8-қисм.
ТЎЙ.
Тўлқинбек ҳарбий хизматдан Ҳусаннинг тўйига икки кун қолганда етиб келди. Онаси унинг қўлига таклифномани тутқазди.
– Сени ариқбўйилик бир ўртоғинг тўйга айтиб кетувди. Насибанг бор экан-да, қара, – деди Тожинисо ая қувониб.
Йигит қоғозни олиб “Ариқбўйида ўртоғим, ким экан у?” дегандек ҳайрон бўлди.
– Тенгқур ўртоқларинг ҳаммаси уйланишяпти, энди сенга ҳаракатни бошлайверсак бўларди. Бирор кўзлаганинг бордир ахир, болам?
Тўлқинбек нима деярини билмай довдираб қолди. Чунки қоғозда “Ҳурматли биродари азиз Тўлқинбек! Сизни 20 август куни нишонланадиган фарзанларимиз Ҳусанжон ҳамда Муштарийхонларнинг никоҳ оқшомига лутфан таклиф этамиз. Эҳтиром билан Шодмоновлар оиласи. Ариқбўйи қишлоғи” деб ёзилганди.
– У Ҳусан дегани ким экан, ойи?
– Анави сен билан беллашадиган сардор йигит бор-ку, ўша бўлса керакда.
– Унинг исми Ҳасан. Бу ерда Ҳусан дейишибди.
– Ўша йигитнинг укасидир-да. Улар эгизак, ака-укалар бўлишса керак.
– Нима? Ахир у...
– Ҳа нима эди, тинчликми ўғлим?
– Э йўқ, ўзим шундай. Бўпти бир жойга бориб келаман, отимиз қани?
– Ахир сени йўқлаб хозир тоғаларинг келишади-ку, ҳеч қаёққа кетиб қол!
– Тез келаман. Зарур ишим бор, – дея Тўлқинбек ва шошиб отини эгарлашга тутинди.
Ариқбўйига бориб индинга бўладиган тўй Ҳасанникими ёки Ҳусаникими?
Келинчи, у қиз ким, ўша Муштарийми ёки бошқаси? Шуларни тез аниқлаб
келмоқчи бўлди.
Йигит Ғова сойидан Ариқбўйи томон кетган катта ариқ бўйлаб отини чоптириб
бораркан, Ҳусанни кўз олдига келтирди. Уни бир бор томошалар бўлаётган
жойда, ғовалик аёллар ичида мудраб ўтирганига кўзи тушган ва жаҳли чиқиб
“Ҳасан бу ерда нима қиляпти?
Обба хумпар ... ” деб қўйганди. Бир оз ўтгач яна унга қараб қўйди.
Ҳусан мудраб аёллар томон мункиб кетди.
Аёллар чуғурлай бошлашди. Тўлқинбек бориб унинг елкасидан туртди.
– Ҳой Ҳасан! Бу нима қилиқ?
– Мен Ҳасанмас, Ҳусанман, – деди у чайналиб.
– Ҳасан сени акангми?
– Ҳа.
– Бўлмаса тур бу ердан, жойингни топиб ўтир!
– Бўпти, – деди у чўзиб ва лабини қийшайтириб ўрнидан аранг қўзғалди.
Ўшанда Тўлқинбек “Тавба, ака-укаларнинг шунчалик ҳам фарқи бўладими?” деб кўнглидан ўтказганди. “Энди бўлса у уйланаётганмиш. Яна кимга?
– Муштарийга. Оббо, анқовей... ” Йўғе, бу эҳтимол бошқа Муштарийдир.
Исмдош қизлар ҳам кўпку. Ё Ҳасан атайин бир хил исмли қизларни
топаётганмикан-а? Бораверайинчи...”.
Тўлқинбек қишлоққа келиб унинг маҳалласи бўйлаб бироз юрди, танишларини
излади. Лекин кўнглидагидек дардкаш инсонни топа олмади. Ёдига қишлоқ
оқсоқоли Иброҳим ота тушди.
У билан бир-икки бор зиёфатларда бирга ўтирганди. Мўйсафид ўзини дилкаш
ва самимийлиги билан Тўлқинбекка маъқул бўлганди. Шунинг учун уни қидириб идорасига борди. Оқсоқол туман марказига йиғилишга кетган экан.
Кутиб ўтиришга тўғри келди.
– Хўш айтайлик, ўша мен ўйлаётган Муштарий, хақиқатдан, Ҳусанга тегаётган
бўлсачи, унда нима бўлади? – дея бошини чангаллади йигит. Ё у писмиқ Ҳусан бирор ножўя иш қилиб қўйдимикин? “Муштарий унга ўз ихтиёри билан тегаётган бўлсачи?...
Унда у ғирт нодон экан. Наҳотки у мени оёқ ости қилиб шу ландовурни танлаган бўлса... Ярамас! Одам танлашни сенларга кўрсатиб қўяман.
Агар бу ишлар чин бўлса, тўйингни ҳаром қилмаган номард!”
Йигит ана шундай нохуш ўйлар билан бир четда ўтириб оқсоқолни келганини
ҳам сезмай қолди.
– Анави от кимники? – сўради оқсоқол қоровулдан.
– Ҳув анави ғовалик йигитники. Сизда зарур иши бор шекилли, уч соатдан буён кутиб ўтирибди.
– Ахир бу сардор йигитлардан-ку. Чақиринг, олдимга кирсин.
Оқсоқол Тўлқинбекни илиқ қарши олди.
– Ие-ие, аскар йигит, келинг! Биз томонларга қайси шамол учирди?
– Яхши шамол. Дўстим Ҳасанбой уйланаётганмиш деб эшитувдим.
Шунга бирров...
– Ҳасанбоймас, тўй Ҳусанбойники. Акаси укамни уйлантираверинглар, мени ўз
қаллиғим бор, кейин уйланаман деганмиш. Ҳа тинчликми, ишқилиб.
– Э шунақами? Бир нарсани аниқлаштириб олмоқчи эдимда, узр.
– Бемалол сўрайверинг.
– Бу келин, ҳалиги, ўзимизнинг сардор қизми, ё...
– Ҳа-ҳа, худди ўзи, – деди оқсақол севиниб, – Сиз келин томон бўлсангиз ҳам
бўлаверади. Юринг, унда Шокаримникига тўй олдидан бир ўтиб келамиз.
Тўлқинбекнинг юраги “шув” этиб кетди. “Наҳотки ҳаммаси рост бўлса, оббо
ифлосей!”
– Мен айтганингиздай келин томонга ўртоқлар билан ўтиб бир табрикламоқчи
эдим-да. Куёвникига тўй куни келармиз.
– Яхши унда нима хизмат бор?
– Ўша келиннинг манзили керак эди. Уларни тоғ томонда деб эшитувдим,
лекин тоғ бепоёнку.
– Э-ҳа, тушунарли. Мен ҳам бир марта боргандим. Қўрғонлари жа оралиқда
экан. Усмон ота қўрғони дейишаркан. Шу ердан тик борилаверади.
Тахминан йигирма километрлар бор чамамда.
– Раҳмат менга шу керак эди. Мен борай бўлмаса.
– Ўтиринг, чой қилиб берай, меҳмоним бўлинг.
– Йўқ, раҳмат. Тўй куни, худо хоҳласа шу ердамиз. Айтмоқчи билмайсизми,
Ҳ УВасанбойнинг ўзи ҳозир қаерда?
– Россияда. Тўй куни етиб бораман, – деганмиш.
– Шунақами? Майли тоға, раҳмат сизга.
– Арзимайди, бемалол.
Оқсоқол йигитни кузатиб чиқди ва у кетгач, “Қизиқ, шу гап учун наҳотки у мени
уч соат кутдия” деб хонасига кирди ва ташриф буюрувчилар билан чалғиб уни
унутди.
“Демак Усмон ота қўрғонида.
Ҳозир ўша ерга борсаму, шарт қизни олиб қочсамчи? Лекин қиз мени умидвор
қилгани йўқку”, “Кутаётганим бор” деганди. Наҳотки у Ҳусанни ёқтириб қолган
бўлса... Ифлос Ҳасан, хаммасига ўша сабабчи.
Ўшанда Ҳасан ўзига эмас, анқов укаси учун Муштарийни мўлжаллаб юрганини билганимда эди... Аблаҳ Ҳусан ё ўша қизни чиндан ҳам йўлдан урганмикан-а?
Наҳотки мен шунчалар ношудман. Аслида мен ўзим аблаҳман, ифлосман.
Бахтим учун кураша олмадим.
Буниям бир спорт мусабақасидай кўрибман, кучлиман, енгаман дебман.
Мана оқибати, индинга тўй!… Тўй! Йўқ, тўй бўлмаслиги керак!
Нима мен оғзимни очиб қолавераманми?!
Тўйини бузаман, уйига ўт қўяман!” – дея хаёлан бақирди йигит ва Усмон ота
қўрғони томон от сурди. Уч километр чамаси юргач, Ғова томондан келаётган
ва зилол сувлари шошқин оқаётган катта ариққа етиб келди.
Отидан тушиб юз-қўлини ювди ва ҳовурини босгандай бўлди.
“Агар Ҳусан билан Муштарий бир-бирларини ростдан ҳам севишган бўлишсачи? Уларда нима айб? Ҳамма айб Ҳасанда. У тўй куни келаркан. Яхшиси уни бир
четга олиб чиқаман-да, боплаб таъзирини бераман”.
Тўлқинбек шундай ўйлар оғушида оқаётган сувга тикилиб узоқ ўтирди.
“Хайр, Муштарий. Мен яна сендай қизни учратармикинман?... Эҳ, Ҳусан-Ҳусан, сен ландовур эмас омадли йигит экансан. Майли тўйинга борганим бўлсин.
Ноилож, тақдирга тан бераман, шекилли” – деди у ва ўрнидан туриб келган
йўлидан қишлоғи томон салмоқланиб жўнади.
Йигит негадир тоғ томон ўкинч нигоҳи билан қараб-қараб бораркан, юрагида
бир армонли қўшиқ янграётганини хаёлан ҳис этди:
Йўлакларда хазонларни тўзғитар шамол,
Эссиз менинг туйғуларим кетдилар увол.
Ойдай ёрқин орзуларим топдилар завол,
Не ҳолки, мен мағлуб, маъюс бораман.
Ёримдан ажралиб ҳижронда қолдим,
Росту ёлғонларга гумонда қолдим,
Оқибат ранг-рўйли самонда қолдим,
Не ҳолки, мен мағлуб, маъюс бораман.
Тўй маросими барча миллий урф-одатларига амал қилинган ҳолда ўтказила
бошланди.
Қишлоқда ташкил этилган миллий фольклор ансамбли иштирокчилари эрта
тонгданоқ карнай-сурнай, ноғора чалишди.
Сўнгра маҳалла-куйга ноҳорга ош тортилгач, аёллар доира чалиб халқ терма
қўшиқ ва лапарларини ижро этиша бошлашди.
Мана улардан бири:
Тоғда арча минг йил умр кўрарму,
Шохи синса, заргар кумуш қиларму,
Заргар қилган кумуш-кумуш бўлар-му-ё,
Суймаганга тегсанг, турмуш бўларму?
Бу кўринган тоғлар Олмос тоғидир-о,
Юрагимда қолган ёрнинг доғидир.
Юринглар, жўралар тоққа борайлик-о.
Узоқдаги кўринган ёрнинг боғидир.
Аммо ўша “Ёрнинг боғига” боришда кутилмаганда муаммо пайдо бўлди.
Гап шундаки, анъанага кўра, тўй куни куёв жўралари билан машиналарни
ясатиб келинникига боришлари, уни олиб келишлари, никоҳдан ўтишлари, Чуст боғида айланишлари, сўнгра уни яна ўз уйига ташлаб келишлари, оқшом эса,
яна куёв жўралар билан бориб келинни олиб келишлари ҳамда тўй базмида
“Давранинг гули” бўлиб ўтиришлари керак эди.
Бу одатий анъана, албатта.
Бироқ бу сафар куёв жўралар борадиган машиналар қиррали тош ва
ҳарсанглардан, сел сувлари ювиб ўнқир-чўнқир қилиб ташлаган йўлдан бора
олмади.
Бу йўлдан фақат махсус машиналар, трактор, мотоцикл ва от уловларгина юра оларди. Чанг-тўзон, лой сачраши ҳақида айтмаса ҳам бўлаверади.
Шу сабаб тоғ томон бироз юрган ясатиқлик чиройли, машинанинг эгаси йўлни дабдала эканини кўриб таққа тўхтади.
Негаки қиррали тошлардан бири машина остига “тақ” этиб урилганди.
– Ҳа, нега тўхтадингиз, юрмайсизми? – сўради Ҳусан.
– Э, ука. Ахир биз бундай келишмагандик-ку. Келин тоғнинг ичида деб менга
нега айтмадинглар?
– Мен ҳам қаёқдан билай, уни отам топган-да.
– Бўлмаса отангизга айтинг, келинни ўзи олиб келсин.
– Қанақа қилиб?
– Билмасам. Ана кейин шаҳарми, қишлоқми, қаерга десангиз олиб
боравераман.
Куёв жўралар “ғиди-биди” қилиб гапга аралашишди. Бирови жанжалашишга ҳам чоғланган бўлди. “Э қанақа одамсиз, шартлашдикми тамом, хақингизни оласиз!” – дея қичқирди у.
– Хой бола, машинам неча пул туришини биласанми?
– Менинг ишим нима? Киракашлик қилмангда, бўлмаса!
– Машинамнинг бир жойи синса ё букилса, тўлайсизларми?
“Тоғдан тош думалаб тушмайди” деб ким кафолат беради.
Йўқ ука, мен боролмайман. У ёққа ё “Жип” ё “Нива” билан бориш керак.
Майли мен шу ерда кутаман, келинни бориб олиб кела қолинглар.
Куёвнинг боши қотди. Узоқ баҳслашишди. Йигитларнинг жаҳли жунбушга чиқди. Ниҳоят қайтиб бориб “Нива” машинасини ёллашга қарор қилишди.
Куёв ўғлини “қуруқ” қайтиб келганини кўриб Шокарим акани фиғони фалакка
етди.
– Ҳе, ландовур, латта бўлмай ўл! – дея ўғлига қарата ўшқирди. Ўрнингда Ҳасан аканг бўлганида бир ўзи отлиқ бўлсаям бориб келинни ортига миндириб олиб
келган бўларди. Боринглар, бўлмаса ота-боболарингизга ўхшаб от-аравада
миниб “Ёр-ёр” айтиб боринглар!
– Эҳтимол тракторда борармиз-а, тоға, – деди куёв жўралардан бири масхара
қилиб.
– Нима қилибди, борсаларинг! Мақсад қай усулда боришларингда эмас, келинни, яъни манави ландовурнинг бўлғуси хотинини эсон-омон олиб келиб олишда
тушундингми?
Хусаннинг жаҳли чиқди. Чунки отаси уни ўртоқлари олдида қаттиқ мулзам
қилаётганди.
– Менга хотин керакмас! Керак бўлса ана, ўша Ҳасаннингизни ўйлантираверинг! – деди у ўшқириб ва қўлини бир силтаб боши оққан томонга қараб “ўпкасини қўлтиқлаб” кета бошлади.
– Ҳой қаёққа?! Тўхта, дедим! Ҳе муаммо туғдирган сени ўша!... – дея қичқирди
ота ҳам янада асабийлашиб унинг ўртоқларига қарата ўшқирди:
– Бирортанг шу галварсга ақл бўлолмадингми?! Боринглар, уни тез изига қайтаринглар!
Икки йигит куёв томон чопиб кетишди. Ота бироз ўйланиб турдида, ўзининг
қарорини эълон қилди:
– Ҳеч қанақанги ЗАГС бўлмайди. Уни тўйдан кейин ҳам ўтказаверамиз.
Уч-тўрт киши юк машинасида борамиз-да, келинни кўч-кўлони билан юклаб
келаверамиз. Кейин уларни шу ерда никоҳлаймиз. Кечки базмга келин-куёв шу ердан чиқаверишади.
Гап тамом!
* * *
Эҳтимол тақдир ўйини Муштарийни шу ҳолда ҳам чалғитгандир.
Агар ўшанда куёв жўралар уни ЗАГС маросимига олиб кетгани келишганида
эди, ким билади, балки қиз Ҳусанни таниб қолиб тўйни таққа тўхтатган бўлармии. Аксинча, келин куёвни кундузи машиналарни ясатиб келмаганини ва бўлғуси
қайнотаси бир-икки йигитлар билан куёвсиз бир юк машинасида келишганини хотиржамлик ила қарши олди. Чунки бу ҳол келинчакнинг назарида куёв бўлмиш
Ҳасан акаси чиққан самолётнинг гўё кечикаётганидан эди. Шокарим аканинг
“ЗАГСни тўйдан кейин қилаверамиз” дейишини ҳам у бепарво қабул қилди.
“Нима бўлса ҳам энг муҳими” ўз севганимга етишаяпманку, расмий ишлар кейин ҳам бўлаверади” – деб қўйди у ўзича.
Шундай қилиб келиннинг ўзи янгалари, бир неча дугоналари билан юк
машинасига ортилган янги, юмшоқ кўрпалар устига ўтириб, миллий кийимлар
ва бошига оқ рўмол солиб, тоғу тошлараро доирани варанг қўйиб, “Ёр-ёр” айтиб ўнқир-чўнқирларда тебрана-тебрана тошбақа юриш қилиб тоғдан “ўрмалаб”
тушиб келавердилар.
Мана ўша унутилмас оҳанглар:
Тоғдан тушган арчани,
Саккиз денглар, ёр-ёр,
Саккиз қизнинг сардори
Келди денглар, ёр-ёр.
Мусобақа шартига,
Келишган қиз, ёр-ёр.
Баҳс бойлашиб ўйинда,
Севишган қиз, ёр-ёр.
Куёв-қайлиқ Ватанни
Она билсин, ёр-ёр.
Фарзандлари ҳалқ учун
Хизмат қилсин, ёр-ёр
Дарёларнинг бўйларига,
Экдим райҳон, ёр-ёр.
Суйганига теккан қизга,
Йўқдир армон, ёр-ёр.
ДАВОМИ БОР...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1