МУАЛЛИФ ШАМСИНУР
77-қисм
Кун ботди. Бошим қаттиқ оғрияпти. Усталар овқатга ўтирганида ичкарида бурчакда бошимни ушлаб ўтирардим. Қайнисинглим ҳам ҳеч нарса демади. Аммо кўзида ачиниш бор эди. Биламан, у ҳаммасини эшитди.
Кечаси ҳам ўша ҳол. Мурод ётдию, мендан юз ўгириб олди. Юрагимда нимадир чил-чил бўлиб синиб кетаётгандек. Сочим ҳали ҳам оғрияпти. Ёстиққа бош қўйганда ҳар нафасимда ҳўрлик, ғам, алам бор. Кўнгил айнишни тинч қўйса экан мени. Камига беҳол юрибман. Қайнонамни жодусидан тўйиб кетдим.
«Мен бунга лойиқ эмасман,» дедим ичимда. «Мен оддий, тинч бахтни хоҳладим, аммо бунинг ўрнига уруш-жанжал, ҳақорат, ёлғизлик олдим.»
Тун ярмида уйғониб кетдим. Ҳовли жимжит. Осмонда юлдузлар чарақлайди. Ич-ичимдан «энди етади» деган товуш эшитилди. Ўзимга-озим «бундан буён ўзим учун яшайман» деб қасам ичдим. Ўзимни ҳеч кимга хафа қилдирмайман. Онамни ҳаёти менда такрорланиши керакмас.
Эртаси тонгда қайнисинглим олдимга келди:
-Келинойи, кўзимни юммай чиқдим. Кеча сизни кўриб... юрагим орқага тортиб кетди.
-Бошқа бу уйда яшагим келмаяпти.
-Биламан. Мен сизга ёрдам бераман. Фақат сабр қилинг. Қанийди айтолганимда онамга, уларни ўзиям ўзгарса… ҳаммасини кўриб турибман. Онам эртага мендан қайтишини ўйламаяптилар.
Кўзларимдан ёш юмалаб тушди.
- Қўяверинг балки яхши бўлиб кетар...
Ишончсиз дедим.
Муҳлиса идишларни ювишга ёрдамлашди. Тушдан кейин Мурод Карим билан кириб келди. Дўстини меҳмон қилармиш. Охирги вақтларда Каримни бу ерда кўп ўралашиб юриши ёқмаяпти.
-Зайнаб гўштни чиройли қилиб қовуриб кел. Пиёзни ҳам сиркада аччиғини ўлдириб келасан.
-Хўп.
Муродни кўргим келмаяпти. Балки мени курашишга кучим қолмагандир.
78-қисм
Ошхонада пиёз тўғраяпман. Қаердандир яна бир алам тўлиб чиқмоқда юрагимга. Кўнглим тинч эмас. Гўштнинг ҳидига кўнгил айнийди. Қовураётган бўлсамда, ўзим ейишга ҳолим йўқ. Идиш-товоқлар товуши, Каримнинг кулгили оҳангдаги гаплари ва Муроднинг бамайлихотир жавоблари – бари асабимга тегяпти.
— Келин, қовурилган гўштдан Карим акангизга кўпроқ солинг, — деди қайнонам уйдан бош суқиб. — Меҳмон олдида уят бўлмасин.
«Карим акангиз...» Ичимдан кулгим қистайди. Аммо юзим кулиб туриши керак. Ҳамма розилиги учун ҳам ҳаракат қилишим шарт.
Овқатни дастурхонга қўйиб, ичкарига ўтиб кетдим. Юрагим яна санчди. Ич-ичимдан бир ғалати туйғу — мен бу уйдан чиқиб кетишим керак. Лекин қаёққа? Қандай қилиб? Бу уй мени борган сари бўляпти. Нафас ололмаяпман.
Каримнинг кўзлари мени кузатаётганини ҳис қиляпман. Унга тик қаролмайман. Менга ёқмайди бу нигоҳлар.
Бир пайт Мурод мендан бирор нарса сўраш баҳонаси билан ошхонага кириб келди:
— Зайнаб, мана буларни ҳам олиб чиқсанг.
Мурод тузламаларга ишора қилди.
— Хўп.
— Чойни ҳам янгила.
— Хўп.
Муродни айтганларини олиб мехмонхонага борганимда Мурод йўқ экан. Билмадим қаерга чиқибди.
Айтилган нарсаларни столга қўйдим, бўш идишларни олиб чиқиш учун ола бошладим. Карим ортимдан секин гап қотди:
— Жуда чиройли бўлиб кетибсиз...
Юрагим жойидан чиқиб кетгудек бўлди. Жавоб бермадим. Кўзларим ерда, жахлим чиқиб кетди.
— Бас қилинг. Уялмайсизми?
Тезда чиқиб кетдим. Энди қайтиб кирмайман. Ифлос гапини қаранг. Эримга айтсам ишонармикан менга? Кўзим етмайди. Оилам бузилишига битта қадам кифоя. Бошимда шу кунлар ҳам бормиди? Қаерданам бу Карим ҳаётимизда пайдо бўлди. Қуриб кетсин шу усталари ҳам.
Деворга суяниб қолдим. Тез тез чарчаб қоляпман. Нуқул уйқум келяпти. Икки ойдан бери аҳвол шу. Ичимда ғалаён. Нафрат, оғриқ, алам... Яна юрагимда ваҳима. Каримнинг гапидан кейин нафақат жахлим чиқди, ичимдан бир нимадир узилиб кетгандек бўлди. Ўзимни ифлос ҳис қилдим. У ерда узоқ туролмадим, тўғри чиқиб кетдим. Ҳозир кимнидир кўрсам, йиғлаб юбораман. Деворга суяниб, кўзимни юмдим. На бир дам олишим бор, на юрагимда таскин.
Шу пайт қайнисинглим Муҳлиса ёнимга югуриб келди.
— Яхшимисиз, келинойи? Рангингиз оппоқ бўлиб кетибди...
— Ҳеч нарса йўқ, бошим оғрияпти шунчаки.
79-қисм
Кўзимни очганимда шифтга тикилиб ётардим. Атроф жимжит, лекин юрагим гўё қаттиқ ураётган эди. Бошим ёстиқда, аммо вужудим бўш, оғирлик бор. Ёнимда Муҳлисанинг нигоҳи менга тикилган. Унинг кўзлари қувончдан порларди.
— Келинойи… — дея секин сўз бошлади. — Ҳозиргина доктор чиқди. Сизни касалхонага олиб бориш керак дебди. Лекин ҳозирча хавотирли жойи йўқ. У... сиз... сиз ҳомиладор экансиз, айтди.
Муҳлиса тутилиб гапирди.
Сўзлари қулоғимда акс-садо берди. Ҳомиладор... менми? Юрагимни бир нарса сиқиб кетди. Кўзларимни юмдим, аммо ичимда ҳар хил саволлар гирдоб каби айланишда давом этарди. Бу бола нимани англатади? Нажотми? Яна бир занжирми?
Дераза ортидан тушаётган ёруғлик юрагимни ёритолмасди. Кўнглим ғира-шира. Ичимда муҳаббат эмас, қўрқув ва тушунарсиз бир туйғу...
Мурод эса ёнимда йўқ эди.
— Мурод қани? — дедим оҳангимни зўрға чиқариб.
Муҳлиса юзини бошқа томонга бурди.
— Билмайман. Чиқиб кетган. Усталарни кузатаман деб айтди. Карим ҳам энди кетади.
Юрагим орқага тортди. Карим... бу исм мени яна ўша оғир, жирканч лаҳзага қайтарди. Ўша нигоҳ, ўша гап, ўша ифлос ҳавонинг оғирлиги...
— Мен бу уйдан кетаман, Муҳлиса... — дедим аста. — Боламни бу зулмат ичида ўстира олмайман. Мени эшитмайдиган, тушунмайдиган, ҳар куни синдирадиган одам билан яшай олмайман.
Муҳлиса жим турди. Сўнг секин бош ирғади:
— Мен сиз биланман, келинойи. Ҳамма нарсани тагига етаман. Бу бола учун сиз кучли бўлишингиз керак.
Мен эса... биринчи марта ичимдаги боланинг юрак уришини эшитгандай бўлдим. Ичимда бир умрга масъулият уйғонди. Қалбимда эзгулик билан аралаш бир алам бор эди. Энди мен ёлғиз эмасман...
Бу болани сақлаб қолишим керак. Биринчисини нобуд қилганим етарли.
80-қисм
Тонг ҳали ёришмаган. Мен эса шу ётганимча қайтиб турмагандим. Мурод ёнимга кирмади. Шу пайтгача минг марта кўз юмиб, минг марта ўзимни чалғитиб юргандим. Энди эса чалғиш эмас, қарор керак эди. Бу қарор осон эмасди. Уйни тарк этиш, барча аламларни орқада қолдириш — осон эмас. Лекин бола учун, ўзим учун... Мурод ўзгариб қолганича ҳали аслига қайтмади. Балки ундан куч олармидим? Аммо ҳамон ўшандай совуқ.
Кўзимни шифтга тикиб ётарканман, Муҳлиса менга иссиқ чой олиб кирди.
— Бироз ичиб олинг, келинойи. Қон босимингиз тушган.
Чойни қабул қилиб, унга қарадим.
— Муҳлиса, мен бугун кетаман.
У бош ирғаб, менга яқин ўтириб олди.
— Қаерга кетасиз? Бу тўғри қарор эмас.
— Ойимнинг эски дугонаси бор эди. Бир пайтлар ўзимда телефон рақамини ёзиб қўйган эдим. Шуни топиб қўнғироқ қиламан. У менга ёрдам бера олади.
Мен эса бошимдаги оғирликка қарамай, юрагимда аллақандай енгиллик сеза бошладим. Шу лаҳзада Мурод кириб келди. Кўзлари сўлғин, чеҳраси тунд эди. Гўё кечадан бери ичиб чиққандек. Кўзимга қарамай, овози совуқ эшитилди:
— Эшитдим ҳомиладор экансан... табриклайман.
Табрик оҳангида совуқлик, бефарқлик, ҳатто киноя бор эди. Мен жим қолдим. Ичимда титроқ, лекин ташқарига ҳеч нарса сездирмадим.
— Сен ҳеч ўзгармайсан, Зайнаб. Ҳозир ҳам касал, ҳозир ҳам хафа...
— Мен касал эмасман, Мурод. Фақат энди ёлғон яшай олмайман. Мени эшитмайдиган, тушунмайдиган, ҳурмат қилмайдиган одам билан бир том остида яшай олмайман.
У менга тик қаради. Бир зум жимлик. Сўнг эса:
— Қаерга борасан?
Мен Муҳлисага қарадим. У енгил бош ирғаб, қўлимни маҳкам сиқди.
— Кетаман. Қаерга бўлса ҳам. Токи бу боламни асрай олсам, токи мен ҳам ўзимни инсон деб ҳис қилсам.
Мурод бир қадам яқинлашди, аммо мен тўхтатдим:
— Менга яқин келманг!
У яна бир нарса демоқчи бўлди, лекин овози чиқмади. Мен эса чойимни ичишни давом эттирдим. Муҳлиса деразани очиб қўйди, баҳорнинг илиқ шамоли хонага кириб келди.
81-қисм
— Ҳеч қаерга кетмайсан. Мен ажрашиш учун уйланмадим.
-Чарчадим.
Муҳлиса чиқиб кетди. Афтидан бизни ёлғиз гаплашиб олишимизни истади чоғи.
-Ундай дема.
Мурод ёнимга ўтирди. Аммо ҳамон совуқлигича турарди.
-Ёнизда қолишим учун мен айтган ишни қила оласизми?
У ҳайрон бўлиб қаради.
-Шарт қўяяпсанми? Сен шарт қўя оладиган аҳволда эмассан?
У отамни назарда тутди шекилли.
-Дунёда фақат отамни уйи қолган деб ким айтди сизга?
-Эрли аёл эрини уйдан аразлаб отасини уйига бормаса нима деб тушунишади биласанми?
-Йўқ.
-Ўйнаши бор экан деб. Сендаям борми ўйнаш дарров кетаманга тушдинг?
Уни гапларидан музладим. Ичимда вулқон портлагудек бўляпти.
-Энди бунақа гапиришга тушдизми? Мени кетиш ниятим йўқ эди. Аммо сиз мажбур қиляпсиз.
-Ҳўш шартинг нима?
-Ҳозир айтмиман. Чунки мавриди эмас. Ўзизга келганизда гаплашамиз бу мавзуда .
***
Нурияни хонасини бошига парда тортилган. Парда ортида эса фақат Нурия эшитадиган даражада овоз келяпти.
-Бугун биттаси қўй беради ўшани қонталаш қилиб бераман.
Парда қимирлади.
-Келинни боласини тушириш керак. Кучсизланиб қолдингиз, сизлар учун қурбонлик бераман.
Нурия етти хил ипни тугиб чиқа бошлади.
***
Енгилган инсон курашга тўймас экан. Яна кураш бошладим. Энди болам учун ҳам зиён захматларни ўзимдан йироқ қилишим керак.
82-қисм
Энг қизиғи мен ўйлаган амал асли ҳомиладорлик сабаб бўлиб чиқди. Токсикоз дейиларкан бу. Қайнонамни ҳаёли жойидамас охирги вақтларда. Ўзи билан ўзи бўлиб қолганди. Бугун уйга қора қўчқор етаклаб келибди. Ҳеч ким йўғида бир нималар деб сўйди. Анча пайт қонини оқизиб тикилиб турди. Юрагим орқага тортиб кетди.
Дарҳол билган дуоларимни ўқиганча ишларимни қила бошладим. Муродни назорат қиляпман. Ҳатто кийимини ювишда ҳам тинимсиз дуони такрорлаб турдим. Фалақ, Нас ни канда қилмадим. Қайнонам берадиган чойдан ичишга қўймадим. Кун бўйи уч марта қўнғироқ қилиб ҳолимни сўради. Тўғри юмшамаган, аммо шу совуқ ҳолатида мендан хабар олишига эришдим.
Усталар уйни олдини чиройли қилиб таъмирлашяпти. Кечаси чиқиб кўргандим. Ундан бошқа вақт кўришга имкон йўқ.
Мана дарвоза очилиб Карим келди. Аксига олиб қайнонам қаергадир кетганди. Муҳлисни бугун устози чақирган. Уйда ёлғизман
-Келин буларни Мурод бериб юборганди.
Уни қўлидан олишни истамадим.
-Ўша ерга қўйиб кетаверинг.
-Муҳлисни йўлда кўрудим. Ёлғизмисиз дейман.
Ичим шув этди. Бирор балони қўзғамасин дея.
-Ойижон борлар.
-Ёлғонни эплолмадиз.
У кинояли оҳангда кулди.
-Кетинг.
Овозим зарда билан чиқди.
-Қўрқманг еб қўймайман сизни. Аммо жуда кетворган экансиз. Муродни диди ёмонмас. Ўша куни менам кўргандим сизни, афсус улгурмай қолдим. Аммо бу кўнгил...
У нимага шаъма қилаётганини тушундим. Ғазабим қайнади.
-Кет.
-Бунча жахл қилманг жонидан. Мен Муроддан яхшиман. Унақа қўпол, сизни қадризга етмайдиган эрни бошизга урасизми?
Давоми бор...
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6