Муаллиф: Азизахон Исмоилова
27-қисм
Ўн биринчи хонада анча қолиб кетдим. Бу хона авваллари тез-тез Зайтунанинг ташрифидан обод бўлиб турарди. Ҳозир эса худди "Иф қалъасининг маҳбуси" дек- бу хонанинг ҳам бандиси битта! Хонамда чала қолиб кетган ишларимни ўйлаб, юрагим сиқилди. Бошқа бўлимга ўтадиган бўлсам, Садр акага ёки Аҳрорга уларни топширишим керак. "Олмайман" деб бош тортишгудек бўлишса, ой тугагунча уларни якунлаб қўйишим шарт. Кўпи билан яна бир ҳафта бўлимда ишлашимга тўғри келади. Бир ҳафта-я!
Ўн биринчи хонадан чиқиб, йўлакдан секин юриб бораётсам, Фарида опа мени чақириб қолдилар. Аризамга тез жавоб бўлибди деб ўйлаб севиниб кетдим. Опа қўлидаги қоғозни менга узатаркан, изоҳ бергандек қилдилар:
-Раҳматуллаев, аризангиз! Ўз бўлимингизда ишингизни давом эттиринг!
Шошганча аризамга кўз ташладим. Шуҳрат Иззатовичдан ҳеч қандай қўшимча киритилмаган! Унда қанақасига?
-У қаерда?
Зина периласига суянганча қолдим. Қўлимда эса боя ўзим ёзган ариза тўрт буклам бўлиб турибди. Мен Зайтунанинг бунақа қилишини сираям кутмагандим. Демак, эрталаб остонада тўқнашиб кетганимиз- уни охирги марта кўриб туришим учун кифоя бўлган! Беихтиёр унинг ишларидан ҳайратланганимда тилимга кўп келадиган таърифни яна айтиб юбордим:
Нега бу қиз бунақа?
Ишқ-муҳаббат деганлари- ғалати нарса экан! У қалбингга изнсиз кириб келиши майли, хатто қалбдан қай пайт кетиши ҳам сенга маълум бўлмас экан. Ўзим учун бу муҳаббат савдоси- йигирма тўртинчи августда Зайтунанинг тўйи ўртага тушгач, тугаб-битди деб юрардим. Қаёғда?
У ҳалиям ичимда мени азоблаш билан оввора! Тугамайдиган оғриқ, тўкилмайдиган кўз ёш, битмайдиган яра экан- у! Бугунги кун яъни ўн учинчи сентябрни ҳам шу сабабдан- у қалбимдан батамом кетган кун бўлиб қолади деб айтолмайман...
🍃
Севганлар-севганларини доим кўнгилларида олиб юрадилар... (Румий. )
Қайнонам тўйим ўтганининг учинчи куни мени ошхонага ўз таъбирлари билан айтганда, рўзғорларини таништириб қўйиш учун олиб кирдилар.
-Мана бу идишда ун туради, ҳар сафар "бисмиллоҳ" айтиб, қўл солганингиздан сўнг устига секин газета ёпиб, ана ундан кейин идишнинг оғзини ёпасиз. Унни қопидан Иззатбекнинг ўзи бўшатиб қўяди, ўшанда ёнида турсангиз бўлди. Эркак киши баъзан шошиб турганда, баъзи бир нарсаларга сал беэътиборлик қилиши мумкин.
Бу идишда эса суюқ овқатларга солинадиган гурунч, бунисидагиси эса ошга ишлатиладигани. Мастава ва шавлага мана шу гурунчдан ишлатасиз. Кўпинча ошлик гурунч бунга қараганда аввалроқ тугаб қолади, шунисига эътиборлироқ бўлайлик! Эркаклар "ош қилинг!" деб бир нарсани мўлжал олса, сиз "гурунч тугаб қолибди-да!" деб турсангиз, ғаши келиши мумкин. Бир ошлик гурунч қолганда, секин келиб, ўзимга айтиб қўйсангиз келтиртириб қўяман.
Мана бу ўчоқ-жуда эски ўчоқ! Темири чириган жойларини ҳув бир йили бошқатдан пайвандлатиб келдик. Қайнонам раҳматлидан қолган бир осори-атиқа! “Шу кишига савоби етиб турсин” деб баъзи-баъзида ишлатиб турамиз. Якшанба куни йигитлар ўзлари шу ўчоқда ош қилиб туришарди. Сиздан бу борада кўп нарсани сўрамайман. Ошдан кейин ўчоқнинг кулини тортиб, мана бу халтачага соласиз. Атрофини супиргач, капгирни артиб, ғилофи билан мана бу михга осиб қўйсангиз бўлди. Кулни ҳам бу хонадонда ишлаб кетадиган жойлари бор.
Энди келинг, мана бу ўриндиққа ёнимга ўтиринг! Қизим, кўрган бўлсангиз биз унчалик ҳам ҳашаматдор ва дабдабали ҳаёт тарзида яшамаймиз. Ўрталик-ҳамма жойда яхши! Рўзғор-аёл кишининг ким эканини билдиради. Наслда бори ҳам, аслда бори ҳам- ана шу рўзғор тутишда билинади. Яхши рўзғор бекаси ҳеч қачон-битта онанинг маҳсули эмас, баъзи ўринларда онанинг тутумини-қайнона давом эттиради, баъзида эса борини ҳам йўққа чиқаради!
"Қайнонали келин-қарқара келин, қайнонасиз келин-масҳара келин" деган гапларда ҳам жон бор! Сизга баъзи ўринларда маслаҳатгўйлик қилсам, “унақа эмас-мана бунақа қилинг!” деб ишингизга аралашсам- "менга ақл ўргатяпти, билмайди деб ўйлаяпти!" дея тушунманг, сизни бирор бир даврада изза тортиб қолишингизни истамайман.
Аёл киши- ўзи келин бўлиб тушган уйнинг ё ёруғ келажаги ёки таназзули деган гаплар бор. Иншааллоҳ ҳали сиз билан ҳамма йўриқда умумий тил топишиб оламиз, қизим!
Қайнонам ҳаммасини мулойим оҳангда гапирсалар ҳам негадир ўзимни ҳаяжондан йўқотиб қўявердим. Тўйни ўтказиб бўлиб ҳам уйига кетмасдан, ҳамма нарсага бош-қош бўлиб юрган Маҳфузаопа билан ўша куни биргалашиб кечки овқатни тайёрладик.
-Ойимнинг қон босимлари ошганда мана бу чойдан дамлаб берасиз, тепа бўлмада туради. Бу пакетда эса наманганлик табиб тайёрлаб берган дамламанинг ўти туради. Ойим уни вақтида ичишни кўпинча унутиб қўйяптилар, ўзингиз сал шунга ҳам кўз-қулоқ бўласиз.
Дастурхон ёзаётганимда кўча эшик ёнига машина келиб тўхтагани эшитилди. Ойижоннинг ўша томонга қараб, безовталангандек ўринларидан қўзғолганини сездим. Ошхона йўлагида эса Иззат ака билан рўпара келдик. Салом бергач, секин ошхона томонга қараб кириб кетдим. Ортимдан уларнинг ойиларига салом бергани эшитилди.
-Қизим!
Салдан кейин янграган бу чорловни Маҳфуза опа менга эканлигини айтганларида очиғи-ҳайрон қолдим. Ортимга қайтдим. Қайнонам ёнларига яқин боришимни сўраб, им қоққандек қилдилар.
-Эркак кишининг кўнгли жуда нозик бўлади, онам! Бир жойга кетадиган бўлса, эшик тагигача кузатиб чиқинг, кўчадан кирса-ҳамма ишни ташлаб бўлса ҳам ёнига учиб боринг! Аёли шунақа иззатлаб турган эркакнинг кўчадаги юришида ҳам ҳаловати бўлади. Ана энди борақолинг.
Эшитилар-эшитилмас, "хўп" деб қўйдим-у, Иззат аканинг орқаларидан кирдим.
-Яхши келдингизми?
Менинг бу ҳолатим худди дарсга кечикиб келган ўқувчиники каби эди. Иззат ака оқ кўйлагини стул суянчиғига ташлаб, мен томонга ўгирилдилар:
-Раҳмат, зерикмай ўтирдингизми?
Ўша пайтда кўзим пардоз ойнаси ёнида турган бир дона атиргулга тушди. Бошимдан кимдир бир челак совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди. Гулни бандидан ушлаб, ёнимга келганларида-мен кўзларимни қаерга яширишни билмай уялганча турардим.
-Кўзимга чиройли кўриниб, сиз учун узиб олдим!
Назаримда улар мени бу туҳфадан жудаям ҳурсанд бўлиб кетади деб ўйлаган бўлсалар керак. Гулни "раҳмат" айтганча қўлларидан олдим. Бир муддат ҳолатим ўзгармай, худди жонсиз хайкалдек тек қотдим. Бу ифор менга ишхонамни яна бир карра ёдга солди. Тўғрироғи ўша ичида ҳар доим атиргул ғунчаси мени кутадиган тортмани...
Иззат ака бармоғи билан пешонамга тушиб турган сочни четга сурдилар, чўчиб кетгандек, ўзимни бир қадам ортга ташладим.
-Ҳеч нарса қилаётганим йўқ-ку, нега чўчиб кетдингиз?
-Ҳалиги... Овқатга чиқаркансиз...
Хафа қилиб қўйдим деб ўйлагандим, аммо улар ўзларини худди сир бой бермагандек, тутишда давом этди. Гулни тўйимиз куни берилган гулдастанинг ўртасига киргазиб қўйиб кейин улар бор хонадан шошганча чиқиб кетдим. Хаёл яна бир қаёғларга кетди. Овқат сузяпман-у, ўзим ҳам аллақаёқларда тентираб юргандекман.
Илк оқшомимиз куниёқ Иззат ака мени салкам жинни деб ўйладилар шекилли. Тегишга тегиб олган қизларнинг кейинчалик шунақа хунар кўрсатиб, кўз ёш тўкишларини бировдан эшитсам, ўзим ҳам уларни тентак деб ўйлаган бўлардим.
Фақат бир оғизгина савол сўрадилар: "нима сизни мажбурлаб узатишдими?" Ҳа, уларга тўйдан олдин "менга уйланишга сизни биров мажбурлаяптими?" дея тап тортмасдан савол берган ўша аҳмоқ қиз ҳам аслида мен эдим... Энди эса...
Кечки овқат юз фоиз менинг маҳсулим бўлмаса-да, ҳамманинг дуоси ва эътирофини олдим. Идишларни йиғиштираётган маҳалим ойижон- "Шуларни ювиб, тинчитиб кейин дам олаверинг, қизим! Мен ҳам жуда бўшашиб кетяпман, битта чой дамлаб қўйиб, кейин кириб кетсангиз, бўлди!" деб қолдилар.
Иззат ака томонга секин кўз ташлаб қўйдим. Жиянларининг бузилган ўйинчоғини "бугун эмас, эртага елимлаб бераман!" дея яна қўлига қайтариб бердилар.
-Борақол, сенам! Яна эрталаб бомдодга туролмай қолмайлик...
Чой дамлаб бергач, чироғи ёниқ турган уйим томонга қараб қўйдим-у, ичкари уйга бош суқдим. Маҳфуза опа ўғлининг машинаси ғилдирагини ёпиштириш учун ўзлари елим қидираётган эканлар. Жавондан суғуриб олинган тортмада турли қоғозлар, майда-чуйда нарсалар қалашиб ётарди.
Бу ёққа олиб қўйилган қоғозлар ичида фатографлар сурат солиб беришда фойдаланадиган чети сарғимтил нақшли пакет кўзимга ташланди. Дабдурустдан пакетга қўл чўзишга истихола қилиб, бир пас уларни кузатиб турдим. Маҳфуза опа мени ҳам ёнларига ўтиришга чорлаб, ғашлиги тарқамаётган ўғлига қоғозлар ичидан чиққан қандайдир суратни кўрсата бошладилар:
-Мана қара, тоғанг ёшлигида қанақа маллавой бўлган! Кўрасанми?
Шоҳбоз суратга қараб "ҳм" деб қўйди.
-Мана Зайтунахон, кўринг сиз ҳам. Бу- Иззатнинг ёшлиги! Туриши ўша-ўша-а?
Боғча ёшидаги болакайнинг сурати қўлимга берилди. Иззат ака ўшанда ҳам бўйчангина бола бўлган эканлар. Эгниларида оқ варақали кўйлак, худди кинолардаги шаҳзодаларникидек. Қора шортик ва оппоқ пайпоқда, ўша пайтларда совет болалари оммавий кийган сарғимтил сандал эса оёқларида...
-Вой, мана бу ҳам Иззат! Бу ерга суратларни ким солиб қўйибди-а? Ёнидаги Дади! Буни қаранг Дилдор ҳам бирга суратга тушган экан. Шу расмни альбомдан кимдир суғуриб олибди. Елим топсак, уни жойига яна қайтариб елимлаб қўярдик.
Дилдорнинг болалик суратларини кўрмаганим учун қўлимдаги суратга бироз тикилиб қолдим. У пайтлар дугонамнинг сочлари сал жингалакка мойилроқ бўлган экан. Эгнида ўша пайт кўпчилик қизалоқлар кийган ранго-ранг каштали "Дружба" кўйлак.
-Вой, мана бу ерда ҳам шу уччала мушкетёр-а! Доим Давронга қўшилиб, Дилдора ҳам бизникига ўйнагани келарди. Адашмасам, биринчи йигитлар улғайиб, сал "қиз боласан" дегандек уни нари қилишди. Унгача қиз тушмагур шулар билан теппа-тенг ўйнаб юрарди.
Дилдорнинг адашмасам, ўтган йили ўз оғзи билан сўзлаб берган хикоясини эсладим: "Иззат "болаликда аканг иккалангнинг валерианканг бўлганман" деб кўп айтарди. Кичкина қизалоқлигимда у Дади иккимизнинг ўртамизда ухлаши учун тинмай жанжал қилардим..."
Кейинги сурат адашмасам Иззат ака ўн икки ёшларга чиққанида олинганди. Ёнида унга қўл ташлаб турган Даврон ака ва нимадир наша қилиб, кулиб турган тўққиз ёшлар атрофидаги Дилдора эса ўртада. Ўша пайт Ўткир амаким эндигина катта лавозимга ўтган пайтлар шекилли, орқа фонда турган Волга ҳам кўзга ташланиб турибди.
-Бу сурат Москвадан жўнатилган хат билан бирга эди, у қаёғда қолди экан энди-а?
Иззат аканинг Кремлда тушган суратига бир қур кўз югуртирдим, нигоҳлари негадир ғамгин торта бошлабди. Ёқасида оқ мўйнаси бор варёнка куртка-эгниларида.
-Ҳозир нариги альбомни ҳам ичкаридан олиб чиқаман, кўрамиз-а? Шоҳбоз, Зарина-ҳеч нарсага тегмай жимгина ўтирамиз, хўп? Зайтунахон, шулардан бохабар бўлиб турасиз!
Маҳфуза опа ўринларидан туриб, ичкарига кириб кетишлари билан фатограф пакетига солиб қўйилган суратлар жамланмасини аста ёнимга олдим. Пакет ичида ҳам йигирматача сурат бор эди. Уларни авайлаб қучоғимга тўкаётганимда, қандайдир чизиқлар тушиб, жудаям эскириб кетган суратга кўзим тушди. Бу Дилдорнинг мактаб формасида тушган олтига тўққиз хажмдаги сурати эди.
Сурат нега бунчалик эскириб кетганини тушунмадим, аммо ичимда нимадир чирт этиб узилгандек бўлди. Пакет ичида Иззат ака, Даврон ака ва Дилдорнинг яна турли ёшларда тушган икки-учта сурати бор эди. Баъзисида эса фақат икки ўртоқнинг, баъзисида эса яна бошқа ошна-оғайниларнинг...
Дилдорнинг суратини тузукроқ томоша қилиб ўтиришга вақт жуда кам эди. Ўрнимдан туриб уни жавондаги китоблардан бирининг ичига солиб қўйдим. Қолган суратлар эса яна аввалги жилд ичига қайтарилди. Худди шу пайтда Маҳфуза опа қўлларида қалингина қизғиш альбом билан хонага кириб келдилар.
-Зерикмай ўтирибсизларми? Ойимга "ичкари уйда келин билан расм кўряпмиз" десам, "қизимнинг чарчаганини кўра-била туриб, олиб ўтирмасанг бўларди" дея мени салгина уришиб бердилар. Олдингизда ҳижолат бўлиб қолдим-а, Зайтунахон! Ростдан ҳам энди кириб дам олсангиз бўларди...
Маҳфуза опага "ҳижолатпазликка ўрин йўқлигини ва бу ерда ўз хоҳишим билан ўтирганим" ни айтдим. Ойижоннинг гапларидан сўнг худди биров шошираётгандек битта альбомни тезгина варақлаб чала-ярим кўриб чиқдик. Альбомдаги суратларнинг тенг ярми жуда эски суратлар эди. Маҳфуза опа ҳар бир суратнинг қаерда тушилгани ҳақида қисқача таништириб ўтдилар.
-Мен ўз суратларимнинг баъзисини келинлик уйимга олиб кетганман. Шу ерда тураверса ҳам бўларкан...
Иззат аканинг бояги елимидан кўчириб олинган расмларини Маҳфуза опа яна ўз жойига қайтариб қўйдилар. Пакетдаги суратлар эса- жилд ичига мўралаб қаралгач, улар томонидан айтилган тушунарсиз изоҳ билан қайтадан жавон тортмасига жойланди.
-Бу ерда хужжатлар бор экан, болаларнинг қўлига тушиб, биронтаси йўқолиб қолмасин тағин. Келақол Шаҳбози энди келинойи ҳам уйларига кириб кетишлари керак. Битта ухлаб турсак, тонг отиб, "эртага" бўлган бўлади. Машинангни эса кўрамиз, тузатишнинг имкони бўлмаса, даданг янгисини олиб берадилар...
Ёнимда ўтирган ўғлининг сочларини силаб Маҳфуза опа уни овутган киши бўлди. Хайр-маъзур шу ифодага жо бўлганини фаҳмлаб, секингина ўрнимдан турдим.
-Яхши ётиб туринг, опа! Шаҳбоз, Зарина хайр...
Ичим ғаш тортиб, ичкари хонадан чиқиб кетдим. Остонада турган оёқ кийимимни кийяпман-у Маҳфуза опа нега у пакет ҳақида янглиш фикр айтганларига ўйланяпман. Ростиям, аввало альбомдан суратлар юлиб олингани- бир қарашда ноодатий ишдек туюлмаса-да, бу суратларнинг алоҳида қулфланадиган тортмада сақланаётгани- одамни ўйлантириб қўярди. Балки, Маҳфуза опа ўша пакетдаги суратларни боя шошилинч альбом варақлаганимиздек тез фурсатда кўриб чиққанларида ҳам бошқа гап эди...
Ўз келинлик ҳобгоҳимда сал олдин ёниб турган чироқ эндиликда ўчиб, ўрнида тунчироқ заифгина нур сочмоқда. Иззат ака аллақачон уйқуга кетган бўлсалар керак деб ўйладим. Аммо остонадан хатлашим билан ўтирган ҳолатда қотиб қолган гавдани кўрдим-у, қўрқиб кетдим. Билсам, Иззат ака айвонга чиқиб олиб намоз ўқиётган эканлар. Уларга ҳалақит қилмаслик учун оёқ учида юрганча ичкарига кириб кетдим. Атиргул иси хона ичини ширин ифорга тўлдирибди. Қанақа нав экан билмадим, ҳиди бунча ўткир бўлмаса-а?
Беш дақиқалар ўтиб-ўтмай Иззат ака ичкарига кириб келдилар. Ойна олдида нимагадир туриб қолганларини сояларидан илғаяпман. Худди мен каби овозсиз ўрин-кўрпа ёнига яқинлашдилар. Ўзим ёпиниб ётган юпқа жилд секингина очилгандек бўлди. Ўнг томонга ёнбошлаб пичирлаганча дуо ўқий бошладилар:
-Бисмиллахир роҳманир роҳийм. Эй Роббим сенинг исминг билан ётдим, сенинг исминг билан уйғонаман. Агар уйқумда руҳимни ўзингга олсанг, унга раҳм қил. Агар қўйиб юборсанг, худди солиҳ бандаларингни сақлаганингдек, уни ҳифзу ҳимоянгга ол!
Гап нима ҳақида бораётганини тушунмадим дея олмайман, балки бу пичирлашни янглиш эшитгандирман. Иззат ака адашмасам яна қанақадир дуоларни паст овозда ўқиб елкамга қўл қўйганларида чўчиб кетганимдан ётган жойимда бир учиб тушай дедим. Елкамга қўйилган қўл то оёғим учигача сийпаларкан, энг охирида менга эшитиларли оҳангда дуога қўл очиш билан якунланди:
"Жуфти ҳалолимни ҳам ўз паноҳингда асра!"
Бўғзимга ҳўрсиниқ тиқилиб қолгандек бўлди, хаттоки нафас олишга ҳам хаддим сиғмай ётибман.
-Зайтунахон ўнг томонингизга қараб ётсангиз, яхши бўларди...
Қанақадир бошқарув программасининг буйруғини бажараётгандек секинлик билан Иззат ака томонга ўгирилдим. Шифтга қараб қошларини чимирганча ётибдилар, ғира-ширада кўзларини юмуқ деб ўйлабман.
-Илк бора сизни кўрганимда Амирчикни йўлакда эркалатиб тургандингиз. Бошида Радмила ясаниб олганча қаёққадир кетяпти деб ўйлаганман.
Иззат аканинг гапларини эшитиб, ажабланганча уларнинг юзларига тикилиб қолдим.
-Қачон? Тўйда кўрганмидингиз?
-Йўқ, октябрнинг охирлари эди адашмасам...
Демак, мен Иззат акани кўриб-пайқамасимдан аввал- улар мени кўрган эканлар-да, қизиқ...
-У пайт сочингиз қизғиш рангда эди. Зина олдида орқа томонингиздан кўрганимни яхши эслайман. Тўғриси ўшанда ростдан ҳам боланинг энагаси деб ўйлаганман...
Иззат ака кулди. Кўзимга шу тобда жуда ҳам Нодирга ўхшаб кўриниб кетдилар. Беихтиёр чўлда саробга кўз тикканча қотиб қолган йўловчидек уларга тикилиб қолдим.
-Кейин Қақа билан айвонда ўтирганингизда кўриб билдим-ки, адашибман...
Қулоғимга олислардан кулгу овози эшитилгандек сесканиб кетдим. Йўқ бу кулгу менинг ёнгинамда янграётган эди. Ғалати ўхшашлик... Иззат аканинг хатто кулгуси ҳам Нодирникига ўхшарди. Хаёлимни сал олдин банд қилиб турган сурат ҳақидаги фикрлар қаёққадир учиб, йўқ бўлгандек туюлди. Қўл чўзиб тунчироқ шуъласини сал баландлатганимни кўрган Иззат ака менга ҳайрон бўлгандек қарадилар.
-Терговчимасмисиз, ишқилиб? Бунақа ҳусусият кўпроқ уларда шаклланган бўлади-да...
Аслида чироқни ёрқинлатишимнинг бошқа сабаби бор эди. Шифтга тикилганча кулиб нималарнидир сўзлаётган одамни айни дамда ўша жиддий Иззат акага заррача ҳам ўхшата олмаётгандек эдим. Худди уни қандайдир сеҳргар бошқа бир одамга алмаштириб кетгандек...
Бўлганда ҳам қачондир хаёлларимни банд этиб яшаган таниш бир инсонга...
-Бугунча ташқарига чиқмай қўя қолинг, ёмғир... Ҳовли супириш ҳам шарт эмас...
Юзимга қарамай гапираётган Иззат акага овозсиз "хўп" дегандек бош ирғаб қўйдим. Соямдан жавобимни пайқаб, жимгина ташқарига чиқиб кетдилар. Яхшиям-ки ёмғир ёғибди. Йўқса, уятдан ойижонга қандай рўпара бўлишни билмай ўтиргандим. Эгнимга ҳалатимни илиб эшик ёнига чиқиб турдим. Ташқарида шивалаб ёғаётган ёмғирнинг ажиб саси- юракка таниш хотираларни эслатаётгандек...
Бироздан сўнг ҳовлида Иззат аканинг енгилгина томоқ қирган овози эшитилди. Этим жунжука-жунжука ташқарига чиқиб, йўлак панасига ўтдим. Беш-ўн томчи ёмғир шунда ҳам юзимга томчилашга улгурди. Ичимдаги титроқ ҳалигача тингани йўқ. Сочларимни юваётганимда йўлакда қадам товушлари эшитилди: уятдан ёки қўрқувдан сувнинг овозини ўчириб, жим кутиб турдим.
-Зайтунам, бу ман! Илгичга жемперингизни илиб чиқиб кетяпман.
Ўзидан-ўзи ванна четига ўтириб йиғлай бошладим. Бир пайтлар "қани энди қиз бола бўлиб туғилмасам эди" дея ўйлардим. Ҳозир тушуняпман-ки, қиз бола бўлиб яшаган даврлар ҳам- аслида осмонларда учаётган пайтинг бўларкан...
Қийини эса- аёл бўлиб яшаш...
02 сентаябрь 2001 йил.
Эрталабдан Баҳрия холам билан Дилдорнинг йўқловга келаётгани ҳақида хабар бўлди.
-Ҳамма нарсамиз бор, келишса - кўнглимиз ҳам, эшигимиз ҳам очиқ!
Ошхонага кириб, топшириқ бўлганидек суюқ овқатга уннай бошладим. Ойижон картошка тозалаётганимда ёнимга кириб ўтирдилар. Қўярда қўймай "келинг, шу нарсаларингизни тўғраб, тайёрлаб бераман" дейишларини эса мутлақо кутмагандим. Иккиланганча ювиб келган сабзавотларим солинган идишни ойижоннинг қўлларига тутқаздим. Қараб турсам, сабзини бир ҳил қилиб тўғраяптилар.
Шу ёшда бунақа қилиб тўғрагани- одамда аввало ҳафсала бўлиши керак. Ойим бежиз қулоғимнинг остида жар солмаган эканлар, ўқиш ва иш, қолаверса ўзим билан ўзим оввора бўлиб, бунақа нарсаларга анча ҳом эканлигимни сездим.
-Памидорни бир қайноқ сувга солиб беринг, онам. Пўсти- ўзига тан, овқатда елим халтанинг бурамасига ўхшаб чиқиб турса, ичган одамнинг таъбини бузиб қўйиши мумкин-да. Сиз секин қозонни осаверинг, буларни турса ҳам суви қочиб, мазаси кетиб қолади. Қозонни оловга қўяётганимда ҳам ойижон бир ўрниларидан туриб, ичига разм солганча қараб қўйдилар.
-Қозон деган нарсанинг ҳам ўзига яраша нозик таъби бўлади. Ювғич сал эскирса, "қозоннинг арзи- қозига!" деган гапнинг айни ўзи бўлади, айланай. Мана кўриб турганимиздек, унинг ҳам иккита қулоғи бор: шу қулоғига эшиттириб, "бисмиллоҳ" ни қуюқ қилиб айтмасангиз, аразлаб қолади. Аёл киши- ўзини жаннатга етаклайдиган савоб ишларни фарзанд туғиб, тарбия бериб, оқ ювиб, оқ тараб, жуфтини ёки қариндошларининг кўнглини овлаб, ҳимматига ширин таом пишириб топади.
Шу овқатни биз оловга осмасимиздан бурун ризқи тортганларни- Худованди Карим йўлга чиқариб қўяркан. Бир бўлак гўштни, икки чўмич сувни ортиғи билан ана шу ризқини излаб келадиган ғойибларга атанг!
Бир сўз билан айтганда- шўрвани бошдан охиригача ойижоннинг ўзлари қилдилар десам нотўғри айтмаган бўламан.
-Келинг энди, эскиртирмасдан Иззатбегим олиб келган гўштнинг қолганини расамад қилиб қўяйлик. Бизнинг вақтимизда шамолда қотирилган сур гўшти бўларди. Бешбармоққа тўғраб-тўғраб ишлатсак, билмаганлар "от гўштими?" деб сўраб қўярди.
Шўрва милдираб қайнаб чиқишига ойижон мени ичкарига ясаниб олиш учун киритиб юбордилар.
Тайёр бўлишимга кўча эшик олдига машина келиб тўхтагани эшитилди. "Меҳмонлар келишди" деб ўйлабман, бу Иззат ака эди. Қўлларида эрталаб уйдан олиб чиқиб кетган жойнамозлари, адашмасам пешин намозидан қайтяптилар. Зинада оёқ кийимимни кияётган маҳалим уларнинг ошхонада куймаланаётган ойижонга "кимдир келадиганми?" дея савол бераётганлари қулоғимга чалинди. То ўша томонга етиб боргунимча Иззат ака саволларига жавобни ҳам олиб бўлгандилар.
-Яхши... Бирон нарса керак бўлса ичкаридаман ойи!
Ортларига қайрилишлари билан менга кўзлари тушди. Лимон рангли ёқасига зар тикилган кўйлак-лозимда эдим. Нимадандир ҳижолат тортгандек кафтларига йўталиб қўйдилар.
-Онам, меҳмонлар келиб қолишса ўзим чақириб, овоз бераман. Сиз ўша айтганимдек...
Ойижон яна қоидани эсимга солаётгандек, "Иззатжонга қарайверинг!" дея им қоқдилар. Олдинма-кетин ичкарига кирдик.
-Баҳрия холам келяптиларми?
-Ҳа, Дилдор билан бирга...
-Ҳм...
Иззат аканинг чеҳрасига синовчан тикилдим. Бу тахлит қараб туришимга гўёки эътибор бермагандек стул суянчиғига қўлларидаги жойнамозни силлиқлаб илиб қўйдилар. Хаёлан Иззат акага ўша саволни бергандек бўлдим: "Дилдорни яхши кўрармидингиз?"
Биламан, бу улар учун етти ухлаб, тушга ҳам кирмаган бир гап. Балки "ёш келинчакнинг бемаврид ва бесабаб уйғонган рашки" дея қабул қилсалар керак. Аммо ичимдаги қолган саволларга ҳеч қачон жавоб беролмасликлари аниқ! Мен-ку улар никоҳ оқшоми куни илтимос тариқасида олдимга қўйган талабларни бажара оларман, чунки ойижон ростдан ҳам тилла аёл!
Истайманми ёки йўқ, уларнинг ҳалим табиатларига жавобан-яхши муносабатда бўлишим табиий. Аммо "қўлимдан келганча сизни бахтли қилишга сўз бераман" деган инсон- ўз сўзининг устидан чиқа олармикан? Қандай қилиб, бировни яхши кўра туриб, бошқаси билан яшаш мумкин?
Шу пайтда Иззат ака келиб, елкамдан енгилгина қучдилар. Ичимдаги овоз киноя қилгандек мавзуга нуқта қўйди:
"Бунинг нимаси қийин? Мана сен яшаяпсан-ку!" Кўзларимни чирт юмиб олдим.
Ўша пайт дарвоза олдига машина келиб тўхтагандек бўлди. Буниси эса аниқ- Дилдор ва Баҳрия холам эди. Иззат ака худди бизни қўш дарпардалар ортидан ҳам кимдир кўриб қоладигандек елкамни қўйиб юбордилар. У ёқ бу ёғимни тузатиб, шошганча ташқарига чиқдим. Тўқ қизил рангли енгсиз кўйлакда Дилдор жуда ҳам яшнаб кетганди. Сочлари эса худди меникидек қоп-қора тусда, ёноғига пешонасидан узунгина бир тутам соч тушиб турибди.
-Оҳ! Қанақаям чиройли келин бўлибсан-а?
У мени бағрига босиб юзимдан ўпганча саломлашаётганда, бизни зимдан кузатаётган Баҳрия холамга бир қур кўзим тушди. Ора-чора ўз уйим томонга ҳам қараб қўйяпман. Хаёлимда худди Иззат ака ҳам у ердан бизни кузатиб тургандек...
-Ойи, бу ахир Зайтуна-ку! Нима уни билмайсизми, никоҳ куни хаттоки куёвга ҳам салом бермади-ю, биз хафа бўлсак энди!
Ростдан ҳам хаёл билан бўлиб келин салом қилишни унутгандим. Устунга ташлаб қўйилган ёпинчиғимни бошимга солиб, уларга икки букилиб келин салом қилдим.
28-қисм
-Яшанг, пошшо келин бўлинг, қўшганингиз билан қўша қаритсин, илоҳим...
Шу билан меҳмондорчилик бошланди. Иззат аканинг ҳовлига чиққанини чойнак кўтариб, ичкарига кириб кетаётганимда кўрдим.
-Хола ассалому алайкум! Хуш келибсизлар... Қақа, сан қанақасан?
Турмуш ўртоғимнинг овозини Дилдорнинг манзирати босиб тушгандек бўлди. Беътибор, санаб-санамай чой қайтара бошладим.
-Зайтунахон кейин бир менга қараворинг!
-Ҳозир...
-Борақолинг, Иззатбегимнинг гапи совумасин!
Чойнак шартли равишда Дилдорга ўтди, ойижоннинг гапларига кўра ўрнимдан туриб, Иззат аканинг ёнларига шошдим. Шкафдаги баъзи бир кийимлар нима учундир ўрин устига олиб қўйилибди. Ўзлари эса тортмаларни битта-битта очиб, худди бир нарсаларини қидираётгандек алфозда...
-Тўй куни кийган кўйлагимни тополмаяпман. Қутисига солиб қўймаганмидингиз?
Улар сўраган кўйлакни олиб бериш учун кийимлар устига энгашдим. Кўринадиган жойда илгичга солинганча турибди.
-Мана...
Қопқонга тушдим! Иззат аканинг бақувват қўллари белимдан икки карра айланиб, ўраб олди.
Иззат ака юзимга тушиб қолган сочни қўллари билан секингина қулоғим ортига ўтказиб қўйдилар. Елкам ортидан юзимга шунақанги меҳр билан тикиляптилар-ки, боя ичимдан ўтган савол учун энди ўзим уялиб кетдим.
Шўрвадан кейин ошни дамлашга Иззатбек ака чиқиб ёрдам бериб юбордилар.
-Қулоқ солинг; мана ҳозир гапиряпти... Ана энди ўртага тўплаймиз!
Иззат ака кўрсатиб берганларидек капгир билан гуручни ўртага тўплай бошладим. Улар эса ҳамма жараённи шундоққина ортимда кузатиб турибдилар.
Айтганларини қилдим. Кафтим устидан капгирни тутганча ўхшамаган жойларини ўзлари ўхшатиб юбордилар...
-Бўлди! Жуда тобида!
Гуруч устига лаган ёпаётган маҳалимиз ошхонага кутилмаганда Дилдор кириб келди.
-Вой, узр! Иззат ҳам шу ердамиди? Билмабман...
Иззат аканинг юзига бирдан қон тепчиб-қизарди. Чиқиб кетганларидан сўнг Дилдор билан бир муддат ошхонада ҳоли ўтириб гаплашдик. Нимани сўрамасин, унинг бу қизиқишлари ортида- бошқа гап бордек туюлаверди. Хаёлан уни ўзим ҳам саволга кўма бошладим:
Дилдор ўзига бунчалик тикилиб қолганимнинг боисини тушунмади...
-Иззат яхши йигит! У сени албатта бахтли қилади...
Унинг гапларини эшитмагандек, эшитсам ҳам у худди менга аталмагандек бефарқ бир алфозда Дилдорга савол бердим:
-Сен ўзинг, қачон турмушга чиқмоқчисан? Ўғлинг ҳали кичкина. Ўзинг айтардинг-ку, ўғил болани албатта эркак киши тарбиялаши керак деб...
"Оғзи маҳкам, аммо қўли ниҳоятда очиқ дугонам"нинг бу саволимга лаблари титраб, киприклари пирпираб кетди. Тайин жавоби бормикан ёки йўқ? У бир муддат ҳеч нарса демади. Сўнгра:
-Гап билан чалғиб қолганимни қара-я, Олия холам индамасликлари мумкин-у, аммо ойим уйга боргач, шунга ҳам бир соат танбеҳ бермасалар ҳали. "Намунча висирлашмасанг, Зайтунани гапга қўяман деб ҳам ўйламадингми?" дейишлари тайин! Мен ичкарига кирақолай. Юр, сенам кирасанми? - деди-ю ўрнидан қўзғолди.
-Майли, борақол! Салдан кейин кираман.
Ичим бир бўлак музни ютиб юборгандек музлаб қолди. Дилдор...У шунақаям чақилмайдиган ёнғоқ эканлигини аввал ҳам билардим. Аммо...
11 сентябрь 2001 йил.
Тушлик маҳалда телевизордан Америкада бўлган терактни кўрсатишди. Ойижон диванда тасбеҳ ўгириб ўтиргандилар. Уларга чой дамлаб олиб кириб, ўзим ҳам телевизорга бирозгина қараб қолибман.
-Дунё тинч турсин-ей, энди! Одамларга нима керак экан-а, нечта одамнинг ёстиғини қуритиб, самалёт олиб қочиш- бир нарсани ўзгартирса экан. Вой худойим-ей!
Кейин анча пайт жим бўлиб қолдилар. Салдан кейин Кореядаги муллакамдан уларга қўнғироқ бўлди. Телефон гўшагини ойижоннинг қўлларига олиб бориб берганимда, улар йиғлаб ўтирардилар.
-Умарбек, саломатмисан? Онанг ўргилсин, сендан! Соғиниб кетдим, қачон келасан? Оз қолдими? Аллоҳ таолога омонат этганман, бошингдан то оёғинг учигача, илоҳим сени ўзи асрасин! Ҳеч... Телевизорда Американи портлатишибди-ю, шуни кўриб ўтиргандим. Хаёлим дарров сенга кетди-да! Ҳалиги дуони ичингда бўлсаям ўқиб юрибсанми? Ўғлим, ўқиб юр, жон болам! Аллоҳ асрайди, доим ҳаққингга дуодаман! Ўргилай сандан, Умарим, кўзимнинг нури!
Таксида уйга қайтяпман. Сал олдин эса ўз хоҳишим билан ишдан бўшашга ариза ёздим. Фарида опа фикримдан қайтаришга анча уриндилар. "Ҳеч йўқ бошқа бўлимга ўтсанг-чи?" Барибир Нодир билан бир эшикдан кириб-чиқиб юришимга тўғри келади...
Аслида уларнинг хоналарига бошқа юмуш билан киргандим. Стол устида турган Нодирнинг аризасини кўрдим-у... Йўқ! Уни узоқдан кўриб бўлса ҳам энди бир жойда ишлолмайман. Бу-қийин нарса! Айниқса бугун у билан тўқнашиб кетгач, бу ерга ишга келган биринчи куним ёдимга тушиб кетди. Бу вақт ичида биз-ҳаммамиз етарли даражада ўзгардик! Энди у аввалги Нодир эмас, мен ҳам аввалги Зайтуна эмасман...
Таксида келгунча таниш шоиранинг ўзим ёқтирадиган шеъри тилимда айланиб келди...
Сезилмади ярам... Кўрган кўзларга,
Мен кулиб кетяпман, йиғлади ичим,
Ёлғон-ла кулишга қолмади кучим,
"Кечмоқ" қийин демак, Сендан "Кетиш" дан...
“Сездирмайин” дедим, кетдим мен кулиб,
"Ичим йиғлаганин кўрмасин!" дедим...
🍃
Ойнинг кечага сабр қилиши уни ойдинлатур. Гулнинг тиканга сабр қилиши гулга ёқимли ҳид берур. (Румий. )
🍃 Дилноза 🍃
14 октябрь 2001 йил.
Эрталабдан бери қиш учун аччиқ-чучук беркитяпман. Ўтган йилги банкалар омборда чанг босиб ётган экан, баъзининг ичида қанақадир смолага ўхшаш нарса қотиб қолган. Бир қатор беркитганларимни яхшилаб ўраб қўйдим, энди яна банка топишим керак. Соат тўртларда бозордан қайтган "эрим" менга сал-пал қаралашишни бошлади.
-Одил, буёққа кел!
Қайнонамнинг чорлови янграгач, у қўлини ювиб нари кетди. Ёнимга қайтиб чиқишини ҳам умид қилмай нарвон қўйиб чордоққа чиқдим. У ерда анчадан бери ётган уч литрли банкалар бор экан. Иккита-иккиталаб секин олиб туша бошладим.
Энг охирги банкаларни Одил ака пастга тушмасимдан қўлимдан олдилар.
-Сенга нима зарур келди. Эртага ўқишга борасан, дам олсанг-чи!
"Эрим" га индамадим. Нима дейман? Ойиси эрталабдан ёнларига чақириб, икки яшик помидорни "бугун ёпиб тинчит!" деганларини айтаманми?
-Ҳозир тугатаман, банкага солиб, беркитсам бўлди!
-Ўзим беркитиб бераман. Сен шуларни ювиб, тайёрлаб бер! Ҳаш-паш дегунча тугатиб оламиз.
-Аввал овқатланиб олинг, қорнингиз қулдирадими, ҳозир?
Банка ювишим чала қолди. Қайнаётган аччиқ-чучукни секин четга суриб, овқатимнинг тагига ўт ёқдим.
Қайнонамнинг яна деразадан овози эшитилди. Ҳали тушликдан ортган ярим қозон овқат бор. Ошхонанинг энди остонасига етган "эрим" жойида қотди:
-Вой-вой-ей, шундоқ банканинг ичига ботиб қолди-я, бу келин!
Қайнонам йўртиб, шу тарафга келаётганини кўриб турибман. Жавранганча бир-иккита ювиб, тўнтариб қўйилган банкаларимга қараб ўтди.
-Келин! Овқат нима бўлади? Ё кечга помидор тузлама еб ўтирамизми?
Сўнг ярим қозон овқатни кўриб, афти буришди:
-Тушликка алоҳида, кечга алоҳида овқат қил деб айтмаганмидим? Увол бўлибди-ку шунча овқат! Бир қозон қилиб қилиш шартмиди?
-Ҳа нима бўпти, ойи! Бу ҳам овқат-ку! Ачимаган, еворамиз бир чинни-бир чиннидан қуйиб.
-Меъёрни билиш керак, сен аралашма! Каталакдек уйда ойисининг пешонасига қаққайиб ўсган қиз-да, бунинг катта рўзғорни расамадини билармиди?
"Хўп" демасам, она-бола шу овқатни деб ҳам тортишиб кетадиган. Секингина "ҳозир бошқа овқат соламан!" деб қўйдим.
-Бу-чи? Уволи бор-ку буни ҳам. Наҳот тўрт кишига ҳослаб овқат солиш ақлингга келмади?
Жим бўлиб қолдим. Ростдан ҳам ярим қозон овқатни энди нима қилишни билмайман.
-Ойи, мен шу овқатни ичаман, Нодир ҳам шуни ичса керак. Сизнинг ўзингизга Дилноз ҳозир нимадир пишириб беради.
-Бирингни икки қилмайди бу хотинчанг...
Бу гаплардан ичим зиғирча музламай қўйган, негадир шу муомаласида ҳам қайнонамнинг менга тан берганга ўхшаш ғалати ҳадиксираши сезилади.
17 октябрь 2001 йил.
Ўрнимдан туришимга бирдан кўнглим айниди, аранг эшикни очганча ҳаммом томонга шошдим. Худди ичимда бир ғаламис нарса қўзғаб қолгандек. Буралганча ўқчирканман, ёдимга ойимнинг ҳув бирда айтган маслаҳатомуз гаплари тушди:
"Талабасан, ўқишинг бор. Камига келинсан, уй яна қайнонанинг хизматлари! Худо берса, майли-ю, аммо сал болали бўлишга шошилмай турганларингиз яхшими, дейман-да!"
Ойнадаги аксимга ваҳима аралаш ҳаяжон билан тикилдим. Демак, уч кундан бери ўзимда содир бўлаётган ўзгаришлар бежиз эмас. Ўтган йили ҳам барчаси худди шунақа кўнгил айнишлари билан бошланган эди. Беҳоллик, бел оғриғи, бош айланиши...
Ўзим сезган бу янгиликни "эрим"га айтишга ҳам, айтмасликка ҳам ҳайрон эдим. Қайнонам эса- рангим бўзариб ҳаммом йўлагидан чиқаётганимда ниманидир сезди шекилли, изимдан қараб қолди.
Ишларимни тез-тез бажариб, ўқишга кетишим керак. Бугун биринчи парада Боймуродовнинг дарси, кечиксам яхши бўлмайди. Аксига олиб яна мазам қочишни бошлади, айниқса ошхонанинг деворларига дуд иси сингиб кетганми, нонушта тайёрлаётганимда кўнглим яна беҳузур бўлишни бошлади. Амаллаб ўша ерга кириб-чиқиб юриб, чой тайёрладим.
-Бугун Севар болаларни ташлаш учун келади, ўтган сафар хожатхонани кўриб, анча диққати ошди. Бу уйда у яшаётган пайт хожатхона ҳечам шунақа турмаган, икки дақиқагина вақт кетади! Ё ўзим қилсаммикан?
Шундай қилиб, чой устида қайнонам томонидан хожатхона ҳақида гап очилди. Кеча ювиб-аҳталаб чиққанимни кўрганди-я...
Секин дастурхон четидан суғурилиб чиқиб кетдим ва бинойидек жойни қайтадан артиб, тозаладим. Инсон иложсизлик нелигин тотиб кўрган лаҳзалар ҳам ўзида ёмон хотира ташиши ростми, ўзим ахталаётган хожатхона- менга илк фарзандимни йўқотган жойни эсга солиб юборди.
Ивиб семириб кетган сигарет бичоклари ҳар томонга сочилиб ётган ва плиталари қусуқдан шилта бўлиб кетган ўша ресторан хожатхонасининг ҳар қаричи- кафтим чизиқларидек кўз ўнгимдан ёдаки ўта бошлади. Ичимда нимадир оғриб, ўша ернинг ўзида буралиб қолдим. Овозимни эшитдими, "эрим" ҳовлиққанча ёнимга кирди.
-Дилноз, тинчликми? Сенга нима бўлди?
-Ҳеч нарса!
-Мазанг бўлмаяптими?
-Сал бошим айланяпти!
Қўлимдан ушлаб ташқарига олиб чиққач, очиқ ҳавода сал ўзимга келгандек бўлдим.
-Соат неча бўлди? Ўқишга боришим керак.
-Шу аҳволда-я?
-Ҳа. Тузукман. Анча ўтиб кетди.
-Қаердан биласан? Балки дўхтирга кўринишинг керакдир.
-Ҳомиладорлик касаллик эмас.
-Нима?
У юзимга қараб анграйганча турарди.
Бу сафар жавоб бергим келмади. Уни четлаб ўтиб, кийиниш учун ичкарига шошдим. Ҳеч нарсани уқмаган одамдек Одил ака орқамдан хонага кирди.
Мен эса бу пайтда тамомила бошқа нарсаларни- неча ойлар олдин вужудимдан кўчган норасиданинг ўша қип-қизил этини кўз олдимга келтирганча битиб улгурмаган яралар, ҳали унут бўлмаган изтиробларни яна бир карра йўқлаб, китобларимни кетиш учун сумкамга жойлаётган эдим.
Ҳомиладорлигим маълум бўлгач, қайнонам негадир жудаям камгап бўлиб қолдилар. "Эрим" эса нақ еттинчи осмонда учишни бошлади. Ора-сира "нима егинг келяпти?" деб ҳоли-жонимга қўймай сўраб турадиган бўлган. Тўғриси ҳеч нарсага кўнглим суст кетмади, аввалги сафаргидек аччиқ нарсаларни ҳам тусаётгани йўқ. Аммо ҳидларга жуда безовта бўламан. Бугун ҳам ёнимга китоб очиб олиб, кир ювяпман. Қўлимни сочиққа артиб, бир вароқ очгач ёпилиб қолмаслиги учун устига ручкани кўндаланг қўйиб қўяман.
Одил ака қидира-қидира ҳаммомга, ёнимга кириб кела бошладилар. "Ҳа, шу ердаман!" деб овоз бердим.
-Э, шунақа аҳволда китоб ўқиш шартми? Қоч!
-Нима қиласиз?
-Нима қиламан? Четга ўтсанг, биласан!
Кўпик аралаш ҳўл қўлимни сочиққа артиб, ўрнимдан турдим. "Эрим" ўзи кир ғижимлашни бошлади.
-Бор, эшикни беркитиб тур, эсимдан чиқибди.
Эшикни беркитиб чироққа китобни яқинлаштириб кўз югуртира бошладим.
-Физиология.
-У нима ҳақда?
Китобнинг илк саҳифасига қайтиб ўқиб бердим: "Тирик мавжудотларнинг моҳияти, нормал шароитдаги ва патологиядаги ҳаёт, яъни турли даражадаги биологик тизимларининг ишлаши ва тартибга солиниши тўғрисидаги фан.
Ташқаридан қайнонамнинг овози эшитилди. Иккимиз бир-биримизга анграйганча қараб қолдик.
-Чиқақолинг, бу ёғини ўзим амаллайман!
-Бўлаверади, сиз эса боринг. Ойижон анча кутиб қолдилар!
-Шуни ювиб олсанг, бўлдими? Тугайдими?
-Ҳа, лекин анави дастурхонни ҳам бир қўл чайиб қўйишим керак.
-Оббо, нима бўларкан энди, сешанба куни кир ювса? Унақада одам ўша куни кир ҳам бўлмаслиги керакми?
-Билмадим унисини, сиз тезроқ борақолинг!
-Кутиб тур! Ўзим қолганини салдан кейин кириб чайиб бераман. Сен китобингни жим ўқиб ўтирсанг ҳам майли.
Бу орада қайнонам яна бир марта чақирдилар. "Эрим" ташқарига чиққач эса "у ёқда нима қиляпсан? Хотининг қаёғда?" дея кетма-кет сўроққа тутдилар. "Нима деб жавоб берарканлар?" дея мен ҳам бу ёқда кутиб турибман. Жавоб эса менга умуман эшитилмади.
-Нима қилмоқчисан?
То улар ёрқинроқ ёнадиган лампочкани ўрнатиш учун ичкарига киргунларича-кирларимни анчасини ювиб, камайтириб қўйдим. У ёғини эса биргалашиб тугатдик. Бир тарафи-Одил аканинг анча яхши томонга ўзгарганларидан ҳурсандман. Тўйдан олдин уларни ҳечам "менга бунақа меҳрибончиликлар қилади" дея тасаввур қилмагандим.
Сўнгги пайтларда ойимнинг менга тўйим олдидан гапирган гапларини тез-тез эслаяпман: "ёмоннинг бир қилиғи ортиқ!" Дарҳақиқат, бу гапни ойим менга бежиз айтмаган эканлар. То Одил акага турмушга чиққунча унинг рашк сабаб тез-тез қуюшқондан чиқиб туришлари-ю ҳар қандай хатода кўр-кўрона айблаб ташлашларигача ўзимни руҳан тайёрлаб бўлгандим.
Қайнонам ҳақида тўхталадиган бўлсам, уларнинг феъл атворларидаги бир жихатни илк ҳафталардаёқ тушуниб етдим: қайнонамга ҳеч қачон баланддан муомала қилган одам ёқмайди! Ўзи учун фойдали бўлган нарсани ҳам шу сабабли қизишганча рад этиши мумкин. Фикрини ётиғи билан тушунтиришни билган ёки тилёғламалик қилишнинг обдон ҳадисини олганларгина-қайнонам билан тез муросага келиша олади. Буни аллақачон сезиб улгурган бўлсам-да ҳали бирон марта уларга тилёғламалик қилмадим.
Биз аслида баъзи бир қайнона-келинларга ўхшаб, бир-биримиз билан суҳбатлашиб ўтирмаймиз ҳам. Бажарадиган юмушларимни қатъий график тузиб олиб, бир четдан бошлаб бажаришга ҳаракат қиламан ва бу режада бирон соат ҳам менинг бўш вақтим йўқ!
Худди биринчи ҳомиладорлигимдагидек, бу сафар ҳам белим тез-тез оғриб безовта қиладиган бўлган. Тўғриси, жуда тез чарчаб қоляпман. Ҳар сафар автобусда уйга қайтаётганимда ўзимни эплолмай қоламан, роса уйқум келади. Қайсидир куни-менда қизиқ воқеа бўлди. Пешонамни ойнага тираганча автобусда ўтириб, зумда кўзим илинибди. Яна икки бекатдан сўнг тушишим керак эди. Нечадир сония ўтиб, ваҳима аралаш кўзимни очсам, рўпарамда менга тикилганча бир татар миллатига мансуб мулойимгина кампир ўтирибди. Апил-тапил "қаерга етдик экан?" дея йўлга қарадим.
-Талабамисан?
Кўзларимга кулиб қараганча савол берган бу кампирга ҳижолат бўлганимдан аранг "ҳа, талабаман!" дея жавоб бердим. У эса автобусдан қаерда тушишим кераклигини сўради. Манзилимни айтдим.
-Жуда чарчабсан, озроқ ухлаб ол! Автобус ўзи ҳозиргина юрди, "манзилдан ўтиб кетдим" деб ўйлаб, қўрқиб кетдинг шекилли. Сен ухлайвер, ўзим уйғотаман!
Ажойиб кампир экан. Ростдан ҳам тушишим керак бўлган бекатда секин туртиб "қизим!" дея уйғотди. Шу ўн дақиқали уйқу-шунақаям рохатижон уйқу эдики!
Ойим билан кеча телефонда гаплашгандик. Ишхоналаридаги администратор Нейла опанинг мушуклари иккинчи марта болалаган экан, ойимга ҳам битта уч ойлик боласидан берибди. Ҳозир шу мушук билан анча овуниб ўтирибдилар. Ўзлари чўмилтиради, овқатлантиради, баъзан эса саватчага солиб пастга олиб тушадилар."Авваллари мушук қўлтиқлаган ўрис кампирларга ҳайрон бўлардим, мана ўзимнинг аҳволим!"
Ойим Чимкентга кетганимда ҳам бунчалик зериккан-зерикмаганларини билмайман, аммо бу сафар... Биринчи бор телефон қилганимда, гўшакни кўтарганча анча пайт жим турдилар. Сўнгра "Тинчмисан?" дея ҳавотир аралаш савол бердилар. Оналарга қанчалик қийин эканлигини "ҳали ўзим она бўлмай туриб тушуниб олдим" десам ҳам бўлаверади.
Инсонлар аслида ўз оғриқларини севишади. Шунинг учун оғриқдан қутулгач ҳам уни бир умр эслаб юришади. (Чарльз Паланик)
16 октябрь 2001 йил.
Худди бир йил олдингидек қуёш яна чарақлаб чиқди.
Эрталаб ишхонага келдим-у дарров бошлиқнинг хонасига чақирилдим. Аббосхўжа вазирликка ишга ўтадиган бўлиб қолибди. Шуҳрат Иззатович ҳузурида унинг ўрнига бош мутахассис лавозимига ўтиш учун ариза ёздим.
-Мана Раҳматуллаев, сенга ишонч билдириб, даражангни етарли даражада оширдик. Энди ўзингдан қолар гап йўқ! Бўлимингизда озчилик қолди. Янги вакант иш ўринлари учун эълон бердик. Ишга келадиган ёш кадрларни йўлга солиш ва барқарор муҳитни яратиш сен билан Низомовга боғлиқ. Ўйлайман-ки, ўзингга берилган ишончни оқлайсан!
Шуҳрат Иззатович бўлимдаги камчиликлар ҳақида сўраганда, эскирган техникаларга бироз тўхталиб ўтдим. Принтер ва бошқа жиҳозларни янгилаб беришларини айтди. Ҳуллас ўзим учун янги компьютер ундирдим десам ҳам бўлаверади. Қабулхонадан чиққанимга бир соат бўлар-бўлмас, таъминот бўлими ходимлари хонамизга кириб келишди. Кутганимдек янги принтер ва бир пайтлар Зайтуна ишлатган компьютерни камина учун ўрнатиб беришди. Аввал буйруқни ўқиган Фарида опа, кейинроқ эса Садр ака бош мутахассис бўлганим билан табриклади. Аммо ҳаммамиз Аббос учун кўпроқ ҳурсанд бўлдик. Ўзи ўсадиган бола эди!
Эски хотираларим билан боғлиқ компьютерни ёқарканман, уни шунча пайтдан бери ҳеч кимга берилмай омборда ётганига ажабландим.
"Эшик ёнидаги красавчик!" Ҳа, бу файлнинг эски номи Зайтунанинг таъбири бўйича "эшик ёнидаги кўза" эди! Ҳозир бу кўзанинг ичи - эски хотираларга тўла. Оғзини беркитиб дарёга отиб юборса ҳам бўлаверади...
Файлни очиб, у бир йил олдин чизган ўз суратимни томоша қилдим. Ҳаёт давом этяпти! Зайтуна энди яхши бир оиланинг бекаси, тақдир йўлларимиз бошқа-бошқа сўқмоқларда давом этаётган бўлса-да, уни эслатиб турадиган бу ишхонада-мен ҳалиям ишлаб ўтирибман. Суратимни кўриб, ўша пайтда ўйлаган хиссиётларимни яна қайтадан "бошдан кечирдим" десам ҳам бўлаверади...
"Безымянная папка"
Унинг баъзи кечинмалари мана шу номда сақланиб қолган экан, балки ўчириш ёдидан чиққандир...
Он, конечно, не Ален Делон но нимасидир ёқимли... Балки харизмаси кучли бўлгани учун менга шундай кўринса керак. Унинг исми-Нодир!"
Садр ака ростдан ҳам жудаям сезгир инсон. Мен ишлатиб ўтирган компьютер билан боғлиқ эски тарихни ҳали у ҳам унутмаган бўлса керак. Нималарнидир ўқиб ўтирганимни кўриб, бир-икки марта тамоқ қириб қўйди.
-Ноди, тур ташқарига чиқамиз!
-Ўзинг чиқавер, ака!
Столи тортмасидан сигаретини оларкан, чеккани чиқиб кетаётганини сезсам ҳам жим ўтиравердим. Қўймади. Биргалашиб йўлакка чиқдик. Ўша охирги дераза - Садр аканинг паккаси! Кўпинча нималарнидир ўйлаб, ўша жойда чекади.
Ҳозир ҳам у чекяпти, мен эса деразадан пастдаги кириш йўлагини томоша қилиб турибман. Ҳар эҳтимолга қарши у менга сигарет таклиф қилиб кўрди, рад этдим.
-Чекмай қўйганинг яхши бўлибди, демак мен ўйлагандан кўра анча иродали экансан!
Индамадим.
-Мен эса ташлолмаяпман! Қара, шу нарсадан ҳам ўзинг учун хулоса чиқарсанг бўлади, укам...
Гап тагида нима маъно борлигини тушундим. "Ҳали бу хотиралардан ҳам қутулиб кета оласан" демоқчи...
Давоми бор...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4