
_____ \\\_____ \\\_____
«Қарз» сўзи араб тилида «узиб олиш» деган маънони билдиради. Масалан, кесиш, узиш учун ишлатиладиган қайчи араб тилида «миқроз» дейилади. Қарз берувчи ўзининг молидан бир қисмини узиб, кесиб, қарздорга бергани учун ҳам маълум муддатга пул ёки моддий қиймат бериб туриш мана шу сўз билан аталадиган бўлиб кетган. Аммо зиммага олинган қарз мажбурияти, бировга тегишли бўлган ҳақ араб тилида «дайн» деб аталади.
Самура (розияллоҳу анҳу)дан: Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат этдилар: “Олган қўл олган нарсасига, қайтаргунича жавобгар (масъул)дир”
(Абу Довуд ва Термизий ривояти).
1734. Бухорий, Аҳмад ва Насаийлар қилган ривоятда:
«Топганнинг бўйин товлаши унинг обрўсини (тўкишни) ва уқубатини ҳалол қилади», дейилган.
Шарҳ: Аслида, шариат бўйича, бировнинг обрўсини тўкиш, азоблаш ҳаром. Аммо имкони бўла туриб, бировдан олган қарзини бермай юрган одамнинг обрўсини тўкиш ҳам, азоблаш ҳам ҳалол бўлиб қолар экан.
Шунинг учун ҳукумат унинг гувоҳлигини қабул қилмаслик ҳақида қарор чиқаради. Мусулмонликда бу иш энг катта обрўсизлик бўлиб, ундай одамни қамашга ҳам буюрилади. Бу ҳол ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам эслатма, танбеҳ бўлади.
1735. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳий қилган кабийра гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга ҳеч нарса қолдирмай, ўлиб, У Зотга рўпара бўлишидир», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бировдан олган қарзни узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак.
1736. Насаий қилган ривоятда:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу иш қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади.
Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлиш қанчалик улуғ мақом. Шаҳид учун жаннат эшиклари доимо катта очиқ. Лекин қарз иши оғир. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам, қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ.
Чунки қарз банданинг ҳаққи, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечади, холос. Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозим.
1737. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи билан ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Бас, у зот:
«Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар.
«Ҳа, икки динор», дейишди.
«Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар.
«Улар (икки динор) менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар. Аллоҳ ўз Расулига Фатҳни ато қилганидан кейин:
«Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан кўра ҳақлироқман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол қолдирса, меросхўрларига», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам зиммасида қарзи бўлган кишининг ўлиши ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади.
Ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишиларидан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади. Шариат ҳукми бўйича бирор маййитнинг қарзини ўз зиммасига оладиган киши топилмаса, унинг қарзи хазинадан узилади. Хазина бўлмаган жойларда мазкур қарз шу ерлик мусулмонларнинг закотидан адо этилиши мумкин. Бу ҳадиси шариф ва унга тегишли ҳукмлар «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг еттинчи жузидаги «Жаноза намози» бобида батафсил ўрганилган.
1738. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Отам Уҳуд куни шаҳид бўлди. Зиммасида қарзи бор эди. Ҳақдорлар ўз ҳақларини шиддат билан талаб қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда гаплашдим. Бас, у зот улардан боғимнинг хурмосини олиб, отамдаги ҳақларини ҳалол қилишларини сўрадилар. Улар бош тортдилар. Шунда (у зот) соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эрта билан олдингга борамиз», дедилар. Кейин тонг отганда бизнинг олдимизга келдилар. Хурмо дарахтларини айланиб кўрдилар ва уларнинг мевасига барака тилаб, дуо қилдилар. Мен уларни тердим. Қарзларимни адо этдим. Уларнинг мевасидан ўзимизга ҳам қолди».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
— Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради. Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарсалар ҳам мавжуд.
Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади. Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга “Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?” дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади” (Имом Байҳақий ривояти).
Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.
Ҳар бир қарздор тезроқ қарзини узиш пайида бўлиши керак. Қарзни узмай туриб вафот этиб қолиш жуда ҳам оғир вазиятни юзага келтиради. Ўлган бандадан Аллоҳ таоло Ўз ҳақини кечиб юбориши мумкин, аммо қарз банданинг ҳақидир. Бу ҳақни қарз эгасининг ўзи кечмагунча, Аллоҳ таоло кечмайди.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев