--
🌱 ТАҲАЖЖУД ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР 🌱
--
Таҳажжуд намози нафл ибодатдир. Аллоҳ таоло бу ҳақида Исро сурасининг 79 оятида шундай марҳамат қилган:
"Кечанинг баъзисида у ила бедор бўл. Сенга нофила бўлсин. Шоядки Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса".
Ушбу ояти каримага мувофиқ, хуфтон намозидан сўнг, бир ухлаб туриб, туннинг бир қисмида ибодат қилиш матлуб иш саналади. Шунинг учун ҳам "тунги ибодат" дейилади. Энг ози икки, кўпи ўн икки ракатдир. Бугунги кунда дунёдаги вазият, коронавирус вабоси туфайли азият чекиб турилгани ҳеч-кимга сир эмас. Ижтимоий тармоқларда, хусусан телеграм каналларда таҳажжуд намозига тарғиб қилинаётганини гувоҳи бўлиб қоляпмиз. Бу ҳолатни кўриб, тўғриси, кўз қувнайди. Чунки одамларни ибодатга чақириш фазилатли иш. Айниқса, мана шундай оғир кунларда ватандошларимиз жипслашиб, бир вақтда қўлларини кўтариб, илтижо қилсалар, албатта, Аллоҳ ижобат қилади.
Бу синовдан бизни, иншааллоҳ, халос этади. Ушбуларни айтиб ўтишдан мақсадимиз, айрим биродарларимиздан, умуман намоз ўқимайдиган одамнинг таҳажжуди, қилган дуоси қабул бўлармиди, ундан кўра беш вақт намозни ўқисин, уша зарур, деган мулоҳазалари қулоғимизга чалиниб қолмоқда. Албатта, бу мулоҳазалар ўринли. Чунки қиёмат кунида энг аввало инсон намоз борасида саволга тутилади. Намози мукаммал бўлса, қолган амалида ноқислик бўлса-да, намозининг камолоти боис, бошқа амалларидаги камчиликлар кечиб юборилиши ҳақида ҳадис ворид бўлган. Аммо намозга эгилмаган одам, майли-да, таҳажжуд ўқийман деб турса, унинг кўкрагидан итариб, токи беш вақт намоз ўқимас экансан, сенинг таҳажжудингни фойдаси йўқ, деб танбеҳ беришимиз қанчалик тўғри?! Бир нарсани тўғри тушунайлик.
Аллоҳ меҳрибон Зот. Унинг қалбини нафл бўлса-да, ибодатга мойил қилиб қўйибдими, тез фурсатда фарз ибодатларга ҳам эгиб қўйса, ажаб эмас. Ибодат қилишга иштиёқманд бўлиб турган одамнинг шаштини туширмайлик. Зеро, Аллоҳ таоло ҳар-бир инсоннинг қалбини Ўзи буриб қўювчидир. Шу ўринда марҳум Шайх ҳазратларининг бир гапларини келтириб ўтишни лозим топдим. У кишидан, намоз ўқимайдиган одамнинг рўзаси нима бўлади, деб сўралганида, тутган рўзасига савоб олади, ўқимаган намозига гуноҳкор бўлади, деган эдилар. Мана шу услуб энг мақбулидир. Аллоҳ таоло таҳажжудга ишқи тушган азизларимизни фарз ибодатларга ҳам ошиқ қилсин!
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬
Мўминнинг_меърожи
НАМОЗНИНГ ҲИКМАТЛАРИ
Намоз ютуқ ва нажот йўлидир.
Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўл бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.
Намоз қилувчини Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади ва ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.
Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга, эга бўлади.
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬
Мўминнинг_меърожи
НАМОЗ ҲАҚИДА БАЪЗИ МАЪЛУМОТЛАР
1. Намоз Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган.
2. Намоз Исро кечасида фарз қилинган.
3. Намоз аввал эллик вақт фарз қилиниб, кейин беш вақтга туширилган.
4. Ислом умматига Аллоҳ таоло меҳр кўрсатиб, беш вақт намозига эллик вақт намознинг ажрини беради.
6. Ислом осонлик дини. Аввал эллик вақт намоз фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилиши ана ўша осонликни бандаларга эслатиб туриш учундир.
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬
Мўминнинг_меърожи
НАМОЗНИНГ 50 ВАҚТ БЎЛИБ КЕЙИН 5 ВАҚТГА ҚИСҚАРТИ- РИЛГАНЛИК ҲАҚИДАГИ ҲАДИС
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса: «Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬
Мўминнинг_меърожи
НАМОЗ БИЗ БАНДАЛАРГА ФАРЗ ЭКАНИНИ БИЛДИРГУВЧИ ОЯТЛАР ВА ТАФСИРЛАРИ
«Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир»,
(Нисо сураси, 103-оят, мазмун)
Бу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг бири бўлиб, ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақтида фарз қилингани эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади.
«Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарадир»,
(Анкабут сураси, 450-оят, мазмун)
Шарҳ: Бу оятдаги амр ҳам фарзни ифода этади. Шу билан бирга, оятда намознинг ҳикматларидан бири, ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши таъкидланмоқда.
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬
Мўминнинг_меърожи
ИККИ РАКАТЛИ НАМОЗ ЎҚИШ ТАРТИБИ
— Икки ракатли намозда қайси амаллар бор?
— Икки ракатли намозда икки қиём (тик туриш), икки рукуъ (букилиш), тўрт сажда ва бир қаъда (ўтириш) бордир.
— Икки ракатли намоз қандай ўқилади?
— Аввало, ният қилинади. Сўнг икки қўлнинг бош бармоғи қулоқ юмшоғига теккизилиб такбир айтилади. Кейин икки қўлни бир-бирига боғлаб киндик остига (аёллар ва қизларда кўкрак устига) қўйилади ва Сано ўқилади. Санодан сўнг «Аъузубиллаҳ» ва «Бисмиллаҳ»ни айтиб, Фотиҳа сураси ўқилади. «Омин», дегач, яна бир сура ўқиладида, такбир айтиб, рукуъга борилади. Рукуъда уч марта рукуъ тасбеҳи айтилади. Рукуъдан «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакал ҳамд», деб тик турилади ва яна такбир айтиб, икки марта саждага борилади. Ҳар иккала саждада ҳам уч мартадан сажда тасбеҳи айтилади. Такбир билан иккинчи ракатнинг қиёмига турилади. Иккинчи ракатнинг қиёмида қўллар боғланиб «Бисмиллаҳ»ни айтиб, Фотиҳа ва қўшимча бирор сура ўқилади. Яна аввалги ракатдагига ўхшаш рукуъга ва икки марта саждага борилади. Иккинчи саждадан сўнг қаъдага ўтириб, шу ҳолда аввал «Ташаҳҳуд», сўнгра «Саловот», дуо оятини ўқилади. Шундан кейин аввал ўнг томонга, сўнг чап тарафга салом беради. Ушбу амаллар билан икки ракатли намоз тамом бўлади.
Бомдоднинг икки ракат суннати ва икки ракат фарзи, пешиннинг икки ракат суннати, шомнинг икки ракат суннати ва хуфтоннинг икки ракат суннати мана шундай тарзда ўқилади. Фарқ фақат ният қилишда қолади.
"Ибодати Исломия" китобидан.
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬
Мўминнинг_меърожи
Нафл намозлари
— Қандай нафл намозлари машҳурдир?
— Ушбу ўн уч турли намозлар машҳурдир: истисқо намози, кусуф намози, хусуф намози, хавф намози, истихора намози, ҳожат намози, шукр намози, истиғфор намози, ишроқ намози, зуҳр намози, аввобин намози, таҳажжуд намози, мустаҳаб намозлари.
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬
Мўминнинг_меърожи
ИСТИСҚО НАМОЗИ
— Истисқо намози қандай намоз?
— Кўп вақт ёмғир ёғмай қолиб, экинларга ва ҳайвонларга зарар келиши эҳтимоли бўлганда Аллоҳ таолодан ёмғир талаб қилиб ўқиладиган икки ракат нафл намозидир.
— Истисқонинг маъноси нима?
— Аллоҳ таолодан ёмғир тилаш, демакдир.
— Истисқо намози қаерда ва қай тариқа ўқилади?
— Бутун шаҳар ва бутун қишлоқ мусулмонлари жам бўлиб, саҳрога чиқадилар. Ёш болаларни ва ҳайвонларни олиб чиқадилар ва кимки ғоят ожиз бўлса, бечора ва ожизлик суратида чиқадилар ва фақирларга садақа берадилар. Золимлар мазлумларни рози қиладилар. Саҳрога чиққанда таҳоратли ҳолда ҳар қайси одам имомга қарши бўлиб туради. Шундан кейин имом халойиққа кўп ваъз-насиҳатлар қилади ва қавмларни гуноҳлардан тавба ва истиғфор қилишга таклиф этади. Ҳаммалари тавба, истиғфор қиладилар. Ундан кейин ҳар қайсилари ёлғиз-ёлғиз икки ракат намоз ўқийдилар.
— У намозда нима деб ният қилинади?
— «Икки ракат нафл намозни ўқишни ният қилдим. Холис Аллоҳ таоло учун», деб ният қилинади.
— Қиёмда нима ўқилади?
— Бошқа намозларга ўхшаб Фотиҳа сураси билан бирор сура ўқилади.
— Намоздан сўнгра нима деб дуо ўқилади?
— Ушбу дуо ўқилади:
«Аллоҳумма асиқу ъибадика ва ирҳаму баҳоимука. Аллоҳумма амартана бидуъаик ва ваъадаттана ижабатака фақод даъавнака кама амартана ва ажабна кама ваъадаттана. Аллоҳумма ин лам тарҳам ли анфусина ликасроти зунубина фа арҳам сибйанана».
Яъни: «Эй бор Худоё, бандаларингни сероб, ҳайвонларингга раҳм этгин. Эй бор Худоё, бизларни дуо этмоққа буюрдинг ва ҳам дуоларимизни ижобат этмоққа ваъда бердинг. Энди биз Сенга Ўз амринг билан дуо қилдик, бас, энди Сен ваъданг бўйича бизларнинг дуоларимизни қабул этгин. Ё Рабб, агар гуноҳларимизнинг кўплиги учун ўзларимизга раҳм қилмасанг, гуноҳсиз ёш болаларимизга ва ҳайвонларимизга раҳм қилгин».
— Шу тариқа неча кун истисқога чиқадилар?
— Ёмғир ёғмаса, уч кунгача чиқадилар.
"Ибодати Исломия" китобидан.
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬
Мўминнинг_меърожи
КУСУФ НАМОЗИ
— Кусуф намози нечук намоздир?
— Офтоб тутилиб, нури кетганда имом-у жамоат билан масжидда ўқиладиган икки ракат намоздир.
— Кусуф намозини имом қандай ўқийди?
— Қироатни ичда қилади ва узун сураларни ўқийди.
— Намоздан сўнгра нима қиладилар?
— Офтобнинг нури очилиб равшан бўлгунча тавба ва истиғфор айтиб, дуо қилиб турадилар.
"Ибодати Исломия" китобидан.
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬
Мўминнинг_меърожи
ХУСУФ НАМОЗИ
— Хусуф намози нечук намоздир?
— Ой тутилиб, нури кетган замонда ўқиладиган икки ракат намоздир.
— Хусуф намози қаерда ва қандай ўқилади?
— Ҳар ким ўз уйида ёлғиз-ёлғиз ўқийди.
— Ушбу кусуф ва хусуф нима сабабдан бўлади?
— Ҳар иккиси Аллоҳ таолонинг қудрати асаридир. Уларнинг сабабларини тафтиш қилиш бизларнинг вазифамиз эмасдир.
— Кусуф ва хусуф бўлган вақтларда нима учун намоз ўқилади?
— Шу қадар зўр махлуқларнинг нурлари кетишидан ибратланиб, уларнинг нурли бўлиши бандаларга ғоятда фойдали улуғ неъмат эканини хотирга тушириб, шукр қилиш учун намоз ўқилади.
▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев