Рўза макруҳлари
Рўзадор учун қуйидаги ишларни қилиш макруҳ:
1. Таҳоратда оғиз ва бурунни чайқаганда, томоқ ва димоғнинг охиригача сув олиш.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бурунга сувни чуқур олгин, аммо рўзада ундай қилма»,- деганлар.[1]
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза пайтида оғиз ва бурунни қаттиқ чайқаганда ичга сув кетиб қолиш хавфи бўлгани учун ҳам бу ишни кариҳ кўрганлар.
2. Ўпиш. Бўса шаҳватни қўзғатиб, рўза пайтида қатъиян ман қилинган жимоъга олиб келиши мумкин. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аҳлларини рўза ҳолларида ўпганликлари ҳақида айтилган. Лекин шу ҳадислар давомида у зот ўзларини тутиб турувчи киши эканликлари ҳам айтиб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, айрим уламолар: «Киши ўзини тутиб тура олишига ишонса, бўса олиши жоиз, ўзига ишонмаса, бўса олиши ҳаромдир, деб айтишган. Инсон ўзини тутолмай қолиши мумкин. Шунинг учун бундан тийилиш афзал, эҳтиётсизлик макруҳдир.
3. Аҳлига шаҳват назари билан боқиш.
4. Жинсий алоқани фикр қилиш.
5. Аҳлига шаҳват билан тегиниш.
6. Сақич ёки шунга ўхшаш нарсаларни чайнаш.
7. Қозонда турган таом мазасини татиб кўриш. (Аммо баъзи уламолар наздида овқат пиширувчи ўзини эҳтиёт қилган ҳолда зарурат юзасидан таомнинг тузини татиб кўриши жоиздир).
8. Қон чиқариш ёки оқизиш. Бу ерда зулук ёки бошқа нарса воситасида кўп миқдорда қон олдириб ташлаш назарда тутилган. Чунки бу инсоннинг танасини заифлаштириб, рўзасини очиб юборишга мажбур қилиши мумкин. Баъзи аҳли илмлар қон олдиришни рўзани бузувчи амаллардан санаганлар. (Бу масаладаги кучли сўз қон олдириш рўзани бузмаслигидир. ИНТ) Тиббий таҳлил учун қўл учидан кам миқдорда қон олдиришнинг эса зарари йўк. Чунки унинг танага таъсири сезилмайди.
9. Висол, яъни икки-уч кун ифторсиз (ўткарма) рўза тутиш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўткарма рўзадан қайтарганлар. Айрим уламолар шу ҳадисдан келиб чиқиб, ўткарма рўзани ҳаром ҳам дейишган. Лекин макруҳ деган қавл кучлироқдир. Чунки бу ҳадисдан сўнг саҳобалардан айримлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўткарма рўза тутишган. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга индамаганлар. Агар у ҳаром бўлганида эди, унга сукут қилмасдилар. Чунки у зот учун ҳаромга сукут қилиб туриш мумкин эмас.
Юқорида санаб ўтилган ишларни қилиш гарчи рўзани бузмаса-да, унинг савобини камайтириши мумкин.
Рамозон сабоқлари китобидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8