__________
Умидвор бўлиш Аллоҳ Субҳонаҳу ҳақида яхши гумонда бўлиш демакдир. Яратувчиси хусусида яхши гумонда бўлган одам Унинг раҳматидан, таскинидан, мағфиратидан, нусратидан умидвор бўлади. Аллоҳ Субҳонаҳу Ўзидан қўрққан одамни олқишлагани каби, Ўзидан умидвор бўлган кишини ҳам олқишлайди. Хавфни, қўрқишни вожиб қилганидек, ражони (умидвор бўлишни) ҳам вожиб қилди. Демак, банда ҳар доим хавфу ражода бўлмоғи лозим. Хавф хусусидаги далилларни айтиб ўтдик. Энди ражо хусусидаги далилларни келтирамиз.
Қуръондан далиллар:
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَالَّذِينَ هَاجَرُوا وَجَاهَدُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ يَرْجُونَ رَحْمَةَ اللَّهِ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
– „Албатта иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ Йўлида курашган зотлар - ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ Мағфират ва Раҳмлидир“, [2:218]
وَادْعُوهُ خَوْفًا وَطَمَعًا إِنَّ رَحْمَةَ اللَّهِ قَرِيبٌ مِنْ الْمُحْسِنِينَ
– „Сизлар У Зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор бўлган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилгувчиларга яқиндир“, [7:56]
وَإِنَّ رَبَّكَ لَذُو مَغْفِرَةٍ لِلنَّاسِ عَلَى ظُلْمِهِمْ وَإِنَّ رَبَّكَ لَشَدِيدُ الْعِقَابِ
– „Албатта, Парвардигорингиз одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират Эгасидир. Албатта, Парвардигорингиз азоби қаттиқ Зотдир“, [13:6]
أُوْلَئِكَ الَّذِينَ يَدْعُونَ يَبْتَغُونَ إِلَى رَبِّهِمْ الْوَسِيلَةَ أَيُّهُمْ أَقْرَبُ وَيَرْجُونَ رَحْمَتَهُ وَيَخَافُونَ عَذَابَهُ إِنَّ عَذَابَ رَبِّكَ كَانَ مَحْذُورًا
– „Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Дарҳақиқат, Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир“, [17:57]
وَيَدْعُونَنَا رَغَبًا وَرَهَبًا وَكَانُوا لَنَا خَاشِعِينَ
– „… улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар“, [21:90]
أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاءَ اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لاَ يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُوْلُوا الآلْبَابِ
– „Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда-тик турган ҳолда тоат-ибодат қилгувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми?!) Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар“. [39:9]
Суннатдан далиллар:
• Восила ибн Асқаъ: «... Хурсанд бўлавер, чунки мен Пайғамбар С.А.В.нинг шундай деганларини эшитганман», дейди:
«قَالَ اللَّهُ جَلَّ وَعَلاَ: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي, إِنْ ظَنَّ خَيْرًا فَلَهُ, وَإِنْ ظَنَّ شَرًّا فَلَهُ»
«Улуғ ва Олий Аллоҳ: «Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман. Яхши гумон қилса ҳам ўзига, ёмон гумон қилса ҳам ўзига», дейди». Бу ҳадисни Аҳмад ҳасан иснод билан ва ибн Ҳиббон ўзининг «Саҳиҳ»ида ривоят қилган. «Ёмон гумон қилса ҳам ўзига» деган жумла умидвор бўлиш ва яхши гумонга буюрувчи оят ва ҳадисларнинг вожибликни ифодалашига қаринадир.
• Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар С.А.В. шундай дейдилар:
«يَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي, وَأَنَا مَعَهُ حِينَ يَذْكُرُنِي …»
«Улуғ ва Буюк Аллоҳ: «Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман, Мени эслаган вақтида Мен у билан биргаман», дейди» (муттафақун алайҳ).
• Жобир Р.А. Пайғамбар С.А.В.дан вафотларидан уч кун аввал ушбу ҳадисни эшитганини ривоят қилади:
«لاَ يَمُوتَنَّ أَحَدُكُمْ إِلاَّ وَهُوَ يُحْسِنُ الظَّنَّ بِاللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ»
«Биронтангиз Улуғ ва Буюк Аллоҳ ҳақида яхши гумон қилмай туриб, ҳаётдан кўз юммасин». (Муслим).
• Анас Р.А. ривоят қилади: «Пайғамбар С.А.В. ўлим ҳолатидаги бир йигитнинг ёнига кириб:
«كَيْفَ تَجِدُكَ؟ قَالَ: أَرْجُو اللَّهَ يَا رَسُولَ اللَّهِ, وَإِنَّي أَخَافُ ذُنُوبِي, فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ: لاَ يَجْتَمِعَانِ فِي قَلْبِ عَبْدٍ فِي مِثْلِ هَذَا الْمَوْطِنِ إِلاَّ أَعْطَاهُ اللَّهُ مَا يَرْجُو وَآمَنَهُ مِمَّا يَخَافُ»
«Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?», дедилар. У: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳдан умидвор бўляпман ва гуноҳларимдан қўрқяпман», деди. Шунда Пайғамбар С.А.В.: «Бу икки нарса мана шундай ҳолатдаги банданинг қалбида жамланар экан, Аллоҳнинг унга умид қилган нарсасини бериши, хавфсираган нарсасидан хотиржам қилиши муқаррардир», дедилар». Термизий ва ибн Можа ривояти. Ҳафиз Мунзирий унинг исноди ҳасан, деган.
• Анас Р.А. Пайғамбар С.А.В.дан мана бу ҳадиси қудсийни эшитганини ривоят қилади:
«يقول:َ قَالَ اللَّهُ تَعَالَى: يَا ابْنَ آدَمَ إِنَّكَ مَا دَعَوْتَنِي وَرَجَوْتَنِي غَفَرْتُ لَكَ عَلَى مَا كَانَ فِيكَ وَلاَ أُبَالِي, يَا ابْنَ آدَمَ لَوْ بَلَغَتْ ذُنُوبُكَ عَنَانَ السَّمَاءِ ثُمَّ اسْتَغْفَرْتَنِي غَفَرْتُ لَكَ, يَا ابْنَ آدَمَ لَوْ أَتَيْتَنِي بِقُرَابِ الأَرْضِ خَطَايَا ثُمَّ لَقِيتَنِي لاَ تُشْرِكُ بِي شَيْئًا لأَتَيْتُكَ بِقُرَابِهَا مَغْفِرَةً»
«Аллоҳ Таоло айтади:
«Эй Одам боласи, агар Менга дуо қилиб, Мендан умидвор бўлсанг, сени ўтган гуноҳларингни кечираман ва парво қилмайман. Эй Одам боласи, гуноҳларинг осмон булутларига етган тақдирда ҳам Мендан мағфират сўрасанг, сени мағфират қиламан. Эй Одам боласи, Менинг ёнимга ернинг ғилофича гуноҳлар билан келсанг ҳам, Менга ҳеч кимни шерик қилмасдан йўлиқсанг, сенга ўша ғилофчалик мағфират билан пешвоз чиқаман»». Бу ҳадисни Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, деган.
Ноумид бўлиш эса умидворликнинг аксидир. Аллоҳнинг раҳмати ва мададидан ноумид бўлиш ҳаромдир. Бунга далиллар бор.
Қуръондан далиллар:
يَابَنِيَّ اذْهَبُوا فَتَحَسَّسُوا مِنْ يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلاَ تَيْئَسُوا مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِنَّهُ لاَ يَيْئَسُ مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِلاَ الْقَوْمُ الكَافِرُونَ
– „«Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур»“, [12:87]
قَالُوا بَشَّرْنَاكَ بِالْحَقِّ فَلاَ تَكُنْ مِنْ الْقَانِطِينَ قَالَ وَمَنْ يَقْنَطُ مِنْ رَحْمَةِ رَبِّهِ إِلاَ الضَّالُّونَ
– „Улар айтдилар: «Биз сенга ростдан ҳам (фарзанд кўришинг) хушхабарини келтирдик. Бас, сен ноумид кимсалардан бўлмагин!» У деди: «Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўлурлар»“, [15:55,56]
وَالَّذِينَ كَفَرُوا بِآيَاتِ اللَّهِ وَلِقَائِهِ أُوْلَئِكَ يَئِسُوا مِنْ رَحْمَتِي وَأُوْلَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
– „Аллоҳнинг оятларини ва Унга рўбарў бўлишни инкор қилган кимсалар - улар Менинг раҳматимдан ноумид (маҳрум) бўлган кимсалардир ва улар учун аламли азоб бордир“, [29:23]
قُلْ يَاعِبَادِي الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لاَ تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
– „(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, Меҳрибондир»“. [39:53]
Суннатдан далиллар:
• Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар С.А.В. шундай деганлар:
«لَوْ يَعْلَمُ الْمُؤْمِنُ مَا عِنْدَ اللَّهِ مِنْ الْعُقُوبَةِ مَا طَمِعَ بِجَنَّتِهِ أَحَدٌ, وَلَوْ يَعْلَمُ الْكَافِرُ مَا عِنْدَ اللَّهِ مِنْ الرَّحْمَةِ مَا قَنَطَ مِنْ جَنَّتِهِ أَحَدٌ»
«Агар мўмин Аллоҳнинг азоби нима эканини билганида, ҳеч ким Унинг жаннатидан умидвор бўлмай қоларди. Агар кофир Аллоҳнинг раҳмати нима эканини билганида, ҳеч ким Унинг жаннатидан ноумид бўлмай қоларди» (муттафақун алайҳ).
• Фузола ибн Абид ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар С.А.В. шундай деганлар:
«وَثَلاَثَةٌ لاَ تَسْأَلْ عَنْهُمْ: رَجُلٌ نَازَعَ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ رِدَاءَهُ فَإِنَّ رِدَاءَهُ الْكِبْرِيَاءُ وَإِزَارَهُ الْعِزَّةُ, وَرَجُلٌ شَكَّ فِي أَمْرِ اللَّهِ, وَالْقَنُوطُ مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ»
«Уч тоифа одамлар борки, улар ҳақида сўрама (ёки масъул эмассан). Улуғ ва Буюк Аллоҳнинг ридосини талашган одам хусусида, чунки У зотнинг ридоси кибрлилик, ич кийими эса азизликдир. Аллоҳнинг иши хусусида гумонга борган киши, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлган киши». Аҳмад, Табароний, Баззор ривояти. Ҳайсамий унинг одамлари ишончли, деган. Бухорий уни «ал-Адаб ал-муфрад»да, ибн Ҳиббон эса ўзининг «Саҳиҳ»ида ривоят қилган.
• Холиднинг икки ўғли Ҳибба ва Саво ривоят қиладилар: «Пайғамбар С.А.В.нинг олдиларига кирсак, бир нарсани тузатаётган эканлар, ёрдам бериб юбордик. Шунда у киши:
«لاَ تَيْئَسَا مِنْ الرِّزْقِ مَا تَهَزَّزَتْ رُءُوسُكُمَا, فَإِنَّ الإِنْسَانَ تَلِدُهُ أُمُّهُ أَحْمَرَ لَيْسَ عَلَيْهِ قِشْرٌ, ثُمَّ يَرْزُقُهُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ»
«Модомики бошинглар қимирлаб турар экан, ризқдан ноумид бўлманглар. Чунки инсонни онаси ҳеч бир терисиз қип-қизил гўшт ҳолида туғади, кейин унга Улуғ ва Буюк Аллоҳ ризқ беради», дедилар». Аҳмад ва ибн Можа ривояти. Уни ибн Ҳиббон ҳам ўзининг «Саҳиҳ»ида ривоят қилган.
• Ибн Аббос ривоят қилади: «Бир киши Пайғамбар С.А.В.дан: «Эй Расулуллоҳ, катта гуноҳлар қайсилар?», деб сўраган эди:
«الشِّرْكُ بِاللَّهِ, وَالإِيَاسُ مِنْ رَوْحِ اللَّهِ, وَالْقُنُوطُ مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ»
«Аллоҳга ширк келтирмоқ, Аллоҳнинг енгиллик беришидан умидсизланмоқ, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмоқ», деб жавоб бердилар». Ҳайсамий айтадики, бу ҳадисни Баззор ва Табароний ривоят қилган, унинг одамлари ишончли, уни Суютий ва Ироқий ҳасан, деган.
Пайғамбарлар саллоллоҳу алайҳи ва салламлар Аллоҳнинг нусратидан, енгиллик беришидан ноумид бўлмадилар. Улар фақат қавмларининг иймонга келишидан умидсизландилар. Аллоҳ Таоло айтади:
حَتَّى إِذَا اسْتَيْئَسَ الرُّسُلُ وَظَنُّوا أَنَّهُمْ قَدْ كُذِبُوا جَاءَهُمْ نَصْرُنَا فَنُجِّيَ مَنْ نَشَاءُ وَلاَ يُرَدُّ بَأْسُنَا عَنْ الْقَوْمِ الْمُجْرِمِينَ
– „Ҳар қачон ўша пайғамбарларимиз ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи қилиндик - пайғамбар эканлигимизга ишонмадилар», деб ўйлай бошлаганларида, уларга Бизнинг мададимиз-ғалабамиз келиб, Биз хоҳлаган кишиларга нажот берилар эди. (Аммо) жиноятчи бўлган қавмдан Бизнинг азобимиз қайтарилмас!“ [12:110]
Бухорий Оиша Р.А.дан ташдидли {كُذِّبُوا} ўқилганини ривоят қилган. Яъни Пайғамбарларни уларнинг қавмлари ёлғончи дейишган. Чунки улар маъсум яъни гуноҳдан покдурлар.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев