МУҲАММАД ЮСУФНИНГ СЕВИНЧИ ВА АРМОНЛАРИ
Муҳаммад Юсуф покиза инсон эди. У одамларнинг эсини оғдирган, ўйлатган, кулдирган, йиғлатган, топган-тутганини одамлар устидан сочган сахийлик тимсоли эди. Муҳаммад ҳаммани ўзига дўст деб биларди. Ҳеч кимни бегона қилмасди. Қўлида борини дўстларига тарқатмагунча, чўнтаги бўшаб қолмагунча кўнгли тўлмасди. Муҳаммад Юсуф тез оғизга тушди. Бирорта шоир унчалик тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган. Очиғини айтсам, Муҳаммадга кўз тегди... Муҳаммад юракларни ўртаб кетди. Энди шоирнинг ўзи йўқ. Аммо Муҳаммад Юсуф аталмиш шеърият бор. Бу шеърият асло завол билмайди.
Саид АҲМАД,
Ўзбекистон Қаҳрамони
Муҳаммад Юсуф – ҳаққоний ўзбекона, халқона шоир. «Халқона» сўзи икки сўздан – «халқ» ва «она»дан келади. Муҳаммад Юсуфнинг тафаккурида улар жонбахш бир тарзда уйғунлашгандир. Ватан ҳақида шунчаки ёзиб бўлмайди, юрт мавзуси ҳар қандай шоирнинг қудрати ёки заифлигини шундоқ кўрсатиб қўядиган мавзудир. Ҳар ким ҳам юрак ютиб ёзиши қийин. Ларошфуконинг бир ҳикмати бор: «Ёлғонни равон ёзсанг, ўзини фош қилади». Ёлғон фош бўлмаслик учун чиройли бўяб-бежалади, тимсоллардан либос кияди. Ростнинг ошкор бўлиб қолишдан хавотири йўқ, ҳақиқат турланиб-тусланишга эҳтиёжсиздир. Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги шеърлари ҳам ясама эмас, кўнгилдан оққандир, шунинг учун ойдину равондир ва шу ойдину равонлиги ила гўзалдир.
Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ва халққа бўлган чексиз меҳру муҳаббатига шубҳа йўқ ва ана шу муҳаббат унга халққа рост сўзни куюнчаклик билан оломон бўлма, «халқ бўл, элим» деб айтиш ҳуқуқини беради.
Бўлар элнинг болалари бир-бирин дер,
Бўлмас элнинг болалари бир-бирин ер,
Бир бўл энди, қадри баланд қаддингни кер,
Халқ бўл элим, халқ бўл элим, халқ бўл элим!
Муҳаммад Юсуфнинг исму шарифи икки пайғамбарнинг – Муҳаммад алайҳиссалом ва Юсуф алайҳиссаломнинг исмларидан келадиган илоҳий рамзлиги ҳам бежиз эмасдир.
1.Муҳаммаднинг муҳаббати
Муҳаммад Юсуф шеъриятининг бош мезони – муҳаббатдир. Ва бу муҳаббат «осмонга бўй чўзга оқтерак ўлка»га, «довруғу ҳам дарди бор» халққа, «кўзи йўлда қолган» онага, «кўк кўлдаги тиниб қолган сувпари» ёрга, «қирларида беарқон туёқлари чақноқ қулунлар» кезган ерга, шу заминдаги «кўкидан бир чимдим» тутган ҳар бир гиёҳу «кўзи ёшга тўла жайрон»ларга, қурт-қумурсқага бўлган муҳаббатдир. Зеро «йиллар тўзони», «инсоннинг яхши-ёмони» ўтар, «самонинг кўз ёши – юлдузлар» охир тўкилиб кетар, «келганда ҳам қиёмат охир, меҳр қолурп, муҳаббат қолур».
Унинг шеърларини катта-кичик бари ёд билади, уни давлат раҳбарларидан тортиб тоғдаги чўпонгача эҳтиром билан қадрлайди. Бу бежиз эмас – унинг шеърларидаги дард одамларнинг дардидир. Бу дард жонга тегмайди. Абдурауф Фитратнинг лутфича: «Шарқнинг виқорида ҳасрат, қайғусида виқор мужассамдир». У севганига теголмай, кейин фарзандига исмини қўйган келинларнинг, ота уйидан кетиш қисматига битилган сингилларнинг, «ота уйда умри тушдайгина» ўтган сингиллари учун «ёлғиз ака бўлиб, ёнида юролмаган» акаларнинг, иш баҳона «бир парча юраги минг пора», «ортидан оввора» онасини бир кўргани боролмаётганидан минг ҳижолат ўғилларнинг, «Озодани севишини хотини ҳам биладиган», лекин «ҳар куни бир кўчасидан ўтмаса сира бўлмайди»ган, «кўнлида – бир ёр, қўйнида – бир ёр» ошиқларнинг ҳам шоиридир.
Муҳаммад Юсуфнинг шеъриятга муҳаббати ўзгача эди. Унингча, шеърият бу «ширин азоб экан, жонни ёқмоқ экан, бир қўлда гул, бир қўлингда чақмоқ экан».
Муҳаммад ёрига қарата «сени ҳеч ким севолмайди менингдек» деса ишонасан, киши. Чунки унинг ишқи илоҳий, беғараз ишқдир. У ёрни ҳам «ўпай деса – пешонаси йўқ», «тегса – тўкиладиган» лолақизғалдоғни севгандай «аяб» севади.
Жонингга жон бўлмайман-у, севаман,
Ёнингга бир келмайман-у, севаман.
Исмингни ҳам билмайман-у, севаман,
Сени ҳеч ким севолмайди менингдек.
Муҳаммад Юсуфнинг эътирофича, ҳар бир шоир «куйган кўнгилларнинг ноласи, ғариб оналарнинг ғариб боласи», ҳам «буюкларнинг буюги», ҳам «жами бечоралар бечораси», шоир гоҳо одамлардан тополмаган меҳрини қушлардан, тоғу тошлардан сўраса ҳам, бу унга ярашади, малол келмайди. «Туғилгандан мен шўрликнинг бағрим қон, Бир жисмимда талашади икки жон. Жон талашсам, тепамда чарх урган шу Капалаклар одамлардан меҳрибон». Чунки, разм солиб қарасанг, уларнинг «на кулбаси, уйи йўқ», на қўшиғи, «на товуши,куйи йўқ». Зеро, «капалакнинг камбағали, бойи йўқ».
Албатта, дунёнинг жонзотлари - Муҳаммад Юсуфнинг тимсолларидир. У ялпизга «жилға бўйида сарғайган синглим» деб ўтинади, «эрка кийик»ка қарата «бу дунёда бирдай ғариб мен ҳам, сен ҳам» дея эркаланади, «сенинг жонинг, менинг жоним – омонат жон» деб иқрор бўлади.
2. «Нечун қуллуқ қилмай Андижонгша мен!»
Муҳаммад Юсуф маҳаллийчиликни ёмон кўрар эди. Унинг «халқ бўл, элим» деган даъватида ҳам юртни бутун, миллатни якдил кўриш истаги барқ ураиб туради. Самарқандни севарди, борса «Улуғбекни кўрмай қайтмас»ди, Бухоро минораларига уя қўйган лайлакларга дарё меҳри бор эди, Файзулла Хўжаевнинг юртига атаб достон битганди, юрт кезарди, ҳатто сўнги кунини ҳам олис Элликқалъада ўтказди.
Шоирнинг она юрти Андижонга ҳам ўзгача меҳри бор эди. «Кўнглида кўкарган дала»сига, «йўлига термулиб толган чорбоғ»ларга, шоир «соғинмаса ҳам шоирини соғинадиган момоқаймоқлар»га муҳаббати ўзгача эди.
Сайлаб юрт ажратмоқ феълимга йироқ,
Бухор минорлари кўнглим этар тоғ,
Менга Самарқанд ҳам азиздир, бироқ -
Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен!
Дунёга «Бобурдек шоҳларни берган», Нодирабегимнинг «сочларин ўрган» бу қадим қўрғон - Андижоннинг тупроғи жаннатдек «ғамза этиши» унга севинч бахш этарди. Андижонни, онасини тез соғинарди. Бориб қайтса ҳам, кун ўтиб қўмсарди, эҳтимол, бориб туриб ҳам соғинарди. Бу «Чўлпони ёдидан чиқмаган диёр»га «кузда кетган турна баҳор қайтгандек» бир куни қайтишини айтарди.
Муҳаммад Юсуф улкан тарихий хотира шоиридир. У юртни севар экан, унинг оғриқли тарихини четлаб ўтмайди, ундан сабоқ чиқаришга даъват қилади ва бунинг учун аччиқ таъналар ҳам қилади. Бу оғринишлар, куюнишлар юртига бўлган улкан муҳаббатидан, Андижонни мукаммал кўриш истагидандир. Буюк фарзандларнинг юрт бошига сиғмагани уни қаттиқ ўртайди.
«Оллоҳ-ку Анжонда қормиш лойини, Нодиранг на қилсин хон саройини?» - дея Боғишамол бўлиб йиғлаган диёрга юкинади, «ҳаттоки қаландар Машраби талош»лигидан, юртга «Бобури сиғмаган»лигидан ўкинади.
Ўзинг улқайтирган ниҳолингга боқ,
На бўйинг етар, на қўлинг етади.
Болангдан шоҳ чиқса – ўзга юртда шоҳ,
Шоир чиқса, бари дайдиб кетади.
Гоҳо койимайсан гапга кирмаса,
Гоҳо бошин силаб, йўлга солмайсан.
Тақдирдан нолийсан, худо бермаса,
Худо берганини асрай олмайсан.
Бешафқат, аммо рост сўзлар! Шоир «Андижонда Тожмаҳал йўқ»лигига кўнолмайди: «Балки аҳил бўлсанг, сал кенгроқ бўлсанг Бағрингда бўларди Тожимаҳаллар». Энди «қирқ йил чорласак ҳам» Бобур гўрдан чиқмайди, «чиқса ҳам бағрингга сиғмайди», абадий «Ҳинду тупроғида ухлайди». Сўнг «қайинзор қаъридан узилар бир ўқ... Чўлпонинг бор эди, Чўлпон энди йўқ. Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?»
Муҳаммад Юсуф бу оғир сўзлари учун элига узрхоҳлик билан лутф ҳам қилади:
Узр, гар оғринсанг елкамга бош қўй,
Шод кунинг кўнглингни мен билан чоғла.
Бобурга илинсанг, менга қовун сўй,
Чўлпонни соғинсанг, мени қучоқла.
Муҳаммад Юсуф Бобурни кўп ёдларди, иззатларди. Ҳатто ўғлига «Бобур» деб исм қўйганди. Ўзи ҳам Бобурнинг ёшида – 47 ёшида оламдан ўтди.
3. «Мингтепани атайлик ўз номи билан...»
Муҳаммад Юсуфнинг яна бир армонини бугун амалга оширмоқ фурсатидир. Шоир ўз туғилиб ўсган юрти Марҳаматга унинг тарихий номи – Мингтепани қайтаришни орзу қилганди. Камина «Ҳуррият» газетасида ишлаганимда у шу масалада хат ёзиб келган: «Марҳаматни номини одамлари «Пожалуйста!», «Марҳамат!» деб турсин дея мустамлакачи Горчаков қўйган» дерди, бу ҳақда шеър ҳам ёзиб берганди. Мана, ўша шеър:
Ҳар кимса ҳам от қўйсин ўз узлатига,
Ҳар кимга ўз уйи азиз томи билан.
Зор қилмасин бировнинг «марҳамат»ига –
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
Эркли элда эркадир ҳар жони муслим,
Ҳар юртнинг ўз эли муслим, жони муслим.
Ҳар келгинди келса ўзгармасин исмим,
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
Қандай алам отимизни қўйса ёвлар,
Марғилонлар қаерда-ю Горчаковлар?
Бизни азал буколмаган бу синовлар,
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
Унутми ё бу гўшада оққан қонлар,
Бешигида чирқиллаган болажонлар.
Қўзғалонлар нега бўлди, қўзғалонлар?
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
Соғинчлар-ку, санчиқ бўлиб ботар жонга,
Муштоқман-у, боргим келмас Андижонга.
Борсам кўзим тушгай тағин бир майдонга,
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
Ҳар ким ўзи қўйсин от ўз неъматига,
Мард ястанмас номардларнинг наматига.
Ҳеч бўлмаса, Дукчи эшон ҳурматига
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
Бугун Куйбишев тумани Мирзо Улуғбек, Акмал Икромов тумани Учтепа деб қайта номланаётган бир пайтда Муҳаммад Юсуфнинг бу тилаги ҳам амалга оширилса, ажаб эмас.
4. «Ҳали биз ҳаммадан ўтамиз, қизим...»
Муҳаммад Юсуф «Шоирларнинг оналарига қийин. Болаларига эса яна қийин. Хўш, шоирнинг ўзига осонми?» - деб ёзган ери бор. – Бир кунгина тонгдан шомгача хурсанд юрган шоирни топиб беринг-чи, менга. Уни менинг олдимга етаклаб келган қўлингиздан ўпаман... Тополмайсиз. Овора бўлманг. Мабодо топсангиз ҳам, у шоир эмас».
Рим клуби олимларидан бир гуруҳи дунёнинг глобал муаммолари бўйича татқиқот олиб борар экан, бир нарсага эътибор қаратадилар. Инсонларнинг тўқсон фоизи фақат бугунни ўйлар эканлар. Яна тўққиз фоиз одам яқин бир йилни ўйлаб, режа қилар экан. Яна қолган бир фоизнинг ўндан тўққизи узоғи билан ўн йилга мўлжал оларкан. Фақат 0,1% одамгина юз йил, минг йилдан сўнг нима бўлади, деган фикрга борар экан. Муҳаммад Юсуф ана шу ноёб одамлар сирасига кирарди. У биз билмаган ниманидир билардики, одамларни бирлаштириб қолишга, ҳаётнинг қадрини етишга ундарди. У изчил ўлим сезгиси билан ҳам яшади гўё. Зеро, энг бахтиёр бир шеърда ҳам тўсатдан сўнги кунни эслаб қоларди.
«Ўлсаму унутсанг мендай йигитни, Ёғар йўлларингга афсус-андуҳим», «Тузалмайди дардим менинг, Ўлсам керак. Тупроқ билан оға-ини бўлсам керак. Ўлим нима? Бу ҳам битта сайр, она. Ўғлинг қаро ерга кетди, Хайр, она...» - бу сатрларни у жуда эрта битганди. У эрта ўлсам, қизларимга оғир бўлади, деган фикрни кўп такрорларди: «Қўрқаман, эртага мен ўлиб кетсам, Ётар бўлсам, қумга ботиб кўзларим, Кўнглимни кўчкидай босади бир ғам – Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим...»
Муҳаммад Юсуф қизи Мадина гўдаклигида йиғлаб, шеър ёздирмаганида шундай ёзганди: «Йиғлаб ёздирмасанг айланай ўзим, Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим». Бугун мадинанинг ўзи ҳам шеърлар ёзмоқда. Мана, Мадинанинг айрим сатрлари:
Етмиш юлдуз ёғилиб,
Ярим ойча тўлолмас.
Етти оға йиғилиб,
Битта ота бўлолмас.
Ҳеч ким сенинг ҳолингни
Отадайин бўлолмас...
5. «Ўтинчим – тепамда йиғлама узоқ».
Шавкат Раҳмоннинг ўлимига битган марсияси – «Лолақизғалдоқ» шеъри Муҳаммад Юсуфнинг ҳам васияти бўлиб жаранглайди энди. Шоир кўкда учган турналарга қараб:
Уларни мен яна
Кўрарманми-а,
Айвондан одамдек
Кузатолмадим.
Куз. Тўйлар бошланди.
Юрагим пора –
Битта қизимни ҳам узатолмадим.
Демак, тақдир экан
Тўй кўрмай ўлмоҳ,
Лола, лолагинам,
Лолақизғалдоқ.
Аммо, шоир некбиндир:
Бироқ, кўнглим сезар –
Мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига
Одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб
Чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим
Энг бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги
Руҳимдай оппоқ -
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ.
Ҳа, шоирнинг ўғли Бобур уйланди, уйига келин тушди. Яқинда Муҳаммад Юсуф набиралик ҳам бўлди.
Абдулкарим БАҲРИДДИН
ШОИР ҲАҚИДА СЎЗЛАР:
«Бу озғингина, қорачагина йигитча бир кўришдаёқ мени ўзига тортган эди. Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқчиманки, инсон умрининг охиригача илм ўрганади, ҳаёт дарсини ўрганади. Аммо шеър ёзиш имлми шундай илмки, уни ўрганиб бўлмайди. У туғма бўлиши керак. Муҳаммал туғма истеъдод соҳиби эди... У жуда тез оғизга тушди. Муҳаммаджон бугун орамизда йўқ. Аммо устозлари, яқинлари, фарзандлари хотирасида яхши ишлари, хокисорлиги, меҳрибонлиги билан муҳрланиб қолган бўлса, шахсан таниган-танимаган мухлислари тасаввурида йиғлатадиган, ўйлатадиган, эзгуликка етаклайдиган шуъру қўшиқлари билан яшаб қолади».
Эркин Воҳидов,
Ўзбекистон Қаҳрамони
«Муҳаммад Юсуф хокисор инсон эди, миллатпарвар, ғурурли шоир эди. Босмадан чиққан китоблари, қўшиқлари билан мақтанмас эди-ю, қизларини жуда яхши кўрар, «худди ўзимга ўхшашади», дея мақтаниб юрарди. Онасини қанчалик ардоқлаб, фарзандлик бурчини бор меҳри билан адо этган бўлса-да, «мен онамнинг дарди бўлдим-да», деб армон қиларди... Дўстларга садоқатли эди. Тўғри гапни шартта айтарди. Унинг чўрткесарлиги шеърларига ҳам кўчган».
Ашурали Жўраев,
ёзувчи
Муҳаммад ака бағри кенг одам эди. «Ёшлик» журналига онда-сонда бирон ёш ижодкорнинг машқларини тавсия қилиб қолар экан: «Шу боладан (ёки қиздан) бир нима чиқиб қолар», - дерди.
Инсоннинг кимлиги кўпроқ сафарда билинади, дейишади: қаерга бормайлик, Муҳаммад Юсуфни ҳамма танир, Муҳаммад ака меҳмон бўлиб, мулозамат қилар, мезбонларга ҳам аввал бизни таништираркан, мақтовни сал кўпроқ қилар ва албатта: «Мен шу болани яхши кўраман», - деб қўярди».
Абдуқаюм Йўлдошев,
ёзувчи.
«Муҳаммад Юсуф шарпа-шамолсиз, ўта камтар, камсуқум, камгап шоир эди. Ҳайъат, минбарларда ҳам ўзини олдинга урмас, бир чеккагагина дўнар эди. Шеърларини бақириб-чақириб ўқимас, ўзини бозорга солмас, шеърлари қандай қуймали, суймали бўлса, шундайлигича ўқир эди. Муҳаммад Юсуфнинг шеърияти тил жиҳатидан, миллий калорит жиҳатидан Маҳтумқули шеърияти билан бўй-бўйлаша олар эди. Муҳаммад Юсуф «Ўзбекмомо» шеърида «қирмоч» сўзини ишлатди. Ваҳоланки, бу сўзни жуда кўп ижодкорларимиз билишмайди. Бунинг сабаби эса ўчоқдан, ўтин(жалаза)дан, қозону қасқондан узоқлашиб кетганимизда. Ҳамма ёқ газлашган...
Давраларда кулибгина, жимгина ўтирар эди. Ваҳоланки, у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Раисининг муовини, Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис депутати – ҳокимият вакили эди. Каминанинг юбилейи пайти ёши катта, амалдор башара кишиларнинг бари уй ичида – меҳмонхонада эди. Ёш-яланглар билан хизматдагилар эса ҳовли сатҳидаги сўрида, Муҳаммад Юсуф ҳам шулар ичида эди. Кимдир Муҳаммад Юсуфни ичкарига таклиф қилди, катталар билан ўтираркансиз, деди. Шунда Муҳаммад Юсуф: «Мен халқ шоириман, халқ билан биргаман», - деб жавоб берди. Роса кулдик. Яна кимдир унинг жиғига тегди: «Ташқарининг дастурхони сал ғариброқ экан. Сиз ичкарига кирсангиз бўларди», - деди ҳижолат чекиб. Муҳаммад Юсуф унга яна жавоб берди: «Парво қилманг. Сиқилманг. Битта халқ шоирини боқиб ололмаган халқ халқми?! Ҳозир бизнинг дастурхон ҳам фаровон бўлиб кетади...». Яна роса кулдик. Одатда теран дарёлар тинч, соки оқади. Саёз анҳорчалар эса шовқин солади. Муҳаммад Юсуф чин маънодаги теран дарё эди. Теран дарёларнинг эса умри боқий бўлади».
Тўра Сулаймон,
шоир
«Мен Муҳаммад Юсуф истеъдодининг халқ орасида нечоғлик қадрланишини кўп кўрганман. Ахир у шу одамларнинг дарддош шоири эди-да. «Бригадир ака, мунча озғинсиз, Мунча бўлиқ ғўзаларингиз?!» - ҳам содда, ҳам самимий сатрлар. «Пахтани деб одамлар озиб-тўзиб кетди, одамларнинг қонини сўриб, пахталар семириб, тўлишиб кетди», - дегандай. Битта ўхшатиш билан халқ тақдири очиб бериляпти. Шўро пайтларида бунақа гапларни ёзиш – ўзига хос жасорат эди.
Қўшиқчи-бозорчи шоирлар унга ҳавас ҳам, ҳасад ҳам қилдилар. Ўзи тенгиларнинг қанча-қанчаси Муҳаммад Юсуфни «янги шеърият», модерн яратиш ишига ҳисса қўшмаётган санаб, яниб юрдилар. Ҳатто шунақаси ҳам бўлдики, орқаваротдан уни «рўзғорбоп шеърлар» ёзадиган шоир, деб ҳам гап қилдилар. Шоир эса уларнинг шеърларидаги қилиқларига есенинча қилиб, буларнинг йўлларида юриб кўрганмиз, қабилида гап қилди ва ўзининг халқона йўлдаги шеърларини ёзаверди».
Шукур Қурбон,
шоир.
«Чинакам шоирнинг қалбида аллақандай соҳир қуш доимо сайраб туради, деган гапни кўп бора эшитгандик. Ўша қуш айнан Муҳаммаджоннинг, Муҳаммад Юсуфнинг юрагида ошён қурганига мен астойдил ишонганман. Дарҳақиқат, у ўз элини, халқини, Ватанини чин фарзанддай, беғараз, сидқидилдан яхши кўрар эди...
Ҳали ёшлик йилларидаёқ бунчалик кўп мухлис орттирган, дўст-оғайниси бисёр ижодкорни кам кўрганман. Санъаткорлар унинг ҳар бир мисрасини созга солишга тайёр эдилар... Биринчи навбатда Муҳаммаджон яхши инсон эди. Яхши инсонларга эса бошқалар ҳамиша талпинадилар. У обрў талашмас, иззатини сўроқлаб югуриб юришдан ор қиларди. Худди шундай яхши инсонгина яхши ижодкор бўлиши табиий ва қонунийдир».
Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони
«Муҳаммад Юсуф деган шоир шеъриятга қандай кириб келганини адабиётимиз сезмай ҳам қолди. Аммо у тезда, ҳаммани ҳайрон қолдириб, оғизга тушиб кетди. Унинг ёзганлари ниҳоятда долзарб мавзуда, ўта жиддий, аммо халқ дилига жуда яқин, равон тилда ёзилган... Муҳаммаднинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзилганга ўхшаб туюлади. Аммо унга ўхшатиб ёзиб кўринг-чи? Қўлингиздан келмайди!
Муҳаммаджон камдан-кам туғиладиган истеъдод эгаси бўлиш билан бирга, камдан-кам шоирда учрайдиган хислат эгаси – шуҳратдан қочадиган камсуқум инсон эди. У шуҳратнинг эмас, шуҳрат унинг ортидан қувиб юрарди».
Озод Шарафиддинов,
Ўзбекистон Қаҳрамони
«Муҳаммад!
Бугун мен ҳам баъзан баланд давраларда, улуғ халқнинг сайлларида, тантаналарида, оддий кунларида Сизнинг етишмаётганингизни сезиб қоламан. Ахир, ким Сиздай мустақилликнинг илк аёзли давридаёқ: «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!» - дея кураш майдонига туша олган эди? Мен агар биз Сиздан Ватанни севишни, ёрни севишни, ардоқлашни, асрашни ўргандик десам, бу сўзимда муболаға йўқ...
Баъзан кечалари бир-иккиларда телефон жаранглаб қоларди: Ҳалима опа, мен шеърларингизни яхши кўраман. Сизни яхши кўраман...»
Маъюс куним кўзим тушса,
Куяр осмон, тушунмайсан.
Мени само тушунгайдир,
Сен, эй инсон, тушунмайсан.
Ҳар гал шу шеърингизни ўқий бошлаганим билан юрагимга титроқ киради. Ҳа, ҳақиқатан ҳам Сизнинг кўзингиз маъюс, ўйчан эди. Ҳам ниҳоятда суюмли эди.
Эсимда, баҳор кунларида Сирдарёда ўтган учрашувдан қайтишда орқама-орқа машиналарда йўлга чиқдик. Йўл бўйи Сизнинг машинангиз бизнинг машинамизни қувиб, таъқиб қилиб келди. Машиналар яқинлашди дегунча Сиз мен, Усмон Азим ва Азим Суюнга қарата: «Тўхтанглар, бирор ерда ўтирамиз, шаҳарга бунча шошасизлар?!» - дердингиз. Мен аёллигимга бордим, чоғи, унамадим, уйда ёлғиз болаларим баҳона шошилдим... Кейин кўп ўтмай, Сизнинг бевақт вафотингиз юракларни ларзага солди. Муҳаммад, сафарингиз охирлаб келаётгани, неларнидир айтишга шошилаётганингизни қайдан билибмиз. Тириклар шу, ҳар доим ёнидаги одамни ёнимда мангу юради, деб ўйлайди шекилли. Фожиамиз ҳам шунда».
Ҳалима Худойбердиева,
Ўзбекистон халқ шоири.
«Бу шеърият ўз-ўзидан яралгани йўқ. Худо берган бу истеъдод «шувоқлари кўчган эски уйлар», ажин босган азиз юзларни эслатувчи ним нураган пахса деворлару тупроқ кўчаларнинг тунги сукутларидан, онаизорларнинг меҳру соғинчлари, оталарнинг умрий заҳматлари иси келувчи яктак-чопонлари, сулув қизларнинг кулгуси, қошу киприклариаро майсадек кўкариб камол топди. Бу шеърият меҳру соғинч, дарду ҳижрон, тириклик ва ўлим, дийдор ва айрилиқ тарбиясини олган, шунинг учун унда меҳр ҳам, соғинч ҳам сероб».
Сирожиддин Саййид,
Ўзбекистон халқ шоири
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 14