Омонат
Кун пешиндан оғди. Май ойининг ўртаси бўлса ҳам кунлар исиб кетган, одамлар ўзини соя-салқин жойларга олиш ҳаракатида.
Кўп қаватли уй тагидаги баҳайбат чинорлар остига ўрнатилган ҳарракда ўтирган рангпар, озғин жувоннинг қўлидан тортқилаётган икки ёшлардаги болакай қўшни татар кампир кўтариб кетаётган челакчадаги қулупнайларга қараб қолди. Кекса аёл бир зум тўхтаб, кичкина челакчасидаги қулупнайдан бир донасини болакайга берди. Кейин қорни яхшигина билиниб қолган ранги оппоқ, шахло кўзли келинчакка ҳам икки дона узатди. Аёл ийманиб
—Раҳмат,-деди.
—Ош бўлсин, —дея нари кетди қўшни кампир.
—Аяя, тата! —болакай ўзининг насибасини еб бўлгач, онасига қўл чўзди. Шарифа қулупнайларни боласининг иккала қўлига тутқазди. Ўзи эса тамшаниб қўйди.
Ўғлининг маза қилиб еётганини кўриб, завқи келди.
"Қулупнайлар арзон бўлиб қолгандир. Яқинда тугайди. Ёз келяпди-ку! Тезроқ ишга тушиб кетсам эди!"
Деразадан эрининг жаҳлдор юзи кўринди.
—Шарифа! Уйга кир!
У боласини етаклаб ижара уйининг йўлагига қараб юрди.
—Чой қўй! Эшикни очган эрининг биринчи гапи шу бўлди. "Нон озроқ қолганди, ҳозир гап эшитсам керак!" Аёл табиатига мос оғир қадамлар билан газ тепасидаги човгумни олди, жўмракни бураб сув тўлдирди.
Уй эгаларининг пастқам, эски музлаткичини очиб онасининг уйидан—қишлоқдан олиб келгани бултур қишга атаб ёпилган ўрик мураббосидан пиёлага солди. Ўтган куни газда қорароқ ундан ёпгани —нондан ушатди. Бўлди.
—Овқат қолмадими?
—Қолмади, боя тушликда Бекзод иккингизга иситиб бердим-ку?! Айбдордек гапирди аёл. Чой қуйиб, бир пиёла қуйиб узатди-да, чойнакни эрининг олдига суриб қўйди, ўзи эса ётиб олганча машина ўйнаётган ўғлининг олдига кирди. Эри икки кўзи телевизорда, хўриллатиб чой ичар экан, аёл кечга нима овқат қилишни ўйларди.
Бугун-якшанба. У, албатта, кесма лағмон қилиши керак. Гўшт ўрнига тухум солади, кўпроқ картошка солиб, қизил билан яхшилаб қовуради, иложи борича қаттиқроқ хамир қоради. Бўлмаса, сифатсиз ун қозонда аталага айланади. Ўзи лағмонни болалигидан хуш кўрмайди, эри яхши кўргани учун, камхарж бўлгани учун тез-тез тайёрлайди.
—Нон қолмадими? Эрининг овозидан чўчиб тушди. "Бошланди!"
—Ҳозир хамир қораман!
Жувон ўрнидан тураётиб боши айланиб кетганини ҳис қилди. Ой-куни яқин ахир.
—Аббос ака, битта буханка олиб кела қолинг, эртага ёпай, негадир, тинкам қуриб кетяпди.
—Битта нон ёпмай касалинг борми? Кечгача нима иш қилдинг? Кўчада ўтиргунча хамир қорганингда ёпиб бўлардинг. Аёл индамайди, аслида унинг қорамағиз ундан сув, туз, ҳамиртуруш қўшиб ёпиладиган шу нонни егиси йўқ эди. Хомиладорликни оғир ўтказяпди. Оламни ҳид босиб кетгандек. Ҳеч нарсанинг иси ёқмайди, хатто турмуш ўртоғининг ҳам. Эрига гап қайтармайди. Битта гапирса, қон йиғлатиб пушаймон бўлмагунича қўймайдиган одам. Ўлгудек зиқна, тили заҳар шу одам билан узун умр йўлини босиб ўтишини ўйлаб, юраги увишади, аммо орқага ҳам йўл йўқ.
У бисотидаги биттагина товоғида хамир муштлар экан хаёллари беихтиёр болалик кўчасига етаклади.
Ота-онаси озиқ-овқат магазинида сотувчилик қиларди. Кечгача тик оёқда ишлаб келсалар-да уларни ҳеч қачон аламзада, жаҳлдор қиёфада кўрганини эслолмайди. Бешта болани катта қилиб, иккита катта қизни узатган эдилар. Опасини ҳам, Шарифани ҳам сиртқи ўқишга жойлаб, кейин эрга бердилар. Қишлоғи олисларда қолиб кетди. У эса тушида ҳам кўрмагани Тошкенти азимга сочилган ризқини териб юрибди. Опаси ўқишни битириб, ишга ҳам тушиб кетди. У ҳали икки йил ўқиши керак, боласини боғчага жойлай олганида, эҳтимол, ҳозир ишлаётган бўлармиди? Бу орада яна хомиладор бўлиб қолди. Уни бу аҳволда ким ҳам ишга оларди?
Идишларни ювиб бўлган эди ҳамки, эшик тақиллади. Қўлини йўл-йўлакай ювилавериб юпқалашиб кетган сочиққа артганча эшикка қараб юрди. Футбол кўриб ётган эри
—Борсанг-чи имилламай,ким бўлса ҳам ҳозир эшикни синдириб киради! —деди ётган жойида.
У қадамини тезлаштирди...
—Ким экан?
—Аббос ака, Гўзал чиқибди, қаердадир дала бор экан, қулупнай теришга бориб келайлик деяпди.
—Қанча бераркан?
—Билмасам...
—Болани олиб кет!
—Сал ҳақингни талаб қил, қулдек ишлатиб пўчоқ пул берса, оғзингни очиб келмагин! —ёнбошлаган куйи гапирди эри, аммо телевизордан бир лаҳза ҳам кўзини узмади.
У қўшни аёл билан автобусга чиққандагина йўлкира ҳам олмаганлигини эслаб қолди. Минг ҳижолат билан қўшнисига айтди, Гўзал ҳам ўзи каби қўл учида кун кўрса-да,пишиққина экан, қайтишга олган пулини қўшиб унга ҳам тўлаб юборди
—Яёв қайтармиз, зўр келса!
Далада одам кўп эмасди. Уч-тўртта аёл ерга ёпишиб ўсган қулупнайнинг қизарганини териб оляпди. Биров билан бировнинг иши йўқ.
—Бола билан келдингизми? Бу билан қандай ишлайсиз? —қошини чимирди иш берувчи аёл норози оҳангда.
—Ташлаб кетадиган одам бўлмади-да! —ёлғон гапирганидан Гўзалнинг олдида уялдими қизариб кетди Шарифа, кейин давом этди.
—Болам беозоргина, ўзи ўйнаб ўтиради, машинасини олиб келганман. -деди у чўнтагидан кичкинагина ўйинчоқ машина чиқарди
—Ма, болам, шу ерда ўйнаб ўтир!
Қулупнай териш у ўйлаганчалик осон иш эмас экан. Эҳтимол, хомиладорлиги учун унга шундай туюогандир. Чўккалаб ўтириш бир азоб бўлса, увишиб қолган оёқлар билан сурилиб юриш минг азоб эди. Дамбадам ўғлига кўз ташлаб қўяркан, кеч тушиб бораётганини кўриб, юрагига ғулғула тушди. Кеч қолса, балога қолади.
—Гўзал опа, кетамизми?
—Тўхта, лоақал икки соат ишлайлик, ҳозир нима деб пул сўраймиз?
Атрофга шом қоронғулиги қўна бошлаганда иш берувчи аёл ишни тугатишга фармон берди.
У Шарифанинг қўлига қора елим қопчиққа солинган уч килоча келадиган қулупнайни тутқазар экан, аёлнинг юраги "шувв" этиб кетди. Пулсиз борса, эри ўлдиради! Айтганча, йўлкираси ҳам йўқ-ку, энди қандай кетадилар!
—Бу—сизнинг хизмат ҳақингиз,-деди у Гўзалга ҳам қулупнай солинган елим халтани узатиб.
—Бизга пул берганингиз маъқул эди, қулупнай керакмас. Қўшнисининг овози титраброқ чиқди.
—Ажойиб экансиз-ку?! Ўзи қулупнай арзон бўлса, етиштириш азоб бўлса, ҳаммага пул тўласак, ўзимизга нима қолади.
—Бошида келишиб олиш керак эди!
Боласи ғингший бошлади. Атрофга ёйилиб бораётган қоронғулик Шарифанинг ичига ҳам тобора чуқурроқ кириб бораётгандек эди. "Эримга гап топилди. Кеч қолганимга ҳали қанақа туҳмат тайёр турган экан! Вой, эстм қурсин, йўлкирамиз йўқ-ку, уйга қандай етиб борамиз!" Аёл оч эди. Токсикози оғир ўтиб қачондан бери тузуқ-қуруқ овқат емаётган, ўзини мажбурлаб еганларини эса қайт қилиб ташлаётган эди.
У ич-ичидан Худога нола қилди.
"Аллоҳим, мушкулимни ўзинг осон қил! Уйимга эсон-омон етиб олай! "
—Ким Қора қамиш томонга кетса, олиб кетамиз, машинамиз бор, —деди иш берувчи аёл узоқдан келаётган машинага ишора қилиб
Шарифа жон ҳолатда бақириб юборди
—Биз кетамиз, Қора қамишда турамиз! Юринг, Гўзал опа, —дея боласини дўппайиб қолган қорни устида кўтариб, бир қўлида қулупнай солинган халта билан лапанглаб йўлга тушди
Эри фавқулодда чиройи очилиб кутиб олди. Аёл қулупнайларни лаганга ағдариб ювиб олиб келди.
—Олинг, Аббос ака. Кейин биттасини боласининг қўлига тутқазди. Ўзи ҳам энди еб кўрди. Икки соат қулупнай ичида юриб, еб кўргани ботина олмаган эди.
—Қанча берди? Сабри чидамади эрини.
—Пул бермади, қулупнай берди. Аёл худди айбдордек ерга қараб гапирди.
—Ия, унда нимага бординг?
Аёл индамай қулупнай еяверди.
—Сен аҳмоқ, ношуд бўлганинг учун ҳам доим икки қўлингни бурнингга тиқиб юрасан. Ана, довдир! Бировларга текинга ишлаб келадиган мардикор.Аёл меҳнатига ачинмас, аммо эрининг нақ жонни ўйиб олалидан сўзларидан тўкилиб борарди. Назарида заҳарли сўзлар ўқ бўлиб юрагига битта-битта бўлиб қадалиб борар, жонини суғуриб олаётгандек бўлар, эрининг эса овози ўчай демасди, унинг кўзидан қайноқ ёшлар оқиб, юзини куйдира бошлади
Аёл қаердадир ўқиган эди, айтишларича кўз ёшлар ҳам икки хил бўларкан; аламли кўз ёшлар қайноқ, севинч кўз ёшлари эса совуқ бўларкан....
Гўзал уйга кириб борганида турмуш ўртоғи макарон қовураётган экан.
—Кечикиб кетдинг, онаси, —деди у қозоннинг қопқоғини ёпиб қўяркан. Эртага ойлик олсам, бозордан олиб келардим қулупнайни.
—Ўзим кўзим билан кўрай дедим-да, биз пахтадан бошқа нима кўрдик, дадаси.
—Мана, Тошкентни кўрдикку. Ризқимизни териб юрибмиз.
Гўштсиз макарон иккита ўғлининг қий-чуви, эр-хотиннинг ҳазиллари билан дунёдаги энг тотли таомга айланди.
Гўзал ҳам турмуш ўртоғи ҳам Тошкентда танишдилар. Бири тиббиёт, иккинчиси доришунослик йўналишида ўқигани учунми гап-сўзлари тўғри келиб турмуш қурдилар. Иккиси ҳам ўқишни тугатмаёқ ишга тушиб кетган бўлсаларда ойлик маошлари у ойдан бу ойга зўрға етарди. Бирин-кейин фарзандлар дунёга келгач, анча қийналиб қолдилар. Шунинг учунми Гўзал тезроқ ишга тушиб кетиш ҳақида ўйлар, Сардор эса сабр қилиш лозимлигини уқтириб шошмасликка чорлар, шундоқ ҳам болалар кўп касал бўлаётганини таъкидлаб чарчамасди.
Булар ҳам кўпчилик ёш оилалар сингари ижара уйда яшайдиган, қора қозон қайнаб турсада гўзал пойтахтда яшаб қолаётганидан бахтиёрлиги чексиз оилалардан бири эди.
Ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги эрталабдан кечгача тиним билмайдиган, қўллари қадоқ аёлларни кўрганида ҳозирги ҳаётига шукрона келтиради.
Турмуш ўртоғи уни яхши кўради, авайлайди, аммо аёл бой жудаям бадавлат бўлишни орзу қилади. У чиройли аёл, буни ўзи ҳам билади. Баъзан оҳорлик либосда, салгина пардоз қилиб кўчага чиқса ҳам одамларни ўзига маҳлиё бўлиб қараб қолганини сезади. Ўзини ҳашаматли уйларга, қимматбаҳо машиналарга муносиб деб ҳисоблайди, ўзига катта баҳо беради.
Ҳозир ҳам овқатдан сўнг йиғиштирилмаган дастурхон устида қулупнай еб ўтирар экан, озодаликни севадиган эрининг
—Гўзал, дастурхонни йиғиштириб ола қол,-дея қайта-қайта гапирган гапини эшитмаганга олиб, эриниб ўтирибди.
—Қани энди, пулим кўп бўлса, хизматкор олардим, — деди оҳиста.
— Соғ-саломат бўлиб ишлаб юрганга нима етсин, онаси, яхши ният қил.
—Ҳалиям яхши ният қиляпман, мана кўрасиз, ҳали уй тозалайдиган хизматчим бўлади.
—Сардор акўў, ман қулупнай олиб келдиму, сиз ювиб қўя қолинг идишларни...
Сардор кўнглига нима келса шуни қиладиган хотинига бир қараб қўйиб, ичкарига кириб кетди.
—Бўпти! —ноилож ўрнидан турди Гўзал...
Қулупнайлар ҳам тугаб қолди. Ўғилой ўша куни икки аёлга қулупнай тердириб, уларни Қора қамишгача олиб келиб қўйгани, уларга пул ўрнига мева бергани ҳақида, барибир, ўйлади. "Шу аёллар ночорликдан ишга чиққан эди! Мен ҳам нима қилай? Меҳнат қилиб етиштириш осон бўлмаса? Бозорда энг арзон нарса— деҳқон етиштирган маҳсулот бўлса! Ҳали ернинг ижара ҳақини тўлашим керак!" У бир-икки кун ўзини овутиб юрди-ю, кейин бошқа ёлланма ишчилар қатори бу аёллар ҳам ёдидан кўтарилди. Бу йилги даромаддан анча-мунча кам-катагини тўғирлаб олади энди.
Ёзнинг илк кунлариёқ бу йилги саратон ўта иссиқ бўлишини эслатиб турарди. Ўғилой тўшакда ётган эрига сўрига жой тайёрлади, сўнг катта ўғли билан икки қўлтиғидан кўтариб авайлаб ҳовлига олиб чиқдилар. Дарахтлар тангадек офтоб туширмайдиган салқин супага ётқизиб, ёнига ҳам суяниш учун ёстиқ ташлади. Эри дуо қилди
—Барака топ, ўртоқ, уйда диққинафас бўлиб кетгандим.
—Бирров бозорга бориб келаман, дадаси, қулупнайларни топшириб келай, қозонга овқат солдим, қайтишда дорилариззи ола келаман, хўпми? —деди у Зоҳиднинг кўзига термулиб.
—Сени ҳам қийнаб қўйдим-а? Ҳамма юк елкангга тушди. Ман тузалиб кетаман, Ўғил, мана кўрасан, ўшанда қўлингга совуқ сувга ҳам урдирмайман.
—Албатта, тузаласиз, дадаси, ахир ваъдангизни бажаришингиз керак-ку!
Эр-хотин "ваъда" воқеаси ёдига тушиб кулиб юбордилар.
Ўғилой овози дўриллаб қолган ўғлига кўчадан такси олиб келишни топширди, ўзи эса кеча тунда челакчаларга авайлаб жойланган охирги майда қулупнайларни йўлакка таший бошлади. Ўзбек аёллари рўзғорим деб жонҳалак. Мураббони шу майда мевалардан тайёрлашни маъқул кўрадилар.
Чиройли чиқармиш, арзонроқ бўлармиш. Майли-да, ҳар ким худо берган ризқини териб юрибди.
Ўғилой ҳар сафаргидек меҳнати маҳсулини олиб-сотарларга ўтказишга мажбур бўлди.
Талашиб-тортишиб нархини келишди. Пул қўлига теккач, арзонроқ деб ҳисоблагани дорихонага йўл олди.
Автобусга чиқиб олганида кун исиб кетган, боши билан терлагани учун, рўмоли ҳўл бўлиб кетганди. Жой бор экан, ҳайрият, тез ўтириб олди.
У автобус ойнасига бошини тиради. Тошкентда дарахтлар камайиб қолди. Қаёққа қарама, баланд-баланд иморатлар. Одамлар ҳам, машиналар ҳам шошиб у ёқдан бу ёққа ўтади. Шаҳарда ҳаёт қайнайди. Энди у нафасини ростлаб, автобус ичидаги одамларни кузата бошлади. Олдинроқда турган бир қиз (йигити бўлса керак) қўли билан оғзини тўсганча ҳамроҳининг ҳар бир ишорасига кулиб боради. Қисиқроқ кўзлари янаям юмилиб кетади.
"Кечагина мен ҳам шундай ёш эдим, қирққа кирмай тамом бўлдим. Кечагина Зоҳид акам билан қўл ушлашиб юргандик... Одамзот эртага ўзига нима бўлишини билмас экан-да!"
Ўғилой Зоҳид билан мактабда бирга ўқиган. Бир-бири билан оддий синфдошдек муомалада бўлган бўлсаларда, негадир ҳамма уларни бир-бирига пешларди. Аввал ҳазил билан бошланган бу ўйин қандай қилиб жиддийлашиб кетганини Ўғилой ҳаи, Зоҳид ҳам эслолмайди. Битирув оқшомида Ўғилойнинг онаси бетоб бўлиб келолмай қолди. Зоҳид уни уйига кузатиб қўйди. Шу оқшом улар узун йўлни пиёда кесиб ўтдилар. Ажаб, иккиси ҳам шу куни чарчаган бўлсалар-да йўлнинг тугамаслигини истар эдилар...
Кейин Ўғилой ҳам, йигит ҳам ўқишга киролмади. Бу эса уларни бир-бирига янада яқинлаштирди. Зоҳид устага шогирд тушди, Ўғилой тикувчига...
Оиладаги олтита қизнинг бешинчисига кейингиси ўғил бўлсин деган умидда шу исмни қўйган бўлсалар ҳам, ундан кейин яна битта қизалоқ туғилди. Отаси бечора ўғил кўрмадим деб гапириб-гапириб, оламдан ҳам ўтиб кетди.
Зоҳид яхши куёв бўлди. Ёз келса, қайнота—қайнонаси ўтирган уйларини таъмирлаб берар, уйлари яқин бўлгани учун Ўғилойдан ота-онасидан тез-тез хабар олиб туриши лозимлигин таъкидлаб турарди. Ота-онасига беминнат хизмат қилаётган аёлига ўзининг яқинларини ҳам унутмаслигини таъкидлар эди.
Ўғилойнинг оиласидаги барча қизлар узатилиб кетди аммо ккинчи опаси турмушидан ажраб, учта боласи билан ота-онасиникига кўчиб келди. Энди меҳрибонлари ёлғиз эмас эди.
Бирин-кетин ота-онаси ҳам, қайнона-қайнотаси ҳам оламдан ўтиб кетдилар. Зоҳид эса бир-икки кун кўксини чангаллаб юрди-ю, кейин тўшакка михланиб қолди. Шунга ҳам бир йил бўляпди. Аллоҳнинг иродаси, Ўғилойнинг парвариши билан секинлик билан соғлиғи тикланиб боряпди.
Аёл дорихонадан чиқаётганида ҳар сафаргидек яна барча дориларни харид қила олмаганига, яна пули етмаганига ўкиниб кетди. Тошкентда нон дўкондан кўра дорихона кўп, шунга қарамай дорилар ўта қиммат. У шаҳарнинг у бурчагидан бу бурчагига келиб харид қилган дорисининг битталик муолажаси учун кетадиган ҳаражати ўн беш кило қулупнайнинг пулига тўғри келди!
Наилож, ҳали Зоҳид акаси оёққа туриб кетса, бу кунлар унут бўлиб кетади.
У эрининг уста қўли билан обод бўлган файзли уйига кириб келганида кун ёйилиб кетган эди. Тўғри эрининг олдига борди.
—Келдингми, чарчаб қолмадингми?
—Ассалому алайкум, адаси, яхшиман. Алҳамдулиллаҳ, ҳамма дорингизни олдим. Чой-пой ичдингизми?
—Ҳа, барака топсин, Чарос овқатимни бериб, имтиҳонига кетди. Тушдан кейин экан.
—Омадини берсин. Илойим, яхши ўқишларга кирсин.
Қизи тўққизинчи, ўғли ўнинчи синфни битираётган бу ота-оналар ҳам "Биз ўқимадик, болаларимиз ўқисин!" дейдиган тоифадан эдилар.
Ўғилой эрининг дориларини ичирди, укол қилди, бирга ўтириб тушлик қилди, кейин яна далага кетди...
Аббос ишдан эрта қайтди. Қадрдон телевизори қаршисига ёнбошлаб олганча буйруқ берди.
—Ҳой, овқатингни тезлаштир, ҳозир футболим бошланади.
—Ишдан эрта қайтибсизми?
—Сени нима ишинг бор, бераётган шу арзимас пулига яна қанча ишлашим керак!— ўшқирди у хотинига ҳар доимгидек.
—Тоғажон хафа бўлмасмикинлар, дўконни кимга ташлаб келдингиз? — қўрқиб, юраги титраб сўради Шарифа.
—Мирзаҳмад келиб қолди.
—Вой бутун бошли дўконни ўн яшар бола қандай эплайди?
—Жуда раҳминг келаётган бўлса, бориб ишла, барибир, бошқа қиладиган ишинг йўқ! Аёлнинг юраги сиқилди, мавзуни ўзгартирди.
—Кир бошлагандим, тугатиб ола қолай, эрта қайтишингизни билмабман, нима овқат қилай?
—Шавла! Бўлди, бошимни қотирма! Болангниям нари ол.
Аёл кирини ташлади, қўлини чайиб, овқатга уннаб кетди.
Уч-тўрт дона ёнғоқдек гўштни пиёз билан қовуриб уч дона сабзини ҳам қозонга солди, уни ҳам нари-бери қовуриб, устига бир косага яқин гуруч солиб қовурди, қозонга сув солгач, қайнаб чиқишини кутди. Кейин овқатини пасайтириб, ваннага— кир ювишда кириб кетди
Ўғлининг овқат юқи теккан, доғ-дуғ кийимларини кир ювиш кукунисиз оддий совунда шунча ишқаласа ҳам сира очилмас, аммо аёл қайта-қайта ювишдан тинмас, жисмидаги кучи тугаб бораётгандек ҳолсизланиб борарди.
Турмуш ўртоғи қайнонасининг Тошкентда яшайдиган укасининг дўконида сотувчи бўлиб ишлар, рўзғор учун майда-чуйдалар сотиладиган магазиннинг тушуми яхши бўлмаётгани учун тоғаси уни ёпиш, ёки бошқа одамга ижарага бериш ҳаракатида юрган эди. Албатта, юришмайди-да, Аббос сира жон куйдирмаганидан кейин. Тоғаси ҳам опасининг юз-хотирини қилиб жиянига ортиқча танбеҳ бера олмаса.!
Аёлнинг ой-куни яқинлашди. Дарахтлар сўнгги кунларини шодумон ўтказишга аҳд қилгандек ранго ранг либослар кийган, тунлар салқин, кунлар ҳали ҳам иссиғини бермаган сокин куз кунларининг бири эди. Аёлни дард тутди. Биринчиси ўғли икки ёшга тўлиб-тўлмай иккинчисини дунёга келтираётган аёл дард билан олишаётиб ҳам уйларини йиғиштириб, қозонга овқат солишни унутмади.
Аббос Шарифани туғруқхонага киргизиб юборди-ю, ўзи ҳам йўқ бўлди. Ҳали ҳамшира, ҳали шифокорлар келиб ҳали замон керак бўлиб қоладиган буюмлар, дори-дармонлар ҳақида гапирар, аёлга эрига қўнғироқ қилиши лозимлигини уқтирар, аммо эрининг ўчирилган телефони сира ёқилмас эди.
—Сизнинг буюмларингиз қани? —деди ҳамшмра, новвот чой қилиб берайми дегандим.
—Ҳеч нарса олиб келмадим, —уялиб кетди аёл.
—Нечанчи фарзандингиз бу?
—Иккинчиси, —деди аёл ҳозир эшитадиган дашномига тайёр туриб.
—Тавба, аввал ҳам туққан экансизу қуп-қуруқ, шўппайиб келавердингизми?
Дард билан олишаётган аёл ич-ичидан ҳаммани ёмон кўриб кетди. "Нима қилай пулим бўлмаса?! Нима қилай, эримга айтсам фақат ҳақорат эшитсам?! Нима қилай, ота-онам йироқда бўлса?!
—Новвот чой қилиб берайми дегандим.
—Керакмааас, —ингради аёл дард аччиғида...
Қизалоғи дунёга келди. Миттигина. Шарифа дарддан фориғ бўлиб ётаркан, шу қадар енгил эдики, кўзига боя унга дашном берган ҳамширалар ҳам энг олийжаноб одамларлек кўрина бошлади...
Аввалги кўрган куни ҳам ҳолва экан. Уйга чиққач айниқса қийналди. Қизалоғи тинимсиз йиғлар, ўғли пайт пойлаб туриб чақалоққа тарсаки тушириб қолар, ўзининг ранг-рўйи бир аҳволда, еб-ичишининг тайини йўқ эди. Камига Аббос тоғаси билан уришиб, ишдан бўшаб келди.
—Қишлоққа қайтамиз!
—Дадаси, лоақал кичик чилламиз чиқсинми дегандим...
—Йиғиштир чилла-пиллангни!
Ҳар доимгидек унинг истаклари инобатга олинмади. Қишлоққа қайтдилар.
Бола туққан аёл бир кун ҳам ётолмади.
—Болани менга беринг, яхши бўлди, келганингиз, овсинингиз билан картошка кавлайсизлар!
Кетмон ҳам шунчалик оғир бўладими? Аёл нозик жисми майишиб кетаётганини ҳис қилар, туғруқдан кейин тикланиб улгурмаган вужудида куч йўқ эди.
Ўзи ҳам қандайдир асабий бўлиб қолган, аввалги сокин келинчак энди салга ловуллаб кетарди...
Бу оилада, негадир, ҳамма ишни аёллар бажаради. Шарифага эркаклар ухлаб ётганда улар бажарадиган вазифаларни ожизалар қилаётгани адолатсизликдек туюлади. Қайнонаси келинлари ва ўғиллари ўртасида адолат қилолмайди...
Шарифа кейинги пайтда кўп ўйлади. "Нимага мен бунчалик кучсизман? Нимага бошқа аёллар ўйнаб-кулиб бажараётган ишларга кучим етмайди?"
Бир ойда бир марта, унда ҳам икки—уч соатга онасининг уйига боришига рухсат тегади. Иккита бола билан кириб боради. Онаси бечора овқатларни тайёр қилиб кутиб ўтиради, гаплашгани ҳам улгурмайди.
Гўзал ишга тушди. Дорихонада, озода жойда. Фақат тиним йўқ. Харидор кўп. Сўровчи кўп. Иш чарчатиб қўяди. Болаларини боғчага берган.
—Сардор ака, келишиб олайлик, болаларни боғчага бир кун сиз олиб борасиз, бир кун мен, хўпми?
Эри дарров кўна қолди.
Гўзал маошини олган куни уйга у-бу келтирган бўлади-ю, бир-икки кунда тугатиб қўяди. Бу ерда қандайдир адолатсизлик бўлаётгандек туюлади. Яхши яшаш учун қанча ҳаракат қилмасин, барибир ўхшамайди.
Дорихонанинг эшиги ҳар доимгидек қўнғироқчаларнинг ёқимли овози билан очилди. Эшикдан қўлида машин калитини ўйнатиб басавлат бир эркак кириб келди.
—Ассалому алайкум, хизмат!-деди Гўзал одатича.
—Жаннатга кириб қолдим, шекилли, кулди эркак, шундоқ аёл хизмат деб турса! —илмоқли гапирди эркак.
Гўзал кулди. Негалигини ўзи ҳам билмай кулди. Табассуми кулгичларига ёйилди. У одамларни маҳлиё қила олишини биларди. Эркак ҳам бироз довдираб қолди
—Балки айтарсиз, нима керак?—эркакни яна ўзига қайтарди аёл.
Улар мана шундай танишдилар. Учинчи ҳамроҳлари шайтон бўлди... Гўзал телефонда гаплашиш ҳиёнатга кирмайди, деб ҳисобларди. Телеграмдаги ёзишмаларни ҳам уят ҳисобламас, кўнгил кўчасидаги сайру саёҳати қачон тугашини билмас, тўғрироғи, истамас эди.
Сардор яхшироқ пул топиш илинжида кўпроқ тунги навбатчиликда қола бошлади. Бу ҳар тамонлама яхши эди.
Тажрибаси ошиб борар, хушмуомала, билимдон шифокорнинг кун сайин мижозлари ортиб борарди.
Шайтон эса Гўзални тобора тузоғига олар, тунлари эрининг навбатчилиги аёл учун ҳам айни муддао эди...
Ўғилой шу ёзда ўйлаган режасини оширадиган бўлди. Ҳовлисига иссиқхона қуради. Қишда қулупнай сотади. Бу-маблағ, меҳнат талаб қиладиган иш эди. Чин дилдан истаса, амалга ошади деганлари рост экан. Ўғилой иссиқхонани тайёр қилгач, мутахассислардан маслаҳат ола бошлади
— Иссиқхонада қулупнай ривожланишининг барча босқичларида ҳарорат, намлик ва ёруғлик сақланиши керак.
Бундан ташқари, томчилатиб суғориш тизими ёрдамида тупроқни мунтазам равишда намлаш ва сувга минерал қўшимчалар ҳамда стимуляторларни қўшиш ҳам яхши самара беради.
Қулупнай нави ўз-ўзидан чангламайдиган бўлса, сунъий чанглатишни амлага ошириш керак бўлади.
Шунингдек, қулупнай буталари ўсиши билан иссиқхонадаги ҳарорат кўтарилиши керак ва намлик аста-секин камайиши керак. Кўчатларни экиш вақтида: ҳарорат 10С, намлик 80%;
Ўсиб гуллай бошлаганда, ҳарорат 20 С, намлик 75% гача камаяди;
- шаклланиш ва ривожланиш босқичида ҳарорат 22-24 С ва намлик 70% тушиб қолса резаворлар бир вақтнинг ўзида пишади ва мазали бўлади.
Қулупнай кунига камида 16 соат ёруғлик олиши зарур.
Барча кўрсатмаларга амал қилинса албатта қулупнай мўл ҳосил беради...
Ҳамма кўрсатмага амал қилган аёл фарзандлари билан тер тўкиб меҳнат қилди. Қаҳратон қишда унинг қулупнайлари энг қиммат супермаркетларни безади. Кутганидан аъло пул топди.
Яна баҳор келди. Ўғилой турмуш ўртоғига чой қуйиб узатар экан оҳиста гап бошлади.
—Дадаси, шу ойнинг охирида Ҳиндистонга борамиз. Гаплашиб қўйдим. Иншааллох, ўз оёғингиз билан юриб қайтасиз. Кўнглим сезяпди. Ўғлингизнинг тўйида ўрнингиздан туриб оқ фотиҳа берасиз, қизингизни қўлидан етаклаб куёвга топширасиз.
—Кейин-чи? Жилмайди Зоҳид.
—Кейин, яшаймиз..
—Кейин саёҳат қиламиз, сенга дунёни кўрсатаман, онаси. Тузалиб кетсам, ҳамма яхшиликларингни қайтараман, мана кўрасан.
Зоҳид ҳаёт учун курашар, аёли учганда қаноти, юрганда оёқлари, чарчаганда мадори эди. У бўйнига олаётган амалиёт хатарли эди, аммо таваккал қилмаса, бир умр юролмай қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди. Эр-хотин ёзнинг бошларида Ҳиндистонга учиб кетдилар.
Шарифа ҳолдан тойди. Турмуш ўртоғи ниманингдир олди сотдиси билан шуғулланиб юрибди.
Бугун ҳам йиғидан тинмаётган боласини бағрига олиши билан қайнонасининг овози эшитилди
—Шарифа, қаёққа йўқолдинг.
Аёл индамай боласига кўкрак тутди, деворга суяниб кўзларини юмди. Икки томчи аччиқ ёш сизиб, юзининг икки чеккасидан оқиб тушди.
—Бола деган йиғлаб-йиғлаб катта бўлади. Ҳа деса қўлингга олсанг ҳидингга ўрганиб қолади. Биз эканмизда...
"Бошланди!"
Чақалоғи эмиб бўлгунича пешонасини маржон-маржон тер босди. У тирноқлари қорайиб, дағаллаша бошлаган қўллари билан боласининг митти бршини силади. Ухлаб қолган гўдагини авайлаб ётқизаркан ўзи ҳам бир пас бўлсада ётиб дам олишни истарди, аммо қайнонасининг дашном беришидан чўчиб, симиллаб оғриётган белини кўтарди, ташқарига чиқиб бу дунёнинг битмас-туганмас тирикчилигига шўнғиб кетди.
Гўзал яхшигина пул топа бошлади. Дорихона дегани нақд хазинанинг ўзи. Кейинги йилларда нон дўкондан кўра дорихона кўпайди. Ҳар қадамда. Барчаси мижозлар билан тўла! Гўзал ҳийла тўлишиб,бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилди. Кийим-кечаклари ҳам ўзгариб, ўзи ҳам кундан кун кўркамлашиб борарди.
—Шахсий дорихона очиб бераман, —деди кейинги пайтларда апоқ-чапоқ бўла бошлаган таниши — Арслон акаси. Гўзал ич-ичидан бегона эркак билан гаплашаётгани нотўғрилигини ҳис қилар, аммо ўзини бошқара олмас, оиласини тобора жар ёқасига олиб бораётганини сезмасди.
Ёзнинг қоқ чилласида ҳаво айниб, ёмғир қуйди. Аввалига осмонни қора булут босди. Кейин шамол турди. Бир пайт момақалдироқ чақиб, ортидан шаррос ёмғир ёғди. Машинага қаттиқ урилаётган томчилар шиддатли эди. Ойна тозалагич тез-тез бориб келар, машинанинг олд ойнаси хира тортиб борарди.
Ёмғир! Ёз ёмғири! Катта тезликда кетаётган машина ойнасини туширган Гўзал беихтиёр қўлини ташқарига тутди. Ёмғирни тутиб олгиси тўғрироғи ҳис қилгиси келарди. Аммо қўлларига худди савалагандек тегаётган томчилар оғриқли эди. У бирдан сергак тортди, қўлларини ёмғирдан тортиб олди.
Қаердадир ўқиган эди
Битта ёмғир томчиси соатига 800 км тезлик билан ерга тушади. Физика қонунларига кўра, бошни тешиб, товондан чиқиб кетиши керак. Лекин ажабки, ҳар бир ёмғир томчиси инсонга ёқарди.
Худди шайтон чиройли кўрсатаётган гуноҳдек... Худди ёмғир томчиларининг зарбини сездирмагандек Сардор ҳам аёлидаги ўзгаришларни сезмас эди...
Зоҳид Ҳиндистондан шифо топиб қайтди. Ўғилой ўзида йўқ шод эди. Турмуш ўртоғи тўлиқ юриб кетмаган бўлса-да, шифокорлар унинг ҳали узоқ йиллар яшашини башорат қилган, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли кечган эди.Ўғилой бомдод намози учун ҳозирланаркан бир лаҳза кўкка тикилиб қолди. "Ўзингга шукур, Аллоҳим. Яна ўз уйимга келганимга шукур. Болаларимнинг отасини шифоли дард билан сийлаганингга шукур!" —дея пичирлади.
Кейин кечиктирмай намоз ўқимоққа чоғланди...
Шарифа тунга тинка-мадори қуриб кириб борди. Камқон вужудидаги чарчоқ енгиб бўлмас даражада уни ётишга ундарди. Болаларини ухлатиб, уст-бошини ечди-ю, калтагина, юмоққина чит кўйлагини кийиб ёстиққа бошини қўйди. Кўзи энди илинган экан, эрининг бақироқ овозидан уйғониб кетди, аммо кўзини очгиси келмасди. Кечгача уй, томорқа, мол-ҳол, ош-овқат, кир-чир, қозон-ўчоқ билан овора вужуди бир нафас ором олмоқни истарди. Болалари уйғониб йиғлай бошлагач, кўзини очди. Чақалоғини бағрига олиб кўкрак тутди. Шундан сўнг қизариб кетган кўзлари билан эрига тикилди.
Аббос кўзи қонга тўлганча чақчайиб турар, вужудидан заҳар ёғиларди.
—Бу нима? Ким билан бўлдинг?
У аёлнинг озғин, оппоқ оёқларидаги кўкимтир, сарғиш доғларга ишора қилди?
Шарифа қўрқиб кетди. Дир-дир титраб бир қўли билан кўкарган оёқларини пайпаслай бошлади.
—Бирор жойга уриб олгандирман, дадаси!
—Қаерга уриб олдинг, юр, кўрсат!
—Эслолмайман, билмайман қаерга уриб олганимни!
—Шунчалик овсармисан, кўкариб ётибди-ку, йўқ бу уриб олинган оёқ эмас, сен менга хиёнат қилгансан!
—Ким билан хиёнат қиламан, қаерда хиёнат қиламан. Уйдан эшикка чиқмасам, ишдан бошим чиқмаса, ўзим ҳолсизликдан ўлай деётган бўлсам! Аёл боласини бағрига босиб йиғлаб юборди.
—Ўчир овозингни! Сен бузуқ, беҳаёсан. Кўзинг ёмон сени.
Шу кеча Шарифа ўзини оқлаб чарчади. Кун бўйи бирор юмуш қилмай чарчамаган Аббос оёғида зўрға турган аёлининг уни ишонтириш учун тиз чўкиб ичган қасамларидан сўнг тинчиди. Дераза ортида эса аёлга кўпдан кўп меҳнату заҳматларни ваъда қилган янги тонг оқариб келарди...
Сардорнинг отаси ва ниҳоят уларга икки хоналик уй олиб берди. Гўзал буни жуда оддий қабул қилди. Аёлининг шодликдан осмонга сапчишини кутган Сардор ундаги совуққонликни кўриб олган уйи ҳам татимай қолди. Кечқурун отаси қишлоққа қайтиб кетгач, онаси Сардорга кўчага чиқиб айланиб келишни таклиф қилиб қолди.
—Болам, мен юрмасам бўлмайди. Янги уйингнинг атрофини айланиб келайлик,-деди. Гўзал болаларини қўшиб юбормоқчи эди Сардор
—Кийинтириб берақол,-деди. Онаси бўлса, қатъий оҳангда
—Болалар қолсин, ўзимиз чиқамиз! —деди рад этишга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.
Сардор онасининг ёнида кетиб бораркан, дам-бадам унинг елкасидан қучиб қўярди. Онаси эса ўйчан эди. Анча юрдилар. Иккита чинор орасига ўрнатилган ўриндиққа ўтирган Комила ая кенжатойи Сардони ҳам ўтиришга чорлади.
—Туравераман, ойи!
—Ўтир, гап бор. Кейин яна жим бўлиб қолди. Бир умр ўқитувчи бўлиб ишлаган аёл келинидаги ўзгаришни сезган эди, аммо ўғлига қандай етказишни билмаётган эди. Ҳозир ҳам гапиришга оғиз жуфтлади-ю, аммо ичидагини сиртига чиқаролмади.
—Гўзалнинг ишлари яхшими?
—Ҳа, зўр, ойи.
—Шу... Шу хотининг телефонда кўп ўтирадими дейман-да. Ҳеч қўлидан тушмас экан. Шу.. Телефонини текшириб турасанми?
—Ойи, мен унга ишонаман. Текшириб нима қиламан, кўнглини қолдириб.
—Билмасам. Жудаям кўнглинг бўш. Эр зардали бўлса, хотин пардали бўладими, дейманда, болам.
—Бунақа гапларнинг нима кераги бор, ойи. Оилада ўзаро ишонч бўлиши керак...
Комила ая кўзи кўр, қулоғи кар ўғлига гаплари заррача таъсир қилмаганини билиб индамай қўя қолди, аммо келинини ўзи назоратга олишни дилига тугиб қўйди.
Зоҳид батамом оёққа туриб кетди. Ўғилой бошлаган фермерлик фаолиятини қўлга олиб, яхшигина сармоя топа бошлади.
Касалликдан фориғ бўлган юзидаги бахтиёрлик, ораста, чиройли уст-бош уни Ўғилойга нисбатан анча ёш кўрсатарди. Шу сабабли аёл у билан камроқ юришга интиладиган бўлди. Кейинги пайтда тўлиша бошлаган гавдасидан уялиб у билан дўконларга ҳам бирга кирмас эди, аммо меҳнатнинг энг оғири ҳали ҳам унинг зиммасида эди. Бу йил ҳам қишки қулупнайдан яхши даромад олдилар. Топилган пулга шаҳар четидан уч хоналик квартира сотиб олдилар. Бу-яхши натижа эди.
Яхши кунлар тез ўтади, ёмон кунлар тез унутилади. Инсон ўз исми билан унутувчи. Аллоҳнинг амри-ю, аёлининг елиб югуриши сабаб бўлиб оёққа турган Зоҳид яхшигина тадбиркор фермерга айланган эди. Кейинги йил топилган даромад сўнги русумдаги автомобил бўлиб ҳовлисига кириб келганда у ўзининг омадли эканлигига тамомила ишониб улгурган эди.
У Ўғилойга ваъда берганди.
"Бирга саёҳат қиламиз, дунё кезамиз!"
Комила ая ўзининг ташрифи келинига ёқмаганини сезди, аммо қанча орзу-ҳавасларидан кечиб, битта кўйлаги иккита бўлмай шаҳри азимдан уй олиб бергани, неча йил контрактини тўлаб, ўқитиб, пул топадиган ўғилни келинига топшириб қўйгани учун ҳаи ўзини шу икки хона уйнинг чин эгасидек тутишига ундарди. Шундай қилди ҳам. Гўзал уйда, умуман иш қилмаслиги аён бўла бошлагач, Комила яя бошқарувни қўлга олмаса бўлмаслигини сезди.
Мактабдан қайтган невараларини
ҳам секин-аста ишга сола бошлади.
—Овқатингни ичиб бўлдингми, бор, косангни юв!
—Ахлатни тўкиб кел!
— Оёқ кийимингни артиб жойига қўй!
Фақат Гўзалга қандай муроса қилишни билмасди аёл. Телефони "тинғ" этса, шартта кўтариб бошқа хонага чиқиб кетадиган келини тобора шубҳасини ошириб бораётган эди.
Аёл ўз-ўзини ислоҳ қилишга ҳаракат қилар, кўнглига шубҳа-гумон ёпирилиб келса, дарҳол истиғфор айтишга тушарди.
Гўзал эса, эрталабдан атирларни сепиб, ўзига обдон оро бергач, ҳамма ишни қайнонасига ташлаганча беписанд ишга отланарди...
Дунёда мукаммал эр ҳам, мукаммал хотин ҳам йўқ. Айб ҳаммада бўлади. Сиз аёлингизни тўғрилаб, бут қиласиз, у сизни. Сиз унинг айбларини ёпасиз, у сизникини ёпади. Сиз уни қамраб оласиз, у сизни. Аллоҳ таоло айтади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз” (яъни, эр-хотин бир-бирига киши либосга муҳтож бўлганидек муҳтождир) (Бақара сураси, 187-оят).
Шайх Юсуф Хаттор Муҳаммад
"Оила — саодат маскан
Янги машинанинг ифори бршқача бўлади. Зоҳид уловига жойлашгач чаққон ҳаракатлар билан қора кўзойнагини бурни устига қўндирди. Кондиционерни ёқиб, магнитафон тугмасини босди. Кейин машинасини ўрнидан қўзғатди. Ортидан дарвозани ёпганча дуо қилиб қолган Ўғилойга парво қилмай уловини елдириб кетди.
У "Боржоми" солиб қўядиган жойни бир қўли билан пайпаслади-ю, сув қолмаганлигини кўрди. Узоқдан кўринган кичкинагина дўкончани мўлжаллаб, тезликни пасайтирди. Дўконча шундоққина бекат ёнида жойлашган экан, Зоҳид машинадан тушаётганда ўйчан турган аёлга бир назар солиб қўйди. Ёшгина жувон. Йиғлаб турибди, шекилли, ёнида каттагина сумка, узоқроқ жойдан келганми? Кийими ҳам шаҳарликларникидан фарқ қилади.
У дўконга кириб турли хил сувлар харид қилди, барибир, хаёли кўчадаги жувонда эди.
—Синглим, сизга ёрдам керак эмасми? —машинасига ўтираётиб журъатсизгина сўради эркак.
Аёл бир лаҳза иккилангандек бўлди, аммо бирдан йиғлаб юборди.
—Сизга нима бўлди? —Зоҳид кўзойнагини қўлига олганча аёлга яқинлашди.
—Борадиган жойим йўқ, ака, ёрдам қилинг.
—Машинага ўтиринг, —Зоҳид шундай деб аёлнинг сумкасига қўл узатди. Аслида Ўғилой ҳали унга оғир юк кўтартирмаётган эди...
Аёл ўттиз беш ёшларда, аммо ниҳоятда гўзал, келишган эди. Буғдойранг юзи йиғлаганиданми қизариб турибди. Ўта нафис, узун қошлари терилганигами жуда чиройли кўринар, шаҳло кўзларини ерга тикиб ўтирар экан, киприклари юзига тўкилиб турарди.
—Қаердансиз, синглим?
—Қишлоқдан келдим, ака, —деди жувон, сўнг яна пиқиллаб йиғлай бошлади. Маълум бўлишича турмуш ўртоғи билан севишиб турмуш қурган, қайнонаси ёқтирмагай қолгач, эри ҳам онаси томон бўлиб олган, икки ўртада севги деган нарса изсиз йўқ бўлган.
Аёл йиғлаб дардини айтар экан Зоҳид уни қандай қилиб катта ўғлига ният қилиб сотиб олганлари шаҳар четидаги квартирасига бошлаб борганини билмай қолди...
Шарифа ишга тушди. Чақалоғи бир ёшга тўлиб-тўлмай! Хайрият, энди ҳаммаси яхши бўлади. Озгина бўлса ҳам пул топади. Ўзининг қўлида бўлса, уйга ул-бул олиб келади, балки, кўнгли тусаганини олиб ер. Муҳими, шу уйдан чиқиб, бироз бўлсада ташвишларни унутади.
Аммо дарс бериш у ўйлагандек осон эмас экан. Қани ўқувчиларни жим қила олса! Партани муштлаб кўрди, бақириб кўрди. Йўқ, ҳеч ким писанд қилмайди. Бошида унга бешинчи, олтинчи, еттинчи синфларга дарс берасан деганларида қувонган эди, шунда ёши катта ўқитувчилардан бири
"Бу ёшдаги болаларни эплаш қийин, яхшиси сен юқори синфларни ол!" деб маслаҳат берганини эслади. Менлиги шаклланаётган худбин болаларни на уришиб бўларди, на жазолаб.
Энди Шарифанинг ташвиши яна биттага кўпайган эди. У ўқитувчилар хонасига ҳорғин кириб келди. Бошини стул суянчиғига ташлаб, кўзларини юмди.
— Яшасин, пул тушди! Ёнидаги ҳамкасби қувончдан деярли қийқириб юборди. Унинг кўзлари очилиб кетди.
—Ростанми?
—Вой, зўр-ку! Қўшилди ҳамкасблари. У ҳам хурсанд эди. Энди дўконга кириб ўзи анчадан бери егиси келаётган емакларни харид қилади! Аммо сумкасини тит-питини чиқариб ҳам пластигини тополмади.
Ҳавсаласи пир бўлиб эрига телефон қилди.
—Дадаси пластигимга пул тушган экан, тополмаяпман.
—Ҳавотир олма, менда. Ҳа тушибди. Бировдан қарз олгандим, тўлаб юбораман. Ўзи арзимаган пул тушган экан!
Бошига гупиллаб қон югурди. Эри пойлаб, дам-бадам текшириб турган. Пул тушмасидан жойи ҳам топилган. Майли, кейинги сафар оларман. Аммо Шарифа ҳали ҳеч қачон маошини ўзи учун ишлатмаслигини билмас эди...
Комила ая келини ишлайдиган дорихонани кузатишга аҳд қилди. Айниқса, кеч ораси. Узоқда, дарахтлар панасида ўтиради. Ана, келини чиқди, атрофга бир-икки олазарак нигоҳ ташлаб, йўлнинг у бетида турган машинага ўтирди.
"Гумон иймондан айиради, бунинг устига шу ёшда жосуслик қилишим ҳам яхши эмас!" Кўнглидан ўтганлари таъсирида шу кеч келинига ҳеч нарса демади, аммо эртаси куни ҳам пойлоқчилик қилишга отланди.
Келини бу сафар бошқа машинага ўтирди. "Хайрият, қушнинг ҳам ини бузилмасин! Ўзим ҳам ваҳима бўлиб қолганман, васваса қиляпман чоғи. " Комила ая ўзидан хафа бўлди, аммо шубҳалари ўринсиз чиққанидан шод эди.
Яна бир-икки кун туриб, қишлоққа қайтишни маъқул топди.
Зоҳид кейинги пайтларда осмонларда учиб юрибди. Фароғатхонни кўрса юраги гупиллаб, бошқача ҳислар оғушида маст бўлади. Ўзи ҳам ажойиб жувон экан. Мана бугун ҳам бир оғиз "Бораман. Бозорлик қилиб бераман, " деганига қулинг ўргилсин ош дамлаб кутиб олди.
Қўлини ювиб чиққан эркакка оппоқ сочиқ тутқазди. Бу сочиқларни Ўғилой сотиб олган бўлиб-ваннада илиғлиқ турарди, ҳеч қачон унинг қўлига тутқизмаган. Бунинг устига жувон ёш эди, гўзал эди, қадди-басти келишган эди, тили ширин, кўзи жодули эди.
Аёл бир қўлини кўксига қўйиб нимтабассум билан чой узатди...
Зоҳид ўзи билиб-билмай жувондан тез-тез хабар оладиган бўлди. Акажонлаб жонини оларди бу аёл. Бир кун узоқ қолиб кетди. Узоқ гаплашдилар. Жувон бир йилдан бери бир мард эркакка зорлигини, эри талоғини берганлигини, ҳеч қачон қишлоққа қайтиб бормаслигини айтди. Айни муддао эди!
Шу куни Зоҳид аёлни никоҳига оладиган бўлди. Аслида, бу ташаббус ҳам аёлнинг ўзидан чиқди. "Бундай юришимиз уят!"
Зоҳид ўртоғини олиб келиб никоҳ ўқитди, гувоҳларни эса кўчадан —пулга ёллади... Эрта-индин иккинчи хотиниига янги уй олиб беради, унгача Ўэилой билиб қолмаса бўлди.
Бечора Ўғилой. У эрининг соғлиғидан хавотирда эди. "Янги иш бошлаяпман, вилоятга чиқиб келаман," деган баҳоналарига аёл шўрлик "Дадаси, ўзингизни кўп қийнаманг, даромадимиз чакки эмас, сиз соғлиғингизни ўйланг," —деб ялинарди.
Ўғилой ҳамон меҳнатнинг асосий юкини елкасида кўтарарди. Одам ёллаб ишлатгани билан ўзи ҳам иссиқхонада эмаклаб юриб меҳнат қилар, турмуш ўртоғининг оёққа туриб кетганини бир мўъжиза билиб, Аллоҳга шукрона келтирарди.
Шарифа орзиқиб кутгани-таътилга чиқди. Энди мактабда дарслар йўқ, анча енгил бўлади.
—Бўлди, уйни бўшатинглар, қайнингни уйлантирамиз. Сени дипломинг бор. Шаҳарга кетинглар, ишга кирасан. Асад ҳам бир ҳунарнинг бошини тутар. Йиғиб, тежаб-тергаб бир ватан оласизлар, —деди.
Шарифа бир томондан қувонса, иккинчи томондан бу мавҳум келажакка қўрқиб қарарди, аммо қайин укасининг тўй куни маълум бўлгач, яна шаҳарга қайтиб кетадиган бўлдилар. Болаларини боғчага жойлаб, ўзи ишга тушади. Йигит моли ерда. Турмуш ўртоғининг омадини берса, ажабмас.
Комила ая қишлоқда ҳам ўтира олмай қолди. Кўнгли безовта эди. Кувида пишган сариёғидан, саватдаги қурутдан, халтада суви оқиб тугаган сузмадан, тандирда ёпган нондан олиб яна йўлга тушди.
Неваралари қкчоқ очиб кутиб олди. Бағрига отилди. Ўғли билан келини ишда экан. Чой қўйди. Кейин кечга чиройли қилиб шўрва солди.. Аммо кеч бўлган сари юраги така-пука бўлаверди. Қандай қилиб йўлга чиққанини, қандай қилиб яна келини ишлайдиган дорихона қошига келганини билмай қолди. Ёз иссиқ келган. Асрдан ўтиб, шомга яқинлашган бўлса-да куннинг ҳовури қайтай демасди. Асфальт йўлаклар кун бўйи олган иссиғини қайтариб чиқараётгандек бўлар, дарахт панасида ўғрига ўхшаб ўтирган Комила ая чарчадими, ёки сабри тугадими, дорихонага қараб юрди.
Ойнаванд пештахта ортида тамоман бегона қиз ўтирарди.
Аёлга салом берган қиз кўзини компьютер экранидан узмай, аллақандай дорини изларди.
—Гўзал қани? —сўради Комила
—Улар бугун ишга чиқмадилар, ўғилларининг мазаси йўқ экан. Нима керак эди, хола, айтаверинг.
—Ҳа,... а.., менга... Валериянка беринг...
Зоҳид яна кечикди. Ўғилой чучвараларни тугиб бўлгач, эрига қўнғироқ қилди. Ўчирилган. "Ишқилиб, тинчлик бўлсин! Ўзи энди оёққа турдилар. Кимга керак шу қўшма корхона. Соғ бўлиб олдимда ўтирганларига нима етсин!" У чучвараларни пиширишни ҳам, пиширмасликни ҳам билмай ўйланиб қолди. "Болаларнинг қорни очди!" Шу ўй билан қайнаётган суякли гўштларни лаганга сузиб олди, тузини кўриб, қайнаб турган қозонга кичикрок лагандаги чучвараларни солди. Кўнгли қандайдир ғаш эди. Эрига қайтиб телефон қилди, "Телефон ўчирилган, ёки хизмат доирасидан ташқарида",-деган овоз кеоди. Қозондаги чучваралар бир текисда қайнаб чиқди, хамири ёйиоиб кетмасин деб, чаққон сузиб олди. Лаганларни болаларининг оодига қўйиб, ярим косадан оппоқ, тиниқ шўрва сузди. Қатиқ аталади.
—Ўзиз емайсизми!
—Адажонингиз келсинлар
—Ойидон, адамла уйда овқат емаяптилар-ку?!
Аёлнинг юраги" шуув"этиб кетди. Ҳа-я, қанча бўлди, эри уйдан овқатланмай қўйганига. Тинчлик бўлсин.
Шарифа бу билан учинчи мактабга учрашиши. Жавоб бир хил "Дарс йўқ! Ўзимизнинг ўқитувчилар ҳам ярим ставкада ўтирибди!"
Уйга тушкун кайфиятда қайтди. Қишлоқдан олиб келган рўзғорининг таги кўриниб қолган. Шу ой ичида иш топмаса, йил бўйи тополмайди, сабаби сентябрда бошланадиган ўқув жараёнлари учун август ойидан жадвал тузилади.
Кечқурун угра ош қилди. Болаларига ичирди. Гўштсиз овқатини эри вайсаб-вайсаб гармдори билан икки косасини ичиб олди. "Картошкани майдароқ тўғрамабсан. Яхши қайнамабди!"
Аёл ичида "Масаллиқларни қоплаб қўйсангиз, овқатни зўрини ейсиз," дейди-ю, сиртига чиқармайди. Битта гапига ўнта заҳарли жавоб олиши тайин. Кейин эри уни йиғлатмасдан қўймайди. Чинданам бироз сабр қилганди, ўтиб кетди. Дилида зирқираган оғриқ турди, нафси озор чекди, аммо ўтди...
Комила ая "Тиқ" этса, эшикка қараб ўтирди.
Хаёлида келини билан бўладиган суҳбатини такрорлаб, мияси чарчаб кетди. Ҳар ўйлаганда юраги гупиллаб уриб, бошига оғриқ турарди.
Ўғли қўнғироқ қилди. Бугун навбатчиликда қоларкан. Болалар бечора. Телефон титиб, ўйин ўйнаб ўтирди.
—Бундоқ кўчага чиқиб ўйнамайсизларми? Кечгача телефон титиб...
—Яқинда лагерга кетамиз, ойим айтдилар, ўшанда бемалол тоза ҳаводан нафас оларканмиз! Билағонлик қилди набираси.
У тобора ҳолсизланиб борарди.
Бошидаги оғриқ суякларигача кўчгандек ич-ичидан, бўғим-бўғимини сирқиратиб бир нарса кела бошлади.
—Азиз, дадангга қўнғироқ қил, мазам бўлмаяпти.
Сардор келганда аянинг юзи қорайиб кетган, ўзи совуқ қотган одамдек қалтирарди.
—Қон босимингиз баланд-ку!.Сардор хотинига қўнғироқ қилди. Телефон жавоб бермади. Қайта-қайтв қўнғироқ қилгач, Гўзал гўшакни кўтарди
—Қаердасан?
—Қаерда бўлардим, ишдаман.
—Уйда қон босимни туширадиган дорилар борми?
—Кимга? Йўқ унақа дори.
—Ойимнинг қон босими баланд, магнезия, папаверин уколини, кортел трио таблеткасини олиб тез етиб кел, илтимос. Сардор қўнғироқни ўчириб газга чой қўйди. Битта лимонни чойнакка тўғраб кўк чой солди, новвот солди, устидан қайноқ сув қуйиб, бироз тиндирди. Онасига ичирди.
Гўзал кеч келди. Анча кеч. Бу орада Сардорёнидаги дорихонага чиқиб керакли дори-дармонни ўзи олиб кирди. Гўзал келганда аянинг қон босими тушган, аммо мадорсиз ўтирарди.
Эртасига Сардор онасини шифохонага жойлади. Кун бўйи келинини кутди. Бир кишилик, ҳамма шароити бор хонада ётса-да аядаги бетоқатлик кетмаган, қон босими укрл таъсирида бирпас тушар, кейин яна кўтарилиб кетарди.
Ўғилой супермаркетдан Зоҳид яхши кўрадиган пишлоқни харид қиларкан, кимдир
—Ассалому алайкум, кенайи,-деганини эшитди. Юзи жуда таниш, аммо танимади.
—Мани танимадиз-а? Домдаги қўшнизман. Қишда бизга бир-икки марта қулупнай ташлаб кетгансиз. Сизни яхши эслаб қолганман. Шундоқ рўпарангиздаги уйда яшайман
—Ҳа, яхшимисиз? —шунчаки саломлашди Ўғилой. Аммо аёлнинг гаплашгиси бор эди.
—Уйизни ижарага бердизми, кенайи?
Ўғилой бирдан сергак тортди
—Қанақа ижарачи? Ҳеч ким турмайди у ерда. Болаларга атаб олганмиз.
—Вой битта ёшгина жувон яшавотти-ку?!
—Битта амакиям кеб турадила. Ҳозир ҳар кун кевоттила.
Ўғилой саросимага тушиб қолди
"Уйига биров кириб олган бўлса-я?"
Пишлоқ ҳам ёдидан кўтарилиб, домдаги қўшнисига эргашди
—Амаки ҳар кун нарсала опкеладила. У жувон кўчагаям чиқмийди. Анув куни овқат об чиқувдим, омадиям, эшикни очмий қайтарворди. Гаплашиб, кимлигини билмоқчийдим.
Боргунча қўшни келинчакнинг чакаги тинмади.
Ўғилой таксидан тушибоқ кўргани эрининг "Иномаркаси" бўлди. Бир лаҳза тикилиб қолди
—Мана маши мошинани эгаси келадиладе ҳар куни! —деди қўшни жувон.
—У подъезддан оғир кўтарилди. Титраётган қўлларини яширишга уриниб, тутқичларни маҳкам-маҳкам ушлаб иккинчи қаватга кўтарилди. Айнан унинг уйидаг шўҳ қўшиқ оҳанги келарди
Қўшниси томоша илинжидами уйига кирмай, унинг ёнида туриб олди.
—Раҳмат, қўшни, сиз уйга кираверинг, ўзим ёлғиз гаплашай дегандим,-деди эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.
Қўшни қизиқиши устун келса-да, зўрға уйига кириб кетди. Шундан сўнггина Ўғилой қўнғироқ тугмасини босди. Қўшиқ овози ўчди, аммо эшик очилмади. Яна чалди. Яна сукут. Энди Ўғилой бармоғини тугмачадан олмасдан уйдагиларнинг очишини кутиб тураверди. Бир пайт шилқ этиб ерга ўтириб қолди. Шу алфозда кўз ёши юзини ювиб ўтираверди...У ҳаммасини тушунган, аммо ҳалиям ишонгиси келмас, ҳалиям, ёлғон бўлиб чиқишига ишонарди.
Эшик аввал тиқирлади, кейин очилди. Остонада ёш ва гўзал, қарашлари қаттиққина биттаси турарди.
Ўғилой уни қўли билан суриб уйга кирди. Зоҳид ҳеч нарса бўлмагандек олдига чиқди.
—Ким бу, адаси? Таништирасизми?
Зоҳид бошини эгди.
—Мен шаръий никоҳдаги аёллари бўламан!
Ў-ў-ў, дадил эди бу аёл!
—Бу уй менинг номимда, менинг пулимга келган. Марҳамат қилиб шаръий никоҳдаги эрингиз сизга ўзи уй олиб бериб об чиқиб кетсин,-деди.
—Хозироқ уйимни бўшат!
Кейин эрига юзланди.
—Ҳовлига ҳам қадам босманг! Биласиз, у ҳам менинг номимда. Дадам раҳматлик "Ўғлим касал, унга бир нарса бўлса, қийналиб қоласан," деб менга хатлаб берганлар. Машина фирмани номида, фирма меники!
Уни кейин гаплашамиз,
—Энди милиция чақирмасимдан кўтар лаш-лушингни! —деди.
Шарифа бу мактабга қўрқиброқ қадам босди. Ихтисослашган мактаб бўлиб, уни ишга олишлари амримаҳол эди. Директор ёши улуғ аёл экан.
—Синглим, тоифангиз борми?-сўради у
—Йўқ,-айбдордек бошини эгди аёл.
—Энди ўқишни битирдим. Ҳаракат қиламан тоифа олишга.
—Бизга лоақал биринчи тоифали ўқитувчи керак.
—Мен ишлашим керак, опа, шароитим оғир, болаларим ёш, эрим ишсиз, ҳамма менга кўз тиккан. У йиғлаб юборди. Барча йиғисини шу кунга асраб қўйган эканми, умидсизлик, очлик, хорлик қийинчилик эзиб юборган жуссаси силкиниб йиғларди у.
Раҳбарнинг кўнгли юмшади.
Аллоҳ дилига раҳм-шафқат солди
—Йиғламанг, синглим, майли, сизни ишга оламан, аммо ҳаракат қиласиз, яхши ўқитувчи бўласиз. Яхши билим берасиз. Ваъда берасизми?
—Ваъда бераман, устоз!
Шарифа ишга жойлашди.
Гўзал қайнонаси ётган палатага хуш хандон кириб келди. Қўлидаги егуликларни тумбочка устига қўйиб кроватда оёғини осилтириб ўтирган қайнонасини қучмоқчи бўлди. Аёл юзини бурди.
—Нима бўлди, ойижон?
—Эшикни яхшилаб ёп, тутқичини тушир.Ўзинг мана бу ерга ўтир! —деди аёл.
Гўзал ранги ўчиброқ бориб эшикни ёпди. Секин қайнонасининг рўпарасига ўтирди.
—Ўша куни қаерда эдинг. Нега ишга бормадинг. Болам касал деб жавоб олибсан, нега унда уйда ўтирмадинг?
—Нималар деяпсиз? Қайси кун?
—Ўзингни жинниликка солма!
—Нега ўғлимга хиёнат қиляпсан? Мен ҳаммасини биламан!
Фароғатнинг обдон оро берилган юзи ғалати қийшайиб кетди. Зоҳидга қаради. Эркак лом-лим демасди.
Ўғилой қайсар. Буни эри ҳам яхши билади.
— Шу эр — сизга! Касали ҳам, соғлиги ҳам— сизга! Энди уйимни тезроқ бўшатинглар,-деди. Кейин Зоҳидга тик қаоаб
—Машинанинг калитини ташлаб, хотинчангизни олиб, уйимдан чиқиб кетинг. Тез!-деди.
— Қўй, Ўғилой, бир адашдим-да, ким хато қилмабди, ўзингни бос, онаси, ўзи келган ўзи кетади—деди Зоҳид юзсизларча
Фароғат ҳар нарсани кутса-да, Зоҳиддан буни кутмаган эди.
—Сиз мени никоҳингизга олгансиз, шундоқ ташлаб қўёлмайсиз, ҳаммаси учун жавоб берасиз! —деди
—Унда талоқ қўйдим. Уч талоқсан. Бўлди, кетавер! Зоҳид буни жонҳолатда айтди.
Ўғилой индамай турди. Фароғат бақириб, қарғаб-қарғаб чиқиб кетди¡!
Ўша куни Зоҳид Ўғилойга кўп ялинди. Кеч ораси эр-хотин машинага ўтириб, ҳовлига кириб келдилар. Ики кундан кейин Ўғилой эри майишат қилган квартирани обдон йиғиштириб, калитини ўзгартириб қайтди. У эрини боладек парвариш қилган, боладек оёққа қўйган бўлса, қилган "шўхлигини" ҳам боласини кечирган онадек кечириб юборди. Бу воқеани биров билиб, биров билмади. Фарзандларига эса ҳеч нарсани сездирмади. Аммо аёл шу воқеани эсласа, ич-ичидан ғижиниб, қалбига оғриқ турадиган, уйда ёлғиз қолса, бир хонага кириб олиб бақириб-бақириб йиғлаб оладиган бўлди, аммо бир ўзбек аёли сифатида бу оғриқни ҳам вақт ҳукмига ташлаб қўйди. "Қачондир унутиб юборарман!"
Яна куз келди. Дарахтларнинг барглари эрта ер бағирлай бошлади. Кузнинг илк кунлариданоқ салқин тушди.
Шарифа эрталаб болаларини боғчага ташлаб, ўзи ишга югуради. Жон-дили билан дарс ўтади. Уйга келиб қозонга овқат солади,кейин уйларни саранжом-саришта қилгач, дарс тайёрлайди, тест ечади.
Инсон доимо ўзига таскин излайди. Кимдир пешонасига ёзилган жуфти орқали бахтли бўлса, кимдир фарзандлари вояга етганда чин оналик бахтини туяди, кимдир болалигида ўта бахтиёр бўлган дамларини эслаб яшаш учун куч топса, яна кимдир бахтни мол-дунё билан ўлчайди. Шарифа бахтни севимли касбидан излай бошлади. Касби орқали бахтга эришиш йўлларини излади ва назарида, уни топгандек эди. Бахтнинг манзили меҳнат ва машаққатда экан. У ўз устида ишлаган сари, изланган сайин йўллари очилиб бораётганини сезар, ҳеч қандай меҳнатдан қочмас, энди турмуш ўртоғидан меҳр-мурувват кутмасди. Унга ўқувчиларининг меҳри ҳам етиб, ортарди....
Гўзал қайнонаси қўйган айбловларни тан олмаган бўлса-да, ўзи қўрқувдан тўкилай деб турарди. "Бу Ялмоғиз мени пойлаган. Ҳаммасини билади! Аммо қўлидан нима ҳам келарди. Сардор акам менга ишонади" Кейин ўзининг ўйидан ўзи уялди. Ишонган одамни шундай қилиш мумкинми? Ишончни суиистеъмол қилишим тўғрими?
Энди ҳаётим нима бўлади?
Комила ая охирги гапни айтди
—Аёл киши заҳар бўлса ҳам эркак яшаши мумкин, аёл киши дангаса бўлса ҳам эркак чидаши мумкин. Аммо эркак киши хиёнвтни кечирмайди. Кечиргани —ўлгани. Унақа эркаклар эркак ҳисобланмайди. Бу ерда ор масаласи бор. Сен уйингга кет! Зино етти авлодга касри урадиган гуноҳ. Гуноҳинг ўзингга урсин. Менинг боламдан нари бўлсин!
Болаларингни ҳам олиб кет. Итдан бўлган қурбонликка ярамайди. Улардаям сенинг қонинг оқяпди. Қўрқма, Сардор алимент тўлайди! Сен бугуноқ кет, болам пичоқлаб-нетиб қўймасидан кет. Унга ҳаммасини ўзим айтаман.
Гўзал индамади. Ўзини ортиқча оқламади. Назарида, эри билан ажрашса, яхшироқ яшайдигандек туюлди.
Ўғлининг чўкиб қолганини кўрган Комила ая ўзини айблай бошлади.
"Эҳтимол, айтмаслигим керакмиди?"
Сардор бир кунда оиласидан айрилган эди. Онаси айтган гапга ишонгиси келмаса-да ўзи ҳам аёлидаги ўзгаришларни сезган, гумон бўлса, дилига озор бериб қўймай деб мулоҳаза қилганди.
Гўзал индамай чиқиб кетди. Қудалари келди, бош эгиб, кечирим сўраб. Комила ая сўзида туриб олди. Ўғлим хотини билан ярашса, розимасман!
Гўзал ижарага чиқиб кетган куни оиласини бузилишига сабабчи бўлгани Арслон акасига қўнғироқ қилди. Энди озод эканлигини, уйидан кетганлигини, ҳамма ундан юз ўгирганлигини маълум қилди.
—Бекор ажрашибсиз, ҳали ҳам бўлса ярашиб олинг!-деди эркак.
Гўзалнинг бошидан биров қайноқ сув қуйиб юборгандек бўлди.
—Ахир кимни деб шу аҳволга тушдим?
—Ия, қизиқ экансиз-ку, кулди Арслон. Сиз менинг ҳаётимдаги юзта аёлнинг биттаси бўласиз. Менга ортиқча даҳмаза керакмас. Бошқа қўнғироқ қилиб ўтирманг.
Унутманг: Ғунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмайди!
—Аблаҳ! Ҳаётимни расво қилдинг, мараз. Қандай оилам бор эди-я? Сардор акам кўзимга термулиб турарди. Оғзимдан чиққанини муҳайё қиларди. Нима фалокат босиб сенга йўлиқдим!
Эркак кулди. Овозидан телефон чил-чил бўлди. Йўғей, уни Гўзал деворга отмб синдирди-ку!
Аёл озиб кетди. Ҳаётдан совуб кетди. Ўзини ўлдириш қарорига ҳам борди, аммо ҳар сафар болалари кўзига кўринарди. Ота-онаси ҳам энг осон йўлни танлади; иснодга чидолмай ундан воз кечиб қўя қолди!
Сардор бир йилга қолмай уйланди. Ёшгина қизга. Ўзи даволаб оёққа тургизган беморига уйланди.
Гўзалнинг фарзандларини кўрсатиб, алоқани тиклашга уринганлари, барча ҳаракатлари бесамар кетди.
Фараҳбахш май ойи эди. Ҳаводан атиргул иси, раъно гулининг ҳиди, гуллаган жийда ифори келади.
Шарифа ваъдасида турди. Бир йил ичида биринчи тоифали устоз номини олган бўлса, шу йили Халқаро сертификатни қўлга киритиб, директор жамғармаси ҳисобидан берилган устамага ҳам эришди. Келгувси ўқув йилидан катта маош билан иш бошлайди. Энди уй олади. У шундай кўтаринки кайфиятда бекатга яқинлашди. Бахтиёр одамдан яхши энергия тарқалади ва уни атрофдагиларга ҳам улашмоқчи бўлади. Шундоқ ёнгинасида йиғлаб ўтирган аёлга бир бор қараб қўйган Шарифа уни аввал қаерда кўрганини эслашга уринди. Кейин бирдан
—Гўзал опа! —деди. Аёл кўздаги ёшини қўллари билан сидириб ёнидаги жувонга тикилди.
Зўрға таниди. Бу қачонлардир озиб-тўзиб юрадиган, ҳозир кўркам қиёфага кирган, бир пайтлар қўшниси бўлган Шарифа эди. Аммо у бунча бахтиёр!
Шарифа ўрнидан туриб аёлга яқинлашди, Гўзални ҳам туриб, қучоқ очади деб ўйлади. Унинг қимирламаганини кўргач, ўзи бориб елкасидан қучди.
—Нимадир бўлдими?
—Сардор акам уйланяпди.
—Вой! Жудаям бахтли эдинглар-ку? Сиз-чи?
—Мен бахтимни тутиб қололмадим, Шарифа. Аёл увиллаб йиғлаб юборди.
Иккиси ҳам жим қотдилар.
Бекат ёнига машина келиб тўхтади. Ундан басавлат, ишчан бир аёл тушиб келди.
—Қизлар, бу йилги ёзги қулупнайларимиз пишди. Болаларингиз борми? —деди. Аёллар боши билан тасдиқ ишорасини қилгач, машина багажини очиб кичкинагина челаклардан иккитасини олди.
—Бу— ҳадя. Ҳосилнинг олди! Илтимос, турмуш ўртоғимнинг соғлиғи ёмонлашиб қолди. Ҳақларига дуо қилиб қўйинглар!
Аёл машинага ўтирай деётганда Шарифа сўз қотди
—Опа, ҳалиям қулупнай терувчиларни кунбай ишлатасизларми?
—Ҳа, иш керакми?
—Йўўқ. Илтимосим бор эди. Иш битгач ҳашарчилардан, албатта, сўранг, уларга қулупнай керакми, ёки пул?
Хўжайинингизга Аллоҳ шифо берсин, опа! Албатта, дуо қиламиз.
Ўғилой бекатдаги аёлларга бир қаради-да машинасига ўтириб, жўнаб кетди.
Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлагани учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар...(Нисо сураси. 34-оят)
Ва эркаклар учун аёллардан устунлик берилган “Бошқаришлик, химоя қилишлик ва молини аёлига сарфлашлик юзасидан” (Бақара сураси. 228-оят)
Тугади.
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8