---------
Абул Малийҳдан, у ўз қавмидан бўлган бир кишидан (у суҳбат топган эди) ривоят қилади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ қачон бир банданинг жонини бир ерда олишни ирода қилса, унинг ҳожатини ўша ерга тушириб қўяди", дедилар".
Шарҳ: Демак, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра банданинг ажали бирор жойда етиши керак бўлса, шу кишининг бир ҳожатини ўша ерга тушириб қўяр экан, банда ўша ҳожатини раво қиламан деб шу жойга бориб, қазоси етар экан.
Ҳақиқатан ҳам, бу иш тажрибада жуда кўп кўрилади. Баъзилар босиб қолай деб турган уйдан чиқиб кета туриб, яна қайси бир арзимас сабаб билан қайтиб кирганда, деворнинг остида қолиб кетади.
Фаровон яшаб турган юртидан бошқа ерларга ниманидир олиб келмоқчи бўлиб кетган киши ўша нарсага эришай деганда қазоси етиб, вафот этгани каби жуда кўп воқеаларни эшитамиз.
Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ҳикмати, иродаси билан бўладиган, тақдири азалда битиб қўйилган қазои қадарнинг рўёбга чиқишидир.
"Одоблар хазинаси" китобидан.
•••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄•••••
ТАОМ ЕСА, ХОДИМИНИ БИРГА ЎТИРҒИЗАДИМИ?
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангизнинг ходими таомини олдига олиб келса, уни ҳам ўзи билан ўтирғизсин. Агар ҳодим кўнмаса, таомдан унга узатсин", дедилар".
Шарҳ:
Таом олиб келган ходимга: "Кел, ўзинг ҳам ўтир, бирга еймиз", деб таклиф қилиш Ислом одобларидан экан. Агар ходим бирор сабаб билан бундан бош тортса ҳам, барибир, таомдан озгина едириб қўйиш матлуб исломий одатлардан экан.
Абу Маҳзурадан ривоят қилинади:
"Умар розияллоҳу анҳунинг ёнида ўтирган эдим. Сафвон ибн Умайя каттакон мис лаганда таом олиб келди. Идишни бир неча киши абоага солиб, кўтариб келиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига қўйишди.
Умар ўз атрофидаги мискинлар ва қулларни чақирди. Уларнинг барчаси у билан овқатланишди.
Шунда у:
"Ўз қуллари билан таом ейишдан юз ўгирган қавмни Аллоҳ ундай қилсин, бундай қилсин", деди.
Шунда Сафвон:
"Йўқ"! Аллоҳга қасамки, биз улардан юз ўгирмаймиз, лекин ўзимизни устун қўямиз, холос. Аллоҳга қасамки, яхши таомдан ўзимиз ҳам еб, уларга ҳам берадиганини топа олмаймиз", деди".
Шарҳ:
Абоа - жундан тикилган, чопонга ўхшаш устки кийим.
Кўриниб турибдики, мўмин-мусулмон одам айниқса таом масаласида қулларни, ходимларни паст санамаслиги, аксинча, таом пайтида уларни ўзига тенг кўриб, кўнглини олиши лозим.
"Одоблар хазинаси" китобидан.
----------- ////// ------------
Луқмони ҳаким ўғлига насиҳат қилиб, шундай деди:
“Эй ўғлим! Поклиги йўқ кишининг иффати , (ёмонликлардан сақланиш),
Садоқати йўқ кишининг мардлиги йўқ.
Илмдан манфаатли хазина, одобдан фойдали нарса йўқ. Ақлдан зийнатли дўст, ўлимдан яқинроқ ғойиб йўқ. Ростгўйликдан нафлироқ ҳеч нарса, ёлғондан ёмонроқ ҳеч гуноҳ йўқ. Жим туришдан афзалроқ ибодат йўқ, бахилликдан хунукроқ уят йўқ”.
•••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄•••••
БОЛАНИНГ ТАНГЛАЙИНИ КЎТАРИШ
Анасдан ривоят қилинади:
"Абдуллоҳ ибн Абу Толҳа туғилган куни уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ридода туяларига қатрон суртаётган эканлар. У зот:
"Ўзинг билан хурмо олиб келганмисан?" дедилар.
"Ҳа", дедим ва хурмоларни у зотга узатдим. Шунда уларни чайнадилар. Кейин гўдакнинг оғзини очиб, уни солдилар. Гўдак тамшанди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ансорларнинг хурмога бўлган муҳаббатини қаранглар", дедилар ва уни Абдуллоҳ деб атадилар".
Шарҳ:
Анас ибн Моликнинг она бир укалари Абдуллоҳ туғилганда оналари чақалоқни йўргаклаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришни буюрибдилар.
Ҳазрати Анас укаларини олиб борсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ридони кийиб олиб, туяларига қараётган эканлар.
Ҳазрати Анасни кўргач, у зот: "Хурмо олиб келдингми?" деб сўрабдилар. Ҳазрати Анас: "Ҳа", деб, олиб келган хурмоларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берибдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони оғизларига солиб чайнаб, сўнг у билан чақалоқнинг танглайини кўтарибдилар. Чақалоқ хурмонинг мазасини ҳис қилиб, тамшанибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ансорий-да, хурмони яхши кўради", дебдилар ва унга Абдуллоҳ деб исм қўйибдилар.
Чақалоқнинг танглайини кўтариш ана шундай бўлар экан.
"Одоблар хазинаси" китобидан.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев