Муаллиф: Азизахон Исмоилова
НОМСИЗ ДАРД
Бу аёлнинг соддалиги, эрининг чизган чизиғидан чиқмаслиги, хуш-ҳандон юриши, позитив кайфияти доим эътиборимни тортган.
Рост Қўқонжоннинг шундай аёллари борки, улар эрини бошига тождек қўндириб юради, пойафзалига қўнган чангни бўлса-да эъзозлайди, борлиғи, саждагоҳи, пир-у мавлосидек кўради...
Аёл уйдан чиқмасди. Уйи унинг қадрли гўшаси эди. Борсам, ошхонасига янги гаджет олган бўларди, кўрсатарди. Эри ҳориждан олиб келган нарсалардан битта-битта илинарди. Кейин тўлиб тошиб жуфтини мақташга тушарди.
Ҳайрон қолардик, унинг олтита тилни биладиган эридан, аёлнинг меҳр-у муҳаббатидан, ҳаётга бўлган завқидан, порлаб турган кўзларидан...
Очиғини айтсам, мен бу аёлнинг кўйлакка текис дазмол уришидан ҳам ҳайратланардим. Ростдан ҳам ҳавасга дазмол урарди у! Текис, силлиқ, қўлтиқ-пўлтиғида тиришган жойи йўқ, ҳудди қуйма либосдек турарди бу кўйлак фарзандларининг устида!
Овқатининг ширинлигини ҳам мақтайми? Менимча бу шартмас. Аммо русчасига подача деб аталадиган овқатни дастурхонга чиройли қилиб тортиш, узатиш илмини ҳам бу аёл жуда ҳадисини олганлардан эди.
Камина тўкис деб тушунган мана шу аёл тўртта ўғил фарзанд дунёга келтирди. Тўртта ўғил фарзанд...
Бир куни уйига бордим: борсам у ҳар қачонгидан хурсанд. Кўзлари яна қоронғу туннинг фонуси каби чақнаяпти. Мени етаклаб ичкарига бошлади. Кирдим. Кирсам, ичкарида янги компьютер турибди. Ҳайрон қолдим. Чунки у вақтини ижтимоий тармоқларга сарфламайдиган аёл эди. Ошхона, ошхона, ошхона...
У менга яна эрининг ўзи унга одноклассникида профил очиб берганини айтди. Дўст ҳам топиб берганмиш.
"Мана мана бундай қилиб дўстлар излаймиз. Кўрдиз, аллақанчаси чиқиб келади. Телефонингиздан кирдик-ку, аввал таниш-билишларни кўрсатади, бизга! Мана... бир вошдан чиқиб келди: бу ўртоғиз Нафиса, расмларига кирамиз. Қаранг, ўша эканми? Хў-ў-п, бу Дилдора. Аммангизнинг қизи! Унга ҳам друзья ташлаб қўйдик. Гаплашиб юрасиз. Ўзиям ҳайрон қолаётган бўлса керак, сизни тармоқда кўриб? Бу, бу.... И, мана бу аёл ҳам кўриняпти. Уям танишингизми? Танишингизми-танишингизмасми, майли унгаям друзья ташлаб қўйдик. Бўлди! Шу бештаси билан гаплашиб туринг, ҳозирча! "
Аёл дугоналарини битта-битта тармоқдан топганини ва улар билан бемалол гаплашиб ёзишаётганини айтиб мақтанди.
У учун хурсанд бўлдим.
Кейинги ташрифимда у тармоқдан танишган дугонаси ҳақида тўлиб тошиб гапирди. Ажойиб аёл эканлигини, у билан гаплашиб вақтнинг қандай ўтиб бораётганини ҳам сезмай қолганини айтди.
"Бу кишимнинг ғаши келяпти. Шу хотинга ёпишиб олдингиз. Уйдаги ишлар ҳам қолиб кетяпти. Агар овқат-озиқ вақтида бўлмаса, кирлар вақтида ювилмаса, кейин мандан хафа бўлманг! дедилар."
Гапира туриб кўзи билан компьютерига мўралади. Сўнг шошиб қозонини кавлашга чиқиб кетди.
Навбатдаги ташрифимда у аввалгидан ҳам хурсанд, шодликка тўлиб-тошган, ҳаётидан мамнун бир қиёфада эшик очди. Суҳбатимизнинг катта қисмида у ўша тармоқда танишилган дугонасининг мақтовидан бўшамади. У аёлнинг гаплари, тушунчалари, оқила аёл йўриғида бунга берган маслаҳатлари бизни ажаблантирса-да, аёлнинг гапини бўлмай жим ўтирдик. Навбат у аёл жўнатган совға-саломларга келди: ҳар хил китоблар, мотивация берувчи қўлланмалар...
"Шодияхон роса ажойиб аёл. Умидакам бир нарсадан ғашимга тегиб, сиқиб қўйса, бўғилиб турган бўлсам, дарров юрагимнинг ҳижилини ёзади. Телефонлашяпмиз. Ўзиям роса сезгир-да! Овозимдан биладими билмайман, сиқилиб турганимни. " Вой опа, яна сиқилиб қопсиз-а? " дейди. "Энди уйдан чиқмай ўтирса одам шунақа бўлиб қоларкан-да!" дейман. Ажойиб-ажойиб гапларни гапиради. Э, яхши аёл-у эри йўқ-да!"
"Ким у Шодияхон?" дейман ажабланиб.
"Ўша-да интернетдан топиб олган дугонам! Ўзиммас-у Умидакам топиб берганлар, ў-ў-ша биринчи одно очиб берганларида... Ҳуллас бу аёл... Битта ўғиллари билан наркоман эрга тегиб ажрашиб кетган экан. Эшитиб ҳайрон қопман. Роса кўп экан-а Тошконда наркоманлар? Билармидиз? Бир нарсаларни айтиб берса қўрқиб кетибман."
2-қисм
"Бу ўша сиз айтаётган Умму бирнарса деган аёлми?
"Ҳа, ҳа ўша..."
Кетар чоғимиз у қўлимизга дугонаси жўнатган совғалардан улашди.
"Олдин совет даврида опам Германиядаги битта ўзи тенги қиздан посылка олган. Тавба, дўстлашиш ўша пайтларда ҳам бўлган экан-да!"
"Ҳа, олдин шунақа бўлганда вертуал дўстлашувлар! Ҳамма бир-бирига хат ёзган... "
"Энди Шодияхонга манам нимадир жўнатворишим керак. Умид ака "яхшилаб ўйланг, у аёлга нима ёқишини биласизми, ўзи? Бўлмаса сўраб-суриштиринг" деяптилар. Ўйлани-и-иб турибман, нима жўнатсам экан деб... Бу кишим сафарга кетиб қолгунларича шуни ҳал қилиб олишим керак, кейин уйдан чиқолмайман."
"Қаерга кетяптилар?"
"Дубайга!"
"Бориб-келавериб Дубайлик бўлиб кеттилар-ей, эриз!"
"Айтманг!"
Бир йил давомида мен кечмишини ёзаётган аёл билан ўша Шодияхон ўртасида ажиб бир дўстлик ҳикоялари давом этди. Кейин...
Кейин аёлнинг онаси оламдан ўтди. Таъзияга бордик. Таъзияга борганимизда аёлнинг сочлари кумуш оқариб кетганди, кўзлари эса жуда мотамсаро...
"Шодия дугонангиз ҳам таъзияга келиб кетгандир?" деб сўрадим.
Бўшашиб "ҳа, келиб кетди!" деди. Бу сафар дугонаси ҳақида аёлнинг тўлиб тошиб гапирмаётганини-мен шунчаки аза кайфиятига йўйдим.
Кейин кимдандир эшитиб қолдим. Сочларнинг бир кунда кумуш тортиб қолиши анча олдинроқ содир бўлган экан. "Онаси оламдан ўтмасидан олдин ҳам у жуда тушкун аҳволда эди!" дейишди менга.
Янги уйга чиққандим. Ташвишим ўзимга етгунча эди. Бир муддат ундан хабар олмаганимни ва ана ўша ўзим билан ўзим бўлиб қолган вақт оралиғида мен биламаган жуда кўп ишлар бўлиб ўтганини тушундим.
Кейинчалик маълум бўлишича, Шодияхон шунчаки тасодифан бу аёлга дугона сайланиб қолмаган экан. Аввал бошқа бир инсон билан бу аёлнинг интернетда танишуви юз берган, кўнгил-кўнгиллардан сув ичгач, минг иккиланишлар билан никоҳ ақди тузилган ва кунлардан бир кун шунча йил севимли эр бўлиб яшаб келган инсоннинг хаёлига- кундошларни ажойиб тарзда бир-бири билан таништириб қўйиш ғояси келган...
Ғоя одноклассники (бу тармоқ ўша пайтлар машҳур эди) сайтида аёлига янги профил очиб бериш ва уни кимлар биландир дўст қилиш орқали амалга ошган.
Натижада аёл ўз кундошига жуда узоқ вақт дугона сифатида қараб у ташлаган илмоқдор саволларга жавоб бериш орқали унга ўз сирларини айтиб келган...
Азиз ўқувчим, орангизда бу ҳикояни ўқиб турган эркаклар балки бу ҳолатга жуда оддий қарагандир? Балки орангиздаги баъзи бир аёллар бу аёлнинг сочи бир кечада нега оқариб кетганини тушунмагандир ҳам...
Балки "кимдир эр бермоқ жон бермоқ" мақолини эслагандир...
Йўқ, масала бундай эмас!
Бир туякашнинг жуда севимли бир туяси бор экан. Туякаш у билан кичик-кичик карвонлар тузиб жуда кўп жойларга борган экан. Туянинг ажали етибди. Туякаш туясининг бошида ўтириб ундан рози ризочилик сўрабди.
"Сени баъзан оч қолдирдим. Сени баъзан сувга етинтиролмай қийнадим. Сени баъзан саваладим. Баъзан бўғзингдан арқон солиб судрадим. Эй туям, мендан рози бўл!"
Туя жавоб берибди:
"Оч қолдирганингда, сувсиз қолдирганингда, бўйнимдан арқон солиб судраганингда сени ҳожам сифатида тушунганман. Аммо битта жойда ҳамиятимга тегадиган иш қилгансан! Бўйинтуруғимни бир тиррақи эшакнинг думига боғлаб қўйиб мени масҳара қилгансан. Шуни кечиролмайман, холос!"
Ройиш аёлнинг сабр ҳадлари кенг. Оч қолдирсангиз, "битта пиёзни икки кунга етказасан!" деб айтсангиз, бажаради. Тўрт девор ичига қамаб кетсангиз, кўнади. "Ўнта туғиб бер!" десангиз, туғади. "Устингга кундош олдим!" десангиз ҳам кўниши мумкин.
Юзини сал четга ўгиради-да қўрғонини яна мустаҳкамлашга тушади. Чунки эр бўлмаса, бола бор. Газ бўлмаса ўчоқ.
Аммо қўйнига жосус тиқиб устидан кулсангиз кўнмаса керак.
Қайдам...
Азизахон Исмоилова
10.05.2023.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4