
---
"Жамловчи. Барча ҳақиқатларни жамловчи. Одамларни қиёмат куни жамловчи. Жамловчи кун деб номланишига сабаб, чунки ўша кунда золим ва мазлумни, кучли ва кучсизни, берган ва олганни, такаббурли ва тавозуълини Аллоҳ таоло бир биридан ҳаққини олиб бериш учун жамлайди. У кунда тоат ва ибодат қилганларга савоб бериш ҳамда гуноҳкорларга азоб бериш учун халойиқни аввалидан охиригача, жинлар ва инсонларни, осмон ва ер аҳлларини жамлайди. Ал-Жомиъ деганда, Аллоҳ камолотнинг барчасини зотида ҳам, сифатларида ҳам, феълларида ҳам жамловчидир.
Ал-Жомиъ деганда, У зот бўлак бўлакка айланган махлуқотларни қайта тирилиш куни маҳшар майдонида жам қилади, деган маънода ҳам тушунилади. Гоҳида инсон бирор нарсасини йўқотиб қўйса: «Шубҳа йўқ кунда одамларни жамловчи бўлган Зот Аллоҳим! Мен билан ҳожатим орасини жамла», деб айтиб дуо қилса, иншааллоҳ ҳожати ҳосил бўлади. Ал-Жомиъ исми Қуръони каримнинг бир неча оятларида келган. Оли Имрон сурасининг 9-оятида: «Эй Роббимиз, албатта, сен одамларни ҳеч шак-шубҳасиз, (келадиган) бир кунга жамлагувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас», деб айтган.
Ушбу исм билан банданинг одобланиши ҳақида имом Ғаззолий: «Аъзоларда зоҳирий одоб ҳамда қалбларда ботиний ҳақиқатларни жамлашдир. Кимнинг маърифати мукаммал бўлса, унинг сийрати ҳам гўзал бўлади. Мана шу ҳолатни жамловчи дейилади», дедилар. Шунинг учун маърифат ва тақво нури ўчмаган, тана кўзи ва қалб кўзини жамлаган, ҳақ ва унинг аҳлини жамлаган, дунё ва охиратни жамлаган, ҳақиқат ва шариатни жамлаган кишини комил инсон деб аталади. Ал-Жомиъ исмига иқтидо қилиб, мана шундай нарсаларни жамлаб амалга оширмоғимиз лозим бўлади. "


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев