглар! - дея дарғазаб бўлди Ҳажжож.
Шунда Саъид:
مِنْهَا خَلَقْنَاكُمْ وَفِيهَا نُعِيدُكُمْ وَمِنْهَا نُخْرِجُكُمْ تَارَةً أُخْرَى
"Биз сизларни (Ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (Қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз",
деди.
- Уни тезроқ сўйинглар! Эй Саъид ибн Жубайр, нақадар тилинг Қуръонга бурро бўлмаса! - деб ҳайқирди Ҳажжож.
Шунда Саъид:
- Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадар Росулуллоҳ! - деди-да: "Буни мендан қабул қилиб ол-ки, Қиёмат куни шу калималар билан сени қарши олурман!" - деди, сўнг: "Аллоҳим, мендан сўнг бирор кишининг устида уни ҳукмрон қилмагин!" - деб дуо қилди.
Саъид қатл қилинди...
Во ажаб! Саъиднинг вафотидан сўнг Ҳажжож ҳар кеча: "Менга нима бўляпти ўзи?! Ҳар қачон ухламоқчи бўлсам, Саъид ибн Жубайр оёқларимдан ушлаб тортяпти-ку!" - деб бақирар эди.
Ўн беш кундан кейин Ҳажжож вафот этди, ҳақиқатда у Саъиддан сўнг ҳеч кимнинг устида ҳукмронлик қила олмади.
***
Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, эй Саъид ибн Жубайр!
Ҳақдаги саботингиз, далил-ҳужжатдаги қувватингиз ва саломат иймонингиз нақадар гўзал!
***
Аллоҳим, салафи солиҳларимизни Ўз раҳматингга олиб, у зотларнинг гўзал сийратларидан ўрнак олишимизда Ўзинг бизларга ердам бер


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев