Бир киши Иброҳим Адҳамнинг олдига келиб: Эй Абу Исҳоқ, нафсим ҳаддидан ошиб кетди, гуноҳ ишлар қилиб қўяпман, сизда нафсимни гуноҳ маъсиятлардан тўхтатадиган бирор нима борми? деди.
Иброҳим: Агар мендан бешта хислатни қабул қилсанг ва уларни бажара олсанг, сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бера олмайди, деди.
У:
- Айтинг, эй Абу Исҳоқ, деди.
Шунда Иброҳим:
- Биринчиси: Агар Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, Унинг ризқини емагин, деди.
У:
- Унда ризқни қайердан оламан, ахир Ер юзидаги барча нарса Унинг ризқиданку! деди.
Иброҳим:
- Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?! деди.
У:
- Йўқ. Иккинчисини айтинг, деди. Иброҳим:
- Агар Унга нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, Унинг ерида истиқомат қилма, деди.
У:
- Эй Иброҳим, буниси аввалгисидан ҳам қийинройку! Ахир Машриқу Мағриб ва булар орасидаги ҳамма жой Уники бўлса, унда мен қаерда яшайман? деди.
Иброҳим:
- Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, Унинг ерида яшаб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?! деди.
У:
- Йўқ. Учинчисини айтинг, деди.
Иброҳим:
- Агар Унга нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, У кўрмайдиган жойни топиб, ўша ерда гуноҳ қилгин, деди.
У:
- Эй Иброҳим, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин...
Ахир У Зот барча сирлардан хабардор, қалбдаги яширин нарсаларни ҳам биладику, Унга бирор нарса махфий эмаску! деди.
Иброҳим:
- Эй биродар, ўйлаб кўр, Унинг берган ризқидан еб турган бўлсанг, Унинг ерида яшаб турган бўлсанг ва яна у сени кузатиб турган бўлса, Унга гуноҳ қилишинг яхшими?! деди.
У:
- Йўқ. Тўртинчисини айтинг, деди.
Иброҳим:
- Агар жонингни олиш учун ўлим фариштасини келса, сен унга:
Кейинга қолдириб тур, тавба қилиб олай, дегин, деди.
У:
- Ўлим фариштаси менинг бу гапимни қабул қилмайди, деди.
Иброҳим:
- Агар ўлимнинг кечикмасдан, тўсатдан келишини билсанг ва тавба қилиб олиш учун уни ортга суришга имконинг бўлмаса, қутулиб қолишни қандай умид қиласан?! деди.
У:
- Бешинчисини ҳам айтинг, деди.
Иброҳим:
- Агар қиёмат куни сени дўзаҳга олиб кетиш учун забониялар (яъни азобловчи фаришталар) келишса, улар билан бормагин,-деди.
У:
- Улар бунга кўнмайдиларку! деди.
Шунда Иброҳим:
- Ундай бўлса, қандай қилиб нажотдан умид қиласан?! деди.
У:
- Эй Иброҳим, етарли бўлди, менга шу кифоя, энди Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан, деди.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев