
---
Аёл кишига Аллоҳ таоло тоат борасида икки масъулиятни юклайди. Биринчиси, жуфти учун маънавий ва руҳий хотиржамлик, сукунат бўлиш. Иккинчиси, фарзанд дунёга келтириш, ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатларидир.
Шариатимизда шу залворли машаққатлар муқобилига бир нечта масалада аёлларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати эътиборга олиниб, уларга икром кўрсатилган. Уламолар айтишади: "Мусулмон аёл билан жаннат ўртасидаги масофа бир қадамдир". Яъни мусулмон аёлнинг жаннатга кириши осон аммо ўша бир қадамнинг ичида эрининг розилиги ҳaм бўлади. Ҳаётнинг турли жабҳаларида жавобгарлик эркак кишига юклатилган аёлларга эмас. Аллоҳ таоло ўз каломида: «Эркаклар аёлларга раҳбардирлар» (Нисо сураси 34-оят).
Исломда аёллар таълим олиш ҳуқуқига эгадир. Саййида Оиша онамиз фатво берувчи саҳобиялар орасида саҳобаларга фатво берувчи бўлганликлари, аёлларга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг илм мажлисларини ташкил қилиб берганликлари бунга мисолдир. Бу эса динимизнинг аёлларга бўлган икроми ҳурматидир.
Аёллар таълимига алоҳида эътибор бериш керак. Шундай замонлар бўлдики, аёллар ўқитилмади. Аёл кишининг ўқимагани маъқул кўрилди. Ва ҳозир ҳам аёлларнинг илмсиз бўлишини тарғиб қилаётганлар йўқ эмас. Ислом доим бу нарсага қарши бўлган. Ислом дини ҳар доим аёл кишининг илмли бўлишини тарғиб қилган. Чунки аёл илмли бўлса, уммат илмли бўлади. Болаларга Қуръонни ўргатишда уларга ҳарфларни танитиш учун аёл устозаларга мурожаат кўп қилинади. Негаки, кўп эркак қориларнинг болага ҳарф танитишдаги сабри камлик қилади. Бола ҳарфни танигач, эркак қориларга Қуръонни мукаммал ўрганиши учун берилади. Аёлнинг таълим олиши ва сабрли бўлиши ҳар доим эзгуликка хизмат қилади.
Исломда аёлларга ҳалол касб қилиш ва унда ишлаш ҳаққи берилган. Бунга мисол кўп меҳнат қилган, сахийлик, садақа ва эҳсон қилишда ўрнак бўлган Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳони олишимиз мумкин.
Қолаверса аёлларга маҳрларини мамнуният билан бериш лозим. Қизғаниб, оғриниб берманг. Аёлларга совға берганингизда ҳам мамнуният билан беринг. Улар бундан хурсанд бўлади. Чунки аёл табиати бундай нарсаларга яъни меҳрга мойилдир. Аёлларга оддий гул берсангиз ҳам хурсанд бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир» дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Биз ғарб этика ва эститикасини ўқиганмиз. Аслида этика ва эстетикани Ислом дунёга ўргатган. Ғарбликлар аёлларга машинанинг эшигини очиб беришни аёлга икром деб билади. Ваҳоланки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари туяга чиқиши учун ўзларининг муборак тиззаларини тутганлар. Бу аёлга бўлган икромнинг энг юксак намуналаридан биридир.
Баъзилар эса гул беришни ғарбга тақлид дейишади. Аслида бу қараш қанчалик тўғри? Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимга агар райҳон берилса, уни қайтармасин. Чунки райҳон ҳиди ширин, ўзи эса енгил нарсадир» дедилар”. (Имом Муслим ривояти) Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг икки ўрнида бу ўсимликни зикр қилган.
Аёлнинг табиати ҳар доим ўз жуфтидан меҳр ва эътибор талаб қилади. Ширин сўз, табассум билан бўлса ҳам аёлингизни хурсанд қилинг.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев