10 - қисм.
– Мен сизни кўп кута олмайман.
– Тушундим.
“Эҳ, Шоҳиста!.. Шайтоннинг урғочиси! Шошмай тур, бошингга бир ўйинлар солайки, бу
савдолар қаердан келганини билолмай тентак бўлиб юргин!”
Бир пасдан сўнг яна Ҳамдамга қўнғироқ қилди.
– Ҳа, тинчликми? – афтидан Ҳамдам танбеҳ эшитишдан қўрқиб, холи жойга чиқиб,
телефонни кўтарган.
– Менга қаранг, сиздан илтимос, шу Шоҳистадан биттагина қасдимни олиб беринг.
– Қандай қилиб?
– Эрига елимдай ёпишқоқ бир ўйнаш топиб беринг. У шундай шаллақи бўлсинки, керак
бўлса, келиб Шоҳистанинг сочини юлсин.
Ҳамдам “хо-хо”лаб кулиб юборди.
– Ўҳ, сиз хотинлар! Сизлар чатоқ.
– Шундай номзод борми?
– Топамиз.
– Тезроқ топинг.
– Хўп, – Ҳамдам кула-кула телефонни ўчирди.
Нозима ҳам хаёлига келган фикрдан кўнгли ёришди: “Ҳали менинг совунимга кир
ювмабсан!”
У суд бўладиган кунни ҳаяжон билан кутди. Қайнонаси билан эри ҳеч қачон унинг
хиёнатини элга ошкор қилмаслигига ишонса ҳам, барибир қўрқди. Чунки уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, болаларни ўзларида олиб қолишга шундан бошқа асос йўқ
эди. “Туҳмат қилишяпти, деб туриб оламан. Ишқилиб, телефондаги ёзувларни олиб
келишмасин-да. Йўғ-е, бунчалик пасткашликка боришмас”.
Улар суд раисининг қабулхонасида учрашишди. Нозима энди келиб ўтирган эди,
қабулхонанинг эшиги очилиб, аввал қайнотаси, сўнг қўлтиқтаёққа осилиб олган
онасининг тирсагидан ушлаган эри кириб келди. Нозима беихтиёр ўрнидан туриб,
салом берди. Аммо унинг саломига ҳеч ким алик олмади. Эри отаси билан онасини
жойлаштиргандан сўнг, “Мен йўлакда бўламан, керак бўлсам чақиртирарсизлар”, деб
ташқарига чиқиб кетди. Эрининг ранг-рўйи бир аҳволда бўлса-да, оппоқ кўйлак,
кулранг шим, тумшуғи узун чиройли туфли кийган, барваста қадди-қоматига
кийимлари жуда ярашиб турарди. Беихтиёр унинг ортидан тикилиб қолгани эсига
тушиб, хижолат тортди, котибага бир қараб қўйиб, юзини ҳар хил хонаки гуллар териб
қўйилган дераза томон бурди.
Суд Нозима ўйлагандай, катта суд залида, қора костюмли салобатли раис,
маслаҳатчилар иштирокида бўлмади. Уларни тўғридан-тўғри раиснинг хонасига
таклиф қилишди. Бу хонада раис ва улар билан бирга кирган ғум-ғумалак қориндор
йигитдан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Раис Нозиманинг аризасини ўқиб эшиттиргач, бирин-
кетин сўз берди. Сардор ўрнидан турганда Нозиманинг бутун аъзойи бадани музлаб
кетди. Беихтиёр ерга қаради. Шу чоғ бир ўтли хўрсиниқ ич-ичидан ёндириб ўтганини
ҳис қилди: “Хато қилдим, эрим ёмон йигит эмас эди”.
Ҳа, Сардор ёмон йигит эмас эди. У Нозимани умуман ёмонламади, ажрашишга рози
эканлигини, лекин хотинининг уйида етарли шароит йўқлиги сабабли болаларни
ўзлари ўрганган уйда, бобо билан момо тарбиясида қолдиришни илтимос қилди.
– Уларнинг уйида икки келин икки боласи билан, синглиси, ота-онаси туришади. Булар
ҳам бориб қўшилса, бир уйда ўн бир-ўн икки киши бўлиб кетишади. Оналари ишга
кетса, болалар тиқилинч, бегона шароитда, ўзлари ўрганган, меҳр қўйган яқинларини
соғиниб қийналиб қолишади. Бизнинг уйимизда бобо билан момодан бошқа ҳеч ким
йўқ. Бобо болаларни ўзи боғчага олиб бориб, ўзи олиб келади. Уйда бир жияним
туради. У ош-овқат, кир-чир билан шуғулланади. Момолари болаларнинг тарбияси
билан шуғулланади. Илтимос, болалар ўз уйларида қолсин. Онаси билан бирон учрашув кунини белгиласангиз, кўришиб туришларига сира қаршилигимиз йўқ.
– Катта неварам тўрт йилдан бери мен билан ётади, – бир амаллаб ўрнидан турган
момо кўзига ёш олди, овозлари қалтираб, зўрға гапирарди. – Болагинам бир кун ҳам
менсиз ёта олмайди. Мен ҳам усиз яшай олмайман.
Бобо ҳеч нарса демади.
Лекин суд… “иккала томонни ҳам эшитиб”, қонуннинг “фалон-фалон” моддаларига
асосланиб, “қарор қилди”: “Даъвогарнинг даъвоси қондирилсин”.
Нозима учун шу дақиқада судьянинг хонасидан бехавотирроқ жой йўқ эди. Ҳовлига
чиқса, маломат тошлари тагида қолиб кетишидан қўрқиб, ўтирган жойида қимирламай
ўтираверди.
Сардор бир оғиз ҳам гапирмади. Лекин қайнонаси чиқиб кетаётиб, унинг рўпарасида
тўхтади:
– Эй, менга қара, сенга шу болалар умуман керак эмас-ку. Ўзингдан ортиб, шуларга
қараёлмаслигингни ҳам яхши биласан. Бизни қийнаш учун болаларни қийнашнинг
нима кераги бор? Ахир сен уларнинг туққан онасисан-ку. Наҳотки шуларга раҳминг
келмайди.
Нозима индамади.
Сардор гапира-гапира йиғлаб юборган онасининг билагидан ушлаб, хонадан олиб
чиқиб кетди.
Анчадан сўнг котиба кириб, уни ўз хонасига таклиф қилди.
– Янги иш кўрилиши керак эди, опа.
Нозима шундагина хона тўрида қаққайиб турган суд раисини кўрди.
– Кечирасиз, бугун оғир кун бўлди.
– Ҳечқиси йўқ, – деди раис, – Гулбаҳор, опангга чой-пой қилиб бер. Сиз
хавотирланманг, болаларни ижрочилар олиб келиб беришади.
Болалар орадан бир кун ўтгач, изиллаб йиғлаб келишди.
– Мен бу ерда турмайман, – бағрига тортаётган онасининг қўлларини итариб ташлади
Санжар. – Мен ўзимизнинг уйимизда яшайман. Мен бу ерни ёмон кўраман.
– Вой, болам, ундай дема. Мен сени соғиниб кетдим. Сен мени соғинмадингми?
– Соғинган бўлсангиз, ўзимизнинг уйимизга юринг. У ерда момом билан бобом йиғлаб
қолди, – Санжар ўзи ҳам йиғлаб юборди. – Мен сизни ёмон кўраман. Мен бу ерда
турмайман!
– Ўғлим, сен йиғлама. Эрта-индин бизнинг ўз уйимиз бўлади, кейин мазза қилиб
яшаймиз.
– Менга уй керак эмас, менга момом керак!
– Ана, – деди она-боланинг мунозарасини бир четда кузатиб турган Ирис хола. –
Илоннинг боласи илон, чаённинг боласи чаён, деб шуни айтадилар-да. Бу боланг ҳеч
қачон сенга эл бўлмайди. Бу ўша кампирнинг тарбиясини олган.
Нозима онасига ўқрайиб қаради.
Қизи индамай бағрига келди. Уни роҳатланиб бағрига босиб туриб, жуда-жуда
ҳориганини ҳис қилди.
– Она, энди биз ҳеч қачон уйимизга қайтиб бормаймизми?
– Борасан, болам, қачон уйни соғиндим, десанглар, юбораман.
– Бўлмаса, момом нега йиғлади? Момом сизнинг юборишингизни билмаган-да. Сиз
телефон қилиб, айтиб қўйинг, болаларингизни юбораман, йиғламанг, денг.
– Хўп. Олдин сенга ўзим тўйиб олай.
Ҳамдам ўзи айтганидан ҳам тезроқ уй топди. Кореяда ишлаётган бир ўртоғининг икки
хонали уйи бор экан.
– Жуда зўр бўлмаса ҳам ҳамма шароити бор. Телевизор, музлаткич, кондиционер,
каравот… Эгаси жиҳозлари билан қўшиб сотган эди. Бир оз чеккароғ-у, лекин бўлади,
за то тинч. Олдин бир кўрасизми, ё бирдан кўчиб ўтаверасизми?
– Эртага эрталаб бир такси юборинг, борадиган жойимизни ҳам ҳайдовчига
тушунтиринг. Биз болалар билан кўч-кўронимизни олиб, ўзимиз бораверамиз. Ўзингиз
ўша ерда бўп туринг.
Ҳамма жойини ўргимчак тўри ва чанг қоплаб ётган уйдан рутубат ҳиди анқиб турарди.
Болаларнинг бирдан қовоғи уюлди:
– Она, биз энди шу хунук уйда яшаймизми, – дарров саволга тутди бижилдоқ Ноила. –
Бундан момомнинг уйи чиройли эди-ку.
Нозима бир уф тортиб, индамай қўя қолди. Ўзига ҳам ёқмаяпти. Аммо нима қилсин?
– Оналаринг ҳозир ҳамма жойни супуриб, ювиб, чиннидай қилади. Кейин бу уй ҳам
чиройли бўлиб қолади, – Ноилани юпатди Ҳамдам.
Нозимага Ҳамдамнинг гапи ҳам ёқмади:
– Бориб машинадан юкларни олиб келинг.
Санжар ҳеч нарса демади. Гўё у кейинги бир неча кун ичида бир неча ёшга улғайиб,
катта одамга айланиб қолган, ҳар нарсадан ўзича хулоса чиқариб, хулосасини ичига
ютиб қўя қоладиган бўлган эди. У уйни ҳам, Ҳамдамни ҳам бир қарашда ёқтирмади,
аммо чиқиб кетай, деса, онаси қўймайди, бирон четга ўтиб ўтирай деса, бу исқирт уйда
ўтирадиган жой ҳам йўқ эди. Ниҳоят, Худо онасининг ўзига ақл бериб қолди:
– Бўлмаса, болалар пастдаги скамейкаларда ўйнаб ўтириб , уйни йиғиштириб олгандан сўнг чақирамиз… Тағин узоққа кетиб қолманглар, бегона жойда адашиб
қолишларинг мумкин.
– Хўп, онажон.
Болалар чиқиб кетишгач, Ҳамдам тумтайиб турган Нозимани оҳистагина бағрига олди,
у ҳам бир сўз демай, йигитнинг елкасига бошини қўйди. Улар шу кўйи анча туриб
қолишди. На униси, на буниси бир оғиз гапирмади, улар бир-бирини сўзсиз тушуниб
туришган эди. Бошларига тушган синовлар қайсидир маънода уларни бир-биридан
узоқлаштирган бўлса, қайсидир жиҳатдан бир-бирига яқинлаштириб қўйган эди.
– Вақтни кетказмайлик. Бегона жойда болалар кўчада қолиб кетмасин, – биринчи
бўлиб Нозима унинг елкасидан қўлларини олиб, қучоғидан чиқди.
– Ҳа, тезроқ бўлиш керак, – уни дарҳол қўйиб юборди Ҳамдам ҳам.
Робия кампирнинг уйидаги ҳашамдор шароитга ўрганган Нозима яғири чиқиб кетган
бу ғарибхонани тозалар экан, хўрлиги келди: “Мендан кечиб, кимга етдинг, дейдилар”.
Бу уйда бир уй бола билан бир сонсиз аёл яшаганлиги аниқ. Эшик, деворлар
болаларнинг панжа изларидан доғ-дуғ бўлиб кетган, ким-ўзарига шарикли ручка
билан ҳар хил расмлар чизилган, ошхонадаги қўл ювгич ва газнинг олди ёғли доғ-
дуғлардан сирпанчиқ бўлиб қолган эди. Телевизор деганлари гугуртнинг қутисидан
салгина басавлат бўлиб, ичкари хонанинг тўрида мунғайибгина турарди. Кирлигидан
сарғайиб кетган музлаткичнинг ичида ҳам бирон токча йўқ, кийим иладиган шкафдек
ҳувиллаб турарди. “Қайнонаси умрини далада ўтказган бўлса ҳам, нима олса,
асилидан, чиройлисидан олар эди”.
Бу уйни астойдил тозаламоқчи бўлса, болалари кун бўйи кўчада қолиб кетишини
ўйлаб, ичкари хонадаги ўргимчак тўрларини тозалаб, чангларини ювиб, артиб,
болаларни уйга киргизди. Ҳали замон болаларнинг қорни очади, уларга нимадир
тайёрлаш керак. Шу пайтгача ҳеч қачон бозор-ўчарнинг ташвишини қилмаган
Нозиманинг ҳаётида яна бир муаммо пайдо бўлди. Бироз хижолат бўлиб, Ҳамдамга
қаради:
– Озроқ бозор-ўчар қилиб келсангиз. Ҳали замон тушлик вақти бўлиб қолади. Мен уйдан кийим-кечакдан бошқа ҳеч нарса олиб келмаган эдим.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 11