Унинг исми Барно. Ўзи ҳам барно. Тили ширин, қўли гул. Совчилари кўп бўлди, аммо у илмлисини танлади. Қуръон ўқиганида булбуллар ошиқ бўлган овози бор эди йигитнинг.
"Қўли калта, қийналиб қоласан", дедилар. Қулоғига кирмади қизнинг.
Кейин тўй бўлди. Барно ой парчадек келин бўлди, ой мисоли тўлин бўлди. Югуриб, елиб хизмат қилди. Худойим зориқтириб- зориқтириб бир қиз берди. Пешонасига сиғмади. Бир ёш бўлганида дунёйи дунни танишга улгурмай оламдан ўтди қизалоқ. Онасини, отасини фарзанд доғида чирқиратиб кетди. Бир-бирига суяниб қолди жуфтлик. Фарзанд доғини фарзанд юварди, буларники ювилмас доғ бўлди. Бир йил, икки йил, уч йил ўтди.. Тўрт йил, беш йил ўтди... Ёзишга осон. Бу йилларнинг ҳар бирида ойлар бор, ойларда кунлар, кунларда соатлар бор... Умид бор!
Барно шундай йигитни бахтиёр эта олмаётганидан эзилар, ҳар ойни бир умид билан ўтказар экан кўнглида ғалати умидбахш орзу қиларди.
—Дадаси, ота бўласиз!
Шу сўзни айтармиканман! Айта олиш насиб қилармикан?..
—Ўзинг рўза тутаётган бўлсанг! Кунни қара,ҳали тафти қайтмади. дейди. Шартмиди келишинг. Сал кечроқ оғиз очсам ҳеч нарса қилмасди. Муҳсин аёлига норози оҳангда гапирарди-ю, аммо ўзи унинг келганидан шод эди. Барно дастурхон ёзди. Каттагина термосдаги чой, илиққина таом билан муҳаббат бор эди ўртада! Кўз-кўзга тушса, ёғдуланадиган...
Кўнгиллардан кўнгилга ўтиб юрадиган севги бор эди.
— Барно, балки фарзанд асраб олармиз!
Аёлнинг кўзлари чарақлаб кетди.
—Қанийди....
Зир югурди йигит, чора истади аёл. Бола бергич одам топилмади. Яна беш йил шу зайлда ўтди. Қишли қировли кун эди. Ит кўп ҳурди. Дарвозани тимдалаб ҳурди. Аккиллайвергач Қамбар чол ташқарига чиқди—ю қўлида йўргакланган гўдак билан кирди. Тўғри Муҳсиннинг ётоғини тақиллатди.
—Келинга бер, кимдир ташлаб кетибди.
Қиз бола эди чақалоқ, нимжон, озғин. Йиғлоқ бўлди у. Тинимсиз касал бўлиб, бир ёшга етганида у ҳам буларни ташлаб кетди.
—Шумқадам экан бу келин!
—Ўғлимнинг умрини зое қилди!
—Кетсин!
Гоҳ ошкора хитоблар , гоҳ яширин пичинглар билан айтилган гаплар манзилига етиб борди.
Барно кетди!
Муҳсинни уйлантирдилар. Қиз бола тегди унинг ёрига. Доиралар оламга жар солди. Карнай дод солди, сурнай ингради.
Кейин ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит бўлди.
Барно ёниб кетаётган юраги тафтини босмоқ учун уйдан билдирмай чиқиб кетди. Фақат эски эшик ғийқиллаб нола чекди.
Қишлоқ итлари хура-хура чарчаган бир тун эди бу. Аёл юлдузлардек сонсиз кўз ёшларини осмондек қоронғу кўксидан узиб ерга тўка бошлади. Юриб-юриб ҳозиргина тўй тарқаган ҳовлига келиб қолди. Уй атрофида айлана бошлади. Мана бу дераза бир вақтлар уники эди. Энди бегона!
Мана шу уйда унинг учун бу дунёдаги энг яқин биров бор эди. Энди у ҳам бегона! Ана, кимдир нозланиб кулди! У қулоқларини маҳкам беркитиб олди. Кейин ерга чўккалади.
Лаблари пичирлади
—Аллоҳим, мен унинг Қуръон ўқийдиган лафзига ошиқ бўлдим, ўзинг қалбимга шу муҳаббатни солдинг, энди ўзинг уни мендан айирасанми? Унда мени унинг остонасидаги тошга айлантир, аммо бегона қилма!
Кейин девонавор юриб кетди аёл.
Ортидан ўзидек бир ошиқнинг-турмуш ўртоғининг ҳам уйидан қочиб чиқиб кетганини сезмади. Янги келинчак чимилдиқда ёлғиз тонг оттирди.
Муҳсин янги аёлига кўнгил қўёлмади. Барнодан ёш эди у, Барнодан қувноқ эди, ҳусни ҳам Барноникидан кам эмасди.
Аммо Барно эмас эди у! Қалблар Аллоҳнинг қўлида! Унга буйруқ бериб бўлмайди ахир.
Аммо энди у шу аёл билан яшашга мажбур. Эҳтимол севгани билан яшаб кўрмаганлар кўникиб яшаб кетар, аммо кўнгилдаги ёри билан топишиб у билан ўн йилни бирга ўтказганлар кўнолмас экан.
Умр сув мисоли оқиб кетаверади.
Кўзни оладиган қимматбаҳо маржон ерда қолмаганидек, Барнога ҳам харидорлар чиқа бошлади.
Муҳсиннинг юрагига ўт тушди. Барнонинг йўлини пойлай бошлади йигит. Тутқич бермади аёл.
—Ким ёлғиз ўтибди, сен ёлғиз ўтсанг. Келаётган совчилар бообрў хонадондан. Ўғлига она бўласан, етимнинг бошини силайсан, худойим ўзингга ҳам тирноқ бериб қолар, —Жумагул куйиб-пишиб тушунтирар, Барнонинг қалб туғёнларини ҳис қила олмасди. " Мен ундан бошқа эркакни қандай қабул қиламан? У бўлмаган турмушдан нима наф! У йўқ ҳаётнинг нимаси қизиқ! "
Барно ичидагини сиртига чиқара олмади, гарчи опаси жондан азиз жигари бўлса ҳам!
Совчилар хабари Муҳсинга ҳам етиб борган, ўзини қўярга жой тополмасди.
—Кет,-деди, аёлига,-илтимос кет, мен билан бахтсиз бўласан. Сенга шодлик ҳадя этадиган ҳам топилади. Тенгингни топасан ҳали.
Аёл "Ҳайдаманг!" деб йиғлади. Аммо тунларини аксар меҳмонхонада кечираётган турмуш ўртоғини ўзига иситолмади, кейин ноилож кетди...
Муҳсин аёлининг остонасига ётиб олди
—Қайт уйга, Барно. Пешонамизда нима бўлса, бирга кўрамиз.
Пешонада эса ёзуғлар кўп экан. Муҳсиннинг кўзига чўп кириб ногирон бўлиб қолди, аммо тилидан Аллоҳнинг каломи тушмасди. Барнога унинг нуқсони сезилмас, одаилар эслатмаса, хаёлига ҳам келтирмасди. Арзимаган маошга қоровулчилик қилади, рўзғор-ғор. Барибир, камчилик кўп, етишмовчилик бисёр. Икки ёрти бир бутун деҳқончилик қилиб битта сигир, уч-тўртта қўй орттирдилар. Иккиси ҳам қаттиқ меҳнат қиладики, Аллоҳнинг байтига борсалар! Ният қиладилар, худодан сўрайдилар, ким Умрагами, Хажгами борса, саломлар, дуолар йўллаб қоладилар.
—Опа, зиёратингиз давомида мени ҳам дуо қилинг, Аллоҳим байтига чақирсин! Шунчалик хоҳлайман. Куёвингиз билан етаклашиб борай, опа, дуо қиласиз-а-а-а?
Даврадагиларнинг энсаси қотди. Битига борадими?
Йиғиб қўйгани бор эканми?
Жумагул синглисини маҳкам қучди
—Албатта, етказаман саломингни синглим!
У опасининг ортидан йиғлаб қолди
"Аллоҳим, бизни ҳам чақир!"
Жумагул Каъба қошида ўтираркан қўлларини дуога очиб, аввало, Макка деса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деса кўзига ёш келадиган синглисию, бир кўзи билан ҳам Қуръон тиловатини тўхтатмайдиган куёвининг ҳақига дуо қилди
—Аллоҳим, уларга фарзанд бермадинг, кўндилар! Бойлик бермадинг, рози бўлдилар, дард бердинг, сабр қилдилар.
Энди уларни ҳам Байтингга чақир, уларга хам шу ерларга келиш, байтингни тавоф килиш насиб қилсин!
Аллоҳ истаса, орзулар амалга ошади. У бўл деса, бўлади.
Жумагулнинг дуолари ижобат бўлганди! Муҳсиннинг жияни бева онасини Умрага жўнатмоқчи бўлиб, тоғасидан опасига маҳрам бўлиб боришини илтимос қилади. Барно ўзи бормаса ҳам турмуш ўртоғининг Аллоҳнинн Байтига зиёрат қилиш учун кетаётганидан қувонади. Жияни тоғасининг кийим-кечагидан тортиб, барча ҳаражатларини бўйнига олган эди.
Шунда опаси Жумагул ва поччаси Барно учун ҳам тўлов қилиб юборадилар...
Элликбоши барча гуруҳ аъзоларига кўзларини юмишни буюрди ва айтдики,
-Кимки, Каъбаи муаззамани илк бор кўрганда нима дуо қилса, дуоси ижобатдир!
Силлиқ йўлакдан ялангоёқ юриб бораётган, эҳром кийган одамлар элликбоши айтганидек кўзни юмиб одимлар эдилар.
—Кўзингизни очинг!-деди элликбоши.
Мана у! Алллоҳнинг уйи! Неча минг мусулмонларни ўзига чорлаган муқаддас маскан!
Каъба қошида турган жуфтлик туш кўраётгандек эдилар!
Қўлларини дуога очар эканлар қалтирар эдилар....
Ўн тўрт кун бир зумда ўтиб кетди. Бу сафар уларга барака келтирди.
Орадан олти ой ўтиб эса Барнонинг фарзанд кутаётганлиги маълум бўлди.
Каъба ёнида қилинган дуолар ижобат бўлганди!
Сабр – инсонни дунё ва охиратда энг баланд даражага кўтаради. Албатта, сабрлиларнинг мартабаси Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ва олийдир. Бу абадий роҳатга олиб борувчи йўлдир.
Умар розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Биз ҳаётда яхшиликларга сабр билан эришдик” (Имом Бухорий, Имом Аҳмад ривояти)
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1