#Ҳадис_1085
Абу Саъид ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, Аллоҳ қиёмат куни бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа, бир нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировнинг шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат зотдир» деб нидо қилади», дедилар».
(Имом Термизий ривоят қилган).
Шарҳ:
Бу ҳадиси шариф Абу Саъид Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида риёкор шахслар қиёмат куни шарманда бўлишларини ажойиб услуб билан баён қилмоқдалар.
«Қачонки, Аллоҳ қиёмат куни бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа».
Қиёмат қоим бўлишига шак-шубҳа йўқ. Бир вақт келиб, у албатта қоим бўлади. Ўша куни Аллоҳ таоло ҳамма халойиқни жамлайди. Ҳеч ким четда қолмайди. Ҳамма-ҳамма – Одам Атодан тортиб, қиёмат қоим бўлиш соатигача ўтган барча одамлар тирилиб, маҳшаргоҳга йиғиладилар. Ҳамма тақдирга тан бериб, Аллоҳнинг марҳаматини зор бўлиб кутадилар. Қилган амалларимдан бирортаси савобга илиниб қолармикан, деб умид қиладилар. Ҳамма шундай хору зорлик ҳолатида турганда бир жарчи ҳаммага эшиттириб: «Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат зотдир», деб нидо қилади». Демак, ким риёкорлик қилган бўлса, ўша амалига қиёмат куни Аллоҳдан ажру савоб оламан, деб умид қилмасин.
У ўз амалига ўша рози қилмоқчи бўлганларидан савоб сўрасин. Одамларни рози қиламан, деган бўлса ўшалардан, мансабдорни рози қиламан, деган бўлса мансабдордан, яна бошқа кимнидир рози қилишни ният қилган бўлса, ўшалардан савоб кутсин. Уларнинг ўзлари ёрдамга муҳтож бўлиб турибдилар-ку, қандоқ қилиб бошқанинг ташвишини қила олар эканлар?! Аллоҳ шерикка ҳожати йўқ зот. Кимки унга ўз амалида шерик келтирган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ҳам, амалидан ҳам воз кечади. Уни ҳам, амалини ҳам тарк этади. Қиёмат куни шарманда бўлмайлик десак, ихлос билан, риёсиз, фақат Аллоҳ таолонинг, ёлғиз Ўзининг розилигини кўзлаб иш қилишга одатланайлик, ушбу ҳадисларга қатъий амал қилайлик!
🌷🌷🌷
#Ҳадис_1082
Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Уч нарсага қасам ичаман:
«Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур.
Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар» (ёки шунга ўхшаш бир калима).
Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар:
«Албатта, дунё тўрт нафарникидир:Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир.
Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир.
Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган тамонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир.
Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир», дедилар».
(Имом Термизий ривоят қилган).
🌷🌷🌷


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев