Якинда М. Чагминийга багишлаб рус тилда публикация килгандим.
Йулдош ака катта рахмат!
Маҳмуд ал-Чағминийнинг тўлиқ исми шарифи Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Чағминий бўлиб у ҳақидаги дастлабки маълумотлар немис олимларидан В.Рудольф (1816-1893), Г.Зутер (1848-1922) ва А.Хохгейм (1840-1898), рус шарқшуноси Б.И.Беляев асарларида учрайди. Ўзбек олимларидан академик Т.Н.Қори Ниёзий ўзининг “Улуғбекнинг астрономия мактаби” ва бошқа асарларида Чағминий ҳақида қимматли маълумотлар келтиради. Урганч Давлат педагогика олийгоҳининг доценти, марҳум Халил Сиддиқов ҳам ал-Хоразмий, Беруний, ал-Чағминий ва бошқа астроном, тиббиёт, математик олимларнинг илмий меросини ўрганиб бу ҳақда у кўплаб илмий асарлар ёзиб қолдирди. Мураккаб шароитга қарамай, олимнинг астрономияга оид бир неча қўлёзма асарларини ахтариб топишга муяссар бўлди. Тадқиқотчи олим шу қўлёзмаларни синчковлик билан ўрганиб ўзининг “Чағминий ва унинг ўтмишдошлари” номли дастлабки асарини (1976 й) ёзади.
Маҳмуд ал-Чағминий пойтахт Гурганж шаҳри яқинидаги Чағмин деб юритилган кентда туғилган, у бошланғич таълимни ўзи туғилган кентда олиб, кейинчалик Гурганж мадрасаларида ўқишни давом қилдирган. У Гурганжда энг машҳур олимлар раҳбарлигида тарбия топиб, астрономия, математика, геометрия, география фанларидан чуқур билим олиб, яна илм олиш учун Самарқанд мадрасаларида ўқиган. Олим кейинчалик Хоразмшоҳларнинг саройида илм билан шуғилланган.
Ал-Чағминий аниқ фанлар соҳасида кўпгина асарлар ёзиб қолдирган, шулардан “ал-Мулаххас фи ҳайъат ул басита”, “Астрономия ҳақида қисқача рисола”, “Тўққизликлар арифметикаси”, “Мерос тақсим қилишдаги усулларга шарҳ” каби ва табобатга доир “Қонунча” асарлари бизгача етиб келган.
Маҳмуд ал-Чағминий ўша вақтдаги йирик олимлар каби фаннинг бирор соҳаси билан эмас, балки астрономия, риёзиёт, табобат, жуғрофия ва бошқа соҳаларда ҳам жуда сермаҳсул ижод қилган. Бу фанлар ривожининг ҳар бирига шунчалик ҳисса қўшгани сабабли у ҳақли равишда Абу Райҳон Берунийдан кейинги Хоразм илмий мактабининг энг кўзга кўринган олими ҳисобланади.
Академик В. В. Бартольднинг таъкидлашича, Улуғбек мадрасасидаги астрономияга оид машғулотлар Чағминийнинг астрономия соҳасидаги «Мулаххас фи-л-хайъа» («Астрономияга оид қисқа тўплам») асарига Мир Саййид Шариф Журжоний (1339 – 1413) ва қозизода Румийлар томонидан ёзилган шарҳлар асосида ўрганилган. Мазкур олимлар Маҳмуд ал-Чағминийнинг асарига шарҳлар ёзишган. Жумладан, қозизода Румий ўз шарҳининг кириш қисмида Чағмин сўзи ҳақида шундай тушунтириш берган: «Чағмин сўзи ал-Чағминий туғилган Хоразмдаги жой номидир».
Ал-Чағминий ўз даврида табобат илми билан ҳам чуқур шуғулланган алломалардан бири бўлиб, унинг бизгача табобат илмига оид “Қонунча” номли асари етиб келган. Олимнинг бу асари шарқнинг машҳур табобат алломаларидан Абу Бакр ал-Розий, Абу Али ибн Сино ва Исмоил Журжоний асарларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда ўз тажрибаларини илмий мужассамлаштириш асосида яратилган. Унинг ушбу асарида одам анатомияси ва физологияси ҳақида, диагностика, терапия, жарроҳлик, доришунослик ҳамда касалликни олдини олишнинг кўп чоралари ҳақидаги долзарб масалалар хусусида сўз юритилади. Асарда инсон саломатлигини таъминлашда кўпгина тадбирлар, айниқса жисмоний тарбия, соғлом экологик муҳит, мусаффо ҳаво ва тоза ичимлик суви ҳамда саёҳатлар энг муҳим омиллардан, деб кўрсатилган. Шунинг учун ҳам олимнинг “Қонунча” рисоласи тажрибали тиббиёт олимлари эътиборини ўзига жалб қилди. Жаҳон табобат ходимлари олимнинг ушбу асарига жуда юқори баҳо берганлар. Ҳиндистонлик машҳур тиббиёт олими Жони Муҳаммад Акбар Арзоний ўзининг “Юрак қувончи” (1780) асарида Чағминийнинг ушбу рисоласи ҳақида тубандаги илиқ фикрларни ёзиб қолдирган:-“ Мен тиббиётга доир жуда кўп китобларни ўқиб чиққанман. Шулар ичида ал-Чағминийнинг “Қонунча” асари менда алоҳида қизиқиш уйғотди. Дўстларим мендан ушбу рисолага шарҳ ёзишни илтимос қилдилар. Мен уларнинг илтимосини фойдадан ҳоли бўлмаса керак, деган умидда бажо келтирдим. “Қонунча”га ёзган шарҳимни “Муфаррих ал-қулиб” (“Қалбларни хурсанд қилувчи”) номи билан тайёрладим”, - деб қайд қилади. Ушбу шарҳнинг форс тилида кўчирилгани ва Ҳусайн ибн Муҳаммад Абу Али ас-Астрободийнинг араб тилида “Қонунчага шарҳ” асарининг кўчирилгани биттадан нусхалари бизгача етиб келган.
Маҳмуд Чағминий Нажмиддин Кубро каби қўлига қурол олиб 1221 йилда Гурганжда мўғул босқинчиларига қарши Ватан озодлиги учун жангда ҳалок бўлган .
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев