
------
Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида хабар бера туриб: «Инсонларга риё қиладилар», дейди. Яъни, уларнинг намоз ўқишдан кўзлаган мақсадлари – Аллоҳнинг юзи эмас, балки одамлар кўриб, эшитишлари – хўжакўрсин учундир.
«Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. – Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир.– Ва улар қачон намозга турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турадилар ва Аллоҳни камдан-кам эслайдилар» (Нисо сураси, 142).
«Намозларини «унутиб» қўядиган «намозхон»ларга вайл бўлсин» (Моъун сураси, 4-оят). Намозларига бепарво, енгилтаклик қилиб уни ўз вақтидан кечиктириб ўқийдиган кимсаларга ҳалокат, азоб бўлсин. «... улар риёкорлик қиладиган кимсалардир». Улар одамлар кўз ўнгида «солиҳ» деб айтишлари учун намоз ўқийдилар, «тақводор» деб ном қозониш учун хушуъли ва ҳузуъли бўлиб кўринадилар ва «сахий» деган ном олиш учун эҳсон-садақа қиладилар. Уларнинг ҳар бир амаллари риё ва ном қозониш учундир.
«Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгайки; Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) манъ қиладиган (яъни, бирон кишига фойдалари тегмайдиган) кимсалардир!» (Моъун сураси, 4-7).
Одамларга кундалик рўзғор буюмлари – болта, арра, игна, қозон каби нарсаларни ҳам бериб турмайдилар.
«Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг...» (Бақара сураси, 264).
Яъни, риёкор риё қилгани сабабли инфоқ-эҳсонларини йўққа чиқаргани сингари, сизлар ҳам миннат ва озор билан қилган садақотларингиз ажридан маҳрум бўлиб қолманг, дейилмоқда.
«Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини Ўлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф сураси, 110).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида биринчи бўлиб ҳукм (ҳисоб-китоб) қилинадиган кимса – шаҳид киши. Уни келтиришади, сўнг Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. «Булар эвазига нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сенинг йўлингда жанг қилдим, ҳаттоки шаҳид бўлдим», дейди. «Ёлғон айтдинг, сен «фалончи журъатли» деб айтишлари учун жанг қилдинг. Сен истаган нарса айтилди», дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади. Кейин илм ўрганиб, ўргатган ва Қуръон ўқиган кишини келтиришади. Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. «Булар эвазига нима қилдинг?» деб сўрайди ундан. «Сен учун илм ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди. «Ёлғон айтдинг, сен олим, деб айтишлари учун илм ўргандинг ва қори деб айтишлари учун Қуръон ўқидинг. Бу гап айтилди», дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади. Кейин Аллоҳ ризқини кенг қилиб қўйган, турли туман мол-дунё ато этган кишини келтирадилар. Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. «Булар эвазига нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сен инфоқ-эҳсон қилинишини яхши кўрган бирор йўлни қолдирмасдан Сен учун инфоқ қилдим», дейди. «Ёлғон айтдинг, сен сахий, деб айтишлари учун шундай қилдинг. Бу нарса айтилди», дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади» (Муслим, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир!»
Яна: «Сизлар хусусингизда қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичкина ширк», дедилар. «Кичкина ширк нима?» дейишди. «Риё» дедилар.
Яна: «Инсонлар амалларига яраша жазо-мукофот олган вақтида Аллоҳ таоло (риёкорларга): «Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшаларга боринглар. Қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирон мукофот топармикансиз?!» дейди», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Аллоҳ таоло: «Мен шерикларнинг ширкдан беҳожатроғиман. Кимки Мен учун бирон амални қилса, унда бошқани Менга шерик қилса, Мен ундан беҳожатман. У ўша «шерик» учундир», деди» (Ибн Можа ривояти).


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев