Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Уни нигоҳларим билан кузатиб қўйдим. Кўчанинг бошига, уйига етиб, дарвозасидан кириб кетгунча узмадим, кўзларимни ундан. Букик қиёфаси, осилган елкалари, эгик боши, аста, судалиб, битта-битта қадам ташлаши хотирамга муҳрланиб қолди. Эртасига ҳам, индинига, ундан кейин ҳам кўз ўнгимдан кетмади.
Мени уни яхши танирдим, яхши кўрардим. Ўзига тўқ, мард, ўзи ҳам, сўзи ҳам ўткир аёл эди у.
Қишлоқдагилар мужмал, иродасиз, номард эркакларни кўрганида, “Зийнатнинг ёнига бор, оғзингга тупурсин!” дея нисбат берар, ожиз, бўш-баёв аёллар эса уни паноҳ деб биларди.
Мактабимизга уруш қатнашчиси — раҳматли Мардон бова номини бердирган фидоий эди, у.
Қўшни қишлоқликлар биздан оқар сувни қизғанганида ҳаммани тўплаб, тоғдан ариқ кавлаб келишга даъват этган жонкуяр ҳам шу.
Ўғли ўлиб, ишсиз келини билан уч ўғил неварасига суннат тўйи қилолмай юрган Гулсум момонинг армонини ушалтирган, одамлардан пул йиғиб, данғиллама тўйнинг бошида турган раҳмдил ҳам у.
Биз уни Зийнат хола дердик. Онамнинг яқин дугонаси эди, чунки. Айтишларича, улар мактабда бир партада ўтиришган. Кейин иккови бахти кулиб, бир кўчанинг икки бошига келин бўлибди. Шу билан дўстлиги узилмабди.
Онам ҳам, Зийнат хола ҳам “дўст” сўзидаги “т” ҳарфини тушиб қолдириб бир-бирини “дўсим” деб чақирар, сира исмларини атамасди.
— Мен дўсимни бир кўриб келай, — деб чиқиб кетарди онам дугонасининг суҳбатини қўмсаб қолса.
Зийнат хола йўқлаб келганида ҳам шу гапни айтарди:
— Дўсим борми? Бир кўриб кетай.
Зийнат хола ҳар келганида гоҳ қизиқ, гоҳида ваҳимали гаплар билан онамнинг ҳайратини ошириб, иймонини учириб кетарди. Мен у келиши билан суҳбатини эшитиш йўлини қидирардим.
Аслида опа-сингилларим ҳам қизиқишган. Онам эса одатига кўра дарҳол, ҳаммамизга рўзғор юмушларини ортмоқлаб ташларди:
— Тур, сен! Моллар сувсиз қолди!
— Бериб келдим, — дерди опам ўрнидан тургиси келмай.
— Унда ўт сол, тур! Сен, тез ошхонани йиғиштириб қўй! Сен эса идишларни сувга тўлдир, ҳамма нарса қуриб ётибди. Туринглар, гап пойламанглар!
Биз меҳмоннинг олдига дастурхон ёзиб, ул-бул қўйгач, индамай уйни тарк этардик. Аммо икки марта мен Зийнат холанинг гапини эшитганман...
Ўшанда қиш эди. Шамоллаганим, иссиғим чиққани учун онам дори бериб, кўрпага ўраб ташлаганди. Оғриқдан, ҳолсизликдан кўзларимни юмиб ётгандим.
— Ая, дўсингиз келди, — деди синглим югуриб кириб.
Онам дарҳол дугонасига пешвоз чиқиш учун ўрнидан қўзғалди. Мен эса кўрпани секингина бошимгача тортдим. Айёрлик қилиб, ўзимни ухлаганга солиш ва Зийнат холанинг гапларини тинглаш эди, мақсадим.
Ташқарида қор ёққани, совуқлиги, уйимизнинг қолган хоналаридаги печкаларга олов ёқилмагани боис шу ерда ўтиришлари аниқ. Лекин менинг ёнимда Зийнат хола қизиқдан қизиқ гурунгларини берармикан? Ўшанда ғўр эканман-да, онам мени — хаста боласини ҳам ўрнидан турғизиб юборади деб ўйлаганман. Кўзларимни чирт юмиб, бош кўтармай ётаверибман. Эҳтимол, онам ва хола бемалол суҳбатлашсин деб шундай қилгандирман?!
Опамнинг дастурхонга қўйиб кетган иссиқ чойидан сўнг, Зийнат хола тилга кирди:
— Бир гап айтсам, ишонмайсиз, дўсим?
— Нима гап? — қизиқсинди онам.
— Бизники, — эрини назарда тутиб деди Зийнат хола. — Шаҳарда бир жувон билан яшаркан.
— Қўйинг-е, — жеркиб берди онам. — Эрингиз турмушга чиққанингиздан буён шаҳарда ишлайди. Бирон гапи чиққан одам эмас. Уйим, жойим дейди.
— Гапимни бўлманг, — эътироз билдирди хола. — Ўзи айтди. Икки йилча бўлибди. Никоҳ ўқитиб, яшаб юрган экан. У ёғини сўрасангиз, кундошгинам туғибди ҳам. Тишингизнинг орасидан чиқмасин-а, дўсим. Ичимга сиғдролмай сизга “ёрилгани” келдим.
— Дўс-и-им, бирон марта бирор гапни тишимдан чиқарганманми? — онамнинг чин дилдан норози бўлганини сездим.
— Гапда буям! Сизга ишонганим учун айтаман-ку! Хуллас, у жувон ёш, чиройли экан. Шаҳардаги бир хонали уйимизни боласига сўрабди. “Ўн кунлаб шаҳарда қолиб кетганимда унга илакишиб қолганман. Сенам болаларни ташлаб боролмадинг, иссиқ-совуғимга қаролмадинг. Шу пайтлар бу номаъқулчиликни қилиб қўйганман. Энди қўлидаги болам учун ҳам уйни бермасам бўлмайди”, деди. Ичимдан жон томирим узилиб кетгандек бўлдим. Уй кўзимга кўрингани йўқ. Ими-жимида уйланиб олганини эрим айтмаса, ўзим икки йилдан буён сезмай юрганимга куйдим. Индамай мени бошқасига алишганига ёндим. Ҳалиям юрагим куйяпти. Ўзига билдирмадим. Ҳар доимгидек кузатиб қолдим. Ичимга ютдим, ҳаммасини. Икки ҳафта ўтгач, келиб “Мен бутунлай у билан яшасаммикан?” деди. Жаҳлим чиқиб кетди. “Бутунлай яшамай, яримта яшаяпсизми?”, дедим. “Қишлоқ - сизники, болалар - сизники шулар учун келарсиз-да! Менга фарқи йўқ!” дедим.
— Вой ўлмасам, фарқи йўқ деганингиз нимаси дўсим, хушимни учирманг, — ўзига келолмай деди онам.
— Э-э-э, дўсим! “От айланиб қозиғини, эр айланиб ёзиғини топади”. Ёзиғи — пешанасига битилгани менман. Демак, бир кун айланиб яна мени топади-да! Сабр қилай-чи?
Зийнат хола сабр қилди. То неварали бўлиб, қуда-андали бўлганича ҳам сабр қилди. Мен бу ҳақда бировга айтмадим, онам ҳам ҳеч нима демагани тайин. Аммо ёмон гапнинг оёғи бўларкан. Одамлар нималар демади, чидади.
Иккинчи марта эса икки дўстнинг суҳбатини тинглашга тасодифан мушарраф бўлгандим. Бунисида ёз фасли эди. Ичма-ич қурилган хоналарнинг ичкаригисида кашта тикиб ўтирганимда Зийнат хола келди. Онам иккаласи мендан олдинги хонадан қўним топди. Чиқолмадим. Балки, ҳаммага суянч бўладиган холани абгор аҳволда кўргим келмагандир? Сабаби, ўшанда у кишининг тўрт ёшли, жажжи бош невараси сувга чўкиб, ўлиги ҳам топилмаётган дамлар эди.
— Сабрли бўлинг дўсим, Худонинг ишида, — дея гап бошлаганди онам. — Икки кундан буён боролмайман..
— Шунисига ҳам раҳмат, дўсим. Ёнимдан жилганингиз йўқ-ку! Нима қиламиз, энди? Пешанамизда бор экан. Бераридан қисмасин! Ўрнига ўнталаб берар, ҳали. Лекин... топилмаётгани адо қилади-да...
— Топилар... Худо куч берсин!
Унинг невараси топилмади. Аммо Худо куч берди. Зийнат хола ўғлига ҳам, келинига ҳам суянч бўлди.
Холанинг иккинчи ўғли хорижда ишларди. Икки фарзанди, аёли ҳам ўзи билан эди. Навбатдаги мен тинглаган ҳикояси шулар ҳақда бўлди. Энди мен турмушга чиққан, ҳаётнинг оқ-қорасини ажратадиган бўлганим учун онам ҳам, Зийнат хола ҳам уларни ёлғиз қолдиришимни истамади.
— Шарманда бўлдим, дўсим... — дея гап бошлади хола.
— Иймонимни учирманг, — хавотирга тушди онам.
— Буни айтгандан кўра, тилим кесилса яхши эди. Ҳалиги, чет элда ўғлим билан ишлаб юрган келиним, ўша ёқда биттаси билан қочиб кетибди. Иснодга қолдик, номусга қолдик... Яхши тарбия қилмабман!
Уйимизга шодлик ёки қайғусини бўлишгани келадиган хола ҳар гал мағрур ва тетик чиқиб кетарди. Бу гал ундай бўлмади. Шунча дардни, аламни кўтарган жуссаси келинининг қилмишини кўтара олмади. Уни кузатгани чиққанимдаги ҳолати кўз ўнгимда қолиб кетди, сира унутолмадим.
Мен уни номуснинг, орнинг суратига ўхшатдим. Қадди букилган, елкаси қисилган, боши хам ор...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2