💚
Илк тоби қочиши кутилмаганда рўй берди. Нонуштадан кейин кўзи тиниб, боши айланди. «Эй Худо!…» дедию, беҳол ёстиққа бош қўйиши билан мияси қисиб, дунё чир айланиб кетди. Тили тортилиб, кўзи орқага кетаётганда келини Гулнора додлаб юборди. Даҳлиздаги пақирдан сув олиб юзига сепди. Ўзгариш бўлмагач, ҳовлига қараб «Дадаси!!!» деб қичқирди. Ваҳима билан югуриб кирган Акбаржон онасини тишини тишига босганча тиришиб, қалтираб, оғзи бир томонга кетган куйи кўрдию, ўзини йўқотиб қўяй деди.
Мўътабар хола бир йилдан бери бетоб.
Акбаржон «Тез ёрдам» чақиришга қаноат қилмай, машинасини миниб касалхонага учди.
Гулнора онанинг тилини тортишга ҳаракат қилаётганда, бармоқлари тишлар орасида қисилиб қолди. «Вой!» — дея токчага қаради. Алюмин қошиқ! У шошилганча қошиқ бандини тишлар орасига ўтказди, хуруж сал пасайган, аммо давом этарди. У тишларни бир-биридан ажратишга уринар, она эса атайлагандай тилини ичкарига тортарди. қисқа муддатли фожиали ўйин келиннинг ғалабаси билан тугади. Гулнора: «Ҳайрият!» деганча онанинг юрагига қулоқ солди. У нафас олар, аммо хушидан кетганди…
Врач келганда онанинг ранги ўчган, кўзлари юмуқ, бу дунёда нималар бўлаётганидан бехабар, оламдан узилгандай бошини бир томонга осилтириб ётарди. Тириклик нишонаси — оғир-оғир нафас олиши эди.
Врач беморнинг қон босимини ўлчади: баланд. Юрак уришини текширди: меъёрдан ортиқ. Икки юзига шапатилаб урди: ҳеч нарсани сезмайди. Акбаржон билан Гулнора дўхтирнинг нигоҳларига тикилган, қулоқлари динг!
Врач онанинг ўпкасини эшитиб, бироз ўйланиб қолди. Акбаржон бетоқат.
— Нима гап, доктор?
— Тинчлик…
Акбаржон касалхонадан келгунча врачга ҳолатни айтган, қолганини келин тушунтирганди.
Врач хулоса қилди: миядаги чарчоқ ва давомли руҳий зарбалар туфайли асаб томирлари қисилган. Акбаржон билан Гулнора ҳаммасини эшитиб, бир-бирларига қараб, ҳайрон бўлишди.
— Муолажани тезлатсак…- илтижо қилди Акбаржон.
Доктор ҳамширага беморни хушига келтирувчи, мия томирларини кенгайтирувчи укол қилишни буюрди. Сўнг онани тезда касалхонага ётқизишни таъкидлади.
Она икки ҳафта асаб бўлимида даволанди, ранги рўйи ўнгланди. Шундан бери ҳар уч ойда даволанишга келадиган бўлди. Ўғил-қизлар хушёр. Акбаржон хабар берса, онанинг тепасига ёпирилиб келишади. Биттаси врачга, иккинчиси дори-дармонга, қолганлари беморга қарайди, озиқ-овқат пиширади…
Уч кун аввал она бомбод номозини ўқиёлмаганидан ўкиниб, сўриток тагидаги каравотга қўнишди. Олти ой олдин Акбаржон Россияга, синфдошлари ишлаётган совуқ ўлкага, онанинг илтимосига кўра, бева синглиси Моҳиранинг қизини узатиш тўйига пул ишлагани кетганини эслаб, юраги «жиғ» этди.
Мўътабар хола Акбаржонни бошқача яхши кўради. Дадаси оғир бетоб бўлганда меҳр билан қараган, касалхоналарда суянчиқ бўлган. Онасига ҳам қўлидан келганича, ҳаммадан кўпроқ меҳрибончилик қилган. Бошқача айтганда, ота-она дуосини олган. Туғилгандан бери шу ҳовлида яшайди. Ота уйини замонавий услубда таъмирлатди, ёнига янги хоналар қурди. Падари бузрукворининг дўстлари билан ота-боладай иноқ. Онасининг хиёл мазаси қочса, врач, дори-дармонни етказиб келади. Энг муҳими, қалби тоза, бетаъма, беминнат. Ўзиям чаққон, тадбиркор.
Аммо. . .
Олти ойки, Россиядан келмайди. Акалари телефонда онанинг касаллигини айтишди, «Иложини қилсам бораман!» дедию, дараги йўқ. Уларнинг назарида, Акбаржон бу хабарни эшитибоқ қушдай учиб келиши керак эди. Келмагани, қўнғироқларга жавоб бермаганидан улар таажжубда. Буни она, бева сингилу Акбаржон билишини ҳеч ким хаёлига келтирмайди…
Тўшакка михланган она ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳза уни кутади. Кўчага қарайди. Бошини кўтаришга имкон топса, деразага бўйлайди. Ҳатто катта набирасига: «Кўчага чиқ-чи, даданг келяптимикин?» дея бир неча марта иддао қилди….
Уч кундирки, она оғирлашди. Биринчи куни товуқ шўрва сувидан озгина тотинди, бир тишлам нон еди, ярим пиёла чой ичди. Иккинчи куни «сира ўтмайди» ишорасини қилди. Сўрагани: «Акбаржон келдими?»
Она уч қиз, уч ўғилнинг униб ўсганини кўрди, умри давомида қилган ҳалол, машақатли меҳнатлари яхши самара берганидан хурсанд. Болалари ўзи орзу қилгандай тарбияли. Она улардан рози. Буни қариндошларга ҳам
айтган, касаллигида қарашди, айтганини бажо келтиришади.
Катта ўғлининг айтишича, она узоқ умр кўрувчилардан. Ошини ошади, ёшини яшади, иззат-ҳурмат кўрди.
Ўлгандан кейинги маросимлари ҳам яхши ўтади: азада, маърака, кейинги маросимларда бериладиган латта- путталар тайёр. Ювғичга, кўмиш маросимига алоҳида пул жамғарган. Энди Аллоҳга омонатини топширса бас…
Аммо онанинг бутун руҳияти, идроки безовта: Акбаржон келмаяпти! У соғ-омон қайтсаю, бош-кўзини силаб, бағрига босса, кўнгли жойига тушарди. Дунёда бошқа қиладиган иши, бажарадиган юмуши йўқ. Бўлгандаям, Акбаржон деса, ҳаммасини этакка тугиб, томга ташлаб қўярди. Лекин Акбаржондан ҳануз дарак йўқ….
Она изтироб билан ингради. Диван атрофидаги ўғил-қизлар, даҳлиздаги қариндошлар ҳушёр тортди. Катта ўғли Исмоил унинг бошига келди.
Тўшакка михланган она ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳза уни кутади. Кўчага қарайди. Бошини кўтаришга имкон топса, деразага бўйлайди.
Ҳатто катта набирасига: «Кўчага чиқ-чи, даданг келяптимикин?» дея бир неча марта иддао қилди….
Уч кундирки, она оғирлашди. Биринчи куни товуқ шўрва сувидан озгина тотинди, бир тишлам нон еди, ярим пиёла чой ичди. Иккинчи куни «сира ўтмайди» ишорасини қилди. Сўрагани: «Акбаржон келдими?»
Она уч қиз, уч ўғилнинг униб ўсганини кўрди, умри давомида қилган ҳалол, машақатли меҳнатлари яхши самара берганидан хурсанд. Болалари ўзи орзу қилгандай тарбияли. Она улардан рози. Буни қариндошларга ҳам айтган, касаллигида қарашди, айтганини бажо келтиришади. Катта ўғлининг айтишича, она узоқ умр кўрувчилардан. Ошини ошади, ёшини яшади, иззат-ҳурмат кўрди. Ўлгандан кейинги маросимлари ҳам яхши ўтади: азада, маърака, кейинги маросимларда бериладиган латта-путталар тайёр. Ювғичга, кўмиш маросимига алоҳида пул жамғарган. Энди Аллоҳга омонатини топширса бас…
Аммо онанинг бутун руҳияти, идроки безовта: Акбаржон келмаяпти! У соғ-омон қайтсаю, бош-кўзини силаб, бағрига босса, кўнгли жойига тушарди. Дунёда бошқа қиладиган иши, бажарадиган юмуши йўқ. Бўлгандаям, Акбаржон деса, ҳаммасини этакка тугиб, томга ташлаб қўярди. Лекин Акбаржондан ҳануз дарак йўқ….
Она изтироб билан ингради. Диван атрофидаги ўғил-қизлар, даҳлиздаги қариндошлар ҳушёр тортди. Катта ўғли Исмоил унинг бошига келди.
- Ойи, тузукмисиз?
Она кўзини ярим очди, кучини тўплаб, бошини ўғли томонга қаратди. Кўзлари нурсиз, танаси қувватдан кетган бўлса-да, юзи қип-қизил. Болалар билишмасди: она ўлим билан олишяптими, Жаброилга: «Кенжамнинг дийдорини кўрай, кейин ўнта жоним бўлса ҳам сеники!» деб ёлборяптими. Буни ҳатто тахмин ҳам қилишолмасди. Она тамшанди, катта қиз оғзига сув томизди. Лаблари орасидан сирғалиб чиққан сўз видо ноласига ўхшарди.
- Ак..Акбарр..жон…
Болалар онанинг юрак-бағри эзилганини сезиб, барчалари қалбларидан «Акбаржон кириб келсайди» деган истакни ўтказаётган бўлишса-да, бунга ўзлари ҳам ишонишмас, чунки у қўнғироқларга жавоб бермаётган эди…
Она эси ҳушига келган лаҳзаларда кўнглидан ўтказди. "Бир кам дунё деганлари шуми?"
Оиладагилар эса, вазият оғирлашгани сайин: боласига илҳақ онага, мусофир юртдан қайтмаётган Акбаржонга куйишмоқда. Кечки пайт айвонда ўтирган Карим тоға узоқ мулоҳазадан сўнг бир қарорга келди. Иккала ўғил жиянни меҳмонхонага бошлади.
- Нима гап? — дейишди улар
- Аёллар билиши шарт эмас…
Она «Ўғлингиз келди!» деган хабарни эшитдию, илкис бошини кўтарди, танасига жон киргандай устидаги кўрпа титраб кетди.
Бошини ортига, «Онамизнинг умри тугаган бўлса, осонидан бергин, умри бўлса, шифои комил бергин!», дея Аллоҳдан сўраётган яқинлари томонга қаратмоқчи бўлди. Кўзлари катта-катта очилган, оғзи юмилмас, нигоҳида ўғлининг овозини эшитиш, нафасини туйиш умиди аланга мисоли ёнаётганди. У чуқур-чуқур нафас олди-да, ҳаммани ҳайратда қолдирди. Уч кундан бери тўшакка бурканиб ётган она қаддини бирдан кўтарди-да, ўғлининг бўйнидан қучиш учун қўлларини чўзди.
- Онажон, яхшимисиз, мен келдим, Акбаржонман!
Она кўзлари кўрмай қолган бўлса ҳам аланг-жаланг қилиб бошини қимирлатди. Ва ўғлини кўришдан эмас, ҳидини олиш, нафасини туйишдан умидвор бўлиб Тўламирзанинг бўйнига қўл узатди. Узатдию, нотаниш бўйга дуч келиб, ортига тисарилди, кўнглини аллақандай безовталик қоплади:
"Йўқ, йўқ, бу менинг ўғлим эмас!..» аммо қўлини бирдан тортиб олмади.
Умиди пучга чиққанини билдирмай, йиғламсираб алланарса деди. Дийдор қиёматга қолганини билгач, кўксидан энг нозик ришта, бир қатим нурдай ингичка ип «чирт» узилдию, сўнгги нидо келди:
"Оҳ, ўғлим!.. дийдорингга тўйиш учун жон беролмаётганимни биласан! Чорасизлигингни мен ҳам биламан! Ахир, бир неча йилдан бери қизини тўйини ўтказолмаётган синглинг учун пул топиб келишни мен сўраганман. Гапимни ерда қолдирмай кетганинг учун минг раҳмат сенга! Менинг ёшимдан ўтиб яша, болаларинг орзу-ҳавасини кўр! Кекса онангнинг сафари қариган. Аммо сенга илҳақман, иложсизман… Майли, болам , сендан мингдан-минг розиман!»
Кимдир йиғлади. Кичкина қиз «Онажон!» дея унинг
олдига келди. Тўламирза онанинг бошини силаган бўлди. Сўнг «сценарий иш бермади!» дегандай остонада турган тоға-жиянга қаради-да, орадан сирғалиб ташқарига чиқди.
Шу пайт ўртанча ўғилнинг телефони жиринглаб қолди. қараса, қўнғироқ Россиядан! Шошилганча боғланди. Ҳамма нафас олмай унга қаради.
- Ака, тузукмисиз?
- Раҳмат, Акбаржон, ўзинг яхшимисан?
- Ойим яхшимилар?
- Ҳа…
Онага жон кирди. Шошганча ўғлига қаради, қалбига яқин овоз уни ҳайратда қолдирганди. Ўртанча ўғил телефонни онага берди.
- Акбаржон…
- Ҳа, ойижон!
- Овозларингдан ўргилай, болам, қачон келасан?
- Бораман, ойи, ҳалиги… озгина етмай турибди, бутлашим билан етиб бораман.
- Омон бўл, раҳмат сенга, илоҳим, икки дунёда кам бўлмагин!
- Хўп, ойи, мен бораман, сиз ўзингизни эҳтиёт қилинг…
Алоқа узилгандан сўнг она сўнгги кучи билан охирги ишни бажариб бўлгандай ўзини ёстиққа ташлади ва юзидаги йиллар асорати — ажинлар йўқолгандай бўлди. Сўнг ўртанча ўғилга қараб сукут сақлади.
Бу ЖИМЛИК — қисматга кўнган банданинг розилик аломати, замиридаги қувонч эса нурли хотиржамлик, ҚАЙТИШ исёни эди…
У бошини бир ёнга осилтирганча оғир-оғир нафас оларкан, катталар «Хиррак кеп қолди!» деган ташвиш билан ўзаро шивирлаша бошлашди…
- Ойи, биздан рози бўлинг, онажон! Ўртанча ўғилнинг кўзидан дув-дув ёш келди. Она ҳамон хириллаб нафас олар, ўртанча ўғилдан кўз узмасди. У қўлини базўр кўтариб, кўзи билан бошини имлади.
"Ёсин"ни шивирлаб ўқиётган тоға ўртанча ўғилга топшириқ берди:
- Бошининг тагига кафтингни қўй, сал кўтар, нариги қўлинг жағида бўлсин, маҳкам ушла!
Ҳамма қўрқиб кетди. Тоға қайтиш яқинлашганини, она ўғлининг қўлида омонатни топширмоқчилигини сезганди. Ҳамма титраб-қақшаб, нафасини ичига ютиб, воқеа сўнггини кутар, хонада ҳеч ким танимайдиган илоҳий шарпа юракка совуқ туйғулар солиб айланиб юрарди. Она сўнгги бора кўзини юмди. Хиррак кучайиб-кучайиб, пастлади. Ўртанча ўғил тоғага қаради.
- Маҳкамроқ ушла…
Онанинг сўнгги нафаси оғир сўлиш билан қайтиб чиқди. Тоға дуога қўл очди. Ҳамма унга иқтидо қилди.
- Омин! Синглимнинг сўроқ саволлари осон бўлсин, Аллоҳ раҳматига олсин, Аллоҳу Акбар!
Ҳамма паст-баланд овозда йиғлаб юборди. Тоға жияни узатган янги чит рўмолда марҳуманинг жағини танғиди.
Ўртанча ўғил онанинг юзига қараб ажинга ўхшаш ҳарфлар билан ёзилган хулосани ўқиди:
«Ҳеч ким орзусига етмаган, ҳеч ким бахтиёр ўлмаган, бу дунё кўз ёшга арзимайди, йиғлама. Ахир, мен яратган эгамнинг олдига кетяпман…»
Она сўнгги лаҳзада нимадир деб пичирлагандай бўлди. Ўртанча ўғилнинг назарида, «Акбаржон, Акбаржон…» деб нидо қилган эди…
Тамом.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7