
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимга ғам-ташвиш етса, ушбу калималар билан дуо қилсин", деганларида, бир киши:
"Ё Расулуллоҳ, мана шу калималардан бебаҳра қолган киши хасоратдами?" деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳа", деб жавоб бердилар. Сўнгра: "Бу калималарни ўзинглар айтиб, бошқаларга ҳам ўргатинглар. Ким бир нарса талабида ана шу калималарни айтса, Аллоҳ ундан хафаликни кетказиб, хурсандчилигини зиёда қилади", деб ўша калималарни айтдилар:
"Ана ъабдука, ибну ъабдика, ибну аматика фи қобзотик, насийатий бийадик, мазин фиййа ҳукмук, ъадлун фиййа қозоук, асалука бикулли исмин ҳува лака саммайта биҳи нафсака ав анзалтаҳу фи китабика ав ъалламтаҳу аҳадан мин холқика ав истасарта биҳи фий ъилмил ғойби ъиндака ан тажъалал Қуръана нуро содрий ва робийъа қолбий ва жилаа ҳузний ва заҳаба ҳаммий".
Яъни: "Мен Сенинг қулингман, қулингнинг ўғлиман, чўрингнинг зурриётиман. Кокилим Сенинг қўлингда. Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Сенинг ҳукминг одилдир. Ўзингни номлаган ёки Китобингда нозил қилган, ёки халқингдан бирор кишига ўргатган, ёхуд ғайб илмингда сақлаб қўйган исмларинг ила сўрайман, Қуръонни дилимнинг нури, қалбимнинг баҳори, маҳзунлигимни аритувчи ва ғамимни кетказувчи қил".
Имом Ибн Сунний ривояти.
Уқба ибн Омир Розияллоху анхудан ривоят қилинади:
Набий саллаллоху алайхи васаллам :
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالدُّخُولَ عَلَى النِّسَاءِ. فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَفَرَأَيْتَ الْحَمْوَ؟ قَالَ: الْحَمْوُ الْمَوْتُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ
«Аёлларнинг олдига киришдан эҳтиёт бўлинг!» дедилар.
Шунда бир одам:
«Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндошига нима дейсиз?» деди.
«Эрнинг қариндоши ўлимдир!» дедилар у зот».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ:
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркакларни аёллар олдига киришдан ман қилмоқдалар. Чунки бу жуда ҳам хатарли ишдир. Ҳеч ким йўқ жойда бир аёл билан бир эркакнинг холи қолишига олиб келади.
Бу эса ўз навбатида ношаръий, ҳаром ишга, ҳеч бўлмаганда шубҳага, ёмон фикр туғилишига сабаб бўлади. Фараз қилайлик, бир аёл ўз уйида ёлғиз ўтирибди. Эшикдан бир номаҳрам эркак чақириб келди. Ичкарига кирди. Уйда мазкур аёлдан бошқа ҳеч ким йўқлигини билди. Шу пайт иккисини ҳам шайтон васваса қилиши, зинога бошлаши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатлар тез-тез бўлиб туришини ҳамма яхши билади. Зинонинг кўпчилик ҳолатлари айни бегона эркак ва аёлнинг бир жойда холи қолишларидан бошланиши ҳеч кимга сир эмас.
Баъзи бирлар даъво қилганларидек, холи қолган эркак ва аёл очиқ кўнгиллик билан, «дўстона» гаплашиб ўтиришди ҳам дейлик. Нимани гаплашишади? Шу пайт хотиннинг эри ёхуд эркакнинг хотини келиб қолса, улар дўстона гаплашиб ўтиришибди, деб ўйлайдими? Умуман, бошқа бир одам, қўни-қўшни кўриб қолса-чи?
Баъзи бир кишилар «Уйга эрнинг қариндошлари келиб-кетиб туришади. Зарурат юзасидан ҳеч ким йўғида хотиннинг олдига кирса нима бўлди?» дейишади.
Саҳобаи киромлар ҳам худди шу саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашган экан. У зот бу иш ўлим билан баробар эканлиги ҳақида хабар берибдилар. Яъни, бу иҳоятда хатарли иш, дебдилар. Чунки бу нарса бепарволикка сабаб бўлади. Мазкур эътиборсизлик оқибатида эса ҳаром иш содир бўлиши ҳеч гап эмас.
Акасининг хотини билан зинода қўлга тушган укалар оз эмас. Шунга ўхшаш, бошқа номаҳрам қариндошлар ҳам. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор ушбу ҳадиси шарифга хилоф қилмаслик керак. Бунинг учун кимдир бу шаръий амрни тарк этгани туфайли зино қилиб қўйган ёки шубҳага қолиб, бир оила бузилган бўлиши шарт эмас. Шариатда бир ҳукм жорий бўлганми, мўмин-мусулмон киши унга қатъий амал қилавериши лозим.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев