70-қисм
У тергов хонасидан чиққанида кутилмаганда ёққан ёз ёмғири алам билан кўчани саваларди. Йўловчиларнинг ҳаммаси югуриб ўзини панага урди. Фақат Муниса ўз хаёллари билан банд, бепарво.
“Бу нимаси? Ҳадемай бир ой бўлади. Эрим ва укам қаерда? Нималар қилиб юрибди? Саломатми? Ўзи нималар бўляпти? Уйда мени умид билан кутаётганларга нима дейман? Эй, Худо улар яхши хабар кутишяпти. Мен эса етти ухлаб тушимга кирмаган саволларга жавоб бериб келяпман. Болаларим отаси ва жондек жигарим ҳақида эса ҳеч қандай хабар йўқ. Сабрим тугаб боряпти. Ўзинг сабр бер!”
У хаёл билан манзили томон элтадиган автобусга чиқди. Ёмғирдан қочган жон борки, ўзини транспортга урган. Шунданми, автобус жуда тиқилинч эди. Осмон эса одамларнинг қочганидан куч олгандек бисотидаги бор томчиларни шиддат билан сочаётгандек.
— Ёзда ҳам шунақа ёмғир ёғарканда? — деди кимдир.
— Тез тинади бу, — жавоб берди бошқаси.
— Ёмғир эмас, жала денг. Ташқарига қаранг, йўл кўринмай қолди.
Бу гапдан кейин Муниса бошини кўтарди. Асфальт худди тутаётганда ўхшарди. Шу пайт ёмғирдан қочган бир эркак тўсатдан автобус йўлини кесишга уринди. Бир зумда қиёмат қўпгандек бўлди. Бирданига берилган кучли тормоз ва қалтис бурилиш автовус ичидаги одамларни чап томонга ирғитди. Кўтарилган шовқин жуда ваҳимали эди.
“Ҳалокатга учрадик. Агар автобус қуласа омон қолмаймиз...”
Мунисанинг юрагида негадир қўрқув эмас, учқундек қувонч қамраб олди. Ўзини енгил ҳис қилиб шукрона айтди:
“Шукр, энди ҳаммасидан қутуламан. Барча ғам ортимда қолади. Дардларимни бўзлатиб нариги дунёга йўл оламан!”
У ўлимдан қўрқмаётганди. Танасини эгаллаган илинж роҳат бераётганди.
— Кўзингга қарасанг ўласанми? Ёмғирдан қочиб, автобуснинг тагига кирай дединг-ку! Ҳе, сени... — ҳайдовчининг жон ҳолатда бақиргани ҳаммани хушёр торттирди. Ҳаяжон ва қўрқув аралаш янграган бу ҳайқириқ хавфнинг ортда қолганини билдирарди.
— Юрагим чиқиб кетди. Туф-туф, — кимдир ёқасига туфлади.
— Сал қолди-я, Худонинг ўзи асради, — титроқ овозда деди бошқа биров. — Сал қолса афтобус қуларди.
Ҳамма қандай аҳволга тушганини тасвирлашга тушиб кетди. Биргина Муниса қайғуга ботди:
“Ўлим ҳам мендан қочади. Истакларим доим мендан йироқда. Нега?”
Аламдан унинг йиғлагиси келди. Лекин миясига чақмоқдан урилган фикрдан даҳшатга тушди.
“Худойим, агар мен ўлсам, уйдагиларнинг ҳоли нима кечарди? Болаларим-чи? Отасининг дарди камми уларга? Она бўлмай мен ўлай... Фақат ўзимни ўйлаб ўлимдан қувонибман. Ахир мен чекаётган ғамни яқинларим ҳам бошдан ўтказяпти. Улар ўлимнинг ортига беркинмоқчи эмас-ку! Мен эса...Жонимни омон сақлаганингга ҳам шукр...”
У уйга келгунича қилмишига истиғфор айтди. Эшикни очиши ҳам қайнонасию болалари югуриб чиқди. Лекин улар лом-мим дейишмади. Муниса ҳам бир сўз айтгани йўқ.
71-қисм
“Тавба, қайғу одамни шу қадар тушунувчан қилиб қўярканки, овознинг кераги бўлмай қоларкан. Болаларим ҳам, қайнонам ҳам ҳамма нарсани кўзларимдан уқишади. Биргина онам телефон орқали суриштиради. Онам ҳам ўз уйида туриб барчасини англайди. Ортиқча савол бермайди. “Яхшимисан?” дейди у киши. Бу гўёки, “ҳеч қандай хабар йўқми?” дегандек эшитилади менга. Мен ҳам ҳар доимгидек “яхши”, дейман. Бу онамга “йўқ” бўлиб етиб боргандек, гўшакни қўяди. Биз ана шундай бир-биримизни сўзсиз тушунадиган бўлдик. Шунисига ҳам шукр. Бўлмаса, ҳолим не кечарди?”
Ана шундай фақат хаёллар оғушидаги, суҳбатларсиз кечган яна бир ҳафтани Муниса ортда қолдирди. Ўзи билан ўзи овора бўлиб турмуш ташвишларини ҳам унутибди. Қайнонаси эслатмаса...
— Малика ҳадемай мактабга чиқади. Кўнглидаги кийимларни олиб беринг. Ўксимасин...
Бу гап унинг яна ярасини тирнади.
“Дадаси, қизингизнинг мактабга боришидан бошингиз кўкка етаётганди. Келмайсизми? Уни хурсанд қилмайсизми? Чиройли кийим кийдириб, узун, жингалак сочларига оппоқ “бантик” тақиб қўлларидан ушлаб мактабга олиб бормайсизми? Малика ҳам бу кунни интиқлик билан кутаётганди. Келинг, дадаси... Мен учун эмас, фарзандларингиз учун келинг. Қизларингизнинг қувончини қайтариш учун ҳам келинг. Уларнинг кўзларидаги мунгнинг бир умр қолиб кетишини истамайман. Истамайман, уларнинг сизни соғиниб йиғлашларини... Отасиз ўсишларини истамайман! Истамаганман, ҳеч қачон! Менга ваъда бергандингиз! “Қизларим учун доим меҳрибон ва ғамхўр бўламан”, дея сўз бергандингиз. Шуми... Қаерлардасиз? Кимлар билансиз? Нималар қилиб юрибсиз? Наҳот, ўша бизга ноаён ишингиз оилангиздан, болаларингиздан ҳам устун? Келинг, дадаси келинг! Маликани мактабга олиб боринг!”
— Пулимиз бор. Маликанинг кийим-бошига етади... — қайнонасининг овози Мунисани ўзига келтирди.
— Эртага олиб борамиз бозорга. Ҳаммамиз борамиз. Ҳаммамиз Малика учун энг чиройли мактаб либосини танлаймиз, — жилмайишга ҳаракат қилди Муниса.
Лекин яна ичидан зил кета бошлади.
“Пулимиз бор. Маликанинг кийим-бошига етади”, деди қайнонам. Мен ўзим билан ўзим овора бўлиб қолдим. Ишламай ҳам қўйдим. Ахир бу тарзда ҳаёт кечириб бўладими? Биз учун ким қайғуради. Мен ишлашим, ўзимни қўлга олишим лозим. Илгариги уйда ўтириб қилган ишимнинг ортидан келган пул урвоқ ҳам бўлмайди. Бошқа иш топишим керак. Шўрлик қайнонам буни қачондан буён ўйлаб юрибди экан. Айта олмаган менга... Бугуноқ иш излайман. Ахир Малика мактабга қатнайди. Унга ҳам энди пул керак. Ҳеч кимдан кам бўлмаслиги лозим...”
Муниса айтганини қилди. Эртасига ҳаммалари биргалашиб бозордан Малика учун мактаб кийими сотиб олишди.
— Мен-чи? Мен ҳам мактабга бораман, — опасига ҳаваси келган Лайлога ҳам Муниса чиройли кўйлак олиб берди.
Қайнонасининг “уйга кетайлик” деган гапидан кейин чўнтаклари пуч бўлаётганини сезди.
— Сиқилманг, ойи. Мен ишлайман. Ҳозир сиз болаларни олиб уйга кетаверинг. Мен эса иш излаб кўраман, — далда берди қайнонасига у.
Бу гапдан қайнонасининг ҳам, болаларининг ҳам юзига табассум югургандек бўлди.
“Менинг жондан азизларим, наҳот қандай кун кечирамиз деб ғамга ботгандингиз? Мен қараб турмайман. Сизлар учун курашаман!”
72-қисм
Унинг юрагига қувват киргандек бўлиб, кечгача беш-олтита ишхонага кирди. Афсуски, кечки пайт бу ғайратдан асар ҳам қолмади. Уйга шалвираб қайтди.
— Ишга кирдингизми? — кўзлари порлаб деди Малика.
— Кираман, жоним, кираман, — унинг бошини силаркан сир бой бермади у.
Эртасига ҳам, индинига ҳам ишхона эшикларини бефойда тақиллатди.
— Дипломсиз қандай ишга оламиз, — дейишади улар.
Тўртинчи куни эса бир қўшма корхона рўпарасидан чиқди у.
— Болалар кийими тикамиз. Агар тикиш қўлингиздан келса, ишга олишади, — деди бир аёл умид бериб.
Ўша кун нафақат Муниса балки уйдагилар учун ҳам салгина ғамни унутадиган кун бўлди.
— Энди ойим ишлайди-и-и-и, — севинчи ичига сиғдиролмаган Лайло янгиликдан хабардор опасига қошларини учириб мақтанади.
— Билама-а-ан, — кулади Малика ҳам.
“Тавба, шу гўдакни ҳам турмуш ташвиши ўйлантирган экан. Биргина ишга киришим уларни шунча хурсанд қилади деб ўйламагандим. Ўзингга шукр. Илоҳим, қувончимизни давомли қил...”
— Ойи, кечагина Лайло менга энди бизни ким боқади, деганди. Мен ойим, дегандим. Фаришталар омин қилибди, а? — уйқуга кетишидан олдин ҳам юраги гупириб деди Малика.
Муниса бу гапдан хурсанд бўлишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмади. Тонгда эса ишга отланди. Бир ҳафта ўтиб эса аввал қизини мактабга қўйиб, кейин ишга кетадиган бўлди. Эри ва укаси ҳақида бирор гап ҳали ҳам йўқ. Ҳар куни эшикка тикилиб, Лайлога қараб ўтирадиган қайнонасига қанчалар оғир эканлигини ҳис қилади. Ўзи иш билан, Малика мактаб билан овунгандек. Қайнонаси ва онаси эса уззукун уйда. Уларга оғир... Унинг иши эса у қадар қийин эмас. Болалигида онаси ёнида ўтириб тикиш-бичиш қилгани қўл келяпти.
Шанба кунлари Маликани ўзи мактабдан уйга олиб келади. Бошқа кунлари иш кечгача бўлгани учун қайнонаси Лайлони етаклаб бирга келади ва Маликани олиб уйга қайтади. Эрталаб қайнонасига бугун шанбалиги, Маликани ўзи олиб қайтишини айтганди. Шунинг учун шошиб мактабга кирди.
— Қизингизнинг ўзлаштириши аъло даражада, — деди мактаб ҳовлисида рўпара бўлган бошланғич синф ўқитувчиси.
— Ўзим ҳам шуни сўрай деб тургандим...
Ўқитувчи Маликани мақташга тушиб кетди. Мунисанинг эътиборини эса Малика билан суҳбатлашаётган қизча тортди. У эълонлар тахтасига ёпиштирилган бир неча суратлардан иборат қоғозга ишора қилиб гапирарди:
— Малика, мана бу одамларни кўчада кўрсанг дарров қоч. Кейин милицияга айт. Улар жуда ёмон экан. Болаларни ҳам ўғирлаши мумкин эмиш...
Маликанинг ранги оқарди. Қизидаги ўзгаришни кўрган Муниса беихтиёр эълонга қаради. “Диққат, қидирилмоқда!” деган сўзлар билан бошланувчи каттагина қоғоздаги суратлар орасида эри ҳам бор эди...
Унинг кўз ўнгида ўқитувчининг овози ўчиб қолгандек, оғзи тинмай қимираса-да, саси чиқмаётгандек бўлди. Оёғи остига ер эса айлана бошлади. Фақат ўзининг юрак уришини эшитмоқда. Атрофдаги болалар шовқини, қушлар чуғури, транспортларнинг зувиллаши ҳам қулоғига кирмай қўйгандек.
“Худойим, куч бер! Ўзинг менга сабр, қизимга ирода юбор! Қизим...”
Муниса нигоҳлари билан қизини қидира бошлади.
73-қисм
— Малика? Малика қаёққа кетди? — ўзига-ўзи гапиргандек деди у.
— Ҳозиргина шу ерда эди. Бирам эсли қизингиз. Жуда камгап, — Муниса яна ўқитувчининг сўзларини эшита бошлади.
— Раҳмат, кўнглимни тоғдек кўтардингиз... — суҳбатни якунламай мактаб биноси томон одимлади у.
Сал нарида турган ҳалиги қизга кўзи тушиб, саволга тутди:
— Малика қани?
Қизча елка қисди. Мактаб ҳовлисидаги болаларнинг барчасига кўз югуртирди. Қизи йўқ!
“Қаеққа кетди у? Отасининг расмини кўриб шундай қилдими? Қаердасан, Малика? Энди нима дейман, боламга? Ўзи ўша қоғозда нима ёзилганди? Ўзимни йўқотиб қўйиб ўқиб ҳам кўрмадим...”
Муниса қаёққа юришни билмай қолди. Дарвоза томонга қаради. Қизи ёлғиз чиқиб кетиб қолган бўлиши мумкин эмас. Эҳтимол, югуриб кетиб қолган бўлса...
У энди дарвози томон югурди. Кўчанинг ўнгу сўлига термулди. Қизи йўқ.
“Малика, қаёққа кетиб қолдинг? Нега индамай кетдинг? Ўзи ўша қоғозда нима ёзилганди?”
Унинг эълонлар олдига боришга юраги дов бермади. Ахир ростдан ҳам эри қидирувда-ку! Қидирилаётган одамларни шунақа ёзиб қўйишганини аввал ҳам кўргани учун аёл юрагидаги бехаловатликни босишга уринди. Шу пайт мактаб ҳожатхонасидан чиқиб келаётган қизи у томон чопқиллади.
— Нега индамай кетиб қолдинг, а? — қизининг яқинига келишига ҳам сабри чидамай бақирди она.
Малика эса онасига яқинлашгани сари бошини эгиб, кўзларини олиб қочди. Қизига тикилиб, Муниса унинг кўзлари намланганини, қизарганини сезди.
“Бечорагина қизим, ҳожатхонага кириб йиғлаб чиқибди. Болажоним, мурғак қалбингда нималар туғён ураётган экан? Ҳали ҳаммаси ортда қолади. Унут бўлади, қизим. Лекин нега даданг сизларни, мана шу кўйга тушиб руҳингиз синишини ўйламади. Наҳот, мен билган инсон шу қадар лоқайд эди? Шу қадар фарзандлари озор чекишига жим қараб турармиди у?”
Муниса қизининг қўлидан етаклади-ю, уйлари томон йўл олди.
— Ойи, — пичирлагандек деди Малика. — Дадам ёмон одам эмас, а? Болаларни ўғирлаб кетмайди, а?
Мунисанинг кўксига ичкаридан олов пуркалди-ю, аччиқ тутуни бўғзини тўсгандек бўлди. Жавоб беришга ожизлик қилиб қолишдан қўрқди. Қизининг рўпарасига шарт ўтириб, юзларини силади:
— Асло ундай эмас! Даданг жуда яхши одам...
— Унда нега қидишяпти?
— Биз ўзимиз қидирувга бердик-ку, қизим. Тоғанг иккаласи уйга келмади. Кейин милициядан ёрдам сўрадик. Шунинг учун расмини осишган.
— Расмлар орасида тоғам йўқ. Яна дадамни йўқолган эмас, жиноятчи дейишибди. Ўқитувчимиз ҳам тайинлади, эҳтиёт бўлинглар, деб...
Муниса гап топа олмай қолди. Қизини бағрига босиб, кўз ёшларини кўрсатмасликка уринди. Бор иродасини тўплаб, ўзи ҳам ишонишни истаган гапларни айтди:
— Ўқитувчинг адашган. Дадангни танимайди-ку! Эълонни тушунмаган. Аммо сен ҳеч кимга тушунтиришга уринма. Йиғлама ҳам. Даданг топилса, ҳаммаси яхши бўлади.
“Дадаси бизни қай балога гирифтор қилиб кетдингиз? Қаердасиз? Нега сизни жиноятчи дейишмоқда? Ўша эълонда нима ёзилган ўзи? Кучим етса эканки, ўқисам... Яхшики, Малика ҳали ўқишни билмайди. Шунисига ҳам шукр. Сабримни синашни бас қил, Худойим. Ортиқ чидай олмайман, ахир”.
74-қисм
Уйга келгач, Малика тушкун ва ўйчан бўлиб қолди. Ҳали ўйинқароқ Лайлонинг гапларига ҳам парво қилмасди.
— Опа, мана бу дафтарингизга менам ёзаман. Менам сизга ўхшаб ёзишни ўрганаман.
— Опангни кейин устози уришади, қизим. Сен мана бу ўзингнинг дафтарингга ёз. Опангникига қараб ёз.
— Опам индамаяпти-ку, ёзаман... — қайсарлик қилди Лайло.
Ростдан ҳам Малика бепарво эди. У ҳар гал китоб ва дафтарларини синглисидан эҳтиётларди. Энди эса...
— Малика! — Мунисанинг овози титраб чиққан бўлса-да, қатъиятли эди. — Менга ишонмайсанми? Дадангга ишонмайсанми? Ўша қоғоз ва ўқитувчинг сенингча ҳақ, а?
Малика бир зум онасига ёшли кўзларини тикиб турди-да, сўнг бағрига отилди:
— Мактабга бормайман ойи! Ўқимайман! Ҳеч қаерга бормайман!
Бу гап Мунисани адо қилди. Душанба куни эса Малика ростдан “бормайман” деб оёқ тираб туриб олди.
— Хўп, бугун бувинг ва синглинг билан ўтира қол. Ўзим бориб ўша ўқитувчингга даданг қанақа одам эканлигини айтиб келаман...
У мактабга кириб, директор билан гаплашишни дилига тугиб, йўлга тушди.
— Уни биз эмас, жиноят қидирув бўлимидан келиб осиб кетишган! — аввалига тушунишни истамади мактаб раҳбари.
— Биламан, аммо айнан шу ердагисини олиб ташлашнинг иложи бордир? Бу қизимга жуда ёмон таъсир қилди. Дадаси жиноятчи эмас. Ҳали бу исботланмаган. Мактабдан ташқарида осилган эълонлар ҳам етарли-ку! Қолаверса, уни мактабда ҳамма кўриб бўлди. Илтимос, шуни олиб ташлайлик. Қизимнинг азобланишини истамайман, — йиғлаб юборди Муниса. — У бугун мактабга келмади. Айнан шу учун келмади...
— Яхши. Ҳотиржам бўлинг. Ҳозир олиб ташлаймиз. Яхшики, катта шаҳардасиз. Мактабдаги болалар қизингизнинг отасини танишмайди.
— Шунисига ҳам шукр, — Муниса қалбидаги ҳис-туйғуларни ўзи ҳам англай олмаётган эди. Мактабдан чиққанида ҳам ўзидан кечаётганларини тушунмади.
“Нима бу? Изтиробми, хўрликми, айрилиқ азобими, аламми, ер билан битта бўлишми? Мен қандай дард ичидаман ўзи? Бизни қандай кунларга қўйдингиз, дадаси? Чекаётган азобларимиздан хабарингиз борми? Нима иш қилгансиз, ўзи? Укам-чи? Агар сиз жиноятчи бўлсангиз, укам менга айтмасмиди? Мавҳумлик! Бу мавҳумлик нега бунча оғир?”
Муниса турли ўйлар оғушида ишхонасига етиб келганини билмай ҳам қолди. Унинг қўллари ўз вазифасини бажар, вужуди шу ерда бўлгани билан хаёлини бошқа жойда. Шунинг учун корхона бошлиғининг ёнгинасига келганини, унга тикилиб турганини сезмади.
— Сиз янги келганмисиз? — бошлиқ саволига ҳам жавоб олмади.
— Муниса, жавоб бермайсизми? — уни туртди ҳамкасб аёл. Сўнг ўзи унинг ўрнига гапирди: — Ҳа, янги келган. Бир ойча бўлиб қолди.
— Аввал қаерда ишлагансиз?
— Компьютер билан ишлаганман, — ўзига келиб деди у.
— Қизиқ, компьютерни биладиган аёлга ўхшамайсиз, — дея нари кетди раҳбар.
Муниса индамай ишида давом этди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1