Якуний қисм
Бомдоддан қайтган отам онамга бир гап айтиб қолди
— Онаси, бу кунларда ҳам бир хайр бор. Вақтдан фойдаланиб, Саодатни шифокорга кўрсатамиз. Соат ўнга тайёр бўлиб туринглар.
—Дадажоним, хафа бўлманг, аммо мен куёвингизнинг рухсатисиз ҳеч қаерга бормайман.
—Тўғри айтасан, рухсат олиб, кейин борамиз.
Турмуш ўртоғим ҳар куни ишга кетаётиб ва қайтаётиб мендан хабар олгани кирадилар.
Ҳар куни бир умид, илинж билан кутаман. Бугун ҳам дераза олдига жойлашиб олдим. Олисдан Хўжамнинг машинаси кўриниши билан ўзимни тузатиб, чопдим.
Машина ичида ўтириб гаплашдик. Қандайдир ўйчан эдилар. Дадамнинг таклифи юзасидан рухсат сўрадим.
—Саодат, шошмай тур, ўзим олиб бораман,-дедилар.
—Майли, жоним, нима десангиз—шу!
Дадам Хўжамнинг қароридан аччиқландилар, аммо начора, гапириб-гапириб охири кўндилар.
Хўжам ҳар оқшом қўйни-қўнжини тўлдириб келар , баъзан бир соат, ярим соат шаҳар айланиб келар эдик. Ширинликлар, ҳўл мевалар, ёки шарбат кўтариб уйга кирар, укаларимни меҳмон қилардим.
Бу орада ёз келди. Чилла кирди.
Хўжам кечқурун келиб, эртага тайёр туришимни, бир ҳафтага тоққа олиб кетишларини айтдилар. Қувончдан маҳкам қучоқлаб олдим.
Тонг бошқача отди. Осмон тип-тиниқ, беғубор эди. Кейинги айрилиқ даврида Хўжам билан ўтадиган ҳар бир дақиқамни қадрлайдиган бўлиб қолганман. Бир ҳафта! Бир ҳафта бирга бўламиз. Оламда биздан бошқа ҳеч ким бўлмайди. Бу мен учун улкан бахт.
Мана, биринчи марта Хўжамнинг машинасида, шундоқ ёнгинасида ўтириб саёҳатга кетяпман. Машина ичи салқин, ҳаво совуткич ишлаб турибди. Йўлда мастава ичдик, кабоб едик, яна давом этдик.
Биз борган дала ҳовлининг шароити аъло даражада, иккита бассейн, теннис столи, ўчоқ, манқал, хатто тандири ҳам бор эди.
Бирга беш маҳал номоз ўқидик
Гоҳ кабоб пишириб, гоҳ балиқ қовуриб, ердик, баъзида пастга тушиб овқатланиб чиқардик. Тошкент жудаям исиб кетган ёзнинг қоқ ўртасида биз кечаси кўрпага ўраниб ухлардик.
Бир хафта бир лаҳзадек ўтиб кетган эди.
Қайтар эканмиз Хўжам тоғнинг энг чиройли манзарали жойида тўхтадилар, суратга тушдик. Кейин дўлана тагига бориб ўтирдик.
—Саодат,- дедилар оҳиста, — ўзинг ақлли аёлсан.
Юрагим ёмон ура бошлади.
—Айта қолинг...
—Хуллас ойим бир жойга совчиликка боряпдилар. Менимча, у томон ҳам розилик бергандек. Куёв билан қиз учрашсин дейишибди. Ман ишимни баҳона қилиб бу ёққа қочиб келдим. Ойим, барибир, ўз ҳолимга қўймайдилар деб қўрқаман.
Дир-дир титрай бошлайдим. Қулоғим шанғиллар, юрагим томоғимга тиқилиб қолгандек эди.
—Шунга... Шунга... Балки сен билан ҳам алоқани узмасмиз. Мен сени ҳеч кимга беришни истамайман, бошқа билан кўрганим—ўлганим, Саодат! Ман уйлансам, даданг ҳам сени узатиш пайига тушади. Нима бўлсак ҳам ажрашмасак дегандим...
" Алҳамдулиллаҳ!" Хўжам мендан воз кечмоқчи эмас, азбаройи фарзанд учун бошқасига уйланмоқчи!"
Жим бўлиб қолганимни бошқача тушундилар чоғи давом этдилар
— Саодат, агар кўнмасанг, яна нимадир ўйлаб топаман, лекин билиб қўй: Сен билан ажрашмайман!
— Хўжам, ман сизни ҳар куни кўришим керак. Шунчаки, бир марта бўлса ҳам кўришим, беш дақиқа бўлса ҳам гаплашишим керак. Шунга ваъда бера оласизми?
— Ваъда бераман, Саодатим...
Япроқларига чанг қўнган дўлона дарахти тагида беш йиллик жуфтлик изҳори дил қилардик.
Аллоҳим фарзанд неъмати бермаётган бўлса-да мен дунёдаги кўпгина аёллардан кўра бахтлироқ эдим. Бирга яшаб бир-бирини кўргани кўзи йўқ жуфтликлар қанча? Бирга ўтириб бир соат гаплаша олмайдиганлар қанча? Мен ўтган умримдан, ўтаётган ҳар лаҳзамдан миннатдорман. Хўжам билан ўтган ҳар сониям ҳамиша қадрли бўлган.
Машинага ўтирдик. Хўжам бир қўли билан машина рулини, иккинчи қўли билан кафтимдан тутдилар. Қўлларимиз қўллларимиздан тафт олиб Тошкенга кириб келдик.
Орадан бир хафта ўтгач, Хўжам учрашувга бориб келганларини айтдилар. Машинада ўтирар эканман юрагимни биров эзғилаётгандек, сўнг оловга тутиб куйдираётгандек бўлардим.
—Ёқдими?-куч билан сўрадим
— Бир грамм ҳам ёқмади.
—Алдаманг? —дедим кўзларига қараб.
—Нимага алдайман? Нигоҳи совуқ...
—Унда нимага рози бўлдингиз?—сал енгил тортган эдим.
—Ойим бу бўлмаса бошқаси билан яна учраштиради. Ҳеч кимни кўргим келмайди. Сен мени нима қилиб қўйгансан, қандай сеҳрлагансан-а? —дея юзимдан чимдиб қўйдилар.
— Муҳаббатим билан сеҳрлаганман!—жилмайишга ҳаракат қилдим...
Кейинги пайтларда ошқозоним оғриб юрибди. Кечки овқатни таъбим тортмади. Музлаткичдан битта олма олиб еб ўтирдим. Дадамнинг кайфияти йўқ эди. Овқатдан сўнг укаларимни уйга киргизиб юбордилар. Учаламиз қолдик.
— Содирхўжани кўрдим. Келаси якшанба ўғлининг фотиҳаси экан. Умархўжа айтганмиди?
—Хабарим бор,—дедим секин.
—Энди келса айт, талоғингни бериб кетсин, бошқа бу ерга келмасин!
—Дада, ўзимга алоҳида уй олиб берар эканлар...
—Уйи бошида қолсин! Бошқа учрашмайсан. Умринг кутиш билан ўтади-ми? Тўғри, мен Алллоҳнинг ҳукмига қарши бормоқчи эмасман, аммо ҳозирги эркаклар, барибир, адолат қилолмайди! Бунақа ҳаёт-ҳаёт эмас, қизим. Бундай яшашингни истамайман.
Индамадим. Ҳозир дадам аламзада, гапиришнинг фойдаси йўқ...
—Саодат, соат ўн бўлди, райҳоним, бўлди пардани ёп, бугун келмасалар керак. Ётақол, қизим.
— Яна озгина кутай, ойижон!
Икки кўзим дераза орқали қоп-қоронғи кўчага қадалган. Боя телефонда гаплашганимизда ҳам "Кечга бораман!" деган эдилар. Соат ўн икки бўлди ҳамки, келмадилар.
Ноилож, толиққан кўзларимни юмдим. Икки томчи қайноқ ёш дувиллаб оқиб тушди. Ўрнимдан турганимни биламан,бошим айланиб кетди. Деворни ушлаб қолдим.
—Нима бўлди, офтобим, рангинг оқариб кетди гулим?
— Кутиб чарчадимми, бошим айланди.
— Тузук-қуруқ овқат ҳам емаяпсан, бошинг айланиб, кўнглинг айниб юрибсан. Вай! Саодатим, балки..
Нигоҳларимиз тўқнашди. Ё, Аллоҳ, наҳотки!
Бу қандай бахт! Мен Хўжамнинг зурриёдини дунёга келтираманми!? Мен она бўламанми?! Алҳамдулиллаҳ!
Шифокор кўригидан ўтмагунча ишониб- ишонмаган онам энди юм-юм йиғлаб ўтирар эди.
Хўжамга айтишим керак.
Онамдан шифохонада эканлигимни эшитган Хўжам ўн дақиқада етиб келдилар.
Шифохона йўлагида ўтирар эканман, деярли югуриб келаётган Хўжамни узоқдан танидим. Ўрнимдан туриб муборак кўксига бошимни қўйдим. Елкамдан қучиб авайлаб ўтказдилар. Ўзлари чўкка тушиб, қўлларимдан ушлаб, кўзимга термулганча гапирар эдилар
—Бир кун келмаганимга бетоб бўлдингми, Саодат? Мен кеча фотиҳани йўқ қилдим! Қиз билан гаплашиб, ҳаммасини тушунтирдим, уни бахтли қилолмаслигимни айтдим. Кечаси дадам билан бирга ойимга қарши уруш очдик. Уйланмайман, ҳеч кимга! Сени уйга олиб кетаман, хозироқ.
—Тўхтанг, мен ҳам гапирай, Хўжам
—Керак эмас, гапирма! Дадам айтдилар бир умр менга ўхшаб фақат фарзандларинг учун яшаб бахтсиз бўлма, келинимга ўхшаган аёллар дунёга юз йилда бир келади дедилар.
Ортиқ сабрим қолмади Кафтим билан лабларини беркитдим.
—Ота бўласиз, Хўжам!
Кейин мен ҳам столдан пастга тушиб ўтириб олдим
—Бизнинг ҳам фарзандимиз бўлади! Шифокор айтди, она бўлар эканман.
Шифохонанинг полига тиззама-тиза ўтириб, бир-биримизга тикилиб йиғлайвердик. Бир пайт Хўжам қўлимдан тутиб тургиздилар. Етаклаб нарироқда бизни кузатиб турган ота-онамнинг олдига олиб бордилар
—Дада, бизга рухсат беринг, уйга кетамиз.
Дадам қўлларини очиб дуо қилдилар,.
Икки дунёдаги энг азиз инсонимнинг, дўстим, сирдошим, ёстиқдошим, туғилажак фарзандим отасининг бақувват қўлларидан тутиб борар эканман, қалбим бахтга шодликка тўла эди.
Уйга кириб борганимизда Ойижон сўрида ёлғиз хаёл суриб ўтирган эканлар. Хўжамнинг қўлларини қўйиб юбориб ойижонга салом бердим, сўнг ўтирган жойларида қучоқлаб олдим...
Хушхабаримиз ойижонни ҳам эритиб юборди чоғи
— Энди ўзингизни эҳтиёт қилинг, болам,-деб қўйдилар.
Беш йилда илк бор "Болам" дедилар...
Шуни билдимки, аёл муҳаббат улашиб, бахтга эришар экан..
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Агар бирортага Аллоҳдан бошқага сажда қилишни буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим».
Севсангиз, Аллоҳ қўшган жуфтингизни севинг, унутманг, оила барча хазиналардан қиммат, барча бойликлардан бебаҳодир.
Феруза Салходжаева
(тугади)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 15
Мани охтикима хам она булиш насиби рузи килгай оллохим шу озтикимни оиласини бузмин фарзанд баргайсан амин