Суюмгул эрини сафарга кузатар экан, кўнгли негадир ғашланди. Балки 12-яшар ўғли Достонжоннинг ҳам у билан кетаётгани учунми, ёки Даврон ака сўнгги маротаба сафардан қайтганида унга унчалик рўйҳушлик бермай, қўпол муносабатда бўлгани учунми?! Нима бўлган тақдирда ҳам Даврон акасининг ўзгариб қолгани рост. Иши ҳам қурсин. Тирикчилик деб шу КамАЗни сотиб олдию, ҳаловати йўқолди. Россияга қатнагани, қатнаган. Ҳар кетганида салкам бир ой йўқ бўлиб кетади. Ҳозир замон нотинч бўлса, яхши-ёмон кўп. Ишқилиб эсон-омон бориб келсинда. Суюмгул машина орқасидан кўтарилган чангнинг аста-секинлик билан тарқалаётганлигига бир зум қараб турдида, сўнг чуқур хурсиниб, аста дарвозани ёпди.
- Ая, акамла дадамла билан кетдилами? 6-ёшли қизи Сабиҳанинг жарангдор овози Суюмгулни ўзига келтирди.
- Акам энди кемайдилами?
- Вой шириним-эй, бу нима деганинг. Даданг ҳам, аканг ҳам бир ойдан кейин қайтиб келишади. Сенга катта, чиройли қўғирчоқ олиб келишади,
- Суюмгул чўккалаб, қизалоғини бағрига босди. Ҳовлида тўп ўйнаб юрган кенжа қизи Сурайёни бир зум кузатиб турдида, ошхонага йўналди.
Мана орадан икки ой ўтди ҳамки, на эридан, на ўғлидан дарак бор. Бу орада бир неча бор қайнона-қайнотасини кўргани борган Суюмгул турмуш ўртоғидан хабар йўқлигини айтганида, улар ҳам хавотир олишаётганлигини, агар яна бир-икки хафтада қайтиб келишмаса, милицияга ёрдам сўраб мурожаат қилишларини айтишди. Бугун эрталабдан Суюмгулнинг қўли ишга бормади. Бирров қайнотасиникидан хабар олиб, иш изламаса бўлмаслигини ўйлаб, йўлга отланди. Қизалоқларини қайтишда боғчадан ола келишини ўйлаб, тўғри, турмушга чиққанидан сўнг бор-йўғи олти ой ишлаган мактабига борди. Мактаб директори ҳам ўзгариб кетибди. Янги директорнинг йўлини пойлаб, икки соатлар чамаси таниш ўқитувчи, фаррош аёллар билан суҳбатлашиб ўтирди. Янги директор ёши қирқлардан ошган бўлсада, ҳали жозибадорлигини йўқотмаган ўктамгина аёл экан. Суюмгулнинг дардини тинглагач, афсус дегандай бош чайқади.
- Сизга жон деб ёрдам берардиму, синглим, аммо бирорта ҳам бўш жойим ҳам йўқ, ортиқча дарс соатим ҳам. Бир-иккита янги келинларимиз бор, ярим, бир йиллардан сўнг хабар олинг, балки уларнинг жойи бўшаб қолар, директор маънодор жилмайиб, гап тамом дегандек, столи устидаги қоғозларни титкилашга тушди. Суюмгул миннатдорчилик билдириб, директор кабинетидан чиқар экан, яна қаердан иш қидириши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлади. Балки Сабиҳанинг боғчасида иш бордир. Ахир олий маълумотли педагог бўлса. Аммо боғча мудирасининг олдидан ҳам хафсаласи пир бўлиб чиққан аёл, қизчаларини олиб, қайнотасиникига йўл олди. Қайнонаси ҳовлида кўрпа қавиб ўтирган экан. Келини билан ўтирган жойида кўришгач, Тошбуви опа Суюмгулга бир оз тикилиб турдида, кўзойнагини кўтариб, рўмолчаси билан ёшланган кўзларини артди.
- Қизим, тақдир экан, бу кўргулик ҳам бор эдими, мунча пешонам шўр бўлмаса.
- Аяжон, тинчликми? Суюмгулнинг юраги увишди.
- Ўғлингиздан хабар борми?
- Қизим, сизга нима дейишга ҳам ҳайронман, мана буни ўқинг.
Тошбуви опа нимчасининг чўнтагидан тўрт буклоғлиқ қоғоз олиб Суюмгулга узатди. Суюмгул эрининг хатини дарҳол таниди. Хатнинг охирги сатрларини ўқир экан аёлнинг кўз олди қоронғилашди. Келинининг ранги оқарганини кўриб Тошбуви опа, Сабиҳага юзланди.
- Чоп болам, ошхонадан пиёлада сув олиб чиқ. Сувни ичган Суюмгул қўлидаги қоғозга тикилар экан, харфлар айқаш-уйқаш бўлиб кетаётганлигини сезди. Бундан ўн йил олдин сенсиз менга дуне қоронғу, менга тегмасанг ўзимни осаман деб куйиб-пишиб юрган ўша Даврон акаси, ота-онасига Новосибирскдан йўллаган хатида шу ерда икки йил олдин уйланганлигини, хатто бир қизчаси ҳам борлигини ёзган, рус хотини бир фирманинг рахбари эканлигини, энди шу ерда доимо у билан бирга ишлашини билдириб, Суюмгулдан ажралишини айтган эди. Достонжон катта бўлса, ҳаммасини унга ўзи тушунтирармиш.
Энди нима қилади? Бир ўзи икки бола билан бошини қайси тошга уради. Ота-онаси ёшлигида автохалокат туфайли халок бўлиб, амакисининг қўлида катта бўлган эди. Янгаси ҳар бир гапида уни боқаётганлигини таъна қилар, вақти келса мактабга ҳам кўймай, уй ишларини қилдирар эди. Шундай бўлса ҳам Суюмгул аъло баҳолар билан мактабни битирди. Ўз билимига ишониб Тошкент Давлат педагогика институтига ҳужжат топшириб, институтни қизил диплом билан битирди. Институтнинг охирги курсида Даврон акаси билан танишдию, шу пайтгача чеккан азобларию, кўргуликлари энди орқада қолганлигини тушиниб етди. Турмушга чиқса ўзининг оиласи, уйи бўлишини тасаввур қилиб, қувонганидан тунлари кўзига уйқу келмас эди. Даврон ўз сўзида турди. Ўзига тўқ оиланинг эрка фарзанди бўлишига қарамай, ота-онасининг раъйига қарши бориб бўлса ҳам, Суюмгулга уйланди. Онаси бошида Суюмгулни чиқиштирмагач, алоҳида ҳовли олиб, кўчиб чиқиб кетди. Аммо Суюмгулнинг хушмуомалалиги, меҳрибонлиги бора-бора қайнонасининг тошдай қаттиқ юрагини ҳам ийдирди. Кенжа қизини узатгач, у ўғлини ҳовлига қайтариб олиб келиш тараддудига тушган эди. Энди бўлса?! Нима қилади? Нахотки жигарбанди Достонжонини ҳеч ҳам кўрмаса. Суюмгул қуйилиб келган кўз ёшини тўхтата олмади. Тошбуви опа келинини бағрига босар экан, тинмай ўғлини қарғар эди.
- Ўғил туғмай ман ўлай, қариганимда юзимни ерга қаратдия. Илоё ер ютсин уни. Гулдай фарзандларини етим қилган ўша қанжиқнинг оғзидан қони келсин. Суюмгул қизарган кўзларини рўмолининг учи билан артар экан, ховли сатҳига ётқизилган асфальтнинг ўйдим-чуқур, уй деворининг сувоқлари кўчиб, олачипор бўлиб қолганига эътибор берди. Чол-кампирга ҳам қийин. Қайнотасининг ҳам нафақага чиққанига 20-йилча бўлиб қолди. Куч-қуввати борлигида йиққан-терганларини икки қизини узатишу, ўғилларининг тўйларига сарфлаб бўлишди. Навбатда яна кенжа қизларининг ҳам бўйи етиб турибди. Ҳамма умидлари Даврон акасининг топиш-тутишидан эди. У бўлса, нафақат унга, балки ота-онасининг юзига ҳам оёқ босиб кетди. Суюмгул ўзига келгач, қайнисинглисини сўради. Унинг ҳали ҳам ишдан келмаганини билиб, кечки овқатга уннади…
Кунлар ўтаверар экан. Ўша шум хабарни эшитганига ҳам мана икки йил бўлди. Даврон акаси уларни ташлаб кетганига икки ой бўлганидан сўнг, Суюмгул ҳомиладорлигини англади. Қайнонаси юраги остида юраги ураётган ҳомилани олдириб ташлашга қўймади, аммо унинг дунёга келишини кўролмади ҳам. Яккаю-ёлғиз ўғлининг қилган ишини кўтаролмай, чол-кампир орқама-кетин қазо қилишди. Энди бу дунёда Суюмгул суянадиган суянчиқ ҳам қолмади. Бунинг устига иш топа олмай овора-ю, сарсонгарчиликдан сўнг, боши тез-тез оғрийдиган, юраги сиқиладиган бўлди. Тўй-маъракада одамларнинг идиш-товоғию, уйларида кирларини ювиб юрди. Бахтсизлик бир келса орқама-кетин келаверар экан. Бу орада кичик қизи Сурайё шамоллаб қолди. Касалликнинг олди вақтида олинмаганлиги сабабли, у зўрайгандан зўрайиб кетди. Бунинг устига Сабиҳанинг қаровида бўлган Сурайё бир марта ҳушидан кетиб йиқилгач, шифокорлар унинг мияси қаттиқ чайқалганлигини айтишди. Қизалоқ операцияга муҳтож эди. Суюмгул фарзандини қутқариш учун уйини сотди. Ўзи эса шаҳар чеккасида жойлашган ётоқхонага кўчиб ўтди. Бахтига Сурайё омон қолди. Аммо қизалоқ кучдан кетган, унга шифокорлар қувватли овқатлар тавсия этишган эди. Суюмгул кўп ўйлади. Сабиҳа ҳам мана ярим йилдирки мактабга бормайди. Мактабга яроқли на усти боши, на оёқ кийими бор. Яхшиям бахтига шу қизи бор экан, Суюмгул иш қидириб кучага чиққанида Сурайё ва жажжи Дилмуроджонга у қарайди. Ўзининг соғлиғи эса Сабиҳаникидан яхши эмас. Тунлари тез-тез юраги безовта қиладиган бўлиб қолган. Ўтган куни ҳарчанд уринмасин, ўрнидан тура олмади. Яна бир маротаба шу ҳол такрорланса фарзандларининг ҳоли нима кечади? Бугун у эрталабдан туриб, фарзандларига қолган ундан атала қилиб бердида, Сабиҳага тезда қайтишини айтиб кўчага чиқди. Меҳрибонлик уйигача анча йўл эди. Бинонинг олдига етиб келганида, қуёш тиккага келган, ҳовлини тўлдириб ўйнаб юрган болаларни бир зум кузатар экан, ичкарига киришга юраги бетламади. Панжара олдида ярим соатлар чамаси тургач, секин орқага қайтди.
Шу куни Суюмгул қайтиб кўчага чиқмади. Онасининг бир нуқтага тикилганича ўтирганини кўрган Сабиҳа ҳарчанд унинг кўнглини олишга харакат қилмасин, Суюмгулдан садо чиқмадии. Кечга томон Дилмуроджоннинг чириллаб йиғлаётганини эшитган қўшни аёл бир косада сут кўтариб чиқди. Суюмгулнинг бир аҳволда ўтирганини кўриб ҳайрон бўлди. Дилмуроднинг шишасига сутни илитиб қўйдида, Сабиҳага берди. Болаларнинг бугун тушлик ҳам қилишмаганини билиб, уйидан иккита нон, бир коса суюқ овқат кўтариб чиқди.
- Суюмгул, бу нима қилиқ. Болаларингизни қийнаб қўйибсизку, айланай. Туринг, ҳеч бўлмаса ўзингиз ҳам бир пиёла иссиқ чой ичволинг.
Суюмгулдан садо чиқмаганини кўриб, унинг елкасига қўл ташлади.
- Сиқилаверманг, ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғу. Ҳали кўрмагандай бўлиб кетасиз. Ниҳоят Суюмгул қўшни аёлга қаради.
- Янга, илтимос, болаларимга қараб туринг, мен бир жойга бориб келишим керак.
- Кеч бўлганда қаёққа борасиз, қоронғи тушиб қолдику.
- Бормасам бўлмайди. Болаларни сизга ишонаман.
- Ҳа, албатта. Фақат кечга қолманг, улар бизникида бўлиб туришади,
- Қўшни аёл дастурхонни йиғиб олар экан, Дилмуродни кўтариб, Сурайёнинг қўлидан етаклади. Сабиҳанинг жойидан қимилламаганини кўриб, Юрақолгин деб уни чақирди. СУюмгул уларнинг орқасидан хонанинг эшиги ёпилиши билан, уни ичкаридан қулфладида, бир бурчакда кийимлар ташлаб қўйилган арқончани ечиб олди. Хонани худди биринчи маротаба кўраётгандай кўздан кечирар экан, деворга қоқилган илгакка кўзи тушди. Арқоннинг бир учидан сиртмоқ ясаб, бир учини илгакка махкамлади. Сўнг сандиқни очиб, ундан келинлик пайти икки-уч маротаба кийган, сўнг яхши ният билан сандиққа солиб қўйган, ҳали ҳам товланиб турган зар иплар билан чеккаларига гул босилган кўйлагини олиб, кийди. Сочларини тараб, кўзларига сурма қўйди. Дераза токчасида турган қизалоқларининг суратини авайлаб қўлга олиб, жилмайиб турган Сабиҳа ва Сурайёнинг юзларидан ўпди. Сўнг стулнинг устига чиқиб сиртмоқни бўйнига солди. Мени кечиргин қизим, шивирлаб айтилган бу сўзлар унинг сўнгги нафаси эди.
Тамом...
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5