Муаллиф: Наргиза Усанбоева
қисса
6-қисм
Демак, у ҳали яна учта хотин олади. Уларни ҳам мен каби турли жойлардан, “Севиб қолдим, сенсиз яшолмаяпман”, деб чақирадими?
Оний лаҳзаларда ушбу турмушим ниҳоятда қалтис, нозик ва шишадек муртлигини англадим. Ногоҳ бу шиша ҳаётим чил-чил синди-ю, чин дилдан ҳаётим — оилам, эрим, фарзандларим, ота-онам, яқинларим кўз ўнгимда жонланди. Чуқур уйқудан уйғонган киши каби лоҳас ҳолда ўзимни саволга тута бошладим: “Болаларингни ташлаб, бу ерда нима қилиб юрибсан? Кундошларинг билан эр талашиш учун бу ерга келдингми? ”
Ўша куни биринчи марта қалбимни надомат оралади. Биринчи бор, нима ўйлаётганимни, нима қилаётганимни, умуман кимлигимни билмайдиган телба ҳолига тушдим…
Шавқиддиннинг фақат гап-сўзи эмас, ўзи ҳам ўзгариб қолгандек туюла бошлади, менга.
Энди у кечқурунлари тез-тез чиқиб кетиб ярим тунда келар, аллақандай ҳадик ичида юргандек эди. Ҳар гапида дин, мусулмоннинг фарзлари ҳақида менга сабоқ беришга уринарди. Лекин унинг илми мени ўзига тортмас, нимаси биландир чўчитарди ҳам. Хаёлимда у тамаддундан юз ўгириб, ортга — ибтидога, ёввойи давр сари одимлаётганга, мени ҳам етаклаётганга ўхшарди.
Ҳатто, соқолини ҳам олмай қўйди. Унинг ҳақиқий башараси, нияти очила бошлаётгани сари кўзимга гап уқмас, йирик маҳлуқдек туюлар, мен эса заифлашиб, кичрайиб бораётгандек эдим. Мен унинг ғайри ишлар билан шуғулланиши аввалдан бормиди ё ўша масжидга кириб чиққан кундан бошландими, шуни билолмай хуноб бўлардим.
Кейинги жума яъни, 19 июл куни ҳам у яна мени кўчада қолдириб, масжидга кирди. У ердан чиқиб, икки кўча наридаги бир уйга борди. Назаримда, у ердан янада нодонлашиб, ғаданг бўлиб чиққандек эди. Ижара уйга кела-келгунча Туркияга кетишимиз зарурлиги ҳақида гапирди.
Мен қалбимда қўрқув, ваҳима бош кўтарган ҳолда келганим учун таним бўшашиб, ўзимни диванга ташладим. Бўлмади, дилимга табора ғулғула солаётган саволларга жавобни ундан сўрашга охири киришдим:
— Шавқи, Туркияда нима қиламиз?
— Туркияда кўп бўлмаймиз, — у менга пича тикилиб турди-да, ёнимга келиб ўтирди. Кейин хотиржамлик билан сўзлай бошлади: — Биласанми, ҳар бир одам умри давомида жиҳод қилиши лозим. Биз Туркия орқали жиҳод қилгани Сурияга ўтамиз. Шунинг учун Туркияга борамиз дегандим. Мусулмон киши ўз биродарларига ёрдам бериши, шу ниятда ҳижрат қилиши ўта савоб.
Қулоқларимга ишонмадим. Унинг сўзлари сал аввал юртимизда шов-шув бўлган “Алданган аёл” фильмини ёдимга солди: “Ҳар бир одам умри давомида жиҳод қилиши лозим”. Бу кинодан шунчалар таъсирлангандимки, фильм қаҳрамонини аҳмоққа чиқаргандим.
“Қайси калла билан тинч юртини, гулдек фарзандларини, эрини, оиласини ташлаб кетиш мумкин?” дегандим.
Айни дамда ундан, ўша фильм қаҳрамонидан зиғирча фарқим йўқ эди.
“Наҳот, унинг ҳолига тушдим? Йўқ, мен жимгина бош эгиб кетавермайман...”
— Мен ҳеч қаерга бормайман! Болаларимни ташлаб, итим адашмаган юртларда хору зорликда ўлмоқчи эмасман! — дедим ўзимни тута олмай.
— Бормайсан? Хору зорликда ўлмоқчи эмассан! — сохта таажжуб билан деди Шавқиддин. — Билсанг, унақа ўлимни шаҳидлик дейдилар! Шаҳидлик мусулмонман деган инсонга орзу! Ити адашмаганмиш... Эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша ерда бўлади! Кетасан!
— Нега мени алдадингиз? Менга нима дегандингиз? Мен Ўзбекистонга қайтаман! Болаларимнинг ёнига бораман!
— Нима деб алдабман, сени? “Севаман, кел,” дедим! Севишимга шубҳанг борми?
— Озроқ ишлаб, кейин юртимизга қайтмоқчи, болаларимни эримдан олмоқчи эдик...
— Ҳалиям, шу! Сурияга шунчаки бораётганимиз йўқ. Катта пул беришади. Беш минг доллар — боришингнинг ўзига! Кейин икки минг доллардан ҳар ой оламиз! Ҳар бир жанг — 150-200 доллар! Савобини айтмайсанми, савобини!
— Сиз бунақа эмасдингиз. Икки ҳафтадан буён дўстларингиз миянгизга шуни қуйишяптими? Кўзингизни очинг. У ёққа борганларни ўлдириб юборишади, — кинода кўрганиларимни айтиб бермоқчи бўлдим. Аммо Шавқиддин бунга йўл қўймади. Бир оғиз айтган гапи билан юрагимдаги кеч кузнинг сўнгги япроғи каби илиниб турган ишончимни ҳам юлқилаб отди.
— Мен асли шу йўлни танлаб келганман, бу ерга. Сени ҳам шу ниятда, бутун ҳаётимда, жаннатда ҳам бирга бўлиш учун чақирдим.
— Нега алдадингиз? Нега аввал бошданоқ менга шуни айтмадингиз?
— Унда келмасдинг-да!
Буткул даҳшат ичида қолдим.
“Наҳот, энди у билан қаерларгадир кетаман? Наҳот, мени ҳам худди кинолардаги каби...”
Ўйлаганим сари ўзимни жарликка қулаётган одамдек ҳис қилардим. Уч болам, мўмин-қобилгина эрим, онажоним барча-барчаси кўз олдимдан ўтиб, йиғлаб юбордим.
— Кўз ёшинг билан мени эритолмайсан! Арслон, Мая, мен, сен йигирма кун ичида кетамиз. Бошқа гап йўқ! Ҳаммаси ҳал бўлган! — деди у.
Мен унга ялина бошладим. Нақ уч кунлик ёлворишларим унга зиғирча таъсир қилмади. Қайтанга менга ўз вазифаларим, эрим олдидаги бурчларим, унинг савоблари ҳақида гапирди. Оқибатда шуни англадимки, уни тўғри йўл билан қайтара олмайман, ўзим ҳам измидан чиқолмайман. Иложсизликдан худди ўзи каби алдов йўлига ўтдим. Гўёки, тақдирга тан берган киши каби хомуш тортдим. Кейин худди йиллар давомида қалбида сақлаб юрган энг нозик сирини айтаётган киши қиёфасига кириб, унинг қиртишланмагани сабаб, янада оппоқ кўриниб қолган юзларига термулдим. Оҳиста қўл теккизиб силарканман, кўнглим бузилгандек юзимни бурдим.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5