У авваалига тайсаллаб кўнмай турди. Аммо халифа сўзида қатъий туриб олганидан сўнг рози бўлиб, ўз шартларини қўйди: “Уларга Роббиларининг Китобини, Пайғамбарнинг суннатини ўргатишимга, жамоат намозини ўқиб беришимга рози бўлсанг, майли, вазифани қабул қиламан”.
Ҳазрати Умар рози бўлгач, янги волий Дамашққа жўнаб кетди. У ерда одамларнинг роҳат-фароғатгаберилиб, дунё тўплашга киришиб кетишганини кўрди ва тезда халқни масжидга тўплаб, шундай хутба қилди: “Сизларга не бўлдики, олимларингиз кетиб бормоқда, жоҳилларингиз улардан ҳеч нарса олиб қолмаяпти?! Сизларга не бўлдики, Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган нарсага иқбол қилиб, сизнинг зиммангизга юклаган нарсани тарк этяпсиз?! Сизларга не бўлдики, емайдиган нарсангизни тўплаяпсиз, яшамайдиган биноларингизни тиклаяпсиз, етиша олмайдиган орзуларингизга интиляпсиз?!”
Кейинроқ мўминлар амири Умар ибн Хаттоб Ислом ҳукми остидаги вилоятларни текшириш асносида Шомга ҳам келди. Ярим тунда дўсти Абу Дардони зиёрат қилгани борди. Чироқ йўқ хонада икки дўст суҳбатлашиб ўтиришди. Ҳазрати Умар қоронғуда пайпаслаб, дўсти қум-тош устида яшаётганини, кўрпа-тўшаги ҳам йўқлигини, эгнида ҳам юпунгина кийим борлигини пайқади. Амир яна пайпаслаб билдики, Абу Дардонинг кўрпа-ёстиғи ҳам йўқ экан, Бундан хижолат бўлиб кетган халифа ундан ўзи юбораётган маошларни қаерга сарфлаётгани ҳақида сўради. Шунда Абу Дардо “Эсингдами, эй Умар, Расулуллоҳ (с.а.в.) “Сизнинг дунёдан оладиган насибангиз мусофирнинг хуржунидаги озуқаси каби бўлсин!” демаганмидилар?!” Ўша куни икки дўст йиғлаб тонг оттиришди.
Аллоҳ элчисининг бошқа бир саҳобаси, у зот солллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Тупроқли ер устида, мовий осмон остида Абу Заррчалик содиқ одам бўлмаган” деган юксак баҳоларига мушарраф бўлган Абу Зарр Ғифорий ҳам дунё молига этак силккан, озига қаноат қилган инсонлардан эди. Бир куни уникига меҳмон бўлиб борган киши уй ичига кўз югуртирар экан, ҳеч вақо тополмади ва таажжуб билан: “Эй Абу Зарр, жиҳозларингиз қани?” деб сўради. “Биз барча жиҳозларимизни у ёқдаги (яъни охиратдаги) уйимизга жўнатамиз”, деб жавоб қилди Абу Зарр. Меҳмон унинг нимани назарда тутаётганини фаҳмласа ҳам барибир ҳайрати ёзилмади: “Аммо модомики шу ҳовлида экансиз, қандайдир матоҳларингиз бўлиши керак-ку!”. “Шундай-куя, бироқ бу ҳовлининг эгаси бизни бу ерда абадий қолдирмайди-да!” жавоб қилди Абу Зарр. Бундан сал олдинроқ Шом амири ҳожатларига сарфлаши учун Абу Заррга уч юз динор жўнатганида пулни келтирган одамга қараб: “Шом амири Аллоҳнинг мендан кўра ночорроқ бандасини тополмаптими?” дея ҳамённи олишдан воз кечган эди. Абу Зарр саҳродаги уйида вафот этганида эса уни кафанлаш учун бир парча мато топилмаган...
Булар охирзамон Пайғамбарига содиқ бўлган икки саҳобанинг ҳаётидан шингил лавҳалардир. Ушбу ривоятлардан қандай хулоса чиқариш эса дунё молига ва ҳою-ҳашамларигамуккасидан кетган ҳозирги умматнинг айрим вакиллари ихтиёрига ҳавола!
Аҳмад Муҳаммад
(“Ҳилол”дан)


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1