-------------------------------
Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб, “Эй Оиша, мендан хоҳлаган нарсангни сўра” дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни қасд қилдилар ва “Бу борада отам билан маслаҳатлашсам” дедилар. Чунончи Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеъани баён қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
- “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра” дедилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- “Раббим менга меърож кечасида “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта жаннатий бўлади” деди”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган эдилар Абу Бакр қаттиқ йиғладилар. Оиша розияллоҳу анҳо:
- “Нега йиғлайсиз, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми” деганларида, “Бу, мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса, дўзахийдир”, дегани бўлади – дедилар.
__________________ =================
АСТАҒФИРУЛЛОҲАЛ ЪАЗИЙМ ВА АТУБУ ИЛАЙҲ
БУЮК ФАЗЛ.
“Ҳасбунада”ги буюк фазлни биласизми?!!
Бу, ўтган пайғамбарларнинг суннати, қалбларни ларзага солувчи дуо. У билан мазлум қўлларини самога кўтарганча Парвардигорига арз қилади. У билан изтироб чекаётган қалб, Раббисидан мадад истаб Унга ҳитоб қилади.
“Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил”
У зулмга карши Аллоҳнинг қиличидир. Ғам-ташвишлардан қутилишнинг асосий сабаби. Илоҳий таскиннинг калитидир. Зотан, улул-азм пайғамбарлар у билан ёрдам сўраб Аллоҳга мурожаат қилдилар. У Аллоҳга ҳақиқий таваккулни ўз ичига олади.
“Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил”
Бу муборак калимани Иброҳим алайҳис- салом оловга отилган вақтларида само ва ер орасида айтганлар. Аллоҳ ул зотга нажот берди.
“Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил”
Бу муборак калимани Муҳаммад алайҳис- салом душманлар устиларига ёпирилиб келган пайтларида айтганлар. Аллоҳ ул зотга нусрат ато этди.
“Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил”
Бу муборак калимани саҳобалар, қачонки Макка аҳли уларни тор-мор қилиш учун қўшин тортиб келганларида, мунофиқлар мусулмонларни қўрқитган пайтда айтган эдилар. Бу ҳолат Қуръони каримда қуйдагича баён қилинган.
«Ундай зотларга айрим кимсалар: «(Қурайш) одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; бас, улардан қўрқингиз!» деганларида, (бу гап) уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли вакилдир!» дедилар.(Ол Имрон 173-174).
Қатода айтади: «Бу Уҳуд жангидан кейин бўлган эди. Абу Суфён ва ҳамроҳлари қайтиб кетгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳнинг буйруғи учун бел боғлаб, душманни таъқиб қиладиган бир гуруҳ йўқми? Бу иш душманга ёмон зарба бўлиб, ҳар хил мишмишларга тўсиқ бўларди», дедилар. Шунда мусулмонлардан бир гуруҳи Аллоҳ ўзи биладиган жароҳат машаққатларига қарамай йўлга тушди. Зул Ҳулайфага етиб боришгач, Аъробийлар ва одамлар уларнинг олдига келиб Абу Суфён сизга қарши кўп одамлар билан келяпти», дейишди. Улар эса: «Аллоҳ бизга кифоядир, У қандай ҳам яхши Вакилдир», дейишди. Шунда Аллоҳ улар ҳақида ушбу оятни «...Аллоҳ улуғ фазл Эгасидир», оятигача нозил қилди».
Аксар инсонлар бу дуонинг маъно-мазмунини тушуниб тушунмай айтиб юрадилар. Лекин шунга қарамай уламолар айтадиларки, “Ҳасбуна” – бу кифоя қилиш бўлиб, мўминни ҳавотирга солган, уни ташвишлантиган, маҳзун қилган, қалбига ғам-қайғу солган ҳар бир эътиборга молик холатларни ўз ичига олади”.
Солиҳлардан бири айтмишлар: (Бир нарсадан) қўрққану, лекин “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” сўзига таянмаган кишидан ажабландим”.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Менинг умматим раҳм қилинган умматдир, унга охиратда азоб йўқдир. Унинг азоби – бу дунёдаги фитналар, зилзилалар ва урушлардир».
(Абу Довуд ривояти.)


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев